Шоҳинур Усмонова. Шеърлар.

0
137
кўришлар сони

Зимдан кузатсанг

ва кузга йиқилсанг.

Муқовасиз барглар китобин ўқиб,

лабларингга соҳир сукутни илсанг…

ҳамда жииим йиғласанг

бағрингни тўкиб.

Жисмингга туташса боғлар гулхани,

ёнсанг,

ёнаверсанг,

кул бўлгунча то.

Фақат сен қийналсанг севгингни кўмиб,

кузчалик шафқатсиз,

мард бўлолсанг, о…

***

Кетсаммикин ортга қарамай,

шовқинларга қоқмайин киприк,

юрагимдан изн сўрамай,

туйғуларга қасдма қасд ва тик.

Кетсаммикин… ўсиб ҳар онда

журъатимни елкамга ортиб

соғинчларни оқ қилиб тонгда,

дарднинг кўзларига мил тортиб.

Ҳаввомасман, эмассан Ато,

лек мерос ишқ бўйнимга дордай,

ўйлаб кўрсам, севгимда ҳатто

таъқиқ мева тақдири бордай.

Қалтис ўйин бошлаган қисмат,

аямайди озорларини.

Тушларимда қилгум зиёрат

Лайлиларининг мозорларини…

Қайтмайман, деб ичсамми қасам,

бахтли бўлгин, десам, илойим,

кўзларингни дунёга берсам,

кечирагайми мени Худойим?

***

Энг сўнгги чақамни йўкотдим,

йилларга бой бердим тилакни.

Пичирлаб қайғуни уйғотдим,

сиқдим, қийнадим бу юракни.

О, исминг чанг солди ёдимга,

сўнг бўғзим ачишди, қолдим жим.

Ахир сен юракда эдинг-ку,

оғриб қолмадингми, азизим?

***

Яшайсан

ёмғирнинг

шитирларида…

Сен кузни севасан унутиб ўзни,

бари осон кечар кузнинг бағрида:

бўғзингга тикондай қадалган сўзни

бир қултум сувдайин юбординг ютиб!

Томчилар… бунчалар гўзал, серфусун!

Ёмғирпўшинг атай унутиб,

нақадар, нақадар бахтлисан бугун!..

…Кун келиб,

куз сени гулханда ёндирар балки,

оловранг гулларсан унда эҳтимол

ва хандон отарсан сохта, қалбаки…

сен томон боқишлар йиғлар телбаҳол…

Кун келиб,

кўзойнак ортидан боқади фурсат,

ёнасан.

Кул каби сапчир сўзларинг.

Кўзларинг аланга олмайди фақат,

сенинг ҳўл, жиққа ҳўл кўзларинг…

Сен

кузни

севасан.

***

Хотиралар томчилар ғамгин,

ўшанда ҳам бор эди армон.

Юрагимга берарди таскин

аччиқ қаҳва,

севимли инсон.

Ойна орти – сарғиш бир тилсим,

ойна орти – муаллифсиз куй.

Ҳазрати Ишқ, кезмоқдасиз жим,

оғриққа бой берганим – сизку!

Қўлларимда Бобур девони,

мен сиғинган      

ҳамда у суйган,

қат-қатлари кўнглим мисоли

бармоқларин лабидан куйган…

Кузда йўқдир заррача фириб –

хазонларда томчилар изи.

Кипригимдан туради анқиб

рутубатли кунларнинг иси.

Аччиқ тонглар ураверар бонг,

севимлилар бамисли сароб.

Менга таскин беролмай ҳайрон

аччиқ қаҳва,

севимли китоб…

***

Биламан, сенинг ҳам азобларинг бор,

гоҳо оғриқларга беролмайсан чап.

Сен ҳам сирларингни қилмайсан ошкор,

хўрсиниб қўясан кўзгуга қараб.

Биламан, сенинг ҳам хаёлларинг бор,

ёмғирда ивиган қанотдай оғир.

Сен ҳам битта тушни кўрасан такрор,

ҳаёт ҳам рўёга айланар охир…

Биласан, менинг ҳам ҳисларим сарсон,

мен ҳам яшолмайман кўксимни кериб.

Биласан, менинг ҳам юрак-бағрим қон

сенинг кулгуларинг синиғин териб.

Дунёга ялиниб чўкмаймиз ҳам тиз,

муҳаббатимиздан таралар виқор

ва бахтга интилиб яшайверамиз,

ахир бизда яна минг йил умр бор!

***

Атиргулнинг қатларида

шабнам кўрдим бир ёширин.

Ишқдан сархуш дардларидан

таралгувчи ифор ширин.

Алвон гулим, юзларингда

ўша кафтнинг олови бор.

Сабо айтган эртакларнинг

жонингга ўт қалови бор.

Момо десам, Ҳавво десам,

йўл кўрсатар маёқ қани?

Бўғзим куйиб, тамуғ кечсам,

дерлар дардсиз саёқ мани!

Атиргулим, шу эмасми

сирларимнинг фош бўлгани?

Кўнглининг тош бўлганию,

кўзларимга ёш тўлгани?

Шу эмасми кул бўлгани

ёниб турган қарочўғнинг?

Менга айтгин, шундай оғир

дарди борми ҳар ошиқнинг?

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг