Пруст анкетаси: 1-жуфтлик

6
3149

Француз ёзувчиси Марсель Пруст ўн уч ёшида бир кундалик тутади. У ушбу кундаликка ўзини яхшироқ англаши учун инглиз тилида йигирма еттита савол ёзиб чиқади ва ҳар йили ўша саволларга ўзи жавоб беради. Кейинчалик у худди шу кундалик анкетани дўсти Антуанетта Фарега беради. Фаре Прустнинг бўлажак биографи сифатида анкетани сақлаб қўяди ва Пруст ўлимидан бир-неча йил ўтиб эълон қилади. Европа ва жаҳоннинг бир қанча машҳур ёзувчилари мазкур анкетага жавоб ёзишган. Кейинчалик бу саволлар жамланмаси адабиёт тарихига «Пруст анкетаси» номи билан киради.

Сайтимизда ушбу лойиҳанинг илк иштирокчилари — шоира Меҳриноз Аббосова ҳамда ёзувчи Шерзод Ортиқов бўлди. Марҳамат, Пруст анкетасидаги саволларга берилган жавобларни ўқишингиз мумкин.

Анкета саволлари:

1. Сизни энг кўп нима хафа қилади?

Ш.Ортиқов: Мени тушунмаётганликлари хафа қилади. Балки бу менинг айбим билан рўй бераётгандир, аммо аниқ биламанки, атрофимдагилар ҳам кўпинча мени тушунишни исташмайди. Ўзбек адабиёти мисолида олиб қарайдиган бўлсак, фусункор реализм, танқидий-реализм, сюреализмни бу муҳит ҳам, китобхонлар ҳам ё хазм қила олишмайди, ё қийинчилик билан қабул қилишади. Мен шу реализм жанрини севаман, шунга ёзиқларим орқали атрофимдагиларга ғоямни етказиш жараёнида роса кўнглим чўкади. Шу кўп хафа қилади. Менимча, ўзбек адабиёти ё мен тарғиб қилаётган жанрга мослашади, ёки мен бевақт ўлиб кетаман.

М.Аббосова: Ҳамма ўз ҳаётини яшамаслиги. Ҳадсизлик.

2. Қаерда яшашни истардингиз?

Ш.Ортиқов: Қанчалик ғайритабиий туюлмасин, бир умр сўлим Фарғонада яшашни истардим. Бу ерда яқинларим, дўстларим бор. Эҳтимол, бирор кун ўзим орзу қилган Парижга бориб, Луврни ва Гюго уй музейини зиёрат қиларман, Ясная Полянага бориб Толстойнинг қабрини. Венага бориб, опера томоша қиларман ёки Москвага бориб Третьяков галереясидаги ажойиб картиналарни. Аммо Фарғонага қайтиб келишим юз фоизга аниқ.

М.Аббосова: Истанбул келди негадир хаёлимга. Аммо, вақтинчаликка барибир. Дунёнинг ҳар бурчида яшаб кўргим келади. Шу ердан бошқа жойда узоқ туролмасам керак барибир.

3. Ҳаётингиздаги энг бахтли лаҳзани айта оласизми?

Ш.Ортиқов: Менимча, бу талаба бўлганлигимни эшитганимдаги лаҳза бўлса керак. Давлат гранти асосида институтга қабул қилинганимда ростдан ўзимни дунёдаги энг бахтли инсондек ҳис қилганман.

М.Аббосова: Фарзандим туғилган лаҳза.

4. Қандай хатоларни иккиланмай кечириб юбора оласиз?

Ш.Ортиқов: Аслида мен барча хатоларни кўзимни чирт юмиб кечириб юбора оламан. Табиатан кек ёки гина сақлайдиган инсон эмасман. Шунчаки битта нарсани-хиёнатни кечирмайман, холос.

М.Аббосова: Хато қилганини тан олиб, чин дилдан узр сўраса, ҳар қандай хатони (тағин ким билади?!)

5. Сиз яхши кўрган аёл персонаж.

Ш.Ортиқов: Мен яхши кўрган аёл персонаж-Татьяна Ларина. Пушкиннинг “Евгений Онегин” асарини ўқиганимда бу персонажнинг ички дунёсига, тарбиясига ва самимийлигига мафтун бўлиб қолганман. Орадан йиллар ўтган бўлса-да, Татьяна ҳануз севимли персонажим.

М.Аббосова: «Ёлғизликнинг юз йили»даги Урсула

6. Сиз яхши кўрган эркак персонаж.

Ш.Ортиқов: Князь Андрей Болконский энг севимли эркак персонажим. Унда эркак учун зарур бўлган барча нарса- ғурур, салобат, виқор, кенг дунёқараш мавжуд. Толстойнинг мазкур персонажи каби бирор бир эркак персонаж тўлақонли қаноатлантирмаган мени, яъни идеалимга мос тушмаган.

М.Аббосова: «Телба»даги Княз Мишкин.

7. Тарихдаги сиз яхши кўрган қаҳрамонларни айта оласизми?

Ш.Ортиқов: Брутни алоҳида таъкидлаган бўлардим. У қадимги Римда демократик давлат тузумини ўрнатиш учун қўлидан келган барча нарсани қилган, ҳатто Цезарга суиқасд қилган. Шунингдек, Ахиллесни ҳам яхши кўраман. Гомернинг достонидаги бу қаҳрамон ўз довюраклиги ва матонати билан мени қойил қолдирган.

М.Аббосова: Пайғбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в), Ҳадича (р.а) Оиша (р.а), Увайс Қараний, Имом Бухорий, Робия Адавия, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Увайсий, Нодирабегим, Зебунисо.

8. Реал ҳаётда сиз энг ҳурмат қилган аёл.

Ш.Ортиқов: Ҳаётда онам ҳурматимга сазовор, ўзбек адабиётида шоира Гулноз Мўминовани кўпроқ ҳурмат қиламан. Гулноза опа доим самимий ва нафақат ижодим, балки адабий жараён ҳақида ҳам ўз фикрини объектив айта олади. Шу жиҳати яхши.

М.Аббосова: Ҳамма аёллар.

9. Сиз ижодини севган рассом ким?

Ш.Ортиқов: Винсент Ван Гогнинг ижодини телбаларча севаман. Импрессионизм жанрига қизиққаним учун, шу жанрда ижод қилган барча рассомлар ижодига мойиллигим бор аслида. Ван Гогни кўпроқ яхши кўраман. Унинг картиналари шунчаки ҳайратланарли. Ҳаётни табиатда бор ранглар асосида сизга кўрсатади.

М.Аббосова: Ван Гог, Клод Моне, Отто Ким.

10. Сиз ижодини севган мусиқачи ё бастакор ким?

Ш.Ортиқов: Фредерик Шопен энг севимли бастакорим. Унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ўқимаган китобим қолмаган ҳисоб. Мусиқаси доимий кайфиятимни ўзида намоён қилади. Қачонлардир кимдир Шопен мусиқасида жаннатнинг овози эшитилади, деганди. Шу фикрга қўшиламан. Унинг Ёмғир вальси  ва Сирли ўрмон мусиқий композициялари энг севимли мусиқий асарларимдан.

М.Аббосова: Шопен, Ботир Зокиров.

11. Бир эркак сизнингча қандай бўлиши керак?

Ш.Ортиқов: Самимий, оғир ва босиқ. Шунингдек, характерида қатьият, ўзига ишонч ва мағрурлик бўлиши керак.

М.Аббосова: Ҳалол.

12. Бир аёл сизнингча қандай бўлиши керак?

Ш.Ортиқов: Меҳрибон, ғамхўр ва қалби тоза.

М.Аббосова: Сирли.

13. Сиз энг севган ҳислат.

Ш.Ортиқов: Мен одамлардаги меҳрибонликни қадрлайман. Ўзим ёқтирган, ўзимга яқин олган инсонларимга меҳримни доим улашаман, улардан ҳам шуни кутаман. Бу мен яхши кўрган энг яхши хислат. Айниқса, севган инсонингни тиззасига бош қўйиб, у сочларингни силаётган маҳал уйқуга кетиш ёки уни қучганча  дераза олдида қаҳва ичиб, ташқарида ёғаётган ёмғирни кузатиб ўтириш-жаннатга тушиш билан баробар.

М.Аббосова: Кенгфеъллик

14. Қайси ишни бажараётганда ўзингизни бахтли ҳис қиласиз?

Ш.Ортиқов: Менимча, ижод қилаётганимда ўзимни бахтли ҳис қиламан. Ижод менга таскин беради, бу дунёнинг ташвишларини унуттиради, руҳимни тетиклаштиради.

М.Аббосова: Ёзаётганда, фарзандимни эркалаётганда.

15. Айни дам кимнинг ўрнида бўлиб қолишни истардингиз?

Ш.Ортиқов: Ўзимнинг ўрнимда қолишни истардим. Ҳар ким шундай йўл тутиши керак, наздимда. Кимнингдир ўрнида бўлиб қолишни исташ- бу ожизлик. Ўша биз кумир деб билган ёки ҳавас қилган инсондек бўлишни орзу қилишдан олдин, балки унда йўқ нарсалар бизда бордир деб мулоҳаза юритишимиз лозим. Ишонаманки, шунда унда йўқ нарсалар бизда топилади.

М.Аббосова: Ўзимнинг ўрнимда!

16. Дўстларингизда қандай ҳислат ва фазилатлар бўлишини хоҳлардингиз?

Ш.Ортиқов: Менинг дўстларим кўп эмас. «Дўстимда» деб айта қолай. Уни инжиқликларимни, характеримнинг паст-баландини кўтаришини истардим. Шунингдек, меҳримга яраша меҳр беришини. Қолгани муҳим эмас.

М.Аббосова: Шокирлик, тақводорлик, поклик, ҳамдардлик, ҳамқувончлик.

17. Энг катта нуқсонингизни айта оласизми?

Ш.Ортиқов: Худбинлик – энг катта нуқсоним. Бу ҳол ўзимга ҳам ёқмайди. Лекин, худбинман. Нима қилай? Ўзгарадиган ёшдан ўтганман.

М.Аббосова: Дангасалик.

18. Яхши кўрган рангингиз қайси?

Ш.Ортиқов: Оқ рангни яхши кўраман. Унда беғуборлик бор. Оқ рангдаги нарсаларга қарасам кўнглим ғуборлардан фориғ бўлаётгандек туюлади.

М.Аббосова: Бинафшаранг.

19. Сиз севган гул тури.

Ш.Ортиқов: Орхидея гулини ёқтираман. У қараган одамни тушкунликдан чиқараркан.

М.Аббосова: Бинафша.

20. Сиз севган қуш тури.

Ш.Ортиқов: Фламинголарни ёқтираман. Уларни четдан жонли кузатиш насиб қилса, бу дунёда жаннатнинг бир бўлагини кўргандек бўлардим.

М.Аббосова: Қалдирғоч

21. Қайси ёзувчининг ижодини яхши кўриб ўқийсиз?

Ш.Ортиқов: Аслида мен севиб ўқийдиган ёзувчилар жуда ҳам кўп. Ўттизтача чиқади санасам. Лекин, улардан бирини барибир танлашимга тўғри келса, Лев Толстойни танлардим.

М.Аббосова: Габриэл Гарсиа Маркес.

22. Қайси шоирнинг ижодини яхши кўриб ўқийсиз?

Ш.Ортиқов: Яқинда Халина Посвятовская, Фуруғ Фарруҳзод, Суҳроб Сипеҳрий, Фернандо Песоаларнинг ижодлари билан танишдим. Бродскийни аслиятда ҳатм қилдим. Уларнинг барчасини яхши кўриб ўқидим худди Гейне ёки Ахматовани севиб ўқигандек.

М.Аббосова: Бобораҳим Машраб.

23. Ўзингизда бўлиб қолишини орзу қилган ғайритабиий истеъдод тури борми?

Ш.Ортиқов: Вақт машинасини яратишни истардим. Шунда ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярмидаги Европага кетардим. Йигирма биринчи асрдан том маънода зерикдим.

М.Аббосова: Рассомлик, айтганча, бастакорлик ҳам.

24. Қандай ўлишни истаган бўлардингиз?

Ш.Ортиқов: Дераза олдида, креслода ўтириб, бир ўзим ҳовлидаги оппоқ бўлиб гуллаган ўрик дарахтини томоша қилганча ўлишни орзу қиламан.

М.Аббосова: Жилмайиб.

25. Ҳаётдаги шиорингиз.

Ш.Ортиқов: Индивидуал онг доим ижтимоий онгдан бир поғона баландда туриши керак.

М.Аббосова: Ҳаётдан маъно қидиравермай, ҳаётга маъно бағишла.

26. Айни ҳозир руҳий ҳолатингиз қандай?

Ш.Ортиқов: Карантин сабаб қониқарли.      

М.Аббосова: Илон пўст ташлагандек, янгиланаётган ҳолатдаман қандайдир.

Нодирабегим оққа кўчирди.

6 Izohlar

  1. Sh. Ortiqovda xudbinlikdan tashqari kibr ham bor ekan.
    M. Abbosova esa anchayin bolafe‘l.
    Har kimni o‘z pozitsiyasi bo‘lgani yaxshi. Ularga omad tilayman.

  2. Ш Ортиқовда Европага мойиллик устун, М. Аббосовада аксича ўзбекона фалсафа устун экан.
    Ҳар иккала ижодкорга ҳам омад тилайман.

    Нодирабегим мазкур анкета саволларини бошқа таниқли ва бугунги ёш ижодкорларга ҳам беринг.
    Жавобларни жамлаб олгач эълон қилинг. Унгача эълон қилмай туринг.

  3. Ikki anketa ishtirokchi ga qoyil chunki samimiy javob berishda
    Ortiqovni bilimi va kitobsevarligiga tasanno(yozuvchi bòlsa xam yangicha qarash kòp) Mehrinoz ancha ijodiy dunyoqarashni kuchaytirgan talabalik davrda xech badiiy kitob kòrmagandim bilsam sokin òqirkan bu ishtirokchimiz.
    Birinchi kommentdagi kibr va bolafe’l fikriga qòshilmayman bu ikki ishtirokchi xaqidagi.Bular ikkovi xam dunyo klassikasini tushunib òrganishgan.
    Tòģrisi Chopen va Tolstoy ni plus Markesni qayta òrganish istagi tuģildi menda

  4. Prust anketasining hamma ishtirokchilari oʻz olamiga, qarashiga ega, munosib kishilar. Ularni savollarga bergan javoblari bilan yaxshi ko’rib qoldim. Bilganim, ijodkorlik qondoshlikdan gap. Kuzatsangiz, ishtirokchilarning deyarli hammasi bir biriga yaqin javoblarni berganlar. Bardavom bo’lsin!

  5. Assalomu alaykum! Man ikkala yozuvchining ham javoblarini oʻqir ekanman, qachonlardir mani tushkunlikdan chiqargan, oʻzining tabassumi bilan menga savol bergan Mehrinozni yana oʻsha holatda koʻrdim. Mehrinozda oʻsha milliy ruh doimgiday kuchli. ( Fargʻonalik, Mohigul dugonasini eslolmas, lekin meni doim yodimda)
    Juda ham ajoyib anketa ekan. Men ham oʻzim un javob berib bordim.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting