Сенга, аслида менга…

0
1008

Бакир ДАДИР,

турк ёзувчиси.

Уни  топганим он руҳимда таърифи сўзга сиғмас қувонч кўз очганди.

Яна кундалик машғулотимни бажариш учун уйдан ташқарилар ва уни кўчалардан излашга тушардим. Кўчалардан тополмаган пайтим у ҳар қачон бориши мумкин бўлган жойларга бош суқар, баъзиларнинг остонасиданоқ қайтар, баъзиларида эса ичкари кириб нимадир ичганча келиб қолишини кутардим. Гоҳо барларда ўтириб пиво симирганча ана келади, мана келади деб умидвор бўлардим, бироқ келмагач, бу ерлардан аста айрилардим. Унинг қадами теккан жойдан айрилиш… Оғринасан одам. Ҳам қайғу, ҳам воз кечиш истаги ўртасида аросат жонимни ёқарди. Кетиш ичимга янги жароҳатлар нақшларди гўё. Уни кута туриб кўпроқ ичиб қўйишим ҳам мумкин. Бундай пайтлар қароғимга тортилган сархушликнинг шаффоф пардаси ортидан кўзим ўтганича уни излар, ҳар сафар шарпаси қаршимда турганини ҳис қилардим. Қўлимни узатиб Унга таянганча ўрнимдан туришни, бағримга босишни ўйлайман. Қўл узатганимда эса қўлим соянинг ичида қолиб питирлаётганини, охири бўшлиқдан чиқиб ҳаводаги қушларнинг қанотларига тегиб кетганинини, охирида эса шилқ этиб ёнимга тушганини сезаман.

Уни топганим он руҳимда таърифи сўзга сиғмас қувонч кўз очганди.

Уни ахтаришлар узлуксиз давом этарди. Ётоқхонамдаги каравотнинг остига қарар, деразамнинг парда билан бирлашиб кетган жойидан уни излардим. Бобомдан отамга қолган, энди отамдан менга ўтиши кутилаётган тамакидонни ҳар очганимда кўриниш беришини, барибир топдинга, деб чиқиб келишини ўйлаб кулиб қўярдим. Қаҳва, чой ё айрон ичганимда пиёланинг тубида бўлиб қолишидан қўрқиб аста-аста хўплардим. Мумкин-ку, агар чиндан шундай бўлса, у аввал бўғзимга ўтади, аста, минг машаққат билан ошқозонимга. Ана кейин кўринг томошани. У ошқозонимга тушгач қайтиб чиқмайди, ҳикоя ҳам ҳеч қачон ёзилмайди. Мени шу қўрқитарди. Қўрқув менга эҳтиёткор бўлишни ўргатар, эҳтиёткорлик билан уни ҳеч тополмасамчи деган шум гумонларни ўзи билан олиб келарди.

 Уни топганим он руҳимда таърифи сўзга сиғмас қувонч кўз очганди.

Мени бу қадар узоқ ва аччиқ излашларинг ва билохир шундоқ ёнгинангдан топишинг каминага оғриқдан бошқа ҳеч нарса бермади. Ахир, бурнингнинг остида тургандим, тополмасдинг ва бу… менга завқ бағишларди. Сендан ўзимни асраш ҳудди бандасига Ҳақдан берилган муқаддас вазифадек эди. Бажаролмадим. Энди, кун келиб Яратгувчимнинг пойига бош эгиб борсам, унинг амрини бажармаганим сабаб дўзахига гирифтор, абадий лаънатига мустаҳиқ бўлишга маҳкумман. Ёнингдалигим пайт мавҳум ўлароқ бир исмга, якто вужуд ва аниқ вазифага эгалик нақадар фараҳбахш эканини билсайдинг. Йўқ, адашдим. У замонлар мен ўзимни эмас, сен мени сақлардинг, қўриқлаб беркитардинг, ҳеч кимга кўрсатмас, борлигимни ошкор этмасдинг. Мени топганинг он менга исм, йўқ, исмлар бердинг. Ва яна бир вужуд. Туриб туриб Гуркон дея атадинг мени. Ўрта ёш, миқти гавдага сингиб кетдим. Икки марта уйлангандим, биринчи никоҳимдан битта фарзандим ҳам бор эди. Гапира туриб баъзи ҳарфларни талаффуз қилишда қийналадиган бўлдим. Аслида-ку, сен мени кашф қилолмай юрган вақтларинг қандай равон гапирардим.

Сени бир-неча марта ўлимнинг шундоқ остонасидан олиб ҳам ўтдим. Бироқ, сен менда шундай умрлар, шундай фалсафалар, савқи табиийлар бунёд этдингки, ҳаётга фақат умид билан қараган, ит ва мушукларнинг бошини силамай ўтмаган, кўчадаги болакайларга киссасидаги сўнги чақаларини-да улашган одамга айландим. Мен ўзимдан қайси даврага кирса ҳамманинг кўнглини чоғ қилган, дўст мажлисида гурунга бош бўлган хушхандон киши яратдим вақти келганда. Эслайсанми, бир марта мени яқин дўстинг Мелиҳани таърифлашга мажбур қилдинг ва кейинчалик унга аввалгидек ҳирс билан эмас, самимий қарайдиган бўлгандинг. Руҳи эзгуликка қоришган шундай одам – мени бирданига бошқа дунёга, бошқа характерга ўтказган ҳам сен эдинг.

Мени топганингни сезганим он ичимда таърифи сўзга сиғмас қўрқув кўз очганди.

Мени бу қўрқув билан юзма юз қўйдинг. Янада қўрқоққа эврилдим. Сабабкори эса сен. Мен фақат ўзича яшаган, шуурингда у ёқдан бу ёққа кезиб, ўз иши билан машғул, сени кўчаларда сарсон кезишга мажбурлаган, аммо буни ўзи истамаган бир вужуд эдим, хўш, эндичи? Мени нима қилиб қўйдинг? Энди ҳаммаси аввалгидан яхшироқ бўлди деб ўйлайсанда, а? Айни дам мени ўзингдан олиб бебурд ҳикояларинга тиқиштира туриб бари зўр бўлади, олдинги мажруҳ ҳикояларимга жон киради дейсанми?

Ҳалиги сафар мени ўтиргизганинг майхонада ёнимга бир аёл келиб ўрнашганди. Қаердан келганини, кимлигини билмаганим у аёлга менинг оғзимдан исм ҳам қўйдиргандинг. Кейин ўша аёл бутун майхонани ҳайрон қолдириб менинг шарафимга қадаҳ бўшатди. Ёдимда, официантга қарамоқчи бўлган пайтим уни ўлдиртиргандинг. Ким эди у аёл? Кимнинг кими эди? Мен нега у ерда ўтиргандим? Бу воқеа тафсилотларини кимга айтиб бераётгандим? Саволларим жавобсиз қолди. Ҳаммасини ҳавога улоқтирдинг.

Кейин мени бошқа ҳикояларга ҳам қўшдинг. Сен сабаб изғирин қиш кунларидан қисса сўйлардим. Тилим танглайимга ёпишса бўлмасмиди! Ўша пайт сенинг тилингдан шундай дегандим: қорнинг бутун софлиги ер юзидаги жами қашшоқликларни ювиб кетсин. Истайманки, оламда қашшоқлик деган нарса қолмасин. Ҳа, айнан шундай дейишга мажбурлагандинг мени. Сўнгра у ҳикояни битиришга ўзингда куч тополмай йиртиб отдинг. Мен у одам эмасдим, ахир. Буни сен ҳам жуда яхши билардинг. Нолишим боиси ҳам шу.

Уни топганим он руҳимда таърифи сўзга сиғмас қувонч кўз очганди.

Кейинчалик, кунлардан бир кун уйғонгач, доимгидек ҳожатхонага кирган, ҳали тўшак ҳарорати совимай туриб совуқ ҳожатхонада муродимни ҳосил қилган ва илиқ сувда юз қўлимни ювгандим. Ойнадан  ҳуснбузарлар, чандиқлар ва ажинлар ичидан кимдир менга тик қараб турганини кўрдим. У бир вақтнинг ўзида ҳуснбузарлар, чандиқлар ва ажинлар ичида адашган учта вужуд эди. Ҳуснбузарларни ситиб, чандиқларни силаб тўғирлашга, ажинларни қўли билан ёйиб юборишга уринарди. Шу пайтгача унинг ҳам менинг баданимдаги оғриқларни айнан ҳис қилганини, бугунга қадар ёзган бутун ҳикояларимдаги бош қаҳрамон у бўлганини, бундан кейин ёзажак ва ҳозир ёзишни бошлаганим ҳикоялар ҳам у ҳақида эканлигини тушуниб қолдим. Уни шунча изласаму, ёнгинамда, аниқроғи мендалигини билиб қолсам. Бу севинчнинг оғриғи бисёр. Ичимдан топдим. Ташқари чиқишга қийналаётганди. Унга ёрдам беришим кераклигини тушундиму қиёфамдан бармоқларим билан йўллар очдим. Жўмракдан бироз узоқлашганимда унинг озодликка чиққанини, ойна ва менинг ўртамда, ҳуснбузарни сиққанимдаги сачраган қон билан ташқарилаганини кўрдим. Юзида мен кўриндим. Жисмида, нафас олиб, нафас чиқаришида, бармоқлари титроғида зоҳир эдим. Ва билдимки, ичимдан янги мен чиқариб қаршимга қўйгандим.

Уни топдим.

Топгач, у билан анча вақт бирга бўлдик. Нималардир едик. У ўзи қандай таом хуш кўришини ҳали билмагани сабаб, ўзим нимани ёқтирсам, унга ҳам шуни пиширдим. Менга ўхшаб иштаҳа билан еди. Тамаддидан сўнг битта тамаки узатдим. Стол устидаги ёндиргични ҳам қўлига тутқаздим. Ёндиргични биринчи ёққанида тамакини чўғлатмай ўчирди, иккинчисида ёқди. Руҳдошимни, мени топганимдан ҳайратим борган сари ортиб борарди. Унга ётоқ ҳозирладим. Янги чойшаб ва ёстиқ қўйдим. Ёстиққа бир қараб чиққач, яна бир қаттиқроқ ёстиқ сўради. Буниси юмшоқ экан, қучоқлаб ётаман, бўлмаса ухлолмайман, деди. Гапини тугатгани заҳот кўз олдим қўрқувдан қоронғилашиб, танимни қалтироқ босди.

Ўтаётган кунлар асносида у билан ўртамиздаги ўхшашликлар мени даҳшатга солаверарди. Завқимиз, қўрқувларимиз, ҳаяжонларимиз икки томчи сувдек. Бироз ўтгач, ундан зерика бошладим ва уни ўзгартириш истаги ичимда томир ёзди. Буни фақат уни бош қаҳрамон қилиб тасвирлайдиган ҳикоялар ёзиш ва жисмини янги тақдирларга ташлаш орқалигина уддалашим мумкинлигини ўйладим. Икки-уч йил ичида ўнларча ҳикояларим у ҳақида бўлди. Барида ундан фойдаландим. Барида буткул фарқли саъжиялар, турли умрлар бағишладим. Бирида уни уйидагина ҳаловат топгувчи, ташқарига чиққани ҳамоно одамларнинг нигоҳлари, шовқинларидан қўрқиб изтироб чекадиган ғалат кимсага айлантирдим. Бошқасида Тегин пансионига ташладим уни, рафиқаси билан бирга бўлсин деб. Яна бирида манзилсиз йўлга чиққан ёлғиз йўловчи қилиб тасвирладим. Ундан ёнидаги аёлга нисбатан нима ҳис қилса шуни айтишини, ҳеч нимани яширмаслигини талаб қилардим. Ҳайрати узоққа чўзилмади. Олиб уни бошқа ҳикоя қаърига отдим. У ерда нафас олишга тиришар, аммо ҳужранинг туйнуги йўқ эди. Ҳар ҳикояда жинсини алмаштиравердим. Бир дафъа у отасини ўлдириш учун уйидан чиққан аёлга айланди. Кутилмаган жиноятнинг қоқ ўртасига жойлаштирдим. Ўзига айтмадим, аммо ролини жуда маҳорат билан ўйнади. Олқишласам арзийди.

Уни ҳовучимдаги кулдек бир ҳикоядан бошқа ҳикояга совура туриб ўзимдан анча узоқлашиб кетгандим. Унинг менга қилган жами хизмати ҳам, англашимча фақат шу эди.

Иш столимдаги мактубга кўзим тушди.

Ўша кун кўчаларни кездим. Бозор айландим. Кўзгулар ичига кириб чиқдим. Бироз муддатга бўлсада уни унутган, ўзимга вақт ажратолгандим. Уйга қайтаётганда, ичимда қандайдир мавҳум синиқиш бор эди. Эшикдан кирганим он уни кўрмадим. Уй мотам сукунатига чўмган. Иш столим устидан хатжилд топиб олдим. “Сенга, аслида менга…” деб ёзилган мактуб бор экан ичида. Ёзилганларни ўқишга тушдим.

 “Мени шунча пайт сарсон излашларингдан нега қўрққанимни энди тушундим. Сен мени ўзингдан қочиш, бошқа бир ҳаёт билан ўйнашиш, уни лойдек шаклдан шаклга солишнигина истаган экансан, холос. Мени топгач, буларнинг ҳаммасини қилиб бўлдинг. Ҳар сафар бошқа ҳикоя.  Сен сабаб ўзимни таниёлмас ҳолга келдим. Ичингдалик пайтим нақадар хушбахт эдим. Меним менга кўпроқ ўхшарди. Энди эса кимлигимни ўзим ҳам билмайман. Ё сендан, ё ўзимдан қочяпман. Ўзингга янги овунчоқ топсанг яхши бўларди. Мен сен излаган одам эмасман.”

Қоғозни стол устига қайтариб қўйдим. Чўнтагимдан сигарет ва ёндиргични олдим, ёндиргични иккинчи марта ёққанимда чўғлантирдим сигаретни. Хўрсинганча ўриндиққа чўкдим. Компютеримни ёқиб Эзио Боссонинг “In her name, The sea rain” таронасини тинглаганча янги ҳикоя бошладим. Ҳикоя шундай бошланди:

Ўша кун кўчаларни кездим. Бозор айландим. Кўзгулар ичига кириб чиқдим. Бироз муддатга бўлсада уни унутган, ўзимга вақт ажратолгандим. Уйга қайтаётганда ичимда қандайдир мавҳум синиқиш бор эди. Эшикдан кирганимда уни кўрмадим. Уй мотам сукунатига чўмганди. Иш столим устидан хатжилд топиб олдим. “Сенга, аслида менга…” деб ёзилган мактуб бор экан ичида. Ёзилганларни ўқишга тушдим.

 “Мени шунча пайт сарсон излашларингдан нега қўрққанимни энди тушундим. Сен мени ўзингдан қочиш, бошқа бир ҳаёт билан ўйнашиш, уни лойдек шаклдан шаклга солишнигина истаган экансан, холос. Мени топгач буларнинг ҳаммасини қилиб бўлдинг. Ҳар сафар бошқа ҳикоя.  Сен сабаб ўзимни таниёлмас ҳолга келдим. Ичингдалик пайтим нақадар хушбахт эдим. Меним менга кўпроқ ўхшарди. Энди эса кимлигимни ўзим ҳам билмайман. Ё сендан, ё ўзимдан қочяпман. Ўзинга янги овунчоқ топсанг яхши бўларди. Мен сен излаган одам эмасман.”

Турк тилидан Мирзоҳид Музаффар таржимаси

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting