Нигора Ғаниева. Шеърлар.

0
175
кўришлар сони

Бугун сизни кўрдим-у, аммо,
Кўрганимдан топмадим таскин.
Бу дийдорни кутган эдим-у,
Чеҳрам қолди ўшандай ғамгин.

Жим келдингиз, худди, соядек,
Беҳафсала узатдингиз қўл.
Турардингиз мағрур қоядек,
Хотирамдан ўчди умр, йўл.

Бир лаҳзага тўқнашди нигоҳ,
Ҳаяжондан қизаринди юз.
Кўзингизга тикилдим ногоҳ —
Қорачиқ ўрнида парча муз.

Сўзлашга қолмади мадорим,
Негадир кетишни истадим.
Тўкилиб туйғулар оҳори,
Шу муддат дард билан яшадим.

***

Хотирамда ўзинг ҳар нафас,

Шу ёдимни тарк этмасанг бас.

Унутмоққа етмас иродам,

Сени эслаш гуноҳ бўлса ҳам.

Ақлим доим юракка ҳоким,

Бўйсунмоқни истамас лекин.

Ёндиради нигоҳинг – оташ,

Мумкинми, шу кўзларда яшаш?!

Қийноқларинг чексиз, зиёда,

Озор бермоқ фарздек дунёда.

Қўнғироғинг кутаман ҳар кун,

Минг йилдир-ки, телефон беун.

Суратингни ташладим мана,

Наҳот ақлим қилди тантана?!

Бир вақтлар сени севган қиз,

Яшамоқчи энди севгингсиз.

***

Сиз ва мен

Тонг…

Уйғонасиз уйқудан одатий, жиддий,

Юзингиз ювасиз мусаффо сувга.

Нонушта қиласиз, барчаси табиий,

Сабаб бўлолмайди зарра шов-шувга.

Тонг…

Мен ҳам уйғонаман, бундан нима наф?!

Тушда йиғлабман-ми, қароғларим нам.

Юрагим бир тараф, ақлим бир тараф,

Билмайман қай бири ҳақлигини ҳам.

Кўчага чиқасиз, қадамлар қатъий,

Автолар бекатда тўхтаб ўтади.

Манзилни сўрайди – бу ҳам табиий,

Ишхонага сизни олиб кетади.

Айни лаҳзаларда менда ҳам шу ҳол,

Кўчани кезаман танҳо, пиёда.

Аммо манзилимга етишим маҳол,

Яшаяпман чунки бир кам дунёда.

Иш вақти бошланар одатга кўра,

Пальтонгиз жой олар кийим илгичдан.

Ишни, “янги хатлар борми?” деб сўраб,

Бошлайсиз ёқимтой котибангиздан.

Мен бу пайт олисда, бошқа шаҳарда,

Дўст тутиб ўзимга қоғоз-қаламни.

Тазкиралар битиб, ишқ ашъоридан,

Яна юбораман сизга номамни.

Сиз шинам хонада қаҳва ичган он,

Мен рақам тераман сиз турган ёққа.

Бетиним жиринглаб чарчар телефон,

Вақтингиз аяйсиз жавоб бермоққа.

Тушунмайман нега, қаҳрингиз қаттиқ?!

Ё, хабар олмоқдан этасизми ор?

Меҳр-ку, дунёда энг арзон тортиқ,

Ёки, қалбингизда бошқа биров бор?!

Севги – ўртамизда ечилмас тугун,

Сабрим шу ергача дош берди, етар!

Аччиқ ҳақиқатни англадим бугун,

Малолман сочимдан тирноғим қадар.

***

Тун қораяр ҳиссиз, маъносиз,

Термулади нигоҳлар йўлга.

Хонадошинг ечиб пальтосин,

Илиб қўяр аста стулга.

Сўнг сўрайди овқат нелигин,

Лек сўрамас кайфиятингни.

Унга жавоб бергинг келмайин,

Ўйлайсан илк муҳаббатингни.

Уй тўрида тўкин дастурхон,

Санчқи, пичоқ, тақсимча, сочиқ.

Теграсида ҳисларинг сарсон,

Кетолмайсан эшикни очиб.

Чой узатар чоғинг ғуссалар,

Пиёлага тўкилар бир-бир.

Беҳудага ўтказмай йиллар,

Шу лаҳзада кетмоқ керакдир?!

Ётоқхона – тушунарсиз жой,

Икки қалбда икки хил хаёл.

Бири дейди “яхши дам олинг”,

Бири учун бу тилак малол.

Кўк юзини қоплайди булут,

Сирғалади кузнинг салқини.

Хонадошлар сақлайди сукут,

Бундай яшаб бўлмас ҳар куни.

Секин дейди: “сизни севмайман ,

“Дош беролмам ортиқ қайғуга ”.

Иқрорни у эшитмас, чунки,

Аллақачон кетган уйқуга.

***

Қачонгача яшаш мумкин кулгусиз,

Имкони бўлса-ку, юраксиз қолсанг.

Сокин оқшомларда бедор, уйқусиз,

Ҳиссизлик манзили аро йўқолсанг.

Чарм мебелларга тўлган хонангда,

Мен эмас тонггача тунаган дардим.

Бегонадек эдим сенинг ёнингда,

Ғурурим ортига яширингандим.

Севдим, севганимдан асло тонмайман,

Бир зум хаёлимдан ўчмадинг сира.

Умр йўлдошим деб мақтанолмайман,

Чунки туйғуларим ҳамон бокира.

***

Сизни соғиндим деб энди айтмайман

Кўксимдан кўпириб тошди ғурурим.

Туйғулар йиғлаган вақтга қайтмайман

Хазондек тўкилиб бормоқда умрим.

Эсимда орзулар қилардик — оппоқ,

Эслагим келмайди ҳижронни — қора.

Сизга мендан кўра қалам азизроқ.

Қалбим майдаланган қоғоздек пора.

Сиз олис, мен ёлғиз, манзиллар айро,

Тақдир йўлларимиз туташмади ҳеч.

Бошидан бошлашга имкон бор, аммо,

Қайта туғилмоққа энди жуда кеч.

***

Хиёнат

Тунда,
сочларимни силади шамол,
силтандим,
бу ҳолат келганди малол.

Биламан,
Шамоллар менга номаҳрам.

Бу кеча.
Ёлғизман, яна ва яна.
Ой,
деразамдан қаради ана.

Рад этдим,
ул ойнинг муҳаббатин ҳам.

Оқшом.
Мактуб олдим ёрқин юлдуздан.
Очиб ҳам кўрмадим,
рухсатсиз сиздан.

Сўнибди.
Юлдузга ачиндим бирам.

Тонг…
Дош бермай қуёш тафтига
Қўл бердим, ногоҳ
нурли кафтига.

Ҳолимни ширин бир гуноҳга йўйдим.
Ўзимни қуёшга топшириб қўйдим.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг