ШЕКСПИР, ОТЕЛЛО ВА РЎМОЛЧА

0
434
ko'rishlar soni

ЭССЕ

Болалигимда телевизор қаршисида ўтириб, мультфильм кўришдан кўра ҳам кўпинча спектакль томоша қилардим. Ўша йиллари  Тошкентдаги Миллий академик драма театрида саҳналаштирилган турли жанрдаги пьесалар лентага ёзиб олиниб, кейинчалик телевизион тарзда омма эътиборига  ҳавола қилинарди. Мен уларни кутиб яшар, улар мабодо намойиш этилгудек бўлса, бутун диққатимни бир ерга жамлаб, телевизор олдидан ҳеч қаерга силжимасдим. Юрагимни ҳаддан ташқари таъсирлантирган ва эзган спектакль- шубҳасиз, Шекспирнинг “Отелло”си эди.

Бу пьесанинг саҳналаштирилган варианти илк дақиқалардан бошлаб  шууримни қамраб, магнитдек ўзига тортган ва мурғак вужудимни даҳшатга солиб, остин-устун қилиб юборганди. Худди кеча бўлгандек эсимда: мен спектаклни ҳам телбадек қизиқиб, ҳам даҳшатга тушиб томоша қилгандим. Ўн яшар болага бундай ўткир сюжетли, оғир жараёнли спектаклларнинг фожеавийлиги катталардан кўра кўпроқ таъсир қилишини, руҳиятига теран етиб боришини кўпчилик англаб етмайди (англаб етганлар уни театрга олиб бормайди, трагедия жанридаги спектаклларга яқин йўлатмайди).

Отеллонинг Дездемонага ўқталиб, овозининг борича “рўмолча қани”, деб бақириши ва спектакль кульминациясида икки қўли билан уни бўғиб ўлдириши мени ақлдан оздиришига сал қолганди. Ўшанда ўрнимдан сапчиб туриб, хонадан саросимада югуриб чиқиб кетган, даҳлизда юрагимни ҳовучлаб пусиб ўтирган, сўнг спектакль тугаб, овози тингач, кириб телевизор каналини бошқасига ўзгартиргандим.

Ўша кезлари Отелло Дездемонани табиий ўлдирганига ишончим комил эди. Театр Тошкентда жойлашганини билар, Отеллони у ерда ишлайдиган қорачадан келган, семиз амаки деб ҳисоблар, уни ўзи совға қилган бир парчагина рўмолчани йўқотиб қўйганига жаҳли чиқиб, чиройли ва сулув Дездемона холани  ўлдириб қўйганини ҳечам хазм қила олмас ва бундан бутун ички оламим қайғу ичида ўртанарди.

-Битта рўмолча учун-а?- дердим ҳеч нимага тушунмай ўзимга ўзим.

Спекталь якунига етгач, бир неча ҳафталаб унинг таъсиридан чиқиб кетолмай юрганимни ҳам таъкидлашим жоиз. Мен ўша кунлар ичида иштаҳамни буткул йўқотиб, рисоладагидек туз тотмаганимни яхши эслайман. Дўстларимга қўшилиб копток тепиш ҳам юрагимга сиғмай қолган, мактабдаги дарсларда фаол қатнашишни тамомила унутгандим. Одамовига ўхшаб хилватларга беркинар, бунинг устига кўчамиздаги шилдираб оқадиган ариқ бўйида ёки уйимиз олдидаги олма дарахтига суяниб соатлаб хаёл сурардим.

Мен очиғи битта рўмолча учун Отелло амаки Дездемона холани ўлдирганини, қўлини қонга ботирганини минг идрок қилсам-да тушуна олмасдим.У пайтлари рашк, макр- ҳийла каби инсоний, инсон боласига хос бўлган ҳис- туйғулар менга ҳали бегона, ғўр қалбимда уйғонмаган, мен улар ҳақида бирор бир тушунчага эга эмасдим ва шу боис моҳиятдан эмас, шаклдан келиб чиқиб болаларча хулоса қилар, кўзларим телевизорнинг ичида кўрган шаклга таяниб фикр юритардим.

Гоҳида Отелло амаки суд қилиниб, қамалдимикин, унга жазо тайинландимикин  деб ўзимга роса савол берар, аксига олиб бу мубҳам саволимга кимдан жавоб топишни билмасдим. Телевизорда эса навбати билан бошқа спектакллар берилар ва уларнинг бирида Отелло амакини ногаҳон ўзга қиёфада кўриб қолсам, ноҳақликка чидолмай бўридек увиллаб юборар, ҳануз уни озодликда бамайлихотир юргани дилимни хуфтон қилар, шундай лаҳзаларда Тошкентга бориб, “Иф қальасининг маҳбуси” фильмидаги Граф Монте-Кристога ўхшаб ундан қасос олишни дарғазаб ҳолда режалаштирардим.

-Уни қамашмабди,- дердим хонамдаги каравотда бошимни чангаллаб, айюҳаннос солиб, илондек тўлғониб ётарканман.

Бахтга қарши Дездемона холани бошқа ҳеч бир спектаклда учратмадим. Шу ҳол фоний дунё билан унинг видолашганига мени қаттиқ ишонтирди. Ўша лаҳзадан бошлаб қайғу ва изтиробим икки карра ошди. Ҳар сафар онам ёки отамда, бошқа ўзим таниган-билган кимсаларда турли шаклдаги рўмолчаларни кўриб қолсам, негадир жувонмарг бўлган шу Дездемона холани ёдга олар, натижада Отелло амакига бўлган нафратим бир неча ҳисса ортиб кетар, уни умуман суд қилинмагани, бемалол телевизорда кўриниш бериб юргани ғашимни келтирар, дилимга тугиб қўйган ниятни амалга ошириш учун атрофимга ўртоқларимни йиғиб, қасос режасини муҳокама қилишни ўзимча хаёлимда пишитардим. Шу ерда кўчамиздаги чурвақа ўртоқларим мисолида тасаввуримдаги иттифоқчиларим топилар ва улар билан худди “Тутқич бермас қасоскорлар” фильмидаги болаларга ўхшаб, кўчамиз яқинидаги кўприк остидан ҳар замонда  ўтадиган поездга илашганча Тошкентга кетишни кўз олдимга келтириб, уйқуга кетардим.  

-Тошкент бу ердан узоқдами?- сўз қотардим эртасига отамни нонушта пайти саволга тутиб.

Отам ҳар ҳафта савдо-сотиқ ишлари юзасидан Тошкентнинг “Отчопар”ида бўладиган бозорга қатнар, мен буни яхши билардим.

-Беш соатлик йўл,- жавоб қайтарарди у нон чайнаётиб, пешонасини тириштирганча масофани гўё чамалаб. – Машинада кетсанг шунақа.

-Поездда-чи?- давом этардим кўзларим порлаб.

-Поездда секинроқ борасан.

Шунда мен “Тошкент унчалик узоқ эмас экан” деб ўйга толиб қолардим. Тошкентга жудаям боргим келар, бориб Отелло амакини топиб, ундан нега битта рўмолча учун Дездемона холани ўлдирганини оёғимни тираб сўрамоқчи бўлар, уни дўстларим билан тергов қилиб, қонун ташқарисида оғир жазога мустаҳиқ қилишни жудаям истар, Дездемона холанинг қабрига бориб, қаршисида бош кийимимни ечиб, тиз чўкканча сукут сақлаб, унинг учун қасос олганимни тантанали равишда билдиргим келарди. Аммо боролмасдим. Отам ҳар гал йўлга отланганида уни қандайдир ширин ҳаяжон, лекин нигоҳимга соя солган армон билан йўлга кузатиб қўяр, келганида  ундан Отелло амаки ва унинг иш жойи ҳақида суриштиргим келар, бироқ қайдлар ва қасос режаси туширилган ён дафтарчамни иккиланиб ушлаганча оғиз оча олмасдим. 

Орадан йиллар бир-бирини қувиб ўтиб, бу тушунарсиз ҳаёт қучоғида улғайганимдан сўнг, театр санъати, драматурглар ёзган бадиий асарлар, актёрлик касби ва уларнинг роллари ҳақидаги тушунчалар бирин-кетин тафаккуримга кириб келди. Театр ва драматургия ҳақида, Шекспир ҳақида қанча кўп ўқиганим сари бу санъат тури, Шекспирнинг трагедиялари борасида хулосаларим кўп қаватли уйлар каби осмон қадар етиб борди.

Шундан сўнг, мен болалигимда гувоҳи бўлган — Отеллонинг Дездемонани битта рўмолча учун ўлдириш саҳнаси шунчаки қип-қизил томоша бўлганини, улар аслида актёр ва бу жараён актёрлик санъатининг бир қисми эканлигини, Отелло ролини ўйнаган амаки сираям қотил эмас, аксинча халқ артисти сифатида эл ардоғидаги  ҳурматга сазовор шахслигини, Дездемона хола тирик ва соғ-омон, уйида атрофидаги набиралари билан кексалик гаштини завқ билан суриб яшаётганлигини англаб етдим.

Шунда ҳам мен битта нарсани тушунмасдим. Нимани айтайми? Битта рўмолча учун бир одам иккинчи одамни ўлдириши мумкинлигини? Бу ҳаётда яшаш давомида, тажрибам ортиб, рашк ва севги, макр- ҳийла каби тушунчалар ҳам гарданимга тушиб, бисотимда пайдо бўлиб, улар ҳақида ўйлашга, фикр қилишга мажбур бўлгач ҳам, буни тушунмасдим. Рашк сабаб ўлдирилган ва ҳийла қурбони бўлган Дездемона, ишонувчанлиги туфайли қотилга айланган Отелло, ушбу фожеага сабаб бўлган рўмолча мени  қоронғу лабиринт ичига михлаб қўйишди. Лекин  шунда ҳам олисдан митти ёруғлик кўриниб турар ва шу туйнук томон қадам қўйгандек бўлаверардим. Мен буни ҳаётийлигига ишонмасдим. Бу ерда асло Толстойнинг Шекспир ҳақидаги танқидий мақоласини ўқиганим бош сабаб эмасди. Шунчаки рўмолча мотиви, у келтирган рашк сабаб ҳабаш томонидан Дездемонанинг бўғиб ўлдирилиши энди кўзимга эришдек туюларди.

Вақти келиб ўша ёруғликка чиқдим ҳам. Аммо негадир бу ёруғлик остонасида мен бошқа нарсани кўрдим. У мени катта ҳаёт сари олиб чиқди. Унга йигирма биринчи асрнинг дастлабки ўн йиллигида қадам қўйдим ва ундаги саргузаштларим бевосита  шу тентак, фан-техниканинг чўрисига айланган аср билан узвий боғлиқ эди. Бир пасда талаба бўлиб, институтни тамомладим. Ишга кириб, меҳнат фаолиятимни юрита бошладим. Бу узундан узоқ  жараён давомида рўмолча мотиви етакчи бўлган Шекспирнинг трагедиясини ўзим мансуб бўлган асрнинг  қарамоғидаги катта ҳаётда қайта саҳналаштирилган версиясига турли жойларда, тинимсиз тарзда рўпара келдим. Албатта бу версия маҳорат билан саҳналаштирилмаган, пойинтар-сойинтар бир алфозда, бадиийликдан анча олисда эди. Мен болаликда гувоҳи бўлганим спектакль профессионал Шекспир амаки томонидан ёзилган, унинг саҳналаштирилишида ўз касбининг устаси бўлган режиссёр ва актёрлар роль ижро этишган бўлса, бу янги версияси улуғ асримиз томонидан ёзилиб, унда актёрликдан хабари бўлмаган оддий халқ ўзига бириктирилган ролларни маромига етказиб бўлмаса-да, ҳар ҳолда тушунарли қилиб ижро этарди.

Шекспир ёзган “Отелло” фақат театр биносида саҳналаштирилган бўлса, унинг йигирма биринчи асрдаги замонавий кўриниши мамлакат бўйлаб ёйилган санаториялар, меҳмонхоналар, кафелар, шунингдек Чимён ва Чорвоқ каби баҳаво ва сўлим ерларнинг пансионатларида бардавом саҳналаштириларди. Бу иккиси бир-биридан ҳам мантиқан, ҳам структура жиҳатидан сезиларли фарқ қиларди. Шекспирнинг бош қаҳрамони хабаш Отелло ишонувчан ва рашкчи персонаж бўлса, асримизнинг Отеллосида ҳам шу хислатлар мавжуд, аммо мўрт бир аҳволда бўлиб, совун кўпигидек омонат, ёрилиб кетиш асносида турарди.

Дездемоналар ўртасида ҳам тафовут мавжуд бўлиб,  синчков томошабинга бу дарров билинарди. Шекспирнинг мазкур қаҳрамони мен учун табаррук сиймо, юрагимни битмас-туганмас ачиниш ҳиссига гирифтор қилган, ҳайрихохлик ва раҳмдиллигимни синаган бир муштипар ва бегуноҳ аёл бўлганлиги қанчалик рост бўлса, асримизнинг Дездемонаси  сатанг, шаддод ва айёрликни ўзига касб қилган бўлиб, асримиз томонидан бундай нуқсонлар билан бойитилгани шунчалик рост эди.  Ҳатто, рўмолча мотиви ҳам ўша трагедиянинг асримиз саҳналаштирган версиясида маълум маънода ҳеч қандай аҳамиятга молик эмасди. Шекспирнинг асарида у ҳал қилувчи, керак бўлса кульминацион дастак бўлганлиги икки карра икки тўрт каби лўнда кўрсатилган ва қайд этилган бўлса, асарнинг йигирма биринчи асрдаги ҳаётий версиясида уни бутунлай иккинчи планга тушиб қолганини кузатиш томошабинга қийинчилик туғдирмасди.

Энг кулгулиси, замонавий “Отелло” трагедия жанрига ҳам мос тушмасди. Бу  асримиз режиссёрлигида ишланган ва эндиликда йигирма биринчи аср халқ театрининг доимий репертуаридан жой олган, турли жойларда бетиним саҳналаштириладиган трагедия кўпроқ комедияга ўхшаб кетарди. Айтайлик, унда бирорта санаторияга, Чимён ёки Чорвоққа Отелло билан Дездемона дам олиб, ҳордиқ чиқаргани боришарди. Кўп ўтмай рашкчи Отелло Дездемонани у ердаги ҳаммадан қизғона бошларди. Юрагига ғулғула тушар, безовталик ичида кун ўтказар, атрофига тикилиб, шубҳа-гумонлар қаърида дилини тилка пора қиларди. Кўнглига тугиб қўйган ишни қилишига эса иккиланарди. Кейин завжаси билан боғлиқ орқаваротдан келган гапларга қулоқ тутгач, ғазаб отига миниб еру кўкни ларзага соларди. Шунда Дездемонадан ўзи совға қилган рўмолчани астойдил ва ўсмоқчилаб сўрашга тушарди (рўмолча ўрнида замонавий ҳамма нарса бўлиши мумкин). Энг қизиғи, шўрлик эр сўраши билан Дездемона ҳеч ўйланмасдан, изтироб ва ғамга чўкмасдан ўша рўмолчани чўнтагидан чиқариб, стол устига шартта қўярди. Буни кўриб Отеллонинг юзига бир пасда  қон югурар, виждони қийналганча пихини ёрган Дездемонасини бағрига босиб, жамиийки ширин сўзлар билан уни вафодорликда мақтар, буни четдан кузатиб турган замонавий Яго эсдан оғганча лолу ҳайрон бўлиб, асаблари қақшаб, кафтларига яширган  шойи рўмолчанинг аслига талмовсираб-талмовсираб тикиларди.

Йигирма биринчи аср “Отелло”сининг кульминацияси биттагина рўмолча эмас, балки ўзбек алифбосида нечта ҳарф бўлса шунча нусхада бир хил қилиб тикилган рўмолчалар. Шуларнинг эвазига замонавий Отеллолар бора-бора рашк нималигини билмайдиган, тўнғиздан ибрат оладиган бўлиб кетаётгани, Дездемоналар эса  йиғлаганча тунги ибодатини қилиб, осонгина ўлимни сираям бўйнига олмаслиги, айби бўлса ҳам нусхаси кўп рўмолча эвазига сувдан доим қуруқ чиқиши  кўзга ташланади. Энди айтингчи, буни ростдан ҳам  комедиядан нима фарқи бор?

2020 йил, июль. Фарғона

Шерзод Ортиқов  

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting