АФРУЗ. Шеърлар

0
251
ko'rishlar soni

Биламан, сиз мени яхши кўрмайсиз,
Фақат менга яқин дўстсиз-ку, ахир.
Бошқа бирор қизга шеър ёзсам унда,
Нега кўзингиздан тўкилар ёмғир.

Бир оғир боқасиз, бирам дардлисиз,
Маъюс туришингиз шунчалар кўркам.
Нега кўзингда сузади СEВГИ,
Ҳеч қачон ҳеч кимни севмасангиз ҳам.

Кўчада кезасиз секин судралиб,
Сайрнинг ўзгача таровати бор.
Нега мен ёқтирган эски қўшиқни,
Эримай, зерикмай тинглайсиз такрор.

Ёки мен қолдирган тупроқ йўлларда,
Қадамим устидан ташлайсиз қадам.
Шунча жозибадор, нафис бўларми,
Ахир, севмоқликни унутган одам.

Яна кипригингиз кўзларингизни,
Майин эркалайди, тугал бир асар.
Уялмасдан дайди хаёлларингиз,
Менинг вужудимда кезар саросар.

Товушсиз титрайсиз, ширин ҳадик-ла,
Шамол қўшиғида тебранса исмим.
Аслида…
Кўзгуга қарайсиз соч тарагани,
Лекин…
Нега кўзингизда чизилар расмим…

***

Бугун бошимиздан ёғди ёмғирлар,
Сенинг суратингга тўлишди кўзим.
Тилларимни тийдим ёнингда туриб,
Ишон,
роса ўзимни қарғадим ўзим.

Бугун бошимиздан ёғди ёмғирлар,
Япроқлар бағридан тўкилди томчи.
Ҳиссиз оғоч каби қотганди дийдам,
Мен ҳеч йиғлолмадим, аммо, эҳ, сен-чи…

Бугун бошимиздан ёғди ёмғирлар,
Роса шовқин солди, жимирлаб секин.
Сени телбаларча соғинганман-у,
Аммо, буни сенга айтмадим лекин.

Бугун бошимиздан ёғди ёмғирлар,
Жим турдинг. Билмадим нимани сездинг.
Узоқ келажакнинг олис йўлида,
Балки, менсиз ўзинг, оҳ, ёлғиз кездинг…

Бугун бошимиздан ёғди ёмғирлар,
Ҳатто юракларни қилиб кетди нам.
Юз-кўзимиз ювди, оҳиста беҳол,
Гарчи…
Гарчи иккаламиз йиғламасак ҳам…

Бугун бошимизга ёмғирлар ёғди…

***

Эшигим қоқасан, доимо кулиб,
Ҳол-аҳволдан аввал сўрайсан китоб.
Китобни қўлимдан оласан юлиб,
Сўнг уйинг томонга шошасан шитоб.

Гўзал қир бағрига сени олади,
Сен писанда қилмай очасан китоб.
Сойда сувлар оқар жимирлаб, сокин,
Сенга термилишдан чарчамай офтоб.

Биламан ўқиган китобларингни,
Ҳаётга кўчириб яшайсан доим.
Сен мудом Фарҳодинг кутаверасан,
Мени ҳижронлардан ўртанар жоним.

Молингга мендан кўп меҳр берасан,
Унга бутун бошли кунинг боғлайсан.
Қуёшдан аввалроқ дала кезасан,
Ўт-ўланлар юлиб кўнглинг чоғлайсан.

Тунда-чи, сериаллар сенга бегона,
Бутун хаёлингни олади китоб.
Кичкина хонангни ёриткичлари,
Менга туйилади ойдан-да моҳтоб.

Қадимги замонда яшайсан аниқ,
Тилингдан жаранглар фармон-у ҳукм.
Хатим жуда хунук, сени деб қара,
Чиройли ёзишга этилдим маҳкум.

Чунки дунёдаги энг ўжар қизсан,
Сира телеграмга тушмайди ишинг.
Унинг қулайлигин сўйласам бот-бот,
Сарак-сарак қилиб қимирлар бошинг.

Хуллас, мана шундай ҳар бир шеъримни,
Сен ўқишинг учун ёзаман такрор.
Оласан, сўрайсан янгисими деб,
Кетишда йўлингда ўқийсан бир бор.

Инсонга нафратим сочсам гоҳида,
Дейсан: жуда кўркам инсонда юрак.
Усмон Азим айтган: ҳар ҳолатда ҳам—
Доимо инсонни тушуниш керак.

Дейсан: бир нарсани унутманг сира,
Уйингиз қопласа гоҳида тутун.
Тутун ҳам зулматдек парчаланади,
Инсон ҳақиқатни англайди бир кун.

Бу бир кам дунёнинг камин тўлдириб,
Яшайсан жаннатнинг бағрида кезиб.
Сен китоб ўқийсан, ҳаётдан хурсанд,
Мен китоб титаман, ҳаётдан безиб.

***

Умрим харобадек— кимсасиз ўтар,
Қалб-чи, аламларнинг ватани, холос.
Кўзларим ўксиниб йиғладинг бунча,
Баҳор йўқ. Кимларга қилмоқдасан роз.

Вужудимга кирган тунд, хомуш оғриқ,
Не қилай, дўзахдек оламан нафас.
Гиёҳга зор чўлдек, сўзга ташнаман,
Аммо эшитилмас бир сўз, на бир сас.

Унутдим: тирик жон, одамиятни,
Мен кимман ўзимга боқаман ҳайрон.
Босган изларимни тополмаяпман,
Бу ҳолимга боқиб йиғлайди осмон.

Кўзимга киприкдек тизилар тасвир,
О, қандай қабоҳат, тушунолмайман.
Менга ўхшаганлар бир-бирларини,
Ўлдиришар, бунга боқа олмайман.

О, Тангрим, сен мени нега бу хилда,
Яратдинг. Яратсанг бўларди тоғ каби.
Ҳайҳотдек шу тоғлар сиғган оламга,
Митти одам сиғмас, айтгин, сабабин…

Кўзимга бошқача кўриндими нур,
Ёки бошқа хилда кўрдимми бахтни.
Бир умр ниҳолни сақласа хавфдан,
Бугун ниҳол суғуриб отса дарахтни.

Бир-бирин кўришга тоқат қилолмай,
Аммо учрашишса, сузишади кўз.
Бундай жаҳолатга айтгин, эҳ қандай,
Кўникяпсан. Ўқдек қурол бўлган—сўз.

О, қуёш сафаринг қарияптими,
Буни тингламоққа йўқми мажолинг.
Мен орзу қиламан бу қора замин,
Бир кун пок бўлсайди—нурдек ҳалолинг.

Лек, сезмоқдаманки, келади шу кун,
Дунё покланади, сутдек бўлар оқ.
Баҳор ҳам келади, сайрайди қушлар,
Мен суюнчи сўраб кезаман узоқ.

***

Боролмайман.
Кечир.
Тундамас гуноҳ..
Усмон Азим
«КУЗ» китобидан

Сен кузни севасан.
Ҳаётинг ҳам куз,
Юзингни ювади ёмғирлар лим-лим.
Боролмайман.
Кечир.
Тундамас гуноҳ,
Севгининг бошига битилган ўлим.

Сен тўкилиб бординг наҳот умримдан —
Сарғайган япроқнинг юзлари каби.
Баҳор йўқ умрингда, оҳ, ўзинг ўйла,
Сарғайган баргнинг борми матлаби?

Хазон кўчаларда кезардинг узоқ,
Мунғайган соғинчга босар эдинг юз.
Сен шеърлар ўқирдинг берилиб, севиб,
Бутун хаёлингни забт этганди «КУЗ»…

Мен ҳиссиз ўтардим, хазон тўшалган,
Иккаламиз кезган лой кўчалардан.
Сен-чи, хаёлингда қурардинг кузни,
Мен сени ўйлардим кечаларимда.

Сирли кўчамизни баҳор кўмганда,
Йўлимизни айро айлади қисмат.
На мен, на сен парво айладик бунга,
Фақат қалбда қолди ўқилмаган хат.

Сенинг хаёлингда қолиб кетди куз,
Қалбга битиб кетдинг ўтли назмни.
Ўзинг билан олиб кетдинг-у, «КУЗ»ни,
Менга ташлаб кетдинг Усмон Азимни…

Карантиндаги учрашув

«Уйда қолинг!» дейди, нетай соғиндим,
Васлингиз тушимда излаганим бор.
Айрилиқ азоби жонимдан ўтди,
Билмам, қачон бизга берилар дийдор.

Охир, чидолмадим, телефонни олиб,
Таниш рақамларга қилдим қўнғироқ.
Майин овозингиз кетди энтикиб,
Соғлиғимни дарҳол қилдингиз сўроқ.

Бир нарсалар дея кўндирдим сизни,
Дийдор — муҳрланган манзилга томон.
Келдингиз бахтни ҳам ўзиз-ла олиб,
Гўё ёнгинамга келгандек осмон.

Жуда ўзгарибсиз, кўзда кўзойнак,
Нафис қўлларингиз «ютибди» қўлқоп.
Гўзал уммонларнинг мавжларини, оҳ,
Бутунлай ёпибди бир хунук ниқоб.

Дўзах азобидай куйдирди мени,
Орамизда қолган ўша масофа.
Сиз ҳам менга раҳм қилмадингиз-ку,
Жонимни ёқдингиз, келмай инсоф-а.

Сизни аврамоққа уриндим роса,
( Илонни ёғини ялаганмисиз?)
Эплолмадим. Кейин ўжарлик қилдим,
«Сиз ҳиссизсиз, мени соғинмагансиз…»

Сиз аста жилмайиб майин оҳангда,
Менга сабибини айтдингиз узоқ.
Наҳот ўша ҳиссиз ланъати вирус,
Бизнинг бахтимизга қўйдими тузоқ.

Мана шу алпозда ишларим «пишмай»,
Ҳатто етолмадим қўлқопингизга.
То уйга етгунча ўзимдан кетиб,
Бор қаҳримни сочдим ниқобингизга.

М.Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» асарида, Устанинг Маргаритага айтилган сўзлари…

Ишонинг, энди мен сизсиз яшайман,
Ишонинг, қўнғироқ кутмайман ҳаргиз.
Ишонинг, тушимда кўрмайман сизни,
Ишонинг, қалбимда қолмади ҳеч из.

Ишонинг, кўзингиз соғинмаяпман,
Ишонинг, мактублар битмайман сизга.
Ишонинг, азизим, ишонинг, ахир,
Ҳеч вақо қолмади, эҳ, ўртамизда…

Ишонинг, муҳаббат — манзилсиз макон,
Ишонинг, қалбимни очаяпман-ку.
Бу дунёда бизга бахт йўқлигига—
Ишонинг, ишониб яшаяпман-ку…

Бир умр кўникиб яшаяпман-ку…

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting