Шоҳрух Усмонов. Шеърлар.

0
836

***

Майли, йиғла, жоним, мен ўлган куни,

Майли, азоб ютай қаро қабрда.

Фақат сен қийналиб қолмасанг бўлди,

Фақат сен қолмасанг бўлди жабрда.

Майли, кўрма менга кўнглингни раво,

Майли, эркалама — бермагин паноҳ.

Менинг-ку шундоғам гуноҳим сероб,

Сенга фаришталар ёзмасин гуноҳ.

Майли, тунларимни кемирсин соғинч,

Мисқоллаб емирсин лошимни ҳижрон.

Менинг-чун «сен» ҳамда «ишқ» сўзлари чин,

Фақат сен сира ҳам сўзлама ялғон.

Қанча ситам берсанг, майли, маҳвашим,

(йўқ, сен маҳваш эмас, сенваш эрур маҳ)

Майли, дард бўлса-да менга тутганинг,

Фақат сен топсанг бас дунёда фараҳ…

​​

ЖАВОБ

«Май ичаман,

лекин энди майкосага қарамасман…»

(мактубдан)

Санинг шариф дўстларинг мавжуд,

Маним эса ҳеч кимим…

Зотан,

Санинг каби мандаги сужуд

Сажжодани этмамиш ватан.

Санинг ҳатто хобларинг сутранг,

Нетай, маним ўнгим-да қаро?

Балким мани севмоғинг аттанг,

Балким бу ишқ жоиз ул-хато.

Санинг ғуссанг ғусса дегулик,

Маним бори дардим кечаги.

Наҳот ҳижрон умри — мангулик,

Ай заъфарон кўнгулпечагим?!

Санинг кўзунг — икки мисра шеър

Ўзунг мисли Хуршиди Канъон.

Маним эса қадрим қаро ер-

Ажаб, гарчи эмасман Санъон!

Санинг ҳар бир иқроринг расо,

Маним эса иддаоим пуч.

Майли, май ич топмак-чун сафо

Майкосага қарамасдан ич!

Санинг шариф дўстларинг мавжуд…

***

Кўйлаклар…

Ҳаёл сарҳадларин кезинасан сен,

Қалбингга баҳор ҳам беролмас учқун.

Шу дам… кўйлак сўраб келар дугонанг,

Илк бор учрашувга чиқмоқлик учун.

Мен ҳам доимгидек яшайвераман,

Қалам-қоғозларим ичра кўмилиб.

Шу дам… яқин дўстим кириб келар-у,,

Кўйлагимни сўрар қувончга тўлиб…

Сўлим боғ қўйнида икки севишган,

Висол оғушида ўтказишар вақт.

Айт-чи, нечун бизга насиб этмайди,

Кўйлакларимизга насиб этган бахт?

Манзара

Роса ўпишдилар шамоллар бу тун,

Дарахтлар эгилди — ненидир излаб.

Кимдир Ойни қамаб қўйгани учун,

Юлдузлар ҳам гўё қолди аразлаб.

Ёмғирда ивиди ювуқсиз кўйлак,

Кетди баҳонада доғ-у ғубори.

Зериккан чақмоқлар ёзмоқ-чун юрак

Чопдилар оқ отга миниб кўпкари.

Улоқ ололмади, лек бирортаси,

Чақин гулдураклар қилишиб талаш…

Ахири, устидан сур иб кўрпасин,

Қизил тун либосда уйғонди Қуёш.

***

Сен ва мен бир бутун бўла олмадик,

Синовлар қошида эгавердик тиз.

Ҳеч бўлмаса дўст ҳам бўлиб қолмадик,

Бунга йўл қўймади мағрур севгимиз.

Ўзимизча кетдик ўз йўлимиздан,

Ўзбошимча қисмат етаклаган чоғ.

Жим туриш келмади ҳеч қўлимиздан,

Беккиниб йиғладик дунёлардан гоҳ.

Айбни тақайвердик айбсиз томонга,

Қавариблар кетди равон йўллар ҳам.

Сиқилиб яшамоқ тегиб жонига

Эрк деб исён қилди кўзлардаги нам.

Китобларга кўмдик бари ҳасратни

Буюк инсон бўлиб қолмоқ қасдида.

Севмоқ — бу дунёда жамики дардни

Ижарага олмоқ экан аслида.

Юким оғир шундан, энди тушунсам

Кўнглим жомадондай тўлиб ётибди.

Айрилиқ — дийдаси тош қотган ҳакам,

Сен ва мен яшаймиз дунёдай ёрти.

Энди биз яшаймиз яримта жондай,

Сохта туйғуларга келмасдан малол.

Чап кўксимиздаги синиқ нишондай

Яримта юрак бу — бир бутун савол.

Сен ва мен бир бутун бўла олмадик…

КУЗ

Мана, куз ҳам келибди такрор,

Кутаяпман сендан соғинч хат.

Елвизаклар елибди такрор

Йўлларингга кўз тикдим фақат.

Омон ўтар балки умидим

Тирамоҳнинг сўроқларидан.

Аммо бағрим ўртанар сим-сим

Булутларнинг ингроқларидан.

О ноябрь, азадор хотин,

Кўз ёшингда ивидим минг бор.

Энди менга буюрмас манзил —

Ёр лабида яшайди баҳор…

***

Ойга ишқи тушган йигитман

Юлдузларни кўрар кўзим йўқ.

Юрагимда чексиз муҳаббат,

Шундан бўлак айтар сўзим йўқ.

Юксакларга тикиб нигоҳим

Моҳим билан қураман суҳбат.

Алам қилса, минглаб юлдузлар

 иккимизни қилади ғийбат…

Кечиккан шеър

Куз…

шоирлардан безиган фасл

мендек

сочи тўкилётган дарахтлар

ёмғирмеҳр кутаётган сағир ер

ва мен

ва Бетховен

сўнгра хотиралар тома бошлайди

деразадан ичғару

севгимиздек ниҳояга етмаган «Камбағаллар»

юрагимдек овлоқ сукунат

мени ютиб юбормоққа шай….

енгилгина севалайди ишқ

кейин эса

мен бахтлиман дегандек

асабимга тегар танбал томчилар:

«ин — ти — зор — р — р»

«ин — «…

«ти — «…

«зор — р — р».

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting