Мен ўзимни қийнадим узоқ,
Мен ўзимни жарларга отдим:
Ҳар сония соғиндим, бироқ
Ҳар сония сени йўқотдим…
Пойимда ер, бошимда осмон,
Сўздан ўзга бир тасалли йўқ.
Наҳот шундай яшадим осон,
Юрагимга санчилганча ўқ!
Шудринг ичган – майсалар сармаст,
Сойга қўнган юлдузчалар лол:
Қаршиладим тонгларни бесас,
Кутиб олдим тунларни беҳол.
Юрагимни суғуриб отдим,
Вужудимга солганча титроқ:
Ҳар сония сени йўқотдим,
Ҳар сония соғиндим, бироқ…
АССОЛЬ
Шу осмон тагида яшаганмидинг,
Шу тупроқ устида юрганмидинг сен?
Орзулар боғида яшнаганмидинг,
Дунёни покиза кўрганмидинг сен?!
Қандай бахтиёрсан, чеҳрангда доим
Соҳилга урилган тўлқинлар изи.
Неки гўзаллик бор, берган Худойим:
Сен тонгнинг боласи, денгизнинг қизи…
Оҳ, қизил елканлар, қара, елмоқда,
Сен томон шамолнинг кафтидан тутиб.
Ва унда шаҳзоданг мағрур келмоқда,
Бутун дунёларни балки унутиб.
Ассоль, ўшанда ҳам шумиди осмон,
Шу тупроқ кўтариб турганмиди, айт?
Ассоль, ўшанда ҳам бормиди ёмон,
Юраклар ҳирс учун урганмиди, айт?
Қизил елкан мисол қизарар шафақ –
Уфқнинг парчасига сачраб кетар қон.
Гоҳо титраб кетар мен босган тупроқ,
Гоҳо силкинади мен кўрган осмон!
Бир қўрқув руҳимга ташлайди соя,
Муаллақ турурман, остимда жарлик.
Мени қутқармоққа юрак кифоя,
Кўнгил кифоядир инсон сиғарлик.
Ёруғ тонгларимга сингиб борар тун,
Менга осмонингни тутиб тур, Ассоль.
Елканли кемада борурман бир кун,
Рўмолинг силкитиб, кутиб тур, Ассоль.
ЗАМОНАВИЙ ТРАГЕДИЯ
Рости, рақибларнинг қолмаган марди,
Юзингга тик боқса, эркакман дея:
Дунёлар ўзгарди, замон ўзгарди,
Нечун ўзгармасин трагедия?!
Саҳнани титратса ошиқ ғазаби…
Содда томошабин шуни хуш кўрар.
Аммо режиссёр ҳам ўзимиз каби:
Замоннинг зайлига қараб иш кўрар.
Душманлар қонсираб турар майдонда,
Нигоҳлари ёниб, тугилиб мушти:
Барча даҳанаки жанг кутган онда,
Рақиблар бир-бирин мақташга тушди.
Бу ҳам санъат балки, бу ҳам истеъдод,
Кўп экан ҳийланинг синоат-сири.
Мақтовнинг “зарби”дан солганича дод,
Саҳнага гурсиллаб йиқилди бири.
Ғолиб мағрур юрар у ёқдан – бу ёқ,
Минг йилки бўлмаган ишни бўлдирди:
Рақибига пичоқ санчмади, бироқ,
Кўкларга кўтариб, мақтаб ўлдирди…
***
Ҳудди менинг каби кезарди ёлғиз,
Дам олиш боғини бир чиройли қиз.
Ногаҳон тўқнашди нигоҳларимиз,
Бешинчи ноябрь эди ўшанда…
Етти осмон узра янгради қўшиқ:
Оний лаҳза ичра дилга инди ишқ,
Бир кунда телбаман, бир кунда ошиқ,
Бешинчи ноябрь эди ўшанда…
Оҳ, қандай ёқимли муҳаббат ҳисси,
Мен Ернинг боласи, сен Ойнинг қизи.
Сени менга берди Худонинг ўзи,
Бешинчи ноябрь эди ўшанда…
Кузнинг хазонрезги, салқин кечаси:
Дунёни элитар сукунат саси,
Юзимга урилар ёрнинг нафаси,
Бешинчи ноябрь эди ўшанда…
Аммо…
Йиллар ўтди, сониялар – қайғу,
Барчаси туш эди, барчаси уйқу,
Бизлар ўша жойда айрилдик мангу,
Бешинчи ноябрь эди ўшанда…
***
Саждага чўзилган неча чиркин қўл,
На ўнг бор юрмоққа, на топилар сўл,
Аросатлар аро тушмиш барча йўл:
Дунёнинг ярми гул, ярми чўп, она.
Маломатга тўла бир бурда нонинг,
Беш пулга сотилар омонат жонинг,
Ғарибларга тўла ғариб дунёнинг
Ярми тинч, қолгани талотўп, она.
Бировнинг экканин ўргани қанча,
Ҳалолдек кўз сузиб тургани қанча,
Ҳанграгани қанча, ҳургани қанча:
Наҳотки ёмонлар шунча кўп, она?
***
Бугун яна юрагим вайрон,
Бугун яна дилимда зулмат.
Шароб тутган, бир қўлида нон
менга далда беради Байрон:
-Ўзингни тут, яшамоғинг шарт!
Вужудимни босаяпти тер,
Бу ҳислардан қололмам омон.
Наъра тортар важоҳатли ер:
Байрон, менга юрагингни бер!,
Йўқса яшамоғим даргумон…
***
(“Нева соҳили” туркумидан)
Лангар кўтарилди, тебранди кема,
Дарёни ўйғотди бонгнинг овози.
Мен сени қандайин севар эдим-а…
Кўзлари чиройлик, эй арман қизи.
Мана, кетмоқдасан, айрилиқ они,
Дилимни чулғайди аламли фироқ.
Сенга узатганча жону жаҳонни
Менинг билан қолди бечора қирғоқ.
Соҳилда оломон, ур, бақир-чақир,
Ҳайқирар одамлар басма-басига.
Бир сўз деёлмадим, айтолмам ахир
Ҳатто “Алвидо”, деб арманчасига.
Маҳзун нигоҳинг-ла термулдинг узо-о-қ,
Бу тилсиз видодир, бу сўнги видо!
Нева чайқалади тутгандай тўлғоқ,
Сени олиб кетди ўзга бир дунё.
Энди хаёлдирсан, энди тушдирсан,
Сатрларга инган само юлдузи.
Кўксимга ин қурган оппоқ қушдирсан,
Кўзлари чиройлик, эй арман қизи.
***
(“Нева соҳили” туркумидан)
Сени туш кўрибман, ўн бир йил ўтиб,
Нега тушларимга кирдинг, Венера?
Кўзгудек Невага юзингни тутиб,
Тунда сочларингни ўрдинг, Венера.
Невани севардинг, мен эса сени
Ўзимча Венера атаб олгандим.
Тўлқинлар устида кўргандай нени,
Жилмайган чоғингда севиб қолгандим.
Ўша соҳил эди сайиргоҳимиз,
Ой сувда чўмилар, юлдуз чўмилар:
Негадир айтилмас кўнгил оҳимиз
Тобора юракка чуқур кўмилар.
Гоҳида ўткинчи йўловчи каби,
Изингдан жимгина қадам ташлардим.
Товоним ўпарди дарёнинг лаби,
Атай Есениндан айта бошлардим.
Самони билмадим, Ерда тенгинг йўқ,
Парилар юртидан келганмидинг ё?
Сен сувга боқардинг, нигоҳларинг чўғ,
Ҳайрат-ла боқарди сенга бу дунё!
Кеча туш кўрибман, ўн бир йил ўтиб,
Нега тушларимга кирдинг, Венера?
Кўзгудек Невага юзингни тутиб,
Тунда сочларингни ўрдинг, Венера.