Пруст анкетаси: 2-жуфтлик

0
1642

Француз ёзувчиси Марсель Пруст ўн уч ёшида бир кундалик тутади. У ушбу кундаликка ўзини яхшироқ англаши учун инглиз тилида йигирма еттита савол ёзиб чиқади ва ҳар йили ўша саволларга ўзи жавоб беради. Кейинчалик у худди шу кундалик анкетани дўсти Антуанетта Фарега беради. Фаре Прустнинг бўлажак биографи сифатида анкетани сақлаб қўяди ва Пруст ўлимидан бир-неча йил ўтиб эълон қилади. Европа ва жаҳоннинг бир қанча машҳур ёзувчилари мазкур анкетага жавоб ёзишган. Кейинчалик бу саволлар жамланмаси адабиёт тарихига «Пруст анкетаси» номи билан киради.

Сайтимизда ушбу лойиҳанинг галдаги иштирокчилари — шоира Гўзал Рўзиева ҳамда ёзувчи Жавлон Жовлиев бўлади. Марҳамат, Пруст анкетасидаги саволларга берилган жавобларни ўқишингиз мумкин.

Анкета саволлари:

1. Сизни энг кўп нима хафа қилади?

Г.Рўзиева: Инсонга хос учта нуқсонни ёмон кўраман ва таниган-билганларимда бу нуқсонлар борлигини сезсам, бундай кишилардан узоқлашишга ҳаракат қиламан. Улар: иккиюзламачилик, ўз мақсадига етиш учун ҳар қандай пасткашликдан қайтмаслик одати ва ёлғончилик.

Ж.Жовлиев: Мунофиқлик! Халққа қилингани эса энг даҳшатлиси (кечирилмаслиги керак)!

2. Қаерда яшашни истардингиз?

Г.Рўзиева: Парижда.

Ж.Жовлиев: Қишлоқда. Усиз яшашни тасаввур ҳам қила олмайман. Гоҳида қорин дардидан бўлак мақсади йўқ одамлардан тўйиб кетсам-да, ичикиб интиламан.   Қайда бўлмайлик ундамиз! Тошкент ҳам мен учун азиз шаҳар. Бу ерда онам туғилган, унинг қадим ва  нурли кўчаларида  болалиги, ёшлиги ўтган (меники ҳам ўтмоқда), шунинг учун доим муқаддас биламан. Яна қай манзилларда ризқ теришимизни  Аллоҳ билувчидир!

3. Ҳаётингиздаги энг бахтли лаҳзани айта оласизми?

Г.Рўзиева: Албатта, бундай лаҳзалар кўп бўлган. Улардан бири, илк шеърим газетада чиққан пайт бўлса керак. Ўшанда саккизинчи синфда ўқирдим. Туман газетасига илк бор чиққандим ўшанда.

Ж.Жовлиев: Ёзиб  тугатган он бирор “иш”ни. Ва уни  Ватанга дахлдор  билсам, арзитсам азиз ўқувчиларга, шу катта миллатга. Нафи текса, куч берса, руҳ берса ёзганинг ва буни маълум сониялар давомида бўлса-да  ўзинг “тан олсанг”! Бахт, ҳа… бахт.

4. Қандай хатоларни иккиланмай кечириб юбора оласиз?

Г.Рўзиева: Юқорида айтганим нуқсонларни ва хиёнатдан бошқасини кечиришим аниқ.

Ж.Жовлиев: Кўчирмачиларни. Улар руҳий касалдир.  Адабиётда  ўғрилик билан шуғулланиш учун (бугун), албатта,  жиннихонадан қочган ва уни ҳеч ким қидирмаган бўлиши керак.

5. Сиз яхши кўрган аёл персонаж.

Г.Рўзиева: “Анна Каренина” асари бош қаҳрамони Анна.

Ж.Жовлиев: Миллий адабиётда – Зеби (“Кеча ва Кундуз” Чўлпон). Кумуш бизда энг машҳур аёл персонаж, аммо Қодирий уни идеаллаштириб юборган, бироз ясамалик, бўрттириш бор. Зеби эса мазлум, Кумуш  аслзода. Гарчи Чўлпон Зеби руҳиятини тўлиқ  очиб бермаган бўлса-да (шоир  у).  Айбга буюрмангу, Зебининг дутор чалишини бир бор эшитгим келади. Жаҳон адабиётида – Маслова (“Тирилиш” Толстой). Ҳа, ўша фоҳиша! У  Анна Каренинадан фарқли равишда  мазлум. Аннада  ўзи сезмайдиган туғилган ва тарбия топган муҳитидан юққан кибр бор (барибир уни севмай ўқиш жуда қийин), Масловада эса ғариблик. У  ғўр қалб билан кўнгил қўйган ва булғанган, сўнг яна…  Худди бахт ва муҳаббат унга катта келган либосдай. Ҳаётда Аннага ўхшаган қизни (аёлни) севиб қолиш осон (қаҳрамонлик эмас), Масловалар эса гўзаллигининг бадалини тўлашга маҳкум! Аннанинг бардоши охиргача боришга  етмайди, Маслова эса яшайди, нақадар даҳшатли кечмасин ҳаёт чидайверади. Тирикларга  доим қийин, синовли кунларидан омон ўтиш, ўтиш ва яшаш! (Аммо тан олиш керак Анна гўзал қалб эгаси!)

6. Сиз яхши кўрган эркак персонаж.

Г.Рўзиева: Бу севимли персонажим ҳам Толстой асари қаҳрамони. Унинг “Тирилиш” асаридаги Дмитрий Нехлюдов образини жудаям яхши кўраман. Инсон – хом сут эмган банда, шу сабабли хато ва камчиликлардан холи эмас. Нехлюдов ҳам ёшлигида кечирилмас хатога йўл қўйган. Аммо, асар давомида ўз қилмишининг оқибатларини жуда яхши англаб етади ва буни тузатиш учун ҳаракат қилади. Бу ҳаракати туфайли у инсоннинг яшашдан мақсади нима эканлигини, инсонлар туйғулари ва уларнинг тақдири билан ўйнашиш мумкин эмаслигини, ҳар бир инсон Улуғ Мусаввирнинг шоҳ асари ва  уни ўзгартириш яъни, тақдирига аралашиш катта гуноҳ эканлигини тушунади. Шу англам баробарида Нехлюдов инсонлик даражасидан улуғлашади, авлиёлашади. Балки, шу сабабли у мен учун энг севимли персонажга айлангандир.

Ж.Жовлиев: Миллий адабиётда: Деҳқонқул (“Отамдан қолган  далалар”). Деҳқонқул бу биз. Демократик деҳқонқуллар тўдаси. Ота-бобосини унутган ва бунга парво ҳам қилмайдиган авлодлар. Жаҳон адабиётида: Гамлет! Мунофиқлик ва хиёнатга қарши курашмоқ. “Ўлиш ё қолиш – шудир масала”.

7. Тарихдаги сиз яхши кўрган қаҳрамонларни айта оласизми?

Г.Рўзиева: Тўмарис, Алишер Навоий, Бибихоним, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Нодирабегим… эҳҳе, бу рўйхатни узоқ давом эттиришим мумкин.

Ж.Жовлиев: Улуғларга тўла тарих, аммо келажакда, замонада уларни кўришга кўз ўтмаётганга ўхшайди ёки йўқ. Қаҳрамонлар фақат тарихда яшайдими ё? Темур Малик, Амир Темур, Нажмиддин Кубро, Румий,  Навоий, Жанна Дарк, Ганди, Толстой, Фитрат,  Чўлпон ва  б.қ (уларнинг сони жуда кўп).

8. Реал ҳаётда сиз энг ҳурмат қилган аёл.

Г.Рўзиева: Онам.

Ж.Жовлиев: Онам ва адабиётчи опам (биз уни болаликда шундай чақирардик)! Аллоҳ уларнинг умрини узоқ қилсин!

9. Сиз ижодини севган рассом ким?

Г.Рўзиева: Клод Моне ва Ван Гог. Улардан бирини танлаб айтолмайман, чунки, ҳар иккисининг ижоди бирдек менга ёқади, кўзимни қувонтиради.

Ж.Жовлиев: Иван Айвазовский.

10. Сиз ижодини севган мусиқачи ё бастакор ким?

Г.Рўзиева: Улар жуда кўп, менимча. Чунки, куйсиз,  мусиқасиз ҳаётни тасаввур қилолмайман. Бастакорлар ичида Шопен, Моцарт каби классиклар бирга Эннио Мориконе (афсуски, яқинда дунёдан ўтди), мусиқачилар ичида Лео Рожасни, ўзбек бастакорлари ичида эса Султонали Раҳматов куйларини тинглашни яхши кўраман.

Ж.Жовлиев: Шопен. Унинг симфониялари бетакрор. Тиниқ, нозик ва юксак дид билан яратилган. “Валс”ини тингласангиз, тер каби барча ўй-ташвишлар секин-аста тўкилиб, баҳор гулининг бир япроғи каби енгиллашасиз, ҳаприқасиз, ҳаётга тўласиз! Суронга ботган дунёда нажот учун мусиқа борлиги  инсониятнинг омади. Ғурбатга ботганингда Шопен ўзининг сеҳрли ва нозик қўлини беғараз тутади. Римский Корсаковнинг ҳам мухлисиман, ёшликдан! Унда кенглик, улуғворлик ва оҳангларни фавқулодда ўйнатиш қобилияти бор. Чуқур, чуқур таъсир этади сизга бари… Композиторлар  ҳам  ёзувчи. Мусиқада ҳеч бир сўз бўлмаса-да бир роман мутолаа қилгандай  “бойийсан”. Корсаков  уммон ва унинг теранлиги, улуғворлик ва мардликни  мадҳ этади. Сен бу тор ҳаётингдан кенгликка чиқасану, туман ичра номаълум томонга сузиб бораётганинг билсанг-да,  энди озодлигингни англайсан ва чексиз шодланасан! Оҳ, бу қандай улуғ туйғу.

11. Бир эркак сизнингча қандай бўлиши керак?

Г.Рўзиева: Мард, танти, бир сўзли ва жасур.

Ж.Жовлиев: Вафоли бўлиши керак. Ватанга, дўстга, оилага ва албатта,  эркак деган номга!

12. Бир аёл сизнингча қандай бўлиши керак?

Г.Рўзиева: Ички олами гўзал, ибо-ҳаёли ва шак-шубҳасиз ақлли.

Ж.Жовлиев: Чиройли бўлиш керак, албатта. Улардан ортиқча яна битта нарсани талаб қилиш мумкин, сал камроқ гапиришни ва кўпроқ ўқишни! Хотинида ўқишга хоҳиш яшай туриб имкон бермайдиган  (ҳеч бўлмаса уйида қўлига китоб бериб, шароит яратиб қўймаган) эрлар  жоҳил ва мутаассибдирлар. Улар миллат оналарини оммавий саводсиз қилиб ташламоқда.  Улар ўз фарзанди ва Ватанининг келажагига хиёнат этмоқдалар.

13. Сиз энг севган ҳислат.

Г.Рўзиева: Ростгўйлик.

Ж.Жовлиев: Самимий бўлиш!

14. Қайси ишни бажараётганда ўзингизни бахтли ҳис қиласиз?

Г.Рўзиева: Ёзиш ва китоб мутолааси пайтида. Қолаверса, кўпинча ошхонада, ўзим севган таомни тайёрлаш чоғида ҳам буни ҳис қиламан.

Ж.Жовлиев: Ёзувчини фақат ёзиш, ҳақиқатни ёзишгина қутқаради. Бўлмаса ўзини ҳароб  қилади. Бировга фойдаси тегмай ўлаётган ўсмирдай эзилади. Ёзиш – ҳаётдир.

15. Айни дам кимнинг ўрнида бўлиб қолишни истардингиз?

Г.Рўзиева: Ҳеч кимнинг. Ҳар бир инсон ўз ўрнида яратилган ва ўзига юклатилган вазифани лозим даражада бажариб дунёдан ўтиши лозим, деб ўйлайман.

Ж.Жовлиев: Қурилиш вазирининг. Қишлоғимиз йўллари жуда бузуқ. Тез ёрдамнинг шалдироқ араваси шайтон сўқмоқларида ўрмалаб марказга боргунича куни етмаганлар ўляпти, ойи тўлмаган хотинлар туғяпти! Мен ишонаманки, тўксон фоиз қишлоқда шу аҳвол.  Шундай бўла туриб баландпарвоз Сity ларни нимага қуришяпти, ким учун? Ҳукумат раҳбарлари уялмайдими юпун ва ҳароб аҳволда яшаётган қишлоқ одамларининг кўзига қарашдан? Тасуввур этинг, ота зўрға нафас оляпти, машина  ҳар силкинганида эса у оғриқдан ихраб юборади, боши томга тегади, сен эса ботаётган қуёшга ёшли кўзларинг билан қараб “порлоқ истиқбол”ни ўйлайсан! Бундай носоз йўлда Тез ёрдам  фақат ажалнигина тезлаштириб  беради. Шундай қилиб, қишлоқ одамлари қурилаёган Янги Ўзбекистонга бузуқ ва хароб  йўлдан бормоқдадур!

16. Дўстларингизда қандай ҳислат ва фазилатлар бўлишини хоҳлардингиз?

Г.Рўзиева:  Дўстларимда бўлишини хоҳлаган хислатларим озми-кўпми уларда бор, менимча. Бўлмаса, дўстлашмасдим.

Ж.Жовлиев: Самимийлик, мардлик ва садоқат. Бундай дўстликнинг ажри катта бўлгани учун ҳам яқинларимга шуни тилайман!

17. Энг катта нуқсонингизни айта оласизми?

Г.Рўзиева: Ишонувчан ва соддалигим. Шу туфайли кўп панд еганман.

Ж.Жовлиев: Кўп ўйланиб, ҳаракатсиз қолиш ва нафсни тийиш.

18. Яхши кўрган рангингиз қайси?

Г.Рўзиева: Бинафшаранг.

Ж.Жовлиев: Жигарранг.

19. Сиз севган гул тури.

Г.Рўзиева: Қип-қизил атиргул.

Ж.Жовлиев: Атиргул.

20. Сиз севган қуш тури.

Г.Рўзиева: Кабутар

Ж.Жовлиев: Қалдирғоч. Улар полапонларини асрайман деб шифтга сирғалиб, инигача борган учта илонни ўлдирганман, иккита мушукни уйдан бадарға қилганман. Қалдирғоч одамзотнинг қадим дўсти (Нуҳ кемасидан) ва жуда чиройли, айниқса, қаноти ва кўзлари! (Лекин ҳозиргилари жуда сергап бўлиб кетишган).

21. Қайси ёзувчининг ижодини яхши кўриб ўқийсиз?

Г.Рўзиева: Лев Толстой.

Ж.Жовлиев: Толстой, Булгаков, Кортасар, Ҳемингуэй ва б.қ Барча ёзувчиликка садоқат кўрсатганларни улуғ санайман!

22. Қайси шоирнинг ижодини яхши кўриб ўқийсиз?

Г.Рўзиева: Усмон Азим.

Ж.Жовлиев: Чўлпон.

23. Ўзингизда бўлиб қолишини орзу қилган ғайритабиий истеъдод тури борми?

Г.Рўзиева: Йўқ, ҳозирча.

Ж.Жовлиев: Ғайритабиийликни  билмадиму ҳар ҳолда рассом бўлиб қолишни жуда истардим. Аммо ҳеч ўхшамайди.

24. Қандай ўлишни истаган бўлардингиз?

Г.Рўзиева: Аввало узоқ умр кўришим керак. Чунки, ҳаётда мўлжаллаган ишларим жуда ҳам кўп. Шундай қилиб, кўнглимга туккан асарларни ёзиб бўлгач, дунё бўйлаб саёҳат қилиб бўлгач, бахтли оила даврасида, сокин куз кунларидан бирида, деразадан тўкилаётган қуёш нурларига чўмилганча дунёни тарк этишни хоҳлайман.

Ж.Жовлиев: Ёлвораман, ўз рангимда, тусимни ўзгартирмай.  Ёшликдаги маслагимга  хиёнат этмай яшаганимни англаган ҳолда. Хиёнат қилмай Ватанга, дўстга, оилага ва албатта, иймон билан!

25. Ҳаётдаги шиорингиз.

Г.Рўзиева: Орзулар мақсадларга, мақсадлар ҳаракатларга айланмас экан, ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.

26. Айни ҳозир руҳий ҳолатингиз қандай?

Г.Рўзиева: Бироз тушкунман айни пайтда.   

Ж.Жовлиев: Мўтадил. Аммо вирусдан зарар топаётган ва очликка маҳкум бўлаётганларни ўйласам юрагим эзилади.  Адабиётнинг шу пайт қўли тор туюлади, сўнг ундай эмас, деб таскин излайман. Йўқ, адабиётнинг қўли узун, фақат унга ёпиқ кўксимизни очсак бўлди. Аллоҳим офият берсин бутун дунёга! Адабиёт шифоси бўлсин башариятнинг!

Нодирабегим оққа кўчирди.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting