Нодира Назар. Шеърлар.

0
207
кўришлар сони

ДУНЁ

Нафслар илдиз отиб кетган маконда,

Хиёнат тунидай зир титраса ер.

Қарсакбоз кулгулар отганда ҳанда,

Етим йиғламаса, уст-бошлари кир.

Чекка-чеккаларга қочиб орзулар,

Тилини тишлайди андиша, қўрқув.

Баҳорга бегона бўлиб туйғулар,

Ёмғирлар остида йиғлайди кулгуввв…

Таржима қилолмай қалбини ҳаёт,

Қўл силтаб қўяди нотавон дўстга.

О, гулгун ҳаёти хаёл бўлган

Ёт, Енгилиииб яшайди йиғлоқи кузга.

Ўзин оқлай олмай қолган хатодек,

Шундай маҳзууун боқар дунё ўзига.

Шундай маҳзууун боқар Одам Атодек,

Қаролмай Худонинг кўзига…

***

Фурсат сиртмоғида чайқалар умрим,

Тўхтамай чопади соат миллари.

Шаффоф кўзгуларга юзимни бурдим,

Кўзга яқинларим – кўнгилдан нари.

Гоҳ атаб чорласам исмин тун ора,

Тонглар бош кўтаргай оғир уйқудан.

Юксаклик юксалиб борар тобора,

Тубанликлар яна кўринар тубан.

Вақт ўтса кўнгилни синдириб чил-чил,

Эзилган лошимни кўтаргум қандай?..

Лаҳзада ўтади кечаги минг йил,

Гўё жон юртидан тан қувилгандай.

Сокин сабрим билан машварат қурдим,

Қаноат тийғидан ҳалок бўлди нафс.

Оҳ, наҳот, мен қаттиқ ишонган қурбим

Хатога етади, жазога етмас!..

ҚУЁШ

Ерга ботсам — уфқ дея аташарлар,

Кўкка чиқсам, қочар ҳамма соясига.

Менга фақат кўзойнакда қарашарлар,

Айлантириб гуноҳларин доясига…

Мен кўр эмас, кўзи очиқ забонсиз бир,

Улар ожиз — бир-бирларин танимас ҳеч.

Мени қаттиқ қийнар фақат бир ҳавотир-

Тонггача, о, қандай чидар бечора Кеч…

ХУДБИН

У мени севмасди
Шоир бўлмасам,
Девона бўлмасам
севмасди.

ОРЗУ

Оламга ўхшайди
Унинг кўзлари
Кўзларни олади
Қуёшдек аммо.

СУКУТ

Маъно излаяпман
яшашдан ортиқ,
Ортиқ яшамакка
етмаса ҳам куч.

СОЯ

Китоб варақлайман —
излайман ҳамроҳ,
Бу тунга ўзимнинг
етмайди ақлим.

БАРГ

Изҳори дил қилаётган
олтин кузакнинг
қўлларида қавжирарди вақт.

МУСОФИР

Ҳар нени уйига таширди тинмай
Беллари сингудек
Қора чумоли.

ТАВБА

Кексайган инсоннинг
кўзларига разм солганда
Этларим жимирлар вазнсизликдан.

ЭҲСОН

Туйнукдан тушаётган бу
нурнинг акси бор.
Kечаги китобларимда.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг