Сайтимизда ушбу лойиҳанинг галдаги иштирокчилари ёш шоирлар — Нозима Хабибуллаева ҳамда Шаҳриёр Шавкат бўлади. Марҳамат, Пруст анкетасидаги саволларга берилган жавобларни ўқишингиз мумкин.
Анкета саволлари:
1. Сизни энг кўп нима хафа қилади?
Шаҳриёр: Умримизнинг жуда қисқалиги. Юришни, гапиришни, атрофни ўргангунимизча қанча вақт исроф бўлган-а?! Бу ёғида ҳам ҳеч қанча вақт йўқ.
Нозима: Одамларнинг кўнгилдан йироқлашиб, роботлашиб бораётгани… Баъзида, онам болалик пайтларини гапириб берса ҳавасларим кепкетади.
2. Қаерда яшашни истардингиз?
Шаҳриёр: Ҳамма жойда яшай оламан. Кўпроқ жаннат ёқади.
Нозима: Денгиз ё дарё бўйида.
3. Ҳаётингиздаги энг бахтли лаҳзани айта оласизми?
Шаҳриёр: Ҳамма биринчи воқеалар: туғилишим, кўришим, севишим, қийналишим, афсусланишим, кечиришим, кетишим, қайтишим, ўлишим.
Нозима: Эээнг кўпи — шеър ёзиб бўлгандаги завқ.
4. Қандай хатоларни иккиланмай кечириб юбора оласиз?
Шаҳриёр: Имло хатоларидан бошқасини деб ҳазиллашаман.
Қасддан қилинмаган хатоларни. Кечираман, лекин ўша одам билан қайта гаплашмасликка ҳаракат қиламан.
Нозима: Билмай қилинган ва чин дилдан пушаймон бўлинганини.
5. Сиз яхши кўрган аёл персонаж.
Шаҳриёр: Бойсунлик Барчин опа.
Нозима: Ҳалича йўқ.
6. Сиз яхши кўрган эркак персонаж.
Шаҳриёр: «Самарқанд осмонида юлдузлар»даги Амир Темур.
Нозима: Авлиё Сергей.
7. Тарихдаги сиз яхши кўрган қаҳрамонларни айта оласизми?
Шаҳриёр: Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Паҳлавон Маҳмуд, Саъдий Шерозий.
Нозима: Жалолиддин Мангуберди, Юнус Эмро.
8. Реал ҳаётда сиз энг ҳурмат қилган аёл.
Шаҳриёр: Онам.
Нозима: Бувим.
9. Сиз ижодини севган рассом ким?
Шаҳриёр: Акмал Нур, Рафаэл Слекенов.
Нозима: Архип Куинджи, Акмал Нур.
10. Сиз ижодини севган мусиқачи ё бастакор ким?
Шаҳриёр: Нозима Ҳабибуллаева, ўзиниям, ижодиниям севаман.
Нозима: Бетховен, Римский- Корсаков, Астор Пиатзолла.
11. Бир эркак сизнингча қандай бўлиши керак?
Шаҳриёр: Муҳаммад с.а.в сўзларига амал қилувчи бўлиши керак.
Нозима: Мақомига муносиб: чинаккам суянч, мард, солиҳ ва юксак тафаккурли.
12. Бир аёл сизнингча қандай бўлиши керак?
Шаҳриёр: Илмли, фаросатли, гўзал, самимий.
Нозима: Ақлли, дид — фаросатли, оилапарвар.
13. Сиз энг севган ҳислат.
Шаҳриёр: Қатъийлик.
Нозима: Самимийлик.
14. Қайси ишни бажараётганда ўзингизни бахтли ҳис қиласиз?
Шаҳриёр: Ёзаётганим, ўқиётганимда.
Нозима: Янги асар чалишни ўрганаётганим ва янги пишириқ таёрлаётганимда.
15. Айни дам кимнинг ўрнида бўлиб қолишни истардингиз?
Шаҳриёр: Ўз ўрним ёқади.
Нозима: Келажагимнинг.
16. Дўстларингизда қандай ҳислат ва фазилатлар бўлишини хоҳлардингиз?
Шаҳриёр: Бағрикенг, камтар, бир сўзли, дангал, жиддий.
Нозима: Ростгўйлик ва бирдамлик.
17. Энг катта нуқсонингизни айта оласизми?
Шаҳриёр: Кўп ухлайман. Ҳаёт эса оз.
Нозима: Ишонувчанлик.
18. Яхши кўрган рангингиз қайси?
Шаҳриёр: Қора. Байроқ учун бўлса, мовий.
Нозима: Мовий, оқ, пушти.
19. Сиз севган гул тури.
Шаҳриёр: Қора шаҳзода. Ўзиям жиддий гул-да!
Нозима: Орхидея ва атиргул.
20. Сиз севган қуш тури.
Шаҳриёр: Кабутар, оригинал қуш.
Нозима: Оққуш ва кабутар.
21. Қайси ёзувчининг ижодини яхши кўриб ўқийсиз?
Шаҳриёр Лев Толстой.
Нозима: Толстой, Нодар Думбадзе ва С. Моэм.
22. Қайси шоирнинг ижодини яхши кўриб ўқийсиз?
Шаҳриёр: Пушкин.
Нозима: Лорка ва Шавкат Раҳмон.
23. Ўзингизда бўлиб қолишини орзу қилган ғайритабиий истеъдод тури борми?
Шаҳриёр: Даврлар оша яшаш истеъдоди бормикан? Шахсан гаплашадиган одамларим бор.
Нозима: Учиш (қанийди!).
24. Қандай ўлишни истаган бўлардингиз?
Шаҳриёр: Ўлаётганимни билиб ўқишни. Калима қайтариб, ҳаётдан рози бўлиб, танҳо…
Нозима: Жойнамоз устида
25. Ҳаётдаги шиорингиз.
Шаҳриёр: Ҳаммасини бир кўриш керак.
Нозима: Бу кунлар ҳам ўтар, кетар.
26. Айни ҳозир руҳий ҳолатингиз қандай?
Шаҳриёр: Ҳаммасини бир-бир варақлаб чиқяпман. Бир нима устида узоқ қолиб кетиш ёқмайди. Бир ой бой, бир ой қашшоқ, бир ой ғайратли, бир ой дангаса бўлгим бор. Зерикишни ёмон кўраман. Сув дегани қайнаб ё оқиб туриши керак. Тозароқ бўлади.
Нозима: Мўътадил. Ижодий энергия бор, фақат дангасалик қиляпман.