эссе

Мабодо ҳозир  Нелли Закс ҳаёт бўлганида ёки мен сал олдинроқ туғилганимда ундан, албатта интервью олган бўлардим. Айтайлик, 1950 йилда туғилганимда  ёки у қазо қилмай ҳеч бўлмаганда йигирма биринчи асрнинг бошига ўтиб қолганида бунга улгурардим (шундай деб ўзимга кўп гапираман. Бунга сабаб фрау[1] Неллининг шеърияти таъбимга мос келиб, жудаям ёққани учун эмас, балки уни ёдимга олганимда юрагимни тинмай қийнайдиган битта саволга ундан жавоб олиш учун).

Шу кунларда бу ҳақида яна кўп ўйладим. Юқоридаги иккита фаразни тасаввур қилиб, улардан бирига, аниқроғи иккинчисига тўхталдим. Яъни, “фрау Нелли омонатини Яратганга топширмай, йигирма биринчи асрнинг бошига ўтганида ундан қандай интервью олардим?” деган хаёл шууримни қамраб олди.

Агар шундай бўлганида, албатта биринчи галда Стокгольмга бориш учун роса бир йил емай-ичмай, янги кийим киймай, дам олиш учун сиҳатгоҳларга бормай, ёқилғига пул кетмасин деб машина ҳайдамай, гонорарларимни иложи борича тежаб, бувимдан қолган эски сопол гулдонда пул жамғарардим. Етарли миқдорда пул жамғарилгач, паспортимнинг ичига виза урдириш учун навбатга қўйдирардим. Унга визанинг чиройли муҳри урилгач, авиакассага бориб чипта олардим (қаранг, бирам осонки бу жараён).

— Кечирасиз, Стокгольмга чипта борми?

— Қаерга?- дерди шунда сотувчи оғзи очилиб.

Мижозларига айланган одам болалари оғзидан Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия, Таиланд, Россия каби давлатлар номларини эшитавериб бу бечоралар шунчалик ўрганиб кетишганки, Стокгольм сўзи қулоқларига бошқача эшитилиб, ҳайрон бўлишлари табиий.

Чиптамни киссамга солгач, унда кўрсатилган кун келишини интиқлик билан кутардим. Ўша кун келгач, иш жойимдан таътил олиб, лаш-лушларимни йиғиштириб, ой бориб омон келишим учун онамга пешонамни тутиб (ёғли патирнинг бир четини тишлаш шу ерда эсимдан чиқади), Стокгольмга учардим. Самолётда кетаётиб, ўзимдаги учишга қарши бўлган нохуш фобияни ё стюардесса қизнинг калта юбкасидан чиқиб турган оёғининг бўлиқ сон қисмига суқланиб қараб, ё  Нелли Закснинг хассос шеърларини пичирлаб ўқиб енгишга уринардим. Назаримда, иккинчиси бўларди. Чунки, чиройли оёқларга  қараганим билан ердан бир неча минг метр баландликда “кўрмоқ бору, емоқ” бўлмайди барибир.  Хуллас, пичирлаб шеър ўқирдим:

Вақт шаффоф шаклга[2]

Кирган маҳали

Ва қуёш уфққа

Ёнбошлаган пайт

Қабрлар устида унган

Гиёҳлар-

Нариги дунёдан келган хабардир.

Шерикларим шунда ердан узилиб, ҳавога кўтарилгани учун Худодан эсон-омон қўнишини сўраб ибодат қиляпти, деб тахмин қилишарди. Тентаклар. Лекин фрау Неллининг шеърларини ибодатдан нима кам жойи бор? У ўз даврида онаси иккисини Гестапо[3] чангалидан асраши учун Худога тинмай нолалар қилиб, шунақа шеърлар ёзган. Демоқчиманки, унинг шеърлари ўзига хос ибодатлар силсиласи.

Палма япроқларин

Товланишида

Кимсасиз биёбон ётар

Ястаниб,

Ва танҳо

Аввалги ҳаётда қилинган

Дуо

Келиб шуълаларга дўнар-у

Қўнар

Мармар булоқ узра ола

Бошлар тин.

Охири шеър ўқишим билан шерикларимнинг жонига тегаман. Самолёт Стокгольмга учиши учун аввал Москвага бориб, одам тўлдириши керак. Шу ўй лоп этиб онг остимда пайдо бўлиб, пешонамни ғингшиб тириштираман ва ўзимни ёлғондакам уйқуга солиб, бўлажак интервьюни хаёлимда пишитиб кетаман. Шубҳасиз, Стокгольмга боришим билан дарров фрау Неллининг ҳузурига бормайман. Аввал худди давлат хавфсизлик хизмати ходими каби уни яхшилаб ўрганаман, феъл-атворини, турмуш тарзини, бегоналарни қабул қилиш-қилмаслигини ва ҳоказоларни сўраб-суриштираман. Балки дастлаб шаҳарни айланарман. Стокгольм оқшомда роса чиройли бўлади дейишади-да. Ҳозир баҳор, кўклам оқшомидаги шаҳар тароватини тасаввур қиляпман…

Аэропортда чўнтагимдаги Бенжамин Франклин[4]нинг суратларидан бирини Гамильтон[5]нинг ўнта суратига алмаштиргач, таксига ўтириб шаҳарнинг Нелли Закс истиқомат қиладиган қисмига бораман. Таржимаи ҳолида бу ерга келганидан бери у бир хонали хонадонда яшаши айтилган. Ҳамон ўша ерда яшашини кварталга келгач, унинг биқинида жойлашган кафе бош ошпазидан билиб оламан. Ошпаз фаст фуд, бифштекс, товуф филеси  каби гўштли таомларни сотавериб, ўзи ҳам бир қоп гўштдан фарқ қилмай қолган бақалоқ бўлади. У Нелли Закс ҳақида мен билмаган кўп нарсаларни гапириб беради. Тўғридан тўғри эмас, албатта. Гапиришдан олдин ўзини тарозига солиб, ҳеч нимани билмаслигини рўкач қилиб, чимилдиққа кирган қиздек роса дийдиё қилиб нозланади. Голливуд киноларида бўлганидек, Гамильтоннинг иккита суратини унга тутқазганимда у бир пасда булбулдек сайраб кетади:

— Сизга айтсам,- дейди у бошидаги оқ қалпоғини тўғрилаб олиб.- Фрау Нелли ҳеч қачон кундуз кунлари кўчага чиқмайди, уйида ҳам бировни қабул қилмайди. Одамовироқ аёл. Асосан оқшом чўка бошлагач, эгнига жигарранг плашчи билан  бошига қора шляпасини кийиб, ҳассасига таяниб кўчага чиқди. Шаҳарни пиёда бир айланиб чиққач, қайтишда шу ерга киради ва помидорли соус аралаштирилган товуқ филеси ёки қўй гўштида тайёрланган бифштекс истеъмол қилади. Кейин хуфтонгача газета ўқиб ўтиради. Кўпинча Симонага (у бизнинг дўндиқча, феномен пианиночимиз) чой-чақа бериб, унга немис бастакорларидан бирортасининг куйини чалишга буюртма беради ва кўзларини юмиб ўша куйни тинглаганича ҳордиқ чиқаради.

Мен бу “қимматли” маълумотларни билиб олгач, омадим келганини тушуниб, ҳеч қаерга чиқмай, шу кафеда оқшом чўкишини кутиб ўтираман. Оқшом чўккач, фрау Неллининг хонадонидаги кўча томонга қараган қия деразалар зичлаб ёпилади ва кўп ўтмай у кўчага чиқади. Йигирма биринчи аср боши бўлгани учун кампир аниқ юз ёшдан ўтган бўлади. Шунгами  ҳассасига таяниб, бир амаллаб ва гўё судралиб юради. Кафе бош ошпази тасвирлаган плашч ва шляпада бўлади. Тротуар бўйлаб шаҳар марказий қисми томон йўл олади. Мен дераза олдида ўтирганча уни кузатиб қоламан. Тахминан ярим соат ўтгач, у ортга қайтади ва ҳамма билан саломлашиб кафенинг эшигидан кириб келади (шу ерда келаси замон феълида гапиришдан ҳозирги замон феълига ўтсам майлими? -Майли, майли.)

У росаям қариб кетганди. Ниҳоясиз ажинлар сабаб юзи бужмайиб, кўзлари ости осилиб-осилиб кетган, қоқсуяк қўллари қалтирар, шляпаси остидан кўриниб турган бир тутам оппоқ сочлари қуруқшаб кетганга ўхшарди.

— Доимгидек товуқ филесими, фрау Нелли?- сўради официант йигит унинг олдига келиб.

— Бу сафар қўй гўштидан тайёрланган бифштекс,- деди кампир стол устидаги сочиқни ҳаворанг ва енги узун кўйлагининг бўйин қисми ичкарисига тиқиб.- Шунингдек, гуручли нон билан содали сув келтиринг.

Официант буюртмаларни келтиргач, фрау Нелли стол устида ялтираб турган санчқи ва пичоқни қўлига олиб, таомни иштаҳа билан тановул қила бошлади. Мен бу вақтга келиб кафенинг дўндиқ ва феномен чолғучиси бўлган- жингалаксоч Симонанинг ёнида турардим. Унга Гамильтоннинг суратидан бирини тутқазиб, немис бастакорлари бисотидан нимадир чалиб беришини илтимос қилдим. У Брамснинг[6] “венгер оҳанглари” туркумидан соната чалсам майлими, деб қолди.

— Брамснинг ўша туркуми зўр-да, — дедим унга очиғи мумтоз мусиқани у каби тушунмаслигимни билдиришни истамай.- Майли, ундан чала қол.

Симона Брамснинг куйини чала бошлагач, фрау Нелли шошилганча овқатдан бошини кўтариб, лол қолиб пианино томонга қаради. Симонани олдида турганимни кўриб, буюртмачи мен эканимни тушунди-да, бошини тавозе билан менга ирғаб қўйди. Қайтиб жойимга келаётганимда бир муддат менга аланглаб кўзлари порлади. Нуроний чеҳраси ёришди, иштаҳаси янада очилиб, таомни қувноқ ҳолда истеъмол қилишга ўтди. Тамаддини якунлагач, лабларини сочиққа артди. Стакандаги содали сувдан бир-икки хўплаб, ўрнидан турди-да,  тўғри мен томонга келди.

— Vielen Dank![7]— деди рўпарамда туриб, пианино томонга ишора қиларкан.

Унга инглизча жавоб қайтарганимни кўриб, жилмайганча ўша тилда миннатдорчилик билдирди. Расмиятчилик ишлари якунлангач, столимга ўтириш учун изн сўради. Худо одамнинг мушкулини осон қилса, шундай бўларкан-да. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай машҳур немис шоираси рўпарамда ўтирарди.

— Фрау Нелли,- дедим у қаршимга жойлашиб олгач, енгил томоқ қириб йўталиб оларканман.- Мен олис Ўзбекистондан келдим. Сиздан интервью олгани.

У интервью сўзини эшитиб, бирдан қаҳ-қаҳ уриб кула бошлади. Умри давомида шунчалик кўп интервью берганидан бу жонига текканини юз-кўзидан тахмин қилса бўларди.

— Қари кампирдан интервью олиб нима қиласиз?- деди у кулавериб ёшланиб кетган кўзларини шойи дастрўмолига артиб олиб.- Фикрим энди кимни ҳам қизиқтирарди? Шартим кетиб партим қолган бўлса.

— Шоир сифатида жаҳон адабиётида ўз ўрнингиз ва овозингизга эгасиз,- унга эътироз билдирдим.

— Қайси журналнинг мухбирисиз?- у бехос сўз қотди.

Мен калламга биринчи келган журнал номини айтдим.

— “Жаҳон адабиёти” журналининг.

— У ерда шеърларим кўп маротаба чиққанми?

Шу ерда бошим қотди. Қари кампирни “Жаҳон адабиёти” журнали мухбириман деб алдаганим етмагандек, энди у ерда бир мартагина чиққан шеърларини кўп мартага чиққанга ўзгартириб алдашда давом этайми ё ростини айтайми?

— Бир неча маротаба чиққан,- дедим барибир ёлғон гапиришда давом этиб (Худо ўзи кечирсин, журнал бош муҳаррири ҳам).

У Брамс қурғурнинг мусиқасини Симона томонга бошини бурган кўйи кўзларини юмиб бир неча дақиқа тинглагач, менга мамнун ҳолда ўгирилди.

— Саволларингизни бераверинг, мен тайёрман.

— Ўзи биттагина саволим бор холос,- дедим унга елкамни қисиб.

— Битта холосми?- деди у ишониб-ишонқирамай.   

— Худди шундай. Элликта беъмани саволдан битта маънили савол берилгани яхши эмасми ижодкор учун.

У оҳиста қарсак чалиб, дангал фикримни олқишлаб қўйди. Мен давом этдим.

— Очиғи, менга соат неччида уйғониб, ёзув столига қачон ўтиришингиз, қайси пайтлари ижод қилишингиз, уйда мушук ёки кучук боқишингиз, қаҳванинг сутлисини ё аччиғини ёқтиришингиз, шахсий кутубхонангизда кимларнинг китобларини сақлашингиз, ҳуснихатингиз чиройлими ё хунуклиги, биринчи ва охирги муҳаббатингиз ким бўлгани кабиларни қизиғи йўқ. Сизни булар ҳақида гапиришга мажбур қиладиган аҳмоқона саволлар беришдан йироқман.

-Ўша бир донагина саволингизни беринг, болам,- деди у  тушундим дегандек бошини қимирлатиб табассум қиларкан.

-Нега шеъриятингиз бир хилликдан иборат?- дедим унга шу пайт ўзим бермоқчи бўлган саволимни очиқлаб.- Нега ҳамма шеърларингиз фақат битта руҳда — ҳадик ва қўрқув руҳида ёзилган?

У саволимга жавоб беришдан олдин чуқур ўйга толди. Қоқсуяк қўлларини бир-бирига асабий ишқалади. Хира кўзлари янаям хиралашиб кетгандек кўринди. Гапиришдан олдин икки-уч марта хўрсинди. Кўкраги қисгандек қийналиб-қийналиб нафас олди.

 -Мен немис адабиётида жуда кеч — асосан йигирманчи асрнинг 30-йиллари бошланган бир пайтда кўзга кўрина бошландим. Унгача шеър ёзсам-да, бу шеърлар ҳаваскорлик намуналаридан бошқа нарса эмасди. Мен уларга жиддий ёндошмасдим. Ёшим қирқдан ўтган бир пайтда шеърият қисматимга айлана бошланганини сездим. Ўша даврлар — оғир даврлар эди. Германияда ҳокимият тепасига келган Гитлер ва унинг ҳамтовоқлари бўлган нацистлар яҳудийларга кун бермай қўйган замон аллақачон остонада эшик қоқиб турарди. Мен журналлар учун шеър ёзсам-да, фикру хаёлим шу ўзгараётган сиёсат билан банд бўлар, онам иккимизнинг бу заминдаги эртанги кунимиз тобора мавҳумлашиб бораётгани дилимни ўртарди. Шеъриятим шу кайфиятимни ўзида акс эттирар ва ҳадик, қўрқув, ишончсизлик каби инсон юрагини хавф юзага келган пайтда эгаллаб оладиган туйғулар мени  ўз исканжасига олишга улгуриб, унга ҳам батамом кўчганди.

39-йилга келиб Гитлер Германиясида яҳудийлар учун одамга ўхшаб яшашнинг иложиси деярли қолмади. Энди улар бизни истаган кўйларига солишар, кўча-кўйда ҳақорат қилишар, майда-чуйда хатоларимиз учун ҳам панжара ортига тиқиб, ит азобини бошимизга солишарди. Гоҳида онам билан уйда нонушта ёки кечки овқатни тановул қилаётган чоғимизда, кўчадан немис Гестапосининг сигнали йўғон қора машинаси ўтганида юрагимиз бир хавотир билан уриб қўярди. Худди улар бизни уйимиздан судраб олиб чиқиб кетадигандек эшик томонга чўчиб қараганча, овқатни қаеримизга еганимизни ҳам билмай жонсарак ўтирардик.

Кўп ўтмай  Германия яҳудийлардан тозалана бошланди. Гитлер ўз сиёсатини икки йўсинда олиб борарди: дунёни эгаллаб ўз империясини тузиш ва уни яҳудийлар тугул барча олий ирқ бўлмаган миллатлардан тозалаш. Бунинг натижаси ўлароқ, Германия шаҳарлари бўйлаб тарқалган яҳудийлар сиқувга олиниб, бирин-кетин Гестапонинг ўлим ертўлаларига ёки эсэсчилар қўриқлайдиган концлагерларга жўнатила бошланди. Гестапо ертўласида уларнинг тирноғи этидан суғуриб олинар ёки териси шилинар, концлагерларда эса ёшу-қариси крематорийда тириклайин ёқиб юбориларди.

Бундай вазиятда ягона нажот йўли — Германияни иложи борича тезроқ тарк этиш эди. Мен ҳаваскорона шеърлар ёзиб юрган пайтларим швед ёзувчиси Сельма Лагерлёф[8] билан дўстлашган ва у билан доимий мактуб алмашиб турардим. Бир куни охирги юборган мактубимда ундан  Швецияда яҳудийлар учун яшаш имконияти қандайлигини сўрадим. Ижобий жавоб олгач, онам билан тараддуд кўришга тушдим. Швецияга чиқиб кетишнинг ўзи осон бўлмади. Минг бир хаёл билан кўча кезиш, транспортда юрак ҳовучлаб ўтириб кетиш, божхонадаги қоғозбозликлар кабилар мени анча руҳан сиқиб, ҳолдан тойдирди.

Ниҳоят, Швецияга ҳам етиб келдик. Бу давлатда тинчлик ҳукмрон бўлиб, унинг ҳавоси бошқа Европа давлатларидан фарқли равишда Гитлернинг нацистик ғоялари билан заҳарланмаганди. Сельма Лагерлёф билан учрашиш насиб этмади (у келишимдан сал олдин қазо қилди). Стокгольмнинг четидан бир хонали хонадон сотиб олиб, онам билан бирга яшай бошладим.  Битта тор хонада икки киши сиқилишиб, лекин сокинликда ва хотиржам яшардик. Аммо 1939 йилда бошланиб, 40-йилларда авж олган Иккинчи жаҳон уруши барибир ҳаловатимни ўғирлади. Мен ҳатто Германиядан узоқда бўлган Стокгольмда ҳам ўзимни хотиржам сезмасдим, чунки кетма- кет европа мамлакатлари Гитлер томонидан босиб олинаётгани тинч яшашимга имкон бермас ва мен қачонлардир Гестапонинг машинасини тўлдирган малайлари Стокгольмга ҳам етиб келишларини, бир хонали хонадонимдан сочларимдан тутганча судраб олиб чиқиб кетишларини,сўнг дўзахдан фарқи бўлмаган Освенцим ёки Бухенвальд каби концлагерлардан бирига юборишларини ўйлаб даҳшатдан ўзимни қўярга жой топа олмас, юрагим кучли ваҳима натижасида қинидан чиқиб кетишга шай турарди. Бу дардни унутиш ва чалғиш учун эса шеърлар ёзардим. Улар доимгидек ҳадик, қўрқув ва эртанги кунга ишончсизлик каби безовта туйғуларни тараннум этарди. Мен бошқача ёзолмасдим. Бошим устида турган ҳавфни сезиб, очиқ-ойдин кўриб туриб ҳаётдан роҳатланиш ёки оптимистик руҳдаги шеърларни истасам-да, бита олмасдим.

Иккинчи жаҳон уруши тўрт йил давом этди. Мен шу тўрт йилни уйимга қамалиб, доимий равишда Гестапонинг малайларини остонамда кутиб ўтказдим. Уруш тугагач ҳам, ундан қолган жароҳат ҳадеганда битавермади. Шу жароҳат таъсирида 1946 йилда Германияда нашрдан чиққан китобимни “Ўлим маконлари” деб номладим. Кейинги китобларимга ҳам ғалати ва ғайриоддий номлар қўйдим: “Юлдузларнинг сўниши” ва “Кейин қандай бўлишини ҳеч ким билмайди”. Ҳатто, пьесамга ҳам (“Қочиш ва ўзгариш”).

Уруш аллақачон тугаган бўлса-да, мендаги қўрқув ҳисси тугамаганди. Шу сабабдан урушдан кейин ҳам кўча-кўйга фақат оқшом чўкканида чиқар ва кун бўйи уйимда давом этган диққинафасликни Стокгольмнинг илиқ кузги ёки майин баҳорги оқшомлари билан тарқатар, қоронғуликдагина мени Гестапо топа олмаслигига ишониб, хотиржам тарзда тротуар бўйлаб сайр қилар, шаҳар марказидаги истироҳат боғидаги ўриндиқда тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олардим. Шу тарзда ҳаётимда ақалли  кичкина ўзгаришга чора топа олгандим. Стокгольмнинг оқшомлари бунга кўмак берарди. Аммо, шеъриятим ҳеч ўзгармасди. Мен том маънода бир хил руҳдаги шеърлар ёзишда давом этардим. Юрагимдаги битмаган жароҳат, аччиқ ва қонли ўтмиш залвори ҳануз шеъриятни бошқача ҳис қилишимга тўсқинлик қилар ва мен тирноғимдан бошимдаги сўнгги толамгача бирхиллик қобиғидан чиқиш учун уринар, лекин минг афсуски, чиқа олмасдим.

Урушдан ҳориб-чарчаб чиққан Европа аксига олиб мени ўқишда ва мақташда давом этарди. Мен тобора машҳур бўлиб борар, китобларим Германияда ҳам қўлма-қўл бўлиб ўқилар, завол топган авлод шеърларимдан ўзига нажот ёки таскин топишга ҳаракат қиларди. Мен эса шунда ҳам ўзимдан қониқмас, бошқача ёзишга интилаверар, шунга қарамай бу иш яна қўлимдан келмасди. Ҳаётнинг гўзаллигини қанчалик тасвирлашга уринмай, бирор бир шеърни ёзиб тугатгач, унда ҳаётнинг гўзаллиги эмас, унинг қай бир бурчагида яшириниб ётган хавф белгиси кўзга ташланарди. Инсон қалбида ниш урадиган гўзал туйғуларнинг фусункорлигини кечинмаларим ёрдамида қанчалик улуғлашга уринмай, фақат ундаги ҳукм сурадиган қўрқув ҳақида ўқувчига ҳикоя қила бошлардим. 1965 йилда Тинчлик, 1966 йилда Нобель мукофоти билан мени тақдирлашганида ҳам шу боис бу мукофотлар менга татимади.

Мен уни лабларимга қистирилган сигарет билан тинглар, стол устидаги кулдонга уни мунтазам бостириб-бостириб, орада апельсин шарбатидан ичар, оёқларимни чалишитириб ўтирганча, кўзимни ундан узмас, қулоғим остида эса гоҳ унинг ҳикояси, гоҳ Симона ижросидаги Брамснинг куйлари жаранглаб акс садо бериб турарди.

— Мен ҳозир ҳам кундуз кунлари кўчага чиқмайман,- давом этди фрау Нелли.- Ҳануз қўрқаман. Ҳануз кўчада юрганимда Гестапо машинаси рўпарамдан чиқиб, унинг малайлари сочимдан тортиб олиб кетадигандек туюлаверади. Шунинг учун шаҳарни одатимга кўра кун бўйи хонадоним деразасидан кузатиб ўтираман. Шомга яқин қувониб кийинаман ва кўчага отилиб чиқаман. Тротуардан секин юриб, ҳеч ким билан саломлашмай, ўзимни танитмаслик учун шляпамни бурнимга қадар бостириб, истироҳат боғига бораман. У ерда тоза ҳаводан нафас олиб, ўзимнинг таниш ўриндиғимга ўтираман. Ёнимга шунда эски танишларим-уйсиз кучуклар келишади. Плашчим чўнтагидан уларга деб олган колбасаларни, нон бўлакларини ҳар бирига тарқатаман. Сўнг ҳассамга суянганча хаёл суришга ўтаман. Отамни, онамни, туғилган шаҳримни, балет раққосаси бўлишни истаган ёшлик йилларимни, меҳрибон Сельма хонимни хотирлайман. Боғдаги хилват ва сокинлик бу хотираларни жонлантиришимга, улар билан оний фурсат ёлғиз қолишимга кўмак беради. Шу тарзда вақтимни оз-моз мазмунли ўтказаман. Аммо шундай кезларда ҳам шеъриятим ҳақидаги безовта ўйлардан қочиб қутула олмайман. Хўрсинганча мен ҳам бошқача, ранг-баранг ёзишим мумкин эди-ку деб, қассоб қўлида жон бераётган қўйдек ҳар тарафга типирчилашга тушаман. Тўғрисиям шу-да. Бошқача ёзишим мумкин эди. Афсуски, иложиси бўлмади. Бир хиллик қобиғидан чиқиб кета олмадим. Бунга назаримда Иккинчи жаҳон уруши сабаб бўлди. Агар уруш бўлмаганидами…

Фрау Нелли маҳзун кулимсираб қўйди. Унинг ажин тўла заъфарон юзи кафедаги сон-саноқсиз чироқлар ёруғида янаям рангпарлашгандек туюлди.

— Мана битта-ю битта саволингизга жавоб, болам,- деди сўнг кекса ёши сабаб қалтирашни одат тутган қўлларини кўксига босиб ва қон босими ошиб кетган кимсалардек чаккасини уқалай бошлади.- Бундан кўра ўша элликта беъмани саволни берсангиз яхши бўларди. Шундай бўлса-да, хурсандман. Ичимни яна бир бор бўшатиб олдим.

Мен фрау Нелли билан кафеда кўп ўтирмадим. У бир оздан сўнг Симонага ҳаводан бўса юбориб, менга ўзи билан биргаликда Брамсни тинглаб суҳбатдош бўлганим учун ташаккур айтиб, ҳассасига таяниб ўрнидан турди.

— Энди мени маъзур тутасиз. Эрта ётишга одатланганман.

У секин қадам олиб, ҳассасига суяниб-суяниб кафе ташқарисига чиқди. Ортидан қараб қоларканман,  ижодкор инсонга баъзида элликта бемаъни савол бергандан кўра битта  маънили савол берган яхши деган фикримни яна маъқулладим (ўша савол унга оғир ботса-да, аччиқ хотираларини ёдига солса-да). Фақат ўша ягона саволни унга топиб бериш керак. Айримлар буни уддалайди, айримлар эса йўқ…

… Нелли Закс арши аълога шошилмай, йигирма биринчи аср бошигача етганида  у билан уюштирадиган биттагина саволни ўз ичига олган суҳбат-интервьюм тахминан шундай руҳдаги сценарий асосида кечарди. Ҳам қувноқ, ҳам маҳзун. Бироқ у 1970 йилда оламдан ўтган, мен эса ҳеч бўлмаганда 1950 йилда туғилмаганман. Барчаси рисоладагидек бўлганида ҳам бу интервьюнинг амалга ошишига кўзим етмасди. Хўп, амалга ошди ҳам дейлик. Кейин уни қаерда нашр қилдирардим? Тошкентдаги «Жаҳон адабиёти» журналидами? У ерда Панама ёки Сенегал каби гадой топмас давлатларда яшаган ўртамиёна шоирларнинг тақдири шеърлари билан бирга катта қизиқиш уйғотади, холос. Бошқа даврий нашрлардами ё? Уларда ўнта, йигирмата ва ниҳоят элликта беъмани саволга берилган жавобдан иборат бўлган турли-туман ижодкорларнинг интервьюлари тўлиб-тошиб ётибди. Қолаверса, шу ерда энг асосий нарса ёдимдан кўтарилай дебди: Стокгольмга бориш учун пулни қандай жамғарардим? Ахир, гонорарнинг ўзи йўқ-ку!

2020 йил, май. Фарғона.

Шерзод Ортиқов

[1] фрау- немисларда аёлларнинг исми олдига ҳурмат тариқасида қўшиб айтилади.

[2] Шеърлар Нозима Хабибуллаева таржимасида берилди.

[3] Гестапо – Гитлер пайтидаги немис сиёсий полицияси.

[4] Бу ерда 100 АҚШ доллари купюраси назарда тутиляпти.

[5] Бу ерда 10 АҚШ доллари купюраси назарда тутиляпти.

[6] Брамс — буюк немис бастакори.

[7] немис тилида “кўп раҳмат” дегани. 

[8] Сельма Лагерлёф — швед ёзувчиси, Нобель мукофоти лауреати.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting