ГИЛЬДИЯДАГИ МАЖЛИС

1
162
кўришлар сони

Муаллиф: Шерзод ОРТИҚОВ

БИР ПАРДАЛИ ДРАМА

Қатнашувчилар:

Ғани Малик- гильдия раиси ўринбосари

Файзулла Фаррух- гильдия котиби

Умар Қамар- катта шоир, гильдия аъзоси

Эрмат Аҳмад- катта ёзувчи, гильдия аъзоси

Адҳам Олим- шоир, таржимон

Cожида Рахмат- шоира, гильдия аъзоси

Сарвар Турғун- ёзувчи, гильдия аъзоси

Асалой Юсупова- ёш ёзувчи

Бахриддин Абдуносир- ёзувчи

“Кичкина Парфи”- ёш шоир

“Хокку йигит”- ёш шоир

Нафиса Розиқ- ёш шоира-лауреат

Малоҳат Нур- ёш шоира— лауреат

Биринчи кўриниш

Гильдия мажлислар зали. Залнинг ўртасида раис ўринбосари ва котиби алоҳида столларда ўтиришибди. Уларнинг қаршисидаги айлана шаклида жойлаштирилган столларда Умар Қамар ва Эрмат Аҳмаддан ташқари бошқалар. Мажлислар зали деворларига марҳум ёзувчиларнинг портретлари илинган, унинг четидаги жавонда гильдия ҳомийлигида нашрдан чиққан китоблар кўргазмали тарзда териб қўйилган.

Ғани Малик: Мажлисни бошласак ҳам бўлади. Устозлардан бошқа ҳамма шу ерда. (ёнидаги котибга юзланиб) Файзулла, ҳамма гапни протоколга тушириб борасиз, уни кенгашга тақдим этамиз.

Файзулла Фаррух: ( ҳозиржавоблик билан) Албатта, албатта… Кейин гильдиянинг даврий нашрида ҳам буни эълон қиламиз.

Сожида Раҳмат: (қўллари ёрдамида ўзини елпиб) Яхшилар, дераза ойналарини очиб қўйинглар. Ҳаво етмаяпти. Қандай ўтирибсизлар-а бу ерда? Ўзи бу ерга келмасдан Эдернега кетсам бўларкан. Ҳушхаво жойлар эди турк диёри.

Нафиса Розиқ: Опажон, мен очиб қўяман ҳозир. (ўрнидан туриб дераза ойналаридан бирини қия қилиб очиб қўяди.)

Малоҳат Нур: ( куйинчаклик билан) Дафтарим билан елпиб қўяйми, опажон? Диққинафасликдан жуда ҳам зада бўлдингизми?

Асалой Юсупова: (оғир уҳ тортиб) Ахир, қандай зада бўлмаслик мумкин? Ярим соатдан бери бир-биримизга термулиб ўтирган бўлсак. Мен ҳам зада бўлдим.

Файзулла Фаррух: Тўғри айтасиз, Асал.

Асалой Юсупова: (кўзларини катта-катта қилиб очиб) Асал эмас, Асалой! Илтимос, исмимни тўлиқ айтсангиз.

“Кичкина Парфи”: (киноя қилиб) Асалой опа!

Асалой Юсупова: (унга норози қараб) Сиз доим шунақа соқолингизни ўстириб юрасизми? Билиб қўйинг, соқол қўйганингиз билан Рауф Парфи бўлиб қолмайсиз!

“Ҳокку йигит”: (хохолаб кулганча) Мен ҳам хокку ёзганим билан Басё бўлиб қолмайман.

Бахриддин Абдуносир: (кўзойнагини тўғрилаб олиб) Ўртоқлар, сал жиддий бўлайлик!  Ҳар ҳолда, Жалолиддин Мангубердининг авлодларимиз!

“Кичкина Парфи”: (яна киноя қилиб) Буни сиз яхшироқ биласиз, шубҳасиз.

Нафиса Розиқ: (фахр-ифтихор билан) Биз эса Тўмариснинг авлодларимиз. (Малоҳат томонга ўгирилиб) Тўғрими, дугон?

Малоҳат Нур: Фикрингизда жон бор, дугон! Бу серқуёш ва жондан азиз ватанимиздаги ҳар бир қизда Тўмариснинг, ҳар бир йигитда эса Жалолиддиннинг қони оқяпти.

Кичкина Парфи”: Менда Мефистофелнинг қони оқаётган бўлса керак.

“Хокку йигит”: Менда Азазелнинг.

Иккови баравар кулишади.

Бахриддин Абдуносир: (уларга ўгирилиб) Сизлар дарвешмисизлар? Ўзларингизни бир дарвеш каби тутяпсиз худди.

Малоҳат Нур: ( унга эътироз билдириб) Улар ҳассос шоирлар, бири ҳозирги адабий жараёнимизда чинакам ижод қилаётган якка-ю ягона шоир, иккинчиси “Ўзбек Басёси”. Иккови ҳам воҳанинг фарзанди.

Бахриддин Абдуносир: (Малоҳатга ўгирилиб) Мен ҳам ёмон ижод қилмаяпман гарчи водийдан чиққан бўлсам ҳам. Яқинда мана, четда китобим нашрдан чиқди. Қолаверса, насрда ижод килиш сизнинг назмингиздан бир мунча қийинроқ.

Адҳам Олим: Баҳриддин, сиз тарихий романларингиздаги воқеалар кечган ерларни ўз кўзларингиз билан кўриб, сўнг ёздингизми?

Баҳриддин Абдуносир: Йўқ, фантазиям ёрдамида ёздим. Нима эди?

Адҳам Олим: Сизга маслаҳатим: олдин ўша ерларни бориб кўринг, кейин асарлар ёзинг.

“Кичкина Парфи”: (ўзини ўйлангандек кўрсатиб) Қизиқ,  Данте ҳам “Илоҳий комедия”ни ёзишдан олдин нариги дунёга бориб келганмикин?

Адҳам Олим: (елкасини қисиб) Билмадим энди буни.

Кичкина Парфи: Мен Наполеон ҳақида достон ёзмоқчиман. Нариги дунёга чипта йўқмикин?

Адҳам Олим: Бу қандай бачканалик?!

Файзулла Фаррух: Акрам ака, бу ёшлар сизни дунё кезган шоир ва таржимон эканингизни билишмайди. Уларга ҳиндлар ва қора танлилар билан бирга тушган суратларингизни кўрсатсангиз бўларди.

Адҳам Олим: (юзи қизариб-бўзариб) Мен дунёнинг йигирмадан ортиқ давлатида бўлиб, ўзбек адабиётини тарғиб қилганман. Кўплаб ғазалларини инглизчага ўгирганман.

Ғани Малик: (мийиғида кулиб) Сиз фақат Антарктида ва Австралияда бўлмагансиз, холос.

“Кичкина Парфи”: (киноя қилиб) Шунча давлатда бўлибсиз-у, уларга боғлаб бирор нарса ёзмабсиз. Бу қандай исрофгарчилик?!

Сожида Раҳмат: (яна оғир уҳ тортиб) Ростдан Эдернега кетавермабман. Бу ерда ақлдан озиш мумкин.

Нафиса Розиқ: Опажон, сиқилманг. Ахир сиз билан суҳбатлашишни биз қанча кутдик. Қачон қарама Қора денгиз бўйларидасиз.

Сожида Рахмат: (энтикиб) О, Қора денгиз! Турклар уни Карадениз дейишади. Мавжланиши бирам чиройлики…

Ғани Малик: Ўртоқлар! Бўлди, энди тинчланинглар. Мажлисни бошлаймиз. Бугунги кун тартибимиз қуйидагича: Гильдиямизга янги сайланадиган аъзоларни тинглаймиз ва уларни раис бошчилигидаги кенгаш ҳукмига ўтказамиз. Кейин катта шоир Умар Қамар назмдан, катта ёзувчи Эрмат Ахмад насрдан маҳорат дарси ўтишади. Якунда янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтади.

Сарвар Турғун: (ён томонига ўгирилиб) Насрдан тузукроқ ёзувчи қуриб кетибдими?

Адҳам Олим: Назмдан Умар Қамарми? Бу ерга ҳам ичиб келмаса бўлди.

“Кичкина Парфи”: Ичиб келса, халқумингиз булғанадими, авлиё?

Адҳам Олим: (унга ўпкаланиб қараб) Сиз Данте ҳақидаги битикларингизни пишитинг яхшиси.

“Хокку йигит”: Хокку ёзиш учун ҳам балки дастлаб Японияга бориб келиш керакдир-а?

Адҳам Олим: (жиғибийрони чиқиб) Тавба, нега икковларинг менга ёпишиб олдиларинг?

Ғани Малик: (овозини кўтариб) Тинчланинглар… бўлди-да, энди!

(бир оз пауза қилгач) Қўлимда уч кишининг тавсияномаси турибди. Бу тавсияномаларни катта шоир ва ёзувчилар беришган. Аъзоликка қабул қилинадиган ёш номзодлар шу ерда. Булар Тошпўлат Темир, Нафиса Розиқ ва Малоҳат Нурлар. Улар анчадан бери адабиётимизда ижод қилишяпти, кўзга кўриниб қолишди. Китоблари ҳам чиққан. Турли танловларда ўринлар олишган, иккита қизимиз яқинда аёл ижодкорларга бериладиган нуфузли мукофотнинг лауреати бўлишди. Демак, сўзни уларга берсак. Марҳамат, Тошпўлат. Навбат сизга дастлаб.

“Кичкина Парфи”: (бир-икки эснаб қўйиб) Тўғрисини айтсам ҳозир чекким келяпти.  Росаям сигаретнинг хумори тутяпти. Аъзоликка келсам, Рауф Парфи ёки Есенин ёш шоирларга ўз эркингни ҳеч кимга берма деб айтиб кетишган. Менга қолса, аъзо бўлмаганим маъқул гильдияларингга. Бир тийинлик фойдаси йўқ менга. Мен кашандаман, ичаман ҳам, шеър бу мен учун севги, гильдияга аъзолик эса расмиятчилик, у мендаги шеърни ҳис қилишни бўғади. Менда исёнкорлик бор, шеърларим шу руҳда, гильдия сиёсатига тўғри келмайди. (яна эснаб) Шунинг учун ўзларинг биласизлар.

Сожида Рахмат: (ёнидаги Нафиса Розиқга бошини яқинлаштириб) Соқолини қиртишлаб олса бўлмасмикин? Ўзидан даҳо ясашни бунча севмаса бу йигит?!

Адҳам Олим: (ўзини ҳайратлангандек тутиб) Навоий ҳазратлари тамал тошини қўйган, Қодирий тараққий эттирган миллий адабиётимизга исёнкорларни қабул қиламизми?!

“Кичкина Парфи”: ( қарсак чалиб) Ҳар ҳолда шу исёнкор, яъни каминаи камтарин Навоийнинг достонини насрий баёнини инглизчага ўгириб, достонни ўгирдим деб дунё жамоатчилигини алдаб юргани йўқ.

Адҳам Олим: (аччиқланиб) Бу нимаси энди?!

“Кичкина Парфи”: (унга кўрсаткич бармоғини кўрсатиб) Лев Толстой айтган: Одамзод бировнинг бурни олдидаги чўпни кўради-ю, ўз бурни остидаги ходани кўрмайди. Ёшларга ажойиб тавсиялар берасиз… орқаларидан гапирасиз… нимайди… ҳа, олдин тасвирламоқчи бўлган  ерини, шаҳарини, хуллас бало баттарини  бориб кўрсин, кейин асарлар ёзсин деб. Ўзингиз бўлса Навоийнинг достонини назмий таржимасини эплай олмайсиз-да, насрий таржимасини қилиб, бўйнингизни чўзиб керилганча дунё кезасиз.

Ғани Малик: (ручкасини столга ташлаб) Илтимос, гильдия биносида Толстой ва ғарб ёзувчиларининг иқтибосларини тилга олманг. Бу ерда ғарбпарастлар ўтиришгани йўқ. Гильдиямиз миллий ташкилот.

Файзулла Фаррух: (у ҳам ручкасини столга ташлаб) Гильдияда ғарбпарастларга жой йўқ!

Адҳам Олим: (ўрнидан туриб) Бундай бетарбия ёшларни аъзоликка қандай сайлаш мумкин, ахир?!

Шундай деб у юриб хонадан чиқиб кета бошлайди.

“Кичкина Парфи”: (унинг ортидан туриб) Аслида бетарбия сизсиз. Дунё кезгани билан беш яшар боладек мақтанадиган.

Сожида Рахмат: (Адҳам Олимнинг ортидан қараб) Мен фақат Боку ва Эдернега борганман, холос. Унга ҳавас қиламан.

Нафиса Розиқ: (унинг қўлларини силаб) Опажон, асти ўйламанг шунақа нарсаларни. Қон босимингиз ошиб кетмасин тағин.

Сожида Рахмат: (кўзларини юмиб) Эдернеда бир шундай бўлганди.

Ғани Малик: (тантанали оҳангда) Энди сўз навбатини Малоҳат Нурга берамиз! Марҳамат, Малоҳат!

Малоҳат Нур: (жилмайиб ўрнидан туриб) Менинг олисда қолган, ўтмиш шамоли олиб кетган беғубор болалигимда иккита орзум бўлган. Бири ўзбек ижодкор қизлари учун ташкил қилинган нуфузли мукофотни қўлга киритиш бўлса, иккинчиси ижодкорлар гильдиясига аъзо бўлиш. Болалигимдан шуларни ўйлаб, тушимда кўриб, ўнгимда хаёл қилиб катта бўлганман. Қўлимга илк марта қалам олганимда шу икки орзу- бири ўнг тарафимда, иккинчиси чап тарафимда ҳар куни менга салом бериб турарди. Шукр, бирига эришдим. Эришишим осон бўлмади. Йиллар керак бўлди бунга. Охири ҳайъат аъзоларига қўнғироқ қилиб, шу мукофотни менга бермасаларинг ҳовлимиз олдидан оқиб ўтадиган тез оқар сойга ўзимни ташлайман, дедим. Бу йил мана мукофотни беришди. Эндиги мақсадим шу муқаддас гильдиямизга аъзо бўлиш. Бу гильдияга аъзо бўлиш мен учун нимани англатади? Ватанимга хизмат қилишни англатади… Миллий адабиётимиз равнақига ҳисса қўшишга янаям яқин йўл очади… Бундан ҳам яхши шеърлар ёзишимга туртки бўлади… Мен шу йўлда эрта-ю кеч меҳнат қилишга, умримни шу азиз нарсаларга бағишлашга тайёрман.

Бахриддин Абдуносир: (кўзойнагини дастрўмоли билан артиб олиб) Худди менинг қаҳрамонимга ўхшаб гапирдингиз. Тарихий қаҳрамонимга. Офарин!

Сарвар Турғун: Менинг қаҳрамоним Гулсанам ҳам худди сиздек гапирарди.

Файзулла Фаррух: Ўртоқлар, Малоҳат Нур воҳанинг шижоатли ва жайдари қизи, у ҳар бир адабий қаҳрамонга ўхшаши табиий.

Ғани Малик: (боягидек тантанали оҳангда) Нафиса, сўз навбати энди сизга!

Нафиса Розиқ. (ўрнидан туриб ўнг қўлини чап кўксига қўяди) Ассалому алайкум, қалби беминнат, кўнгли дарё устозлар! Қадрли ижодкорлар! Мана бугун биз гильдиямизнинг қадрдон биносида тўпланиб турганимиздан чин дилдан хурсандман. Бу ёруғ масканда адабиётни севгувчи ўтли юраклар ўтиришганига ишончим комил. Шу адабиёт ихлосмандлари ва нуктадонлари олдида гапиришнинг ўзи бир улуғ бахт. Мен ҳам ҳайрат, ҳам қувончдан ўзимни еттинчи осмонда сезяпман. Гильдияга аъзоликка қабул қилиниш остонасида бошимни кўтариб, қаддимни мағрур тутиб турибман. Зеро, мен водийда киндик қони тўкилган, шу юртнинг жонкуяр ва фидойи қизиман. Миллий адабиётимиз ичидаги янги Нодирабегим, янги Зебунисоларнинг бириман. Биз ҳаммамиз якдиллик ва бирдамликда бу қутлуғ ўзбек адабиётини янги босқичга олиб чиқамиз, чунки адабиётимизда янги қатлам очилаётгани бор гап. Биз….

Ғани Малик: (ногоҳ унинг гапини бўлиб) Нафиса, етарли. Ўтиришингиз мумкин.

Нафиса Розиқ: ( ўтирганидан сўнг, Сожида Рахматга қараб) Роса ҳаяжонландим!

Сожида Рахмат: (унга парво қилмай кўзларини юмиб) Оҳ, Эдерне, Эдерне!

Ғани Малик: Номзодларнинг фикрларини эшитдик. Марҳамат, кимда қандай фикр бор?

Асалой Юсупова: (шахдам ўрнидан туриб) Мен улардан кўра каттаман. Ўтган йили иккинчи китобим чиқди. «Адабиётимиз келажаклари» рукнида.  Аммо ҳануз аъзоликка сайланганим йўқ. Шуни боядан бери тушунмай ўтирибман.

Файзулла Фаррух: (уни тинчлантирмоқчи бўлиб) Асал, сизни ҳам вақти келиб гильдия аъзолигига сайлаймиз.

Асалой Юсупова: (тутоқиб кетиб) Сизга неча марта айтишим керак. Исмим Асал эмас, Асалой! А-сал-ой!

Ғани Малик: (киноя қилиб) А-сал-ой, сизнинг номзодингизни бирор кун кўриб чиқамиз.

Асалой Юсупова: Мен нафақат ёзувчи, балки шоир ва драматургман. Серқирра ижодкорман.

“Кичкина Парфи”: (истеҳзоли ишшайиб) Энг зўриман денг, опам!

Асалой Юсупова: (унга қовоғини уйиб) Сиз соқолингизни қиртишланг, укам. Қараб кўнглим айнияпти. Кўнглим нозик. Анча-мунча одамни таъбим тортмайди.

“Кичкина Парфи”: (ҳануз ишшайиб) Шунга ҳалигача ёлғиз яшаркансизда-а?

Баҳриддин Абдуносир: Серкирра ижодкорман дейишингиз бир оз баҳсли, Асалой. Сиз тарихий мавзуларда қалам тебрата олмайсиз!

Сарвар Турғун: Сентиментал руҳда ҳам ҳикоя ёза олмайсиз.

Асалой Юсупова: (Баҳриддин Абдуносирга еб қўйгудек тикилиб) Тарихий мавзуларда сиз каби ёзиш керакми? Борди, кўрди, олди, берди, еди, ўлди қабилида-а? Сизнинг тарихий романларингизда руҳият йўқ, руҳсизми дейман қаҳрамонларингиз, қандайдир марионеткалар… кейин фактларни йиғиб қуруқ баён қилганингиз шундоқ кўринади. Қаҳрамонларнинг ўй-хаёли, руҳиятини кўрсатмайсиз, улар бир тийин сизга… жараёнга ёзувчи муносабати ҳам ноль.

(Сарвар Турғунга ўгирилиб) Сизга ўхшаб йиғлоғи ёзувчи бўлишга эса ҳавасманд эмасман. Ташлаб кетган қизига аза тутиб, онасининг этагига ёпишганча хўнграб йиғлаш… кечирасиз-у, бу ўзбек йигитига хосмас.

Баҳриддин Абдуносир: (кўзойнагини ечиб қўйиб) Қизишманг, Асалой! Гапларингиз асоссиз. Китобим четда нашр қилинганини эсдан чиқарманг. Сизнинг ҳикояларингизга келсам, улар ўта бўш ва примитив.

Сарвар Турғун: (пешонасини тириштириб) Сентиментал руҳда ҳикоя ёза олмасликнинг алами бу.

Ғани Малик: (столни чертиб чертиб) Ўртоқлар, тинчланинглар! Асалой, сизнинг номзодингизни  яқин кунлар ичида кўриб чиқамиз, дедим-ку! Тўхтатинг баҳс-мунозарани… Бошқа яна кимда фикр бор?

Баҳриддин Абдуносир: (ўрнидан туриб) Менда фикр бор. Агар мумкин бўлса.

Ғани Малик: Марҳамат, Баҳриддин. Сизни тағин ранжитиб қўймайлик. (заҳархандалик билан тиржайиб) Ўзи яқинда ярашдик.

Баҳриддин Абдуносир: (кўзойнагини тақиб олиб) Ҳурматли Гильдия аъзолари ва раҳбарлари. Менинг соҳам бошқа биласизлар. Ёзувчиликдан ташқари фан соҳасида ҳам фаолият олиб бораман. Адабиёт оламига кириб келишим осон бўлмади. Қийинчилик билан ёриб кирдим пўртанани. Бошида сиғдиришмади, йўлимни тўсишди… Шу ёшгача учта китобим нашрдан чиқди. Иккитасиз роман, биттаси қисса. Бундан ташқари кўплаб ҳикояларим ҳам. Бироқ… ҳануз гильдияга аъзоликка сайланмадим.

Ғани Малик: Баҳриддин, сиз ва гильдия ўртасида анчадан бери ўртадан қора мушук ўтиб, хафагарчиликлар тинмаётганди. Яқинда бунга чек қўйдик ва бир-биримизга бағримизни очдик. Сиз гильдиямизни аёвсиз танқид қилган ўша ғарбпараст ёзувчини илтимосимизга биноан ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифангизда роса саваладингиз. Қарс икки қўлдан чиқади. Биз бу ёрдамингизни унутмаймиз. Насиб қилса, Асалойга қўшиб сизнинг ҳам номзодингизни тез кунда қўриб чиқамиз. Сиз тавсияномаларни тўплаб тураверинг.

Сожида Раҳмат: (ўрнидан эриниб туриб) Менда ҳам таклиф бор эди. Шогирдим бор. Танийсизлар. Шуҳрат Оқилжон. Ажойиб шоир. Шеърлари гўзал ва мушоҳадали. Шу йигитни ҳам аъзоликка сайлашни кўриб чиқсангиз хурсанд бўлардим.

“Кичкина Парфи”: (соқолини сийпалаб)  Шухрат Оқилжон ўртамиёна шиғирчи-ку!

“Хокку йигит”: Шеърлари эзма чолнинг валақлашига ўхшайди.

Сожида  Рахмат: ( “Кичкина Парфи”га қарата)  Илтимос, шогирдимга тил теккизманг. У сизга ўхшаб ўзидан Рауф Парфи ясаб олмаган ҳар ҳолда.          (“Хокку йигит”га ўгирилиб) Семирганингизни қаранг.

“Хокку йигит”: Сизга озғинлар ёқармиди?

Сожида Рахмат: (унга эътибор қилмай ўзига ўзи) Бизни турк ва озар маданиятидан ўрганадиган кўп жиҳатларимиз бор экан. Бугун шуни гувоҳи бўлдим. Афсуски, шундай.

Нафиса Розиқ: (қўлларини кўксига қўйиб) Гильдиямизнинг бағри кенг. Ҳаммага жой топилади, азизлар! Илтимос, тортишманглар! Шу энергияларингни адабиётимизнинг тараққий этиши учун сарфланглар.

Малоҳат Нур: Ҳақ гап. Адабиётимизга керак бундай тошқин энергиялар.

Ғани Малик: Хуллас, бўлди ўртоқлар. Мажлиснинг биринчи масаласи кўриб чиқилди. Бу номзодларни энди раис бошчилигидаги кенгашга тақдим этамиз.

Иккинчи кўриниш.

Эшикдан Умар Қамар кириб келади. Барча ўрнидан туради. Раис ўринбосари ва котиб унга жой бўшатиб, ёнига ўтиришади.

(Давоми бор…)

Драманинг тўлиқ ПДФ шакли тез кунларда сайтда тақдим этилади.

1 та изоҳ

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг