ТУТАНТИРИҚ

0
402
ko'rishlar soni

миттимулоҳаза

Мен Зулфия Исроиловадан олдин адабиёт бўйича “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти соҳибаларини таниганман.

Сабаби Зулфияхоним ҳар йили 1 мартда эсланса, унинг номидаги мукофот соҳибалари ўн икки ой эътибор марказида туради. Айниқса, сўнги 5 йилликда мукофотга интилиш ёш қизлар орасида авж олди. Ресторан таомномасини очсанг ҳам “Зулфия”га номзодларни шеъри чиқиб келяпти…

1965 йилнинг июнида жазирамадан­да ҳароратли шеър туғилади. Сўлим Водил бағрида Зулфияхоним “Ўйлар”ини қоғозга туширади. Мана бу сатрларга қаранг­а:

…Игна билан мен қазиб қудуқ,

Ўша чашма кўзин очаман.

Кор қилмаса қалбимдаги ўт,

Сочим ёқиб учқун сочаман…

Сочнинг ёниши нима деган гап? Учқун сочишга улгурмай кулга айланади. Лекин шоира аёллик кўрки бўлган ана шу сочни­да ёқмоққа тайёр. Бу шунчаки йўлига ёзилган сатр эмас. Йўқса, “Ўғирламанг қаламим бир кун” дея илтижо қилаётиб ,

Гар пахтадан тўлмаса режа

Сочларимни берайин қўшиб… – демасди.

Эътибор Охунова. Аслида бу ном айтилганда қаламкаш қизларнинг кўзида шиддат учқуни сачраши керак эди. Лекин ишонаманки, бугунги  кунда бундай учқунларни йиғсангиз шамни ёндиролмайди. Агар вақт топиб Эътибор Охунова ижодига қизиқса, қуйидаги сатрдан кейин халқнинг янги шеър кутаётганлигини, ижодкор елкасида улуғ масъулият турганини англарди:

Ҳаёт ширин, ҳаёт гўзал,

Умр мангу бўлса қани?

Ҳатто киприк қоқмай тунлар

Ёзсанг, кутар юрт чамани.

Икки шоиранинг ижодидан парчалар ўқидик. Иккаласида ҳам Ватан ёки Ўзбекистон сўзи йўқ. Ўқиш давомида қалбингизга беихтиёр сингиб боради ватанпарварлик.

Тарихдан келишимнинг сабаби шуки, бугунги Ватан ҳақидаги айрим шеърлар энсамни қотиради. Айниқса, айрим давлат мукофоти соҳибаларининг баландпарвоз сатрлари. Тўғри, халқ қалбида юртга садоқат, ислоҳотларга хайриҳохлик кайфиятини шакллантиришда ёшлар ҳам хизмат қилиши керак. Қаловини топсанг қор ёнар. Аммо бундай шеърларни ҳавойилик ва таъмагирлик билан заҳарламаслик лозим.

Саида Зуннунова 1953 йили “Коммунистлар партияси” деган шеър ёзади. Якуни қуйидагича:

Оддий қалб ташаккури қанча оддий бўлса ҳам,

Самимияти билан шунча қадри баланддир.

Эй менинг жоним, шоним, саодатим партиям,

Бутун бахту шодлигим ёлғиз сенинг биланддир.

Зулфияхоним ҳам “Мен коммунистман” дея бонг урар экан, шунинг баробарида масъулият ҳиссини ҳам елкасига олади:

Партия!

Бахтиёр бир кунда сафингга кириб,

Ватанга меҳр тўла юрагим билан

Номинг пок тутишга сўз бердим мен ҳам.

Ўзимнинг шу кичик меҳнат постимда ,

Ижод, яратишнинг шавқига тўлиб,

Бахтлиман, ишончинг мен оқлай олсам!

Бу шеърлар пешонасига қурол тиралиб ёзилганми ё қалб амри билан қоғозга тушганми, буни билмайман. Фақат билганим шуки, сатрларда ҳаёт бор. Ҳаётнинг  содда аммо, жонли тасвири келтирилган. Қани, ҳозир мана шундай ишонч барқ уриб турган сатрлар. Ҳалигача биронта шеърни ўқиб, Ватанни қаттиқроқ севиб қолганим йўқ. Бирон шеърдан кейин Ёшлар иттифоқига аъзо бўлгим келмаяпти. Ваҳолангки, бугун имкон кенг, яратиш авжида… Биз эса ҳали ҳам ўрта аср сарой шоирларидай раҳбарларга қуллуқ қилиб, инъом кутяпмиз. Мукофотга соҳиблик, бу ҳали лойиқлик дегани эмас. Одамлар мукофот соҳибларини ижоди билан эмас, кўкрак­нишони билан таниб оляпти. Ёзганлари тандирга тутантириқ бўлмай ўтиб кетаётган шоираларимиз бор. Сўзимни Кумуш Абдусаломова шеъри билан якунласам:

Қайлардасиз?

Бўлди етар мақтовлар,

Олқишла, деб олаверманг қистовга.

Шунча кўз­кўз қилганимиз етади,

Кўз­қулоқ бўлайлик Ўзбекистонга!

Отабек Бакиров

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting