CЕҲРЛИ ДИЁРДАГИ ОДАМОВИ

0
481
ko'rishlar soni

эссе

Томдан тўрт оёқда эмас, икки оёқда тушган мушукни ким кўрган? Менимча, ҳеч ким. Боз устига ерга тушгач, у сен томонга қараб бамайлихотир жилмайиб турса — ғайритабиий туюларкан. Кўпчилик шу ерда туш кўрмаяпманмикин деб оғзи ланг очилиб, ўзини чимчилаб кўради. Мен ҳам бошида шундай қилдим. Жағим осилиб, ўзимни қаттиқ чимчиладим.

-Биродар, оғзингни ёп!- деди мушук тарновдан осилиб ерга тушгач жилмайиб.- Акс ҳолда, пашша кириб кетади.

У икки оёқда мувозанатини сақлаб турарди. Бошига теннисчиларнинг тўрли кепкасини қўндирган, эгнидаги кулранг костьюм-шим, оёғидаги жигарранг спорт пойабзали ўзига ярашган, оқарган бароқ қошларини чимириб, ортида қимирлаб турган думини гоҳ таранглаштириб, хунук тарзда сақич чайнарди.

-Уфф, дарров мазаси тугади,- деди бир пайт сақични ерга туфлаб ташлаб.

Оғзини ипак дастрўмоли билан артиб олгач, секин юриб олдимга келди.

-Салом,-деди сўнг қўлини узатиб.- Мен этик кийган мушукман.

Саломлашишимни кутиб ўтирмай, у шу ерда ўзига тезгина разм солиб олди.

-Тўғри, ҳозир мода ўзгарган. Ахир, йигирма биринчи аср-да! Шунга этик, шляпа ва мушкетёрлар кийимидан, яна қадрдоним қилич жонивордан ҳам воз кечганман. Уларнинг ўрнига мана бу ялтироқ нарсаларни ўзимга эп кўрдим.

Шундай деб у бошдан оёқ усти-бошини пайпаслаб чиқди. Чўнтагидан эски револьверни чиқариб, пақиллатиб ҳавога бир-икки ўқ узди.

-Бундай юриш бир оз ноқулай бўляпти. Ёшим ўтиб қолганига бўлса керак.

-Мушуклар бунчалик узоқ яшашмасди-ку!- дедим ниҳоят мен ҳам тилга кириб.

-Этик кийган мушук ҳеч қачон ўлмайди, биродар,- деди у қошларини тағин чимириб.- Қиёматгача тирикман, қиёматгача. Эртак эшитадиган болакайлар бор экан, мен барҳаётман.

-Танишганимдан хурсандман,- дедим унга анграйиб қараб.- Болалигимда ўзи сен ҳақингдаги эртакдан бошқасини эшитмаганман.

У мамнун ҳолда, лекин бир оз жиғибийрон бўлиб, аскарларга ўхшаб шахдам қадам ташлаганча ортимдан хонамга кирди. У ерда тартибсиз ёзув столим устидаги китобга бир сидра назар ташлади.

-Америка шоирлари антологияси,- деди бармоғи билан ҳуштак чалгандек бўлиб.- Уитмен, Лонгфелло, Дикинсон… Ажойиб шоирлар!

-Дикинсоннинг шеърларини ўқиётгандим,- дедим китобни ёпиб, стол устини тартибга келтирарканман.- Бир финжон қаҳвага нима дейсан?

-Сутли бўлса икки финжонга ҳам йўқ демасдим.

Қаҳва дамлаб келганимда мушук стол қаршисида ўша антологияни варақлаб ўтирарди. Бир оз ўтиб, китобдаги Эмили Дикинсоннинг шеърларидан бирини оҳанг билан ўқий бошлади:

Тангрим! Сендан ўзга ҳеч яқиним йўқ,

Бир Сенга очарман дилим-ишқимни!

Кечир, мен ўшаман-Сени унутган,

Лек Сен унутмассан ахир ҳеч кимни?

Йўқ, мен ўзим учун қилмам муножот-

Вужуди қуш каби енгил бир касман,

Худойим, таним деб ташвиш қилмасман,

Бу жуда енгил юк сен учун, ҳайҳот…

-Нега Эмилининг шеърларини ўқиб ўтирганингни сабабини билдим,- деди у менга ўгирилиб, қўлимдан финжонни оларкан.- Сен унинг шеърларига мафтунсан, уни ёқтириб қолгансан (албатта, шоир сифатида).

-Буни қаердан биласан?- дедим қаҳвамдан хўплаган кўйи.

Мушук шунда ўпкаланиб ўрнидан турди.

-Балки мени сизласанг бўларди. Ҳар ҳолда сендан анча каттаман. Дикинсонга келсак, сен билан у худди эгизаклар кабисиз. Сизларда нима дейиларди буни. Ҳа, топдим: Фотима ва Хусан.

Мен унинг гапига хохолаб кулиб юбордим.

-Иситманг борми? Назаримда қирқ даражали иситмадасан.

-Сенлаганинг етмагандек устимдан  ҳам куляпсанми?!- деди у менга қовоғини уйиб қараркан.- Эсингдан чиқмасин. Чўнтагимда револьвер бор-а. Ўқланган.

Мен бояги ҳавога узилган ўқларни эслаб, бирдан жиддий тортдим. Хона четидаги креслога бориб ўтирдим. Мушук бўлса думини ликиллатиб хонада у ёқдан бу ёққа юра бошлади.

-Бу ерда анчадан бери карантин экан. Ўлатдан қўрқиб кетишганидан одамлар роса художўй бўлиб кетишибди. Тинмай худога ёлворишяпти энди. Эҳ, худо бехабарлар. Ўзлари барча ишларини йиғиштириб қўйиб, ибодатга эгилишган. Болаларига эса мен ҳақимдаги эртакни айтишяпти. Одамзодга ҳеч тушунмадим тушунмадим-да. Азалдан шундай… Риёкор, мунофиқ… Хуллас, қўшнингни томида бир ҳафта яшаб сени кўп кузатдим. Бугундан сени томингдаман. Бу хулосам шу кузатишларим натижаси. Яъни, Эмили билан эгизак эканинг. Баайни у каби одамовисан. Дарвоқеъ, яна борми сутли қаҳвангдан?

У бошимни қимирлатишга улгурмасимдан ошхонага отилиб чиқиб кетди. Кўп ўтмай, у ердан роҳатланиб, лабларини дастрўмолига артган ҳолда қийшаниб қайтиб келди. Шошилиб ичганидан қаҳва косьтюмини у ер бу ерига томиб тушганди. Унинг юқи томчи шаклида яққол кўзга ташланиб турарди.

— Эмили ҳақида гаплашайлик,- деди креслодан мени турғазиб, ўзи унга ялпайиб чўккач, лаблари атрофини силаб-сийпалаб.- Унинг шеърлари сенга ёқадими ростан ё бояги тахминим нотўғримиди?

-Ёқади,- дедим ёзув столи қаршисига бориб, Америка шоирлари антологияси томон тикиларканман.-Шеърлари анча яхши ёзилган. 

-Мен у билан шахсан кўришганман.

Шу ерда мушук аниқ қирқ даражали иситмада эканлигига яна бир бор ўзимни ишонтирдим. У ҳам чамаси буни сезди шекилли, лабларини асабий буриштирди.

-Яна мени ўзида эмас деяпсан, сезяпман. Аммо бу рост. Мен Эмили Дикинсон билан Америкадаги фуқаролар уруши даврида бир том остида анча  яшаганман. Аниқроғи, тўрт йил. 1861 йилдан 1865 йилгача.

Агарда револьвери бўлмаганида унинг бу гаплари учун қулоғи остига шапалоқ тортиб юборган бўлардим. Аксига олиб револьвер қўндоғи унинг костюми чўнтагидан чиқиб, одамни хавотирга солиб турарди. Хавотир аралаш бўшашиб стулга ўтирдим.

-У пайтлар мен анчагина ёш эдим,- давом этди мушук худди ёшлигини эслаганда энтикадиган мўйсафидга ўхшаб хомуза тортиб.- Қаддим дол эмас, алиф юрар, белимдан қувват кетмаган, бароқ қошимга ҳали оқ ораламаганди. Шарль Перро эндигина мени катта ҳаётга қўйиб юборган пайтлар эди. Болалар мен ҳақимдаги эртакни ёдларидан қўймай, ҳар оқшом эшитиб уйқуга кетадиган дориломон замонлар бўлиб, мен эмин-эркинликда давру даврон сурар, эртанги кун ҳақида ўйламас, қайси болакай шарафли исмимни зикр қилса ёки камина ҳақидаги эртак бирор бир хонадонда айтилса, Яратган изни билан мен ўша ерга йўл олар ва ризқ-у насибам тугагунча у ердаги ўзим танлаган хонадон томида умргузаронлик қилардим.

Кўпинча ота-оналар инсоният бошига кулфат тушганида болаларига мен ҳақимдаги Шарлнинг эртагини айтиб беришарди (ҳозир ҳам шундай экан). Умуман олганда, исталган эртакни улар тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сурган пайтлари айтишмасди. Ибодат ҳам қилишмасди кўп қисми. Иттифоқо яшаётган заминларида зилзила рўй берса ёки сел келса, вабо тарқалса ёки уруш бошланса улар ўз жигарбандларини бу балолардан чалғитиш мақсадида  уларнинг қошида эртак айтиб ўтиришар, ўзлари эса тонггача тинчлик пайтлари эсларидан чиқарган кўкдаги Зотга илтижо қилиб, бу балони аритишини сўраб дув-дув йиғлаб чиқишарди.

1861 йилда АҚШда фуқаролар уруши бошланди. Ўша йили бу сеҳрли диёрда шунчалик кўп болага мен ҳақимда эртак айтилдики, у ерга уммон орқали қайиқда сузиб боришга мажбур бўлдим. Бу уч ҳафталик сафар мени ҳолдан тойдирди. Йўл бўйи мижжа қоқмадим. Манзилга етиб боргач, ростакамига лол қолдим. Деярли барча  шаҳарлардаги болалар тинмай мени ўзларига чорлашар, айримлари менга ҳавас билан яшашар, айримлари  тақлид қилиб ёғочдан ясалган қилични ёнларига тақишиб, бошларига эски шляпани қўндириб юришарди.

Мамлакатда вазият ўта қалтис бўлиб, тили ва дини бир бўлган, бир заминда киндик қони тўкилган одамлар бир-бирини ўлдириш, сўйиш, чавақлаш билан овора эдилар. Жануб билан Шимол ўзаро урушар, бири қулдорлик тизимини бекор қилишни истаса, иккинчиси буни истамас, уруш бунинг оқибатида кундан кунга чуқурлашиб, бутун мамлакат бўйлаб кенг томир ёйиб борарди. Президент Линкольн боши қотар, сарсон-саргардон бўлиб, юраги сиқилганча урушга барҳам бериш мақсадида штатларни кезиб юрарди.

Мен лаш-лушларимни ортмоқлаб, Массачусетс штатига бордим. У ерда кичкинагина Амхерст деб номланган шаҳар бор эди. Ўша ердаги битта оиланинг  хонадони томидаги чердакка жойлашдим. Бу ерда учта опа-сингилга ҳар куни мен ҳақимдаги Шарлнинг эртаги айтиларди. Дастлабки кунлари бундан роса роҳатландим. Очиғи, ўзинг ҳақингда кунда эшитаверсанг, қаҳрамонликларингни гапираверишса мойдек ёқиб, семириб кетаркансан. Менда ҳам шундай бўлди. Семириб, шишиб кетдим. Шу сабабли чердакда зерикиб, секин-аста ерга тушдим. Албатта, икки оёқлаб эмас. Оддий мушук каби тўрт оёқлаб, бунинг устига кийимларим, шляпам, этигим ва қиличимсиз (мени икки оёқда ва пўрим ҳолда кўрганларнинг юраги тарс ёрилиб кетмасин дедим-да). Хонадон яқинидаги ўтлоқда болалар билан мунтазам ўйнай бошладим.

Улар ширин болалар эди. Мен билан ҳар куни  кўм-кўк майсазорда ўйнашарди. Бизни негадир қўшни уйнинг иккинчи қаватидаги деразасидан бир қиз кузатиб турарди. У кўп кузатарди. Гоҳида ўйчан, гоҳида жилмайиб. Унинг ташқи кўриниши бинойидек, чиройликкина, соч турмаги ўзига ярашганди. Лекин негадир у доим оқ қўйлакда бўларди. Унинг кимлигини тасодифан чердакдан ошхонага сичқон овлагани тушганимда хонадон соҳибларининг ўзаро гурунгидан билиб олдим.

-Эмили сал ғалатироқ,- деди хонадон соҳиби (қирқ ёшлардаги, семиз ва жаҳлдор эркак).

-Сал эмас, анча,- эътироз билдирди соҳиба (ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги, тўлачароқ, сергап аёл).- Доим оқ кўйлакда юради, бировга қўшилмайди, якшанба кунлари бошқалар билан черковга бориб ибодат қилмайди. Ҳатто, кўнгилочар тадбирларга бормайди. Одамовилиги ҳайрон қоларли даражада.

-Яқинда доктор билан эшик ортидан гаплашганини эшитиб ақлдан озай дедим. Докторнинг ўзи ҳам анграйиб қолди. Биринчи марта беморимни эшик олдида туриб, даволашга уриниб кўрдим, деб киноя қилди.

-У доктор экан,- деди соҳиба хохолаб кулиб.- Бошқа штатдан йўл юриб, ҳориб-чарчаб келган қариндошини олдига кўришгани хонасидан чиқмаган-ку, бу қариқиз.

Бир куни болалар билан ҳовлидаги майсазорда ўйнаётганимда, ногаҳон Эмили олдимизга келди. У бу сафар ҳам оқ кўйлакда бўлиб, яқиндан эътибор берилганда ўттиз ёшлар атрофидаги паришонхотир ва ғамгин бир қиз эди.

-Бунча ширин мушук,- деди энтикканча қаршимга тиз чўкиб.- Кела қол ўзимга.

У шундай деб мени бағрига олди. Кейин болаларга қўшилиб ўйнади. Хонадон эгалари ва бир тўда бегоналар кўчада кўрингач, “эшаклар” деб бақирганича тўсатдан ўз уйи томон югуриб кетди. Кечқурун томдан тушиб, унинг чироғи ёниқ турган хонаси томон бордим. Иккинчи қаватга тарнов орқали кўтарилдим. Дераза олдида мени пайқагач, у ёш боладек қувониб кетди ва кўтариб хона ичкарисига олди. Оқшомни шу тарзда унинг хонасида ўтказдим.

Шу-шу буёғига ҳар оқшом унинг хонасига кирардим. У хонасида эркалаш ниятида доимгидек менга бағрини очар, тукларимни силаб-сийпалар, қимирлаётган думимга кафтини тутиб, қиқир-қиқир куларди. Шундан сўнг, каравотига мени чалқанчасига ётқизиб қўйиб, ўзи ёзув столига ўтирганча шеър ёзарди. Шеърни ёзиб бўлгач, сиёҳи тўлалигича қуримаган қоғозни токчада турган темир сандиқча ичига яширар, уни қулфлагач, дераза ромларини катта очиб атрофни кўздан кечирарди.

-Мени одамови дейишади,- дерди шундай лаҳзаларда менга ўгирилмай (менга гапиряптими ё ўзигами — буни ажратолмасдим).- Тўғри, одамовиман. Бу ҳар бир туғма ижодкорга хос хислат. Ижодкорнинг бошқа одамлардан фарқли равишда ўз бадиий олами бўлади. У кўпинча мана бу моддий оламни ўша бадиий оламига қориштириб юбора олмайди. Шунгадир балки уни ўз  оламидан айро ҳолда тасаввур қила бошлагач, ундан зерикади, яшаш давомида унда нафас олишдан юраги безиллайди, ўз оламига кучли интилишни бошлайди, одамовилиги ортади. Бошқаларни билмадим-у, лекин менда шундай. Мен бу оламга бегонаман. Фақат ўз оламимдагина бахтни ҳис қиламан.  

Аслида бу моддий оламнинг нимаси қизиқ? Бу ерда кўпчилик риёкор ва мунофиқ. Мана масалан, қўшниларим ҳар якшанба куни черковга бориб ибодат қилишади. У ерда берилиб, кўзларини юмиб, ридо кийган руҳонийнинг эзма ваъз-насиҳатларини тинглаб ўтиришади. Уйларига Худога тавба қилган, гуноҳларидан фориғ бўлган чинакам насроний бўлиб қайтиб келишади. Аммо ўз фарзандларини киприк қоқмай урушга юборишади. Уларни юрт ҳимоячилари ҳисоблаб, қаҳрамондек кўриб Жанубдаги янкиларни ер билан яксон қилишлари учун қўлларига қурол бериб, эгниларига ҳарбий форма кийдиришади. Ваҳоланки, ўша янкилар ҳам уларнинг ўзлари каби бир осмон остидаги инсонлар. Қолаверса, насроний динида “бир-бирингни қонингни тўкма”, дейилмаганми? Менимча, дейилган. Унда нега улар ўз фарзандларини урушга юборишади? Ахир улар душман санаётган тарафдагилар ҳам шу юрт фуқаролари-ку! Черковдаги руҳоний нега уларга қон тўкишлари учун фатво беради? Инжилда бундай ёзилмаган-ку! Унинг шу фатвоси сабаб  кун ора бу ердан қуролланган  ва тўп етаклаган, отларга минган зобитлар, оқ кийинган ҳамширалар кўтаринки кайфиятда ва қўшиқ куйлаб Бостон томон йўл олишади. У ерда улар ўзлари каби руҳоний фатвосини олган генераллар томонидан урушнинг қоқ марказига сафарбар қилинишади ва жанубликлар билан шимолнинг қонли урушини давом эттириб ё ҳалок бўлишади, ё ногирон бўлиб уйларига қайтиб келишади. Мен шуни тушунмайман. Бу ношудларнинг черковда биргаликда Худога ибодат қилишлари нимаси-ю, унинг ташқарисида қон тўкишлари нимаси? Черковдаги уларнинг ибодати ҳам риё, руҳонийлари эса манфаат йўлидаги мунофиқ. Мен шунинг учун черковга бормайман. Шунинг учун ибодатни ўз хонамда бажараман. Ҳатто, шу мазмунда шеър ҳам ёзганман:

Ибодатга кетар бу халқ кеч чоғи,

Тоат учун черков керакмас ҳечам.

Бош устимда гумбаз-ям-яшил боғим,

Қироат қилади менга-мусича.

Кимхоб кияр тоат онида кимдир-

Мен сўздан қанотим боғласам-етар…

Хаёлим фалакда сайр этиб кетар.

Митти бир қўнғиз ҳам-биродаримдир.

Тоатга чақирар мени-чигиртка.

Насиҳат қилади Тангрим ушбу он-

Ёлғиз у менга энг Олий руҳоний-

Унинг муждаларин англамоқ осон.

Мени бу ердагилар одамови дейишади. Қўшниларникида маданий тадбирлар бўлса чиқмаслигимни гапиришади. Чиқиб нима қиламан? Ўша тадбирларнинг нимаси қизиқ? Тадбир давомида бу каслар ўйнаб-кулишади, итдек яйрашади, ичиб хумордан чиқишади,  губернаторга тонналаб пахта қўйишади, эрлик аёллар билан аёлманд эркаклар вальсга тушиб, сирли ишшайиб, ҳиринг-ҳиринг қилишади. Эртасига эса бирининг кучуги иккинчисининг боғидаги майса устига ҳожатини чиқарган бўлса, жабрдийдаси дунёни бошига кўтариб, айбдорини судга бераман деб дағдаға қилишгача боради.

Мени одамови дейишади. Улар тамомила ҳақ. Нимаям дердим? Узоқ ердан қариндошларимдан бири келса олдига тушмаслигимни ғийбат қилиб, соатлаб гапиришади. Қандай оқибатсизлик бу, шундай эмасми? Бироқ беш-олти йилдан бери мактуб ҳам йўлламаган, онам ва менинг бу дунёда борлигимизни буткул унутган ўша қариндошимни ёдига қўққис тушганимиз менга бир оз ғалати туюлади-да. У ё қарз сўраб келган бўлади, ё қарздорлардан қочиб, оёққа туриб олгунча уйимизда сиғиндига ўхшаб яшаш учун. Ташрифидан бошқа мақсадни кўрмайман.

Уларнинг фикрида жон бор. Мен одамовиман. Олдимга онам чақиртирган доктор келса, у билан эшик ортидан туриб гаплашаман. Унга пешвоз чиқмайман, кутиб олмайман. Пешвоз чиққаним билан нима ўзгаради? Гиппократ қасамхўрини ичкарига киритсам, у томиримни ушлаб кўриб таниш ташхисни қўйгач, бир варақ қоғозга бир дунё дори-дармон ёзиб беради. Хизмат ҳаққи кўрсатилган чекни қўлимга тутқазгач, тиббий жомадонини кўтариб жуфтакни ростлайди. Мен эса уни ва дорихоначини бойитганим қолади, холос. Ваҳоланки, касалимни ўзим ундан яхши биламан. Қандай унга даво топишни ҳам.

Бутун шаҳар одамовилигим учун яхши ёзилган шеърларимни нашр қилдирмаслигимни таъкидлайди. Нашр қилдирмайман, бундай ниятим йўқ. Шоирнинг шеър ёзиши эмас, ўша ёзган шеърларини эълон қилмаслиги аслида катта жасорат ҳисобланади, чунки ҳамма ҳам бунга журъат этолмайди. Кўпчиликни машҳур бўлгиси, шон-шуҳратга бурканиб, авомнинг ҳавойи муҳаббатига кўмилгиси келади. Шу боис сиёҳи куримаган шеърларини қўлтиғига қистириб, газета ёки журнал редакциясига қараб югуради. Мен бундай қилмайман. Шеърларим — қалбим кундалиги. Уларда кундалик ҳаётимни, кечинмаларимни рўй-рост ифодалаганман, уларни дунёни англашимнинг қомуси десам ҳам бўлади. Бу шахсий кечинмаларим фақат ўзимга тегишли. Уларни то абад шу сандиқда сақлайман. Ўлимимдан сўнг ёқиб юборишларини васият қиламан. Бу ҳақида эшитган ва билганлар ортимдан “одамовилиги шеърларига қадар  кўчган, шеърлари ҳам ўзига ўхшаб остона ҳатлаб кўчага чиқмайди, шу хонадонда йўқ бўлиб кетади” дейишади.

Бундан ташқари шундай истеъдодим бўла туриб, жамият ҳаётига аралашмаслигимдан нолишади. Уларга қолса мен жамият ҳаётида фаол бўлсам, ижтимоий мавзуларда пафосли шеълар ёзиб, уларни кетма-кет штат журналларида эълон қилсам. Анчадан бери уруш кетяпти бу заминда. Шу уруш ҳақида ёзмаётганимни кўпчилик гапиради. Мен нима қилай? Бу қўлимдан келмайди. Уруш мавзусини қаламга олиб, бир томонни олқишлаб, иккинчи томонни қоралаб шеър ёзолмайман. Шеъриятнинг ижтимоий майдалашувига юрагим дош бермайди. Бу асло одамовилигимдан эмас. Шунчаки шеъриятни мен сўзни исроф қиладиган ўртамиёналардан кўра бошқача тушунаман, уни ич-ичимдан қизғонаман, уни худди ўз боламдек бирор бир гард юқишидан асраб-авайлайман. Ахир, у инсон қалбида йиллаб униб-ўсади, вояга етади, шаклланади. Жамият ижтимоий ҳаётидаги исталган навбатдаги ўткинчи нарса учун вақтинча ташвиқот бўлиб хизмат қилишга ҳам, номусини йўқотган қиздек унинг манфаатлари йўлида шарманда бўлишга ҳам у қимматлик қилади. Арзон публицистикани бемалол бу мақсадда ишлатаверишсин.

Унинг хонасида ҳар оқшом шундай гаплар тинмасди. Ёзда ҳам, қишда ҳам. Кузнинг хазонрезгисида ҳам, баҳорнинг серёмғир кунларида ҳам. У куйиниб ва ёниб гапирар, одамовилигидан сира уялмас, аксинча теграсидаги моддий олам тарбиялаган риёкор ва мунофиқлардан бири эмаслигидан қониқиш ҳосил қиларди. Кундуз кунлари у доимгидек ўзидаги бу оғир дардни авомга сира билинтирмас, оқ кийинганча дераза олдидан атрофга ғамгин ва паришон назар солиб туришда давом этарди. Одатдагидек кўчага чиқмасди. Шеърларини сандиқча ичига яширарди. Бошқаларга қўшилиб ибодат қилгани черковга бормасди.

 Кейинчалик АҚШ сарҳадларида фуқаролар уруши ўз ниҳоясига етди. Бир юрт фарзандлари бир-бирининг қонини тўкишни йиғиштиришди. Линкольн ўз жони эвазига тантана қилди. 1865 йилда уруш якунига етгач, мен Американи тарк этдим, чунки ота-оналар ортиқ черковларда Худога илтижо қилмай қўйишди, болаларига мен ҳақимдаги шонли эртакни айтишдан тўхташди. Эмили ҳақида орадан ўттиз йилдан кўпроқ муддат ўтгачгина  эшитдим. Ўшанда мен ўз юртим Франциянинг овлоқ ерларидаги деҳқонларнинг хонадонлари томларида кун кечириб юрардим. 1890 йилда шу ердаги бир адабиёт муаллими орқали  Эмилининг ўша сандиққа беркитиб юрадиган шеърлари АҚШда китоб ҳолда нашр қилинганидан бохабар бўлдим. Қўшимчасига бу вақтга келиб унинг ўзи оламдан ўтганини ҳам дарагини эшитдим. Шунда негадир бўғзимга қаттиқ нарса тиқилгандек бўлди. Томдан пастга тушдим-да, маъюслашиб йигирма тўрт соат атрофни яёв кездим. Йўл бўйи қулоғим остидан ўша Амхерст шаҳридаги икки қаватли хонадонда ҳар оқшом Эмилининг куйиниб айтадиган гаплари кетмади…

…Мушукнинг томоғи қақраб яна қаҳва ичгиси келиб қолди. Аксига олиб, сут аллақачон тугаганди. Бу ҳақида эшитиб, у қаттиқ афсусланди. Бошини бир томонга эгиб, зорланиб узоқ миёвлади. Хонада ортиқ ўтиргиси келмай қолди.  

-Эртага ҳам пастга тушаман,- деди томга қайтиб кўтарилаётиб.- Келаси гал кўпроқ сутли қаҳва дамларсан?

-Омон бўлсак кўрамиз,-дедим юқорида унга ишонмаганим учун ўзимни койирканман.- Сутли қаҳвани бунча яхши кўрмасанг.

Эртасига ундан негадир дарак бўлмади. Индинига ҳам. Карантин билан боғлиқ янгилик сабаб мен ҳам уни бир озга эсимдан чиқардим.  Фарғонанинг “яшил ҳудуд”га айлантирилгани ҳақидаги хабар кўчамизда байрамдек кутиб олиниб, қўшнилар томонидан тантана билан илиқ қарши олинди. Хурсандчилик тарқагач, бир неча кун ўтиб мушук ёдимга тушди ва нарвон орқали бир амаллаб томга чиқдим. Афсуски, чердакда уни кўрмадим. Хафсалам пир бўлиб пастга тушгач, қай ҳолда пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақидаги унинг гапи хаёлимдан ўтиб, зора унинг дараги чиқар деб, бир ҳафта давомида  Шарль  Перро қаламига мансуб ўша “Этик кийган мушук” ҳақидаги машҳур эртакни тинмай ўқидим. Бундан ташқари сутли иссиқ қаҳва дамлаб,  ҳидига маст бўлиб йўқ жойдан пайдо бўлар деб финжонни ошхонанинг очиқ деразалари ёнидаги токчага қўйдим. У қаршимда ногоҳ кўриниб яна Эмили ҳақидаги хотираларини гапириб берар деб Америка шоирлари ҳақидаги антологияни қайтиб-қайтиб варақладим. Аммо ҳеч бирининг фойдаси бўлмади. У бошқа қорасини кўрсатмади.

Шеърлар Қандилат Юсупова таржимасида берилди.

2020 йил, май.  Фарғона

Шерзод Ортиқов

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting