Зуҳра Бегим. Шеърлар

0
359
ko'rishlar soni

ОЙНИНГ ЁНИДА…

Бизни учраштирди адашиб тақдир,

Сиз ғариб севгимдан топган озорим.

Малаклар жисмимни кўмишди саҳар,

Ойнинг ёнидадир менинг мозорим.

Самога бир боқинг, ишонмасангиз,

Маъюсгина, унсиз суради хаёл.

Ой гувоҳ, тонг чоғи қабридан чиқиб,

Кўз ёшин тўкади Сиз севган аёл.

Заминда кезади беҳаловат руҳ

Ғамдан чўкиб қолган кўзлари қаро.

Ҳатто борлиғидан устун қўярди

Жондан ортиқ кўрган ёрини Зуҳро.

Қанчалар севишин билсангиз эди

Юлдузга айланиб танҳо ўтмасди.

Хаёл соғинчларни келтириб мудом

Муҳаббат ҳақида шеърлар битмасди.

Фалакнинг ҳукмига маҳкумман энди

Соядек эргашиб сира толмайсиз.

Умидни сўндирар кўнгил синиғи…

Барибир дардимни ҳис этолмайсиз.

Ҳаётда топганим, йўқотганимсиз,

Юракка тилайман сабр ва тўзим.

Сўзсиз шоирликка даъвогар этган

Ўзингиз эмасми, айтинг, азизим.

Бизни учраштирди адашиб тақдир

Сиз ғариб севгимдан топган озорим.

Малаклар жисмимни кўмишди саҳар,

Ойнинг ёнидадир менинг мозорим.

***

      ЭСИНГДАМИ

  Ана, кўкни қучиб учмоқда қушлар,

  Боғни безаётир биз кутган баҳор.

  Бир қучоқ қип-қизил тоғ лоласидан

  Ҳадя этган эдинг, эсингдами, ёр?

  Эсингдами, илк бор учрашганимиз,

  Майдалаб оҳиста ёғарди ёмғир?

  Соябон остида ҳаяжон босиб,

  Уялиб турардик, бой бермасдан сир.

  Эсингдами, ўша орзули онлар,

  Дилни аллалаган  ишқ, висол куйи?

  Оғушига олиб эркалаган тун,

  Тонгда қаршилаган райҳонлар бўйи.

   Эсингдами, ёшлик шўхликларимиз,

  Муҳаббат қасрига етаклаган йўл?

  У кунлар ёдимдан чиқмайди зинҳор,

  Ҳали ҳам ҳаётдан умидларим мўл.

  Менга ҳадя этган лолаларингни

  Юрагимдан сира ўчмайди ранги.

  Севгига йўғрилган дил сўзларингни

  Қулоғим остидан кетмас жаранги.

Эсингдами, жоним, бахтиёр дамлар?..

***

Мен ишқнинг қулиман, юраги олов,

Титроғи танига сиғмаган исён.

Ичимда нимадир ёнади лов-лов,

Руҳимда учқуни уради туғён.

Оҳ десам ёмғирдай тўкилади дард

Юракка айланиб депсинади шер.

Шамол тўзон қилса, қўндирмоқ чун гард

Қаърига тортгайдир қасоскорим–Ер.

Мен ишқнинг парчаси, вужудим олов,

Томримда жўш урган қоним тўла ишқ.

Бу ўтни ҳеч қачон сўндиролмас ёв,

Сўзим ишқ, умрим ишқ, жоним тўла ишқ.

***

      ҚАЛБДАГИ СОҒИНЧ

Маъюс термуламан дераза томон,

Ёмғир томчисидек тўкилар умрим.

Ўткир нигоҳингиз жонланар ҳар он

Наздимда дош бермас тоғдайин сабрим.

Бормоқчи бўламан, лекин бормайман,

Бу мавҳум ҳолатни тушуниб бўлмас.

Сиздан бошқасига дилим ёрмайман,

Ғамгин ўйга толиб, кўзларим кулмас.

Ишқ туғён уради жисму жонимда,

Ҳеч нарса дилимга бўлолмас овунч.

Азизим, сиз бугун йўқсиз ёнимда,

Билдимки, бу қийноқ қалбдаги соғинч.

Охир суратингиз олиб хаёлан

Чорасиз кўксимга босиб тиз чўкдим.

Дардимни тун бедор юрагим билан

Ойга тўзим тилаб, суратга тўкдим…

***

Кўзим қароғига сингиб кетган тун…

Саноқсиз киприклар –  ғамнинг лашкари.

Кекса куз пинжида термулиб маҳзун,

Жон берди сарғайган япроқнинг бари.

Шу кеча тушимда онамни кўрдим,

Топганин қисмлаб менга тутармиш.

Йиғлаб ўзни зўрға, тик ушлаб турдим,

Деразам олдидан ҳар кун ўтармиш…

Эрта-кеч қўл очиб қиларкан дуо,

Серташвиш умримга сабр тилади.

Шоирлик бурчингни қилгин, деб адо,

Юзларимдан ўпиб, бошим силади.

Эркалаб бағрига босаркан маҳкам,

Негадир, ёнимда қолгин, демади.

Ёлғиз уйғонаман, кўзларимда нам,

Соғиниб кетганим наҳот билмади?

Тиниб-тинчимайди тушларимда ҳам,

Ўзидан кўпроқ у мени ўйлайди.

Боласидан роҳат кўрмаган онам,

Ул зотнинг қиёсин топиб бўлмайди.

Мангуликда қолиб ҳар тирик жонни,

Энг сўнгги манзилга кузатар олам.

Бир куни тарк этсам фоний дунёни,

Қарши олармикан соғиниб онам?

***

             АЁЛ

Тошлар қарсиллайди, тоғлар қулайди,

Озор чексанг агар ҳаётдан хиёл.

Чидам, бардошингдан дунё титрайди,

Бир этак болага жон бўлган аёл.

Маъюс кўзларингда порлайди қуёш,

Андуҳга чўмса ҳам бегуноҳ юрак.

Меҳрибон ёрингга суюкли йўлдош,

Куч қўшиб тутасан фарзандга кўкрак.

Йиллар оғушида юрасан сузиб,

Минг битта ташвишлар одатий маром.

Меҳнатдан тонмайсан озиб ҳам тўзиб,

Ороминг  тушингда айлайди хиром.

Аёл, ташвишларни унутгил бирпас,

Изсиз қошларингга ўсмалар сургин.

Майдалаб ўр сочинг, баҳордан бир сас,

Атлас кийиб, ҳуснинг кўзгуда кўргин.

Заъфарон юзингга лола ранг энсин,

Ажинлар пардаси кетсин узилиб.

Ғунча лабларингга табассум қўнсин,

Бўйнингда маржонлар қолсин тизилиб.

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting