Жаҳон адабиётидан драбллар

0
375
ko'rishlar soni

Жонимга қасд қилиш учун ўзимни пастга ташладим. Кейин фикримдан қайтдим.

***

Бугун мен Альцгеймерлар шифохонасидаги қари бир беморни кўрикдан ўтказдим. У ўз исмини зўрға эслайди ва кўпинча икки дақиқа олдин айтган гапини ҳам унутиб қўяди. Ва қандайдир мўъжиза билан (менимча, бу мўъжизанинг номи муҳаббат) унинг ёнига бир неча дақиқагагина келадиган хотинини кўриб, аёлнинг кимлигини эслайди ҳамда “Салом, менинг гўзал Кейтим”, дея қарши олади.

***

Бугун қизимни турмушга узатдим. 10 йилча олдин мен 14 ёшли йигитчани олов ичида ёнаётган машинадан қутқариб олдим. Врачлар уни энди ҳеч қачон юра олмайди дейишди. Қизим мен билан бирга уни бир неча бор кўришга борди. Сўнгра у ерга ёлғиз боришда давом этди. Бугун эса мен ўша йигитнинг иккала оёғида мустаҳкам туриб, қизимнинг қўлига узук тақаётганини кўриб турибман.

***

Бугун мен билан бахтсиз ҳодиса юз берди. Пешанам чуқур тилинди. Доктор пешанамни бинт билан ўраб, уни бир ҳафта ечмаслигимни буюрди. Албатта, бу менга ёқмади. Икки дақиқадан сўнг хонага укам кириб келди. Унинг ҳам пешанаси бинт билан ўралганди. Онамнинг айтишича, укам мени ёлғиз хафа бўлишимни истамабди.

***

Бугун, 91 ёшли бувам (ҳарбий доктор, бир қанча кўкрак нишонлари соҳиби ва омади чопган тадбиркор) шифохонада ётганида ундан ҳаёти давомида эришган энг катта ютуғи нима эканлигини сўрадим. У бувимга қараб, унинг қўлидан ушлаб деди: “У билан биргаликда қариганим”.

***

«Йўловчилар! Сиз билан гаплашаётган капитан эмас…»

***

«Парашют сотилади — ҳеч очилмаган, салгина йиртилган.»

***

“Гулдурос қарсаклардан сўнг у ёш келинчаги билан никоҳ тунини ўтказди ва орадан тўққиз ой ўтиб қайнсинглиси унга ўғил туғиб берди”.

***

Бугун у учун атиргул олиб келдим, уйга калитим тўғри келмади.

***

«Кечир мени, аскар. Биз оёқ кийимларини жуфти билан сотамиз.»

***

«Рақамда адашдингиз», — таниш овоз жавоб қилди.

***

Бугун, тўйимизнинг 50 йиллигида, у кулиб деди: “Сени барвақтроқ учратмаганимдан афсусдаман”.

***

Бугун, икки йил алоҳида яшаганимиздан сўнг барча хафагарчиликларни унитиб, биринчи марта собиқ хотиним билан биргаликда кечки овқат қилишга қарор қилдик. Тўрт соат давомида роса суҳбатлашдик, кулишдик. Хотиним кетиш олдидан қўлимга катта, қалин конверт тутқазди. Унда хотиним ўтган икки йил давомида ёзган 20 та севги номалари ётарди. Конверт устига шундай ёзилганди: “Қайсарлигим туфайли юборилмай қолган хатлар”.

***

Уйларга тушишга одатланган ўғри Билли ўз ишининг бетакрор лаҳзаларини ёқтирарди. Бу тонг у девор ошиб, бинога кирди. Барча қимматбаҳо тақинчоқларни йиғиштириб олиб, машинасига элтди.
Бу пайт қорни жудаям очганди. Ойнаи жаҳон қаршисида тамадди қилиш учун уйга охирги марта кирди. Овқатланиб бўлгач, тарракдай қотди. Хонадон соҳиблари каламушларни заҳарламоқчи эди.

***

«Бугун бизнинг олтин тўйимиз. Бир кишилик стол, илтимос.»

***

Бир ёш йигит кекса аёлни велосипед билан уриб йиқитиб юборди. Узр сўраш, турғизиб қўйиш ўрнига, йўлини давом эттирди. Кампир: Эй болам, бир нарсанг тушиб қолди! — деб уни чақирди.
Йигит тез қайтиб ерга кўз югиртирди. Ҳеч нима тополмади. Кампир: Кўп қидирма! Сенинг олийжаноблигинг, мардлигинг тушиб қолди. Сен уни ҳеч қачон тополмайсан! Одоб, ҳурмат — эҳтиром йўқ экан, ҳаётнинг ҳам қиймати қолмайди, — деди.

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting