Петраркага мактуб

0
445
ko'rishlar soni

ҳикоя

                                             Муаллиф: Юрий Яковлев

1

Агар буюк италян шоири Франческо Петрарка ҳаёт бўлганида мен унга хат ёзган бўлардим, чунки бу ёруғ дунёда фақатгина у тушунган бўларди мени. Петрарка устимдан кулмас ва бошимдан ўтганини элга достон қилмасди. Петрарка мени тушунган бўлар, у билан Рим шаҳридаги анжуманда кизил чиғаноқ ва лавр гулчамбари тақмасакда, балки у билан дўст тутинардик. Бошимда берет, эгнимда эса  сув ўтмайдиган матодан тикилган куртка бор.

Мен ҳеч қачон Петрарка билан таниш бўлмаганман, чунки у биздан 600 йил олдин яшаб ўтган. (Биз бу ҳақда тарих дарсида билиб олган эдик). Аммо у гўзал Лаурани қандай учратганини тасаввур қила оламан. Шу ҳақда ўйласам, мен ҳам Авиньон шаҳридаги авлиё Клара черковида пайдо бўламан, устуннинг соясида туриб, атрофни бутун борлиғим билан кузатаман.

Шамлар чирсиллаб ёнади ва оғир қўнғироқлар гумбурлайди. Ўша вақтда Петрарка шамларнинг ёруғида Лаурани кўради. Ҳали Петрарка унинг исмини ҳам билмас, лекин уни кўрган заҳотиёқ барча нарса – шамлар, қўнғироқлар, мармар даҳмалар кўз олдидан ғойиб бўлади, фақатгина унинг ориқ ва оқарган чеҳраси Петрарканинг кўз ўнгида гавдаланарди. (Ўша пайтда атир-упалар ҳали урфда эмасди). Лауранинг бошида туяқуш патли кенг шляпа, эгнига эса ҳудди елканга ўхшаган тўр рўмол ташлаб олган. Петрарка унинг тимқора кўзларида кичик қуёшчага ўхшаш шамларнинг аксини кўрди. Унинг оғзи лабида марваридгул шохчасини тутиб тургандек ярим очиқ, текис тишлари кўриниб турарди.

Петрарка Лаурани кўрганда у ҳам мендек ҳолатга тушган. Йўқ, мен авлиё Клара черковида эмас, мактабда эдим. Учинчи қаватга чиққандим. Жўғрофия ўқитувчимиз оқ-қора нуқталари бор юлдузли осмоннинг глобусини олиб келгани юборганди. Даҳлиз охирида бир қизни кўриб қолдим. Даставвал унга эътибор бермадим, чунки атрофда қизлар кўп эди. Аммо унга етиб олганимдан сўнг, юрагим бироз сесканиб, нафасим бўғила бошлади. Менга нима бўлаётганини тушунолмай қолдим. Бир неча қадам узоқлашгач англадим – ҳаяжонланишимга сабаб ўша қиз эди. Бир тутам сочи пешонасига тушиб турар, лаблари, эҳтимол совуқдан ёрилган бўлса керак. Мен унга етиб олдим ва ортидан эргашдим, қандайдир бегона куч тўхташга мажбур этди. Ортга қайрилдим, у ҳам қаради. Кўнглимда бирдан унга ачиниш ҳисси пайдо бўлди, йўқ, йўқ, унга эмас, ўзимга. Унинг кўзларида ҳудди ўзимнинг кўзёшларимни кўргандек бўлдим. Глобусни юлдузлари билан бирга синдириб юборгудек қаттик, бағримга босдим. Мактабимиз даҳлизида шамлар чирсиллаб ёнмади, қўнғироқлар гумбурламади, фақатгина мусиқа хонасидан ашула овози эшитилиб турарди. У бошини қуйи солди, балки кўзёшларидан уялгандир, менга яна бир бор қаради ва кетди. Мен эса жойимда турганча унинг изидан қараб қолдим.

Қадрли Петрарка, биз иккимиз ҳам кечирилмас хатога йўл қўйдик ва бунинг учун аёвсиз жазоланяпмиз. Журъатсизликни енгиб, Лаурадан бирор арзимаган нарса ҳақида сўраш керак эди, масалан: 

— Бугун нечанчи сана? – деб.

Ўшанда Лаура:

— Бугун 6-апрель, — дея жавоб берган бўларди.

Сиз гўзал Лаура билан шундай танишган бўлар эдингиз, бироқ сиз индамадингиз, ҳудди тошдек қотиб қолдингиз ва мана орадан 600 йил ўтиб, мен ҳам сизнинг хатойингизни такрорладим. Шу пайт директор ўринбосари келди ва:

— Бу ерда нима қиляпсан? – деб сўради.

— Бу юлдузли осмоннинг глобуси, — дея шошганимдан пойинтар-сойинтар жавоб бердим.

— Даҳлиз ўртасида турмай, тез дарсга кир! Вақтни беҳуда сарфлама, — жаҳли чиқди устозимнинг.

 Қўлимда глобусим билан ортга қайтдим. Сўқир каби на девор, на дераза, на қуёш нурларини сезмай кетиб борардим. Ичкаридан қўлида буткул бошқа глобус кўтариб, кимдир чиқди. Синфга бахтсиз Петрарка қайтиб келди, лекин буни ҳеч ким сезмади, ҳаммаси жойида, деб ўйлашган бўлса керак-да.  

Сиз ҳар куни черковга боргансиз. Мен ҳам ўз Лаурамни учратиш ниятида тез-тез учинчи қаватга чиқаман. Уни кўрганимда айтаман, деб ҳар доим чиройли гапларни ёдлаб юраман. Аммо у келмади. Ёнимдан қанча қизлар ўтди – ҳаммаси бегона, хаммаси бир хил.

Бир куни Лаура мармартошга қўлқопини тушириб юборган. Сиз эгилиб қўлқопни олгансиз ва уни бекасига узатгансиз. Лаурадан миннатдорчилик сўзларини эшитиб, қувонгансиз. Бу ҳолат яна такрорланишини кутгансиз, аммо Лаура қўлопини бошқа тушириб юбормаган.    

                                             2

Мен уни бир ойдан сўнг кутилмаганда учратиб қолдим. У ҳақда кўп ўйладим, унга жуда кўп нарсалар ҳақида айтишни хоҳладим, аммо уни яна қайта 3-қаватда кўрганимда ёдлаган сўзларим эсимдан чиқиб кетди.

— Қўлқопинг борми? – дея аҳмоқона савол бердим. У ажабланди.

— Ҳозир май-ку.

Бор кучимни тўплаб:

— Қўлқопингни тушириб юборсанг, мен уни ердан олиб беришни хоҳлагандим, — дедим.

У менга ҳайрон қараб турди-да:

— Нима учун? – деб сўради.

Бирдан униг кўзлари шодликдан қувнаб кетди ва жавобимни кутмай, югуриб кетди. Мен ҳам унинг ортидан чопдим.

Менинг Лаурам аввал даҳлиз бўйлаб югурди, сўнг зинапоядан пастга тушди ва мактаб ҳовлисига чиқди. Мен ҳам унинг ортидан қувлаб борардим. У билан шунчалик яқин эдим-ки, майса ифорини ва сочларининг қуёшдан қизиб кетганини ҳис қилдим. У мактаб томорқасигача югуриб бориб, тўхтади. Мен ҳам тўхтадим. Орамиздаги масофа анча яқин эди ва бир-биримизга қараб ҳансираб нафас олардик. Ўйлаб ҳам ўтирмай:

— Мен ҳамма қизларни ўпганман! – деб юборибман. Ўшанда айтган сўзларимга қаттиқ пушаймон бўлдим. Лаурамнинг кетиб қолишини кутгандим, аммо у жойида турар, кўзлари менга ғазаб билан боқарди.

Мен ҳаётимда бирорта қизни ҳам ўпмаганман ва буни тасаввур ҳам қилолмайман. Петрарка, мен ёлғон гапирган эдим!

— Хоҳлайсанми, ҳозир гугурт чақаман ва охиригача ёниб бўлгунга қадар тишларим орасида ушлаб тураман, — дедим исноддан қутулиш учун.  У менга ҳадиксираб қараб турди-да:

— Бошқа ортимдан югурмайсанми? – деб сўради.

— Югураман! – дедим. Овозим ҳудди қасам ичгандек жаранглади. – Энди доим ортингдан югураман. Қишда қўлқопинг ерга тушиб кетса, уни ўзим ердан олиб бераман.

 Мен шунчалик куйиб-пишиб гапираётган эканман-ки, олдимизга математика ўқитувчимиз Ольга Ивановна келганини ҳам пайқамабман.

— Қаерга даф бўлдинг? Даданг кутяпти. Кетдик! – деди Ольга Ивановна менга эътибор бермай ва менинг Лаурамни олиб кетди.

Биламан, сизнинг Лаурангиз 1348-йил ёзда ўлат туфайли вафот этган. Буни бир китобдан ўқиган эдим. Ўшанда: “Оҳ, ўз қисмати ҳақида билмай ўтди”, — дея нола чеккансиз.

Менинг Лаурам отаси ва онаси – бизнинг математика ўқитувчимиз Ольга Ивановна билан кетди. Унинг ўрнига бошқа ўқитувчи келди.  Ҳануз яшашда давом этяпман. Учинчи қаватга чиқиб, бошқа қизларга қиё ҳам боқмай даҳлиз бўйлаб оҳиста қадам ташлайман. Унинг кўзларида акс этган аланга ва юлдузларни кўргандек бўламан. Юрагимни аламли шодлик чулғайди. Петрарка, мен сиз каби шеър ёзмайман, аммо энг зарур машинани кашф қиламан ёки бирор инсонни қутқараман, балким ойга учарман – ўшанда Лаурам буни эшитади ва менга ўзи ҳақида хабар беради.

Рус тилидан ИРОДА ХОЛБЕКОВА таржимаси.   

   П.С. Суратда Петрарка ва Лаура тасвири.

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting