Анна Ахматова. Шеърлар.

1
468
ko'rishlar soni

Диллар дилга занжирланмаган,

Гар истасанг, кетақол хушвақт.

Сайёҳ йўлда эркин бўлса гар,

Билки, унга қучоқ очар бахт.

Йиғламайман, куйинмайман, йўқ,

Энди бахтли бўлолмайман ҳам.

Ўпма, вужудимда сўнган чўғ,

Ўлим бўса олади мендан.

Қаҳратон қиш бағрида оғир

Хорғинликда яшалди ҳар кун.

Айтгин, менинг танлаганимдан

Ниманг билан устунсан, устун?!

***

Сенли кунлар битмоқда охир,

йўқ, йўқ, ҳижрон тилмас қалбимни.

Қандай, қандай унутай ахир

о, эшитдим юрак зарбингни!

Биламанки, бунда бир сир бор -

сўнмас олов, аланга гўё…

Висол бизни сийлар эҳтимол

ва сен менга боқмассан қиё.

***

Царское Село*

1.

Отлар ўтар–титрар хиёбон,

Силлиқ ёллар тебранар сим-сим.

Сирли шаҳар–мафтункор макон,

Сени севиб,  қайғуга ботдим.

Эслаш оғир. Ўртанарди дил –

Ўлим олди олгандек нафас.

Энди эса бир қуш мисоли

Ўйинчоқман,  ошёним – қафас.

Сиқилмаган кўксим оғриқдан,

Истасанг,  кел – кўзларимга боқ.

Фақат ёқмас денгиз шамоли,

Шом вақти ва »кетақол» демоқ.

2.

У ёқда-чи, мармар шеригим,

Қари чинор остида айни,

Кўл томонга юз бурганча жим

Яшил шивирларни тинглайди

Ва ёмғирлар ёғади шаввос

Унинг битган яраларига.

Оқ, совуқ кун,  шошма, илтимос,

Айланаман мен ҳам мармарга.

3.

Бу кўлнинг кар соҳилларида

Санғир эди бир ёш ўспирин.

О, қадамин шитирларини

Ардоқлаймиз юз йилдан бери.

Тўнкаларда арча барглари…

Гўё  бирдан жонланар ёдим:

Бунда унинг шляпаси ва

Майдаланган Парни китоби.

*шеър Пушкин ҳақида ва Пушкин туғилган  қишлоқ — Царское Селода ёзилган. Эваруст Парни Пушкиннинг севимли шоирларидан бири бўлган

***

Сурнай чалар болакай шўхчан,

Гулчамбарин тўқир қизалоқ.

Ҳуув олисда пирпирар гулхан,

Кесишади иккита сўқмоқ –

Муҳрлайман ёдимга абад,

Барчасига қоламан содиқ.

Бир нарсани англолмам фақат

Ва эслашни истамам ортиқ.

Сиздан сабот сўрмам, тўкилмам,

О, исиниб олсам бўлгани!

Қанотли ё қанотсиз – билмам…

Худо йўқлаб келмагай мани.

***

Муҳаббат — бу буюк фирибгар,

Нўноқ куй-ла эгаллар тайин.

Шу чоғгача сени бунчалар

Кўрмагандим вазмин ва ғамгин.

Боғ ё уйда, қайда бўлмасин,

Ёринг сенга кулиб боққан он,

Эркинликда юрардинг эркин,

Ҳар томонга боқардинг шодон.

Кўксингда бой берилган юрак,

Маст эдинг у тутган оғудан,

Юлдузлар ҳам эди яқинроқ,

Ёқтирардинг майсалар ҳидин,

Кузги,

Қовжираган майсалар ҳидин…

***

Чорасизман. Музладим бирдан,

Енгил одим ташладим аммо.

Ўнг қўлимга кийиб олибман

Қўлқопнинг чап пойин,  ажабо!

Зинали йўл кўринди узун,

Уч қадамда тугади бироқ.

Шивирлади хазонлар маҳзун:

«Бирга ўлим топайлик, ўртоқ!

Маъюсгинам, алдандим мен ҳам

Бу беқарор, маккор тақдирга…»

Жавоб бердим: «Майли, жонгинам,

Мен ўларман сен билан бирга…»

Бу айрилиқ, видо куйидир,

Ортимда уй. Бағримда титроқ –

Ётоғингдан тараларди нур,

Лоқайдларча ёнарди чироқ…

Шоҳинур Усмонова таржимаси

1 ta izoh

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting