Ташхис: Алцгеймер

0
952

Икки минг ўн тўққизинчи йил мен учун том маънода замонавий ўзбек адабиётининг ёш қатлами ва ундаги хилма хил ижодкорлар билан танишиш ичида ўтди, умримнинг бир йили онгли тарзда шу ишга бағишланди десам, муболаға бўлмайди. Ростдан шундай бўлди. Уларнинг ижоди билан баҳоли қудрат танишдим. Назмни унча суймаганим учун асосан насрда ижод қилувчи ёш носирларнинг ижодини ўрганиш учун бўш вақтимни ажратдим. Улар билан танишиш жараёнида бирин-кетин турли номларга дуч келдим: Жавлон Жовлиев, Жасур Кенгбоев, Байрам Айтмурод, Санжар Турсунов, Шербек Бобонор ва Нодира Иброҳимова…

Аёл кишини носирлик йўлини танлаганини азалдан катта жасорат деб ҳисоблаб келганман. Жаҳон адабиётида опа-сингил Бронтелар, Элиза Ожешко ва Виржиния Вульфга доим хурматим баланд бўлган. Уларнинг асарларини нафақат севиб, балки ўзгача ардоқ ва чуқур хурмат билан мутолаа қилганман. Негалигини айтайми? Сабаби оддий: аёл киши дейилганда биринчи навбатда калламизга келадиган атама бўлган — рўзғор ташвишидан, ошхона деган мангу, панжара ва деворлари қалин “турма”дан ва болаларнинг тарбиясидан ортиб адабиёт учун хизмат қилишнинг ўзи бўлмайди. Бу ҳолатда кимдир ўша аёлни тушунади, кимдир тушунмайди, кимдир уни ўлгунича ошхонага қамаб эшигини михлаб қўяди, кимдир иш жойида иш дейилганда тушиниладиган қоғозларга кўмиб ташлайди. Оқибатда, унда адабиёт учун на вақт қолади, на ҳоҳиш.

Шундай зиддиятлар силсиласида фурсат топиб нимадир ёзяптими, демак ўша аёл чин дилдан хурматга лойиқ. Қолаверса, асримиз адабиётининг касаллигига айланган “назмга оммавий сафарбарлик” пайтида аёл зотини носирлик йўлини танлаши менга доим ўзгача таъсир қилган. Нодиранинг номини носирлар рўйхатида учратганимда ҳам шу таъсир кучи ўзини намоён қилди, руҳимга қандайдир энтикиш бағишлади. Бошқа томондан Нодира нега носирлик йўлини танлади экан деб, ўйланиб қолдим. Нега у атрофдаги юзлаб она сути оғзидан кетмаган қизлар ёки турмушга чиқмай, ит ётиш мирза туриш қилиб юрган, мункиллаган устозларини кетидан қолмайдиган, адабий муҳитга қарам, давлат мукофотини олиш учун қайтиб-қайтиб бемаза ва пафосли шеърлар ёзадиган, шон-шуҳрат ва машҳурликка ўч бўлган “шоираи замон”ларга ўхшаб назмни танламади? Нега у жудаям машаққатли йўл бўлган, инсон асаб ҳужайраларини ярим фалаж қилиб, юрагини ишдан чиқарадиган наср йўлини танлади? Очиғи, унинг ҳикояларини ҳали ўқимай туриб, дастлаб шу саволлар кетма-кетлиги хаёлимдан ўтди. Аммо унинг ижоди билан бирма-бир танишиб чиқарканман, у фақат ва фақат наср учун яралганини тушундим. У на назм учун, на драматургия учун яралганди. Қон-қонигача наср вакили эканини англаб етиш учун унинг битта ҳикоясини ўқишим кифоя қилди. Ўша ҳикоя — “Мен, дадам ва Алцгеймер” ҳикояси эди. 

Ҳикояни ўқиганимда юқоридаги топилмамга нисбатан ишонч яна бир бор мустаҳкамланди. Бу ҳеч шубҳасиз, адиба томонидан яратилган насрий асар эди, буни фақат ёзувчи табиатига эга бўлган инсонгина ёза оларди, шоир эмас… Ҳикояни баҳор оқшомларидан бирида ўқидим. Ташқарида майнинг майин шабадаси эсар, ҳаводаги мўътадиллик кайфиятни кўтарарди.

Орада шу нарса маълум бўлдики, бу ҳикоя ўз вақтида тилларда достон бўлган “Шарқ юлдузи” журналида чиққан экан. Уни ўқиш давомида бу хабарга кўзим тушиб ич-ичимдан қотиб-қотиб кулдим. Ичаётган олма шарбатимнинг стакани кулгум оқибатида қўлимдан тушиб кетай деди. Негаки, улуғ журналимизда фақат замонамиз қаҳрамонлари бўлган, сочлари оқариб кетган, Дўрмонда ўз хонасига эга бўлган, уюшма томонидан имтиёзли уйлар ва сиҳатгоҳларга бепул йўлланмалар билан таъминланадиган, “Адиб ва жамият” рукнида биров ўқимайдиган хотира китоблари ёзадиган катта ёшли ижодкорларнинг роман, қисса, ҳикоялари танаффуссиз чиқар, тасодифан бирорта бадбахт ёш ижодкор адашиб журнал ичига кириб қолмаса, унинг саҳифаларида ёш ижодкорларнинг ижод намуналарини учратиш камёб ҳодиса эди-да. 

Ўқиш жараёни ибтидосида бошланган юморга бой кайфиятим ҳикоянинг ўртасига келиб жиддийлик билан алмашди. Ҳатто “Шарқ юлдузи”ни ҳам, унинг сиёсатини ҳам эсдан чиқардим. Фикру-зикримни ҳикоя тўлалигича эгаллаб олди. Унинг номланиши бежиз эътиборимни тортмаган экан. Номи унинг ғоя-мазмунини тўлиқ очиб берар, оригиналлик номидан ҳам, ўзидан ҳам уфуриб турар, унда бошидан охиригача мен кўнгил қўйган жаҳон адабиётининг нафаси сезилиб турарди.

Алцгеймер… Мен ҳеч қачон тиббиётга қизиқмаганман. Бунга сабаб шуки, менда биринчидан ўша соҳага муҳаббат бўлмаган, иккинчидан шифокорларга нисбатан салбий туйғулар бу соҳага ҳатто юзаки қизиқишимга тўсқинлик қилган. Шунгами, тиббий атамалар билан ишим бўлмас, уларнинг қандай маъно англатишини ҳам билмасдим. Алцгеймер атамасига айнан Нодиранинг мазкур ҳикоясида дуч келдим ва англадимки, у инсоннинг хотираси сусайиши билан боғлик ҳасталикни ифодалар, унга чалинган одам бора-бора ўз яқинларини таниш, англаш, билиш хусусиятидан маҳрум бўлар, унинг хотира салоҳияти бу ҳасталик кулминациясида ўта аянчли ҳолатга тушар, кўп ҳолларда ҳасталик ўлим билан якунланиши ҳам мумкин экан. 

Ҳикоянинг мазмунига тўхталадиган бўлсам, унда ёш қизнинг Алцгеймер касаллигига чалинган отаси боис чеккан изтироблари қаламга олинганди. Қиз отасига қараркан, унинг аҳволи кундан кунга ёмонлашиб бораётганини тушунади, қўлидан ҳеч нима келмаётганини ҳис қилса-да, номаълум томонлардан умид кутиб, ўз ўзини умидлантиради ва бу мавҳумликка қоришган умидини отасига сингдиришга ҳаракат қилади… Ҳикоянинг ютуғи сюжетдан кўра руҳият деб ўйлайман. Бундай ҳикоялар руҳий чизгиларсиз, руҳиятга урғу берилмасдан ёзилмайди. Ҳикоя жанрида жараён-ҳикоялар бўлгани каби руҳият-ҳикоялар ҳам бўлади ва Нодира ушбу ҳикоясида руҳият-ҳикоянинг ажойиб намунасини яратганини таъкидлашим лозим. 

Алцгеймерни ўқигач, Нодира ҳақида суриштирдим, уни бошқа ҳикояларини топиб ўқидим, шахсан ўзи билан танишдим. Уни ўзимдан катта деб ўйлагандим. Кейин маълум бўлдики, уни мендан ёши кичик, кўринишидан у адибалардан кўра ўқитувчиларга ўхшаб кетадиган, сочларини пешонасига устига тушириб, одмигина кийиниб юрадиган,  самимий бир инсон эди. У билан Интернетда боғланганимда очиғини айтиб қўя қолдим: 

— Ҳикояларингизни ўқидим. Яхши. Лекин, бошқа ҳеч бир ҳикоянгиз Алцгеймер даражасида мени таъсирлантирмади. 

Ўшанда у гапимдан ранжиганмиди йўқми, билмадим. Менимча, ранжимаган. Хулосам шунчаки ўткир адабий таҳлилим натижаси эди ва шу ўзимга хос бўлган нуқтаи назаримга кўра “Алцгеймер”нинг даражаси унинг бошқа ҳикояларига қараганда юқорироқ, руҳиятга бой, композицияси ва структураси ҳам пишиқ-пухта чиққанди. Бундан ташқари, бу ҳикоя шуниси билан мен учун аҳамиятли эдики, бошқа ёш ижодкорларни ўқиш асносида сал кўнглим чўккан, улардаги қуруқ сюжет ва жўн тасвир жараёнлари, сийқаси чиққан мавзуларда тебратилган бечора қаламнинг шум тақдири асаб тизимимни издан чиқариб, кунпаякун қилиб, атрофга майда-майда қилиб сочиб ташлаганди. Ахир Гулсевар исмли севган қизи ташлаб кетган йигитни онасига дод солгандан ва хўнграб йиғлагандан бери бўлиб куйиниши, ойлигига йўқсил болакайга велосипед олиб берган қаҳрамон сотувчи ёки тушига саман от кирган фермерни ўлими яқинлашганда бирдан яхши томонга ўзгариши каби мавзулардаги ҳикоялар тезда меъдамга теккан, уларни ўқиш давомида издан чиққан асабим бу ҳикояни ўқиганида сал бўлса-да ўзига келган, у бошқа бемаза ҳикоялар орасида ярқ этиб кўзимга ташланган ва якунда уни ўқиганимга ачинмагандим. Ўша пайтдаги аҳволимни таъбир жоиз бўлса, ташналикдан азият чекиб кутилмаганда чўлнинг ўртасида муздек булоққа дуч келган йўловчининг ҳолатига менгзаш мумкин эди.

Кейинчалик Нодира билан шахсан танишдим. Адабий танловларда ва ижодий сафарларда учрашиш насиб этди. Унга ўшанда биринчи айтган гапим “Алцгеймер” борасидаги илиқ фикрларим жамланмаси бўлди. Аммо назмни эмас, носирлик йўлини танлагани ўзига хос жасорат бўлганини, айни кунда адабиётимизда саналса ўнта ҳам чиқмайдиган (пичоққа илинадигани) аёл носирлар билан биргаликда ўзбек адабиётининг янги қатлами ривожи учун муносиб ҳисса қўшаётганини ўшанда айтгим келмаганди. Балки, истиҳола қилгандирман… Буни энди айтяпман. Ҳеч айтилмаганидан кўра кеч айтилгани яхши. Шундай эмасми? 

2020, январь, Марғилон.

Шерзод Ортиқов

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting