ЙИҒЛАЁТГАН ДЕНГИЗ

0
536
ko'rishlar soni

Лотинамерикалик шоира ва адиба

Альфонсина Сторни ҳақда эссе

Оппоқ тонг отиб, уйқудан кўз очганимда, кулранг парда тортилган дераза олдида келинлик либосида бир аёл турарди. У кўча томонга диққат билан тикилганча қимир этмас, ташқарида баҳорга хос бўлган жаланинг бетиним қуйиши уни бир неча дақиқага сеҳрлаб қўйгандек, шу туришида ҳайкалдан сира фарқ қилмасди. Шу важдан уйғонганимни ҳам бошида сезмади. Ўрнимдан тураётганимда каравотим ғичирлаб кетгачгина у қўққис мен томонга ўгирилди.

-Тамара*,- дедим унинг рангпар юзи ва зўриқиб кетган кўзларидан таниб.-Бу ерда нима қиляпсан?

-Сендан бўса олгани келдим,- деди у томдан тараша тушгандек.

-Сен фақат Иблисдан бўса олардинг, шекилли,- дедим пича ўйланиб туриб.- Ҳар ҳолда Лермонтов сени шундай тавсифлаганди. Ё ўша достоннинг давоми ёзилдими?

У ёнимга келиб, кўйлагининг этагини йиғиштирди-да, каравотнинг четига секин ўтирди.

-Сени иблисдан қаеринг кам?- хохолаб кулди  киноямга жавобан.- Барча чаён буржида туғилган эркакларда иблиснинг қони бўлади. Эҳтирос бобида улар ҳатто иблисни ҳам ортда қолдиришади. Қуриб кетгурлар!

Мен бир унинг бетайин мулоҳазасига, бир куйдирган калладек тиржайиб кулганига ғашим келиб ўрнимдан турдим. Кўйлагимни кийиб, тугмаларини эринмай қададим. У ҳаракатларимни бирма-бир кузатиб турди. Бу гал кулмади ҳам, гапирмади ҳам.

-Манави оқ-қора расмни қаердан олдинг?- деди  ногоҳ каравот ёнидаги ёзув столи устида турган суратни қўлига олиб.

Суратда қаддини ғоз тутиб, узоқларга боққанча хаёл суриб кетиб бораётган аёлнинг тошга ўйилган қиёфаси тасвирланганди. Мен унинг кимлигини билмас, суратни дўстим совға қилган Лорканинг шеърий китоби орасидан топиб олгандим.

-Китобнинг орасидан,- унга очиғини айтиб қўя қолдим.

-Бу Альфонсина Сторни,- деди Тамара суратга узоқ разм солиб тургач.- Аниқроғи, унга атаб тошдан ишланган ёдгорлик фото сурати.

Мен қайтиб келиб, ҳеч нимага тушунмай унинг ёнига ўтирдим. У саволомуз қиёфамга шу тобда еб қўйгудек бўлиб қараб қўйди.

-У испанзабон шоира аёл бўлган,- давом этди эҳтирос билан кафтимни кафтига босиб эзғиларкан.- Йигирманчи аср бошида Аргентинада яшаган. Ажойиб шеърлар ёзган.

-Унинг исми Альфонсинами?- сўрадим суратдан кўзимни олиб, ташқарида остин-устун қилиш ишларини бошлаган жаланинг шаштига боқарканман.- Эркакча исм эмасми?

-Истайсанми ўша маконга боришни?- деди у cаволимга жавоб бериш ўрнига елкамдан ушлаб ўзига қаратиб.- Мен олиб бораман. Эвазига  менга бўса берасан. Тотли ва узоқ.

Унинг таклифи менга ғалати туюлди. Нега бунча менга ёпишиб олди, деб ўйладим. Бу тизгинсиз ўй онг остимда узоқ айланди. Тузукроқ ўйланиб қолганимни кўргач, Тамаранинг юраги сиқила бошлади ва хонани жонсарак ҳолатда кўздан кечиришга тушди. Ўрнидан туриб, китоб жавонимни титкилади. Жавон ёнидаги илгичга илиб қўйилган гитарани қўлига олиб, торларини асабий чертди. Деворга осилган Самурайлар қиличини қинидан чиқариб, ҳавода муаллақ ушлаб турди-да, бир-икки ўйнатди.

-Лермонтовнинг достонидаги Тамарага сира ўхшамайсан,- дедим охири қизиқиш устун келиб розилигимни билдиргач, бошимни чайқаб-чайқаб.- Ўлай агар, ўхшамайсан. У Иблисга содиқ эди.

Тамара гапимга аҳамият бермай, турган жойида тўзғиб кетган узун сочларини тартибга келтирди ва кетма-кет чуқур-чуқур нафас олди.

-О, осмон малоиклари, етти қават осмон ортидаги оппоқ малоиклар,  аросатдаги шўрлик руҳлар! Мени бир лаҳза эшитинглар. Бир пайтлар иблисга берган бўсам учун гуноҳкор саналиб, шармандалик тамғаси гарданимга ёпиштирилганди. Шу-шу кафорат йўлида мана неча йилки, сарсон-саргардонман, йўлимнинг охири йўқ — дарбадар кезаман, бемақсад коинотда санқийман. Кафоратга эришдим деганимда, бу йўлда собит бўлдим деганимда, кўп марталаб адашдим. Бу жар ёқасидаги дўзахий умргузаронлигим учун осий қалбимни энди бир мукофотланглар, ўша денгиз ва ёдгорлик олдига бизни элтинглар!

У шундай деб кўзларини юмди-да, пичирлай-пичирлай менга номаълум тилда қандайдир дуони ўқиди. Сўнг югуриб келиб, бўйнимдан қаттиқ қучди ва қўллари билан юзимни тўсиб олди. Қўлларини юзимдан олганида, биз ётоқхонамда эмас, бир томони сарҳадсиз денгиз, бир томони қия яланглик бўлган номаълум соҳил бўйида турардик. Оёқ остидаги қум зарралари тепамиздаги қуёш нурлари таъсирида қизиб, кўп ўтмай оёғимизни куйдира бошлади. Тамара кўйлаги этагини кўтарганича чопишга тушди. Мен унинг ортидан эргашдим.

-Жин урсин, сени,- дедим унинг ортидан ялангоёқ чопиб.- Мени қайси гўрга олиб келдинг?

-Аввал менга етиб ол,- деди у ҳеч тўхташни хаёлига ҳам келтирмай шўх-шодон югурганича.- Кейин айтаман.

Унга етай деганимда у яланглик сари чап берди. Ўша томонга бурилиб қочди. Мен ҳаллослаб ортидан қувдим. Четдан қараганда худди келинни қуваётган куёвдан фарқим қолмади.

-Бўлди, тўхта,- деди у бирин-кетин тошдан ишланган қандайдир ёдгорлик олдига борганимизда қўли билан тушунтириб ва букчайиб нафасини ростлашга тушди.- Биз Аргентинадамиз. Бу ер- Мар-дель Плата шаҳри. Мана шу — ўша  ёдгорлик. Бир қарагин. Суратдаги ёдгорликнинг нақ ўзи.

Мен шимимнинг чўнтагидан ўша оқ-қора суратни олиб, уни ёдгорлик билан солиштириб кўрдим. Ўхшашликни топгач, бирдан юзим ёришиб кетди.

-Анави эса денгиз,- деди Тамара денгиз томонга бошини силкиб.- Суратдаги Альфонсина Сторни ўша денгизга ўзини ташлаб, жонига қасд қилган. Одамлар унинг жасадини эртасига қирғоқдан топишган.

Ёдгорликни бир пасга эсдан чиқариб, нигоҳимни тўлқинлари бетиним қирғоққа урилаётган, шовуллаши қулоқни қоматга келтираётган бепоён денгиз томон ташладим. Унинг кўм-кўк суви офтобда эркаланиб чайқалар, тўлқинлари қирғоққа шиддат билан урилгач, негадир улардан оппоқ кўпик ажралиб чиқарди.

-Бу ерга келган исталган одам унинг йиғисини эшитади,- деди Тамара нафасини ростлаб олгач, денгиз томонга ишора қиларкан.- Мен ҳам илк марта Иблис билан келганимда шунақа бўлган. У одам билан худди одамдек гаплашади. Фақат у, яъни Аргентина денгизи холос. Қолган денгизларда бундай хусусият йўқ.

Мен унинг гапига истеҳзоли илжайиб қўйдим-да, соҳил бўйлаб юрганча денгиз сари кетдим. У келинлик либосини чанг-чунгдан тозалаганича ёдгорлик олдида қолди. Қирғоққа келганимда денгизнинг шовуллаши янаям кучайди. Тўлқинлари қирғоққа келиб урилди-да, қум устида ялангоёқ юриш натижасида куйиб, қовжирашни бошлаган оёқларимни беминнат ювишга тушди. Бу роса ёқимли бўлиб, ўша ерга астойдил чўк тушдим.

-Салом, ёт киши,- деди шу пайт қандайдир овоз.

Мен шоша-пиша атрофимга алангладим. Атрофимда ҳеч зоғ йўқ. Тамара мендан эллик-олтмиш қадам узоқликда қолганди.

-Альфонсина Сторнини кўргани келдингми?

Тағин ўша овоз жаранглади. Бу овоз денгиз томондан келаётганини англагач, янгитда Тамара айтган гаплар ёдимга тушиб, бу шунчаки афсона эмаслигини тушундим-да, кўзларим ола-кула бўлиб, беихтиёр ўрнимдан сапчиб туриб кетдим.

-Чўчитиб юборган бўлсам, узр,- деди денгиз оёғимни бу сафар ҳам тўлқинлари билан ювиб.- Анчадан бери бу ерга ҳеч ким келмаганди. Куз ва баҳор мавсуми ўзи шунақа бўлади. Ҳеч ким келмайди.

Мен ўзимга келгач, бўшашганча қайтиб қумга чўзилдим. Шимимнинг тиззамгача бўлган қисми аллақачон ҳўл бўлиб улгурганди.

-Альфонсина Сторни бу ерга кўп келарди,- деди денгиз бир оз ўтиб бўғзига нимадир тиқилган одам каби ютиниб.- Агар шуни билмоқчи бўлсанг деяпман-да. Бу ер унинг севимли маскани эди. Буэнос-Айресдек катта шаҳарнинг шовқин-суронидан юраги сиқилган кезлари, ёнимга келиб худди сен каби қўлларини қумга тираб мен томонга термулиб ўтирарди. Мен унинг оёқларини ювар, шовуллаган кўйи унга қўшиқ хиргойи қилар, боши устида чағалайларимни учирардим. У шунда ўрнидан туриб, ҳайқирганича улар билан ўйнар, октябрь бўлишига қарамай бағримда яп-яланғоч бўлиб чўмиларди. Мен унинг оппоқ ва бўлиқ сийналарига қараб тўймас, нозик кафтлари билан сувимни қўлига олиб юзини чайганида шуурим жимирлаб кетар, тиззасидан юқори қисмидаги нозик ерини сувим билан кўмганимда ақлдан озардим. Шундай лаҳзаларда у шеър айтиб чўмилар, ғаввослардек бағрим узра эркин сузар, сув ости салтанатимдан чиғаноқлар териб чиқиб, ёш боладек хурсанд бўларди. У менга атаб шеър ҳам ёзганди. Бир эшитиб кўргин-а, ёт киши.

У ғамгин овози билан худди одам боласи каби қулоққа таниш оҳангда шеър ўқишга киришди.

Бир олис соҳилда сайр этсам.
Осмон тиниқ, қум эса заррин,
Югурик тўлқинлар олмас тин
Дилтортар октябр кунида.

Бўлсам Рим аёли сингари
Қадди расо, доно ва тўкис,
Оёғимга урилса денгиз
Тўлқини, мовий, умрбоқий.

Ўлик қоя тошлар томон борсам мен.
Қарашларим сокин, лабларим бесас.
Ювиб синиқ тошларни мовий тўлқин
Югурар. Кузатсам ва кўринмасам
Милтираб узоқдан. Майда балиқни
Йиртқич қушлар қандай тилкалашини
Кўрсам. Уйғонмасам ва хаёл сурсам
Мўрт қайиқлар билан бешафқат ўйин
Ўйнаган пўртаналар ҳақида ва
Хўрсинмасам.
Хўш, кейин?
Дилрабо инсонни таниб, қичқирсам…
Ва севмасликка ҳеч ичмасам қасам.
Кўзларим чапланса, уни йўқотсам
Само ва соҳил бирлашган нуқтада.
Денгизнинг бир ўчган ёдига дўнсам.
Саробга айлансам, ожиз нуқтага.**

Лекин бир куни ёнимга келганида у бошқача кўринди. Анча ўзини олдиргандек, ҳаддан зиёд маъюсдек, кучли изтироб чекаётгандек… (ўшанда ҳам адашмасам октябрь эди. 1938 йилнинг октябри якунланиб борарди). У доимгидек қумга келиб ўтирди. Илк марта мен билан саломлашмади, анчагача бир сўз демади. Фақат бошини қуйи солиб, кулранг кўйлагининг тугмаларини ўйнаб, оёқларини чалиштириб ўтирди.

-Мен ҳаммасидан чарчадим, денгиз! -деди бир пайт овозини борича бақириб.

Унинг ноодатий бир алфоздаги аҳволини тушуниб, аввалига сукут сақладим. Унга жавоб қайтариш ўрнига секингина оёғини ювиб қўйдим. У бунга аҳамият бермади-да, кўкрагига сиққанича тўйиб нафас олди.

-Яқинда қачонлардир чин дилдан севган инсоним Орасио Кирога***дан айрилгандим. Энди менга кўкрак бези саратони ташхисини қўйишди. Бир томонда адабиёт ортиқ менга завқ бермай қўйди. Ўғлимнинг борлиги ҳам… Мен жудаям ёлғизман бу оламда. Жудаям.

У оёққа қалқиб, менга анча яқинлашди. Сувим тўпиғигача етди, тўлқинларим келиб урилиб, кўйлагининг киндигидан пастки қисмини бир зумда намлаб ташлади.

-Бу гапларни ҳеч кимга айтмаганман. Аммо кимгадир айтишим керак…

У кўзларини кафти билан тўсиб, энгашган кўйи бир неча дақиқа кўз ёш тўкди. Бошини кўтаргач, сал-пал тинчланди.

-Бир пайтлар таниқли шоир бўлиш орзум эди,- деди  шундан сўнг тўпиғини юваётган тўлқинларимнинг ўйноқи ҳаракатларини жим кузатаркан. – Росарио каби ҳувиллаган, овлоқ ердаги шаҳарчада  кун кечирган йилларим шу орзу билан яшардим. Ҳар куни кун чиқиб, қуёш кўкка бўй чўзгач, кўзимни очарканман, куни келиб машҳур шоир сифатида уйғониш ҳам менга насиб этармикин деб ўйлардим. Тун чўккач, бошимни ёстиққа қўйиб, пинакка кетаёганимда ҳам шу эзгу орзу билан бирга кўз юмардим. Бу орзу мактабда педагоглик фаолиятимни бошлаб, болаларга дарс берган чоғим ҳам мени тарк этмади.   

Росарио кичкина шаҳарча эди. Шунга қарамай ўз адабий журналига эга бўлиб, унда дастлабки машқларим нашр қилинганида бу ёруғ оламда мендан бахтли одам йўқ эди. Шеър ёзиш билан биргаликда мактабда ўқитувчилик ҳам қилар, адабиёт кўнглимни ёлғизланиб қолмаслиги учун зарур бўлса, педагоглик фаолиятим қорнимни тўйғизарди. Бу иккига ажралиб яшаш бир томондан оғир эди, лекин мен чидардим. Гоҳида кундузи мактабда ўтаётган умрим дақиқаларини худди шеъриятдан ўғирлаётгандек туюлар, бундан хафа бўлиб кетар, шунга қарамай иссиқ овқат томоғимдан ўтганида қониқиш ҳисси билан тинчланардим.

Кўп ўтмай Буэнос-Айресга келдим. Бу шаҳар мен учун ўша орзумни рўёбга чиқарадиган дастак ва восита эди. О, бу катта шаҳар… гавжум шаҳар… шовқин-суронли шаҳар ва.. албатта, бир тийинга қиммат шаҳар! Бу ерга келгач, эришган ютуғим шу бўлдики, шоир сифатида янада ўсдим, шеъриятга яқин бордим. Янгича руҳда шеърлар ёздим. 1911 йилда шаҳарга келган бўлсам,  тез орада кўзга кўринган журналларда шеърларим чиқиб, адабий муҳитга қўшилдим. 1916 йилда “Атиргул новдасининг безовталиги” ва “Куз шеърлари” , 1918 йилда “ Ширин ҳижрон” шеърий тўпламим нашрдан чиққач, шон-шуҳратга буркандим, адабий муҳитда мустаҳкам ўз ўрнимни топдим, шеъриятга бахшида этилган умримдан бошқа дақиқалар ўғирламай қўйдим. Фақат ёздим, ёздим. Бунинг самараси ўлароқ, 1920 йилда Миллий адабиёт мукофотини қўлга киритдим.

Шунга қарамай негадир ўзимдан кўнглим тўлмасди. Орзум ушалган бўлса-да, ўзимни ёлғизлик ичида кўраверардим. Бўлмаса фақат севимли машғулотим бўлган шеърият билан шуғулланар, умримни тўлалигича унга бахшида этардим. Росариода бошланган руҳан ёлғизлик ҳисси бу ерда ҳам бахтга қарши тўлмагани, адабиёт оламидаги машҳурлигим ёки йигирма тўрт соат шеъриятга ошно бўлишим ҳам уни тўлдира олмаётгани баъзида ўзимга ҳам ғалати туюлиб, сабаб тополмай номаълум нарсадан ўпкаланиб қўярдим. 

Менимча, бунга Буэнос-Айресдаги адабий муҳит сабабчидек эди. Чунки, шаҳарга келган илк кунларимдан ундан ҳар куни кўнглим айнир, у ердаги маддоҳ ва бир қолипга тушиб қолган каслардан нафратланардим. Улар тез орада мен учун улуғ даргоҳ бўлган адабиётдан кўнглимни қолдиришди. Мен ўзимдаги ёлғизликни улар мансуб бўлган ва ҳаром қўллари билан олқишлаган адабиёт билан тўлдираман деб, қаттиқ янглишганимни тушундим. Атрофимдаги шоир ва ёзувчилар ё бузуқ, ё маддоҳ эди. Бу ерда китобини нашрдан чиқишига кўмаклашишни баҳона қилиб олтмиш ёшли шоир қизи тенги шоира қизни ўзига ўйнаш қилиб олиши ёки сиртдан одобли кўринган шоира қиз бир пайтнинг ўзида икки-учта эркакни пайпоқдек алмаштириб, омма кўзига бокира бўлиб кўриниб юриши ҳеч уятли иш ҳисобланмасди. Маддоҳликнинг эса чек-чегараси йўқ эди. Испанзабон шеъриятдан бошқаси бу ерда тан олинмас, кимки бу шеъриятга бошқача оҳанг ёки нафас олиб кирса, уни дарров четга чиқариб қўйишар (масалан, Лоркани шундай қилишганди), орадан беш юз йил ўтган бўлса-да, Сервантесга сиғинишни қўйишмасди. Сервантес улар учун шунчалик улуғ худо эдики, бу маддоҳлар тасаввурларида ундан кейинги ва ҳозирги барча испанзабон шоирлар ўз асарларидаги ҳар қандай ғояни ундан кўчирган деб ҳисоблашар, уни туғилган кунини ҳар йили оммавий байрамдек нишонлашар, унинг “Дон Кихот” асарини ёд бўлиб кетган бўлса-да, қайта-қайта ўқишдан ўзларини тия олишмасди.

Мен шундай бўлса-да, қоронғу хонамга яшириниб олиб, шам ёруғида шеър ёзишда давом этар, тишимни тишимга қўйиб яшашни канда қилмасдим. Ҳеч чироқни ёққим келмасди. Агар ёқсам, рўпарамдаги кўзгуда ўзимни кўрар ва ёлғизлигим бўй-басти билан қаршимда гавдаланиб, мени синдириб қўярди. Бироқ, шеърият ортиқ  менга завқ бермас, ичимдаги тўлмаган бўшлиқ ҳануз ёлғизлигимга қоришиб юрагимни азоблашни қўймас, мен бунга чора излаб тинмасам-да, топа олмас, шунчаки тақдирга кўниш эса алам қиларди.

Альфонсина мен томонга яна бир-икки қадам ташлади. Сувим энди унинг тиззасидан ўтиб, оёғининг сон қисмигача етиб борди. Мен бундан бир оз чўчидим. У нима қилмоқчи ўзи деган дардисар хаёл мени қийнай бошлайди. Ҳолбуки, у чўмилмоқчи бўлса доим яланғоч ҳолда ва жилмайиб, сувни шалоплатиб, атрофига тўкиб-сочиб чўмиларди. Бу сафар ўша одатидан асар ҳам йўқ эди.

-Кейин Орасиони учратдим. Уни қаттиқ севдим. Жонимдан ортиқ даражада. У ҳам мени севди. Бу назаримда кутилмаган ва инсон фақат орзу қилиши мумкин бўлган ушалмас бахтга ўхшарди. У ҳам шоир эди, мен ҳам. Ўйлаб кўрилса, иккита диди, дунёқараши ва фикрлаш тарзи бир-бирига мос инсон. Бундан ҳам ортиқ бахт бўладими дунёда?! Бошида шундай эди. У билан аҳил яшадим. Муҳаббатнинг ширин ифорини туйиб, ундан ҳафталаб маст бўлиб, юрагимни унга буткул топшириб… Мен ўз ёзган шеърларимни унга, Орасио эса менга кўрсатар, кунимиз адабиёт уммонида мазмунли, ҳаёт уммонида хушнуд ўтар, бундан ортиғини орзу қилиш гуноҳи азимга ўхшарди. Аммо тез орада уни мендан, мени ундан кўнглим қолди. Кўнглимдаги ёлғизлик қолдирган бўшлиқ тўлиши учун озгина қолганида яна бўм-бўш бўлиб, сувсираган саҳрога ўхшаб қолдим. Адабиётдан сўнг, муҳаббат ҳам руҳимдаги ёлғизлик ҳиссига даво бўла олмади.

Кўм-кўк сувим энди Альфонсинанинг учи йўғон ва диркиллаган кўкрагига қадар етиб борди. У ортга чекинишни асло ўйламас, қаршилигимни ирода кучи билан мардона енгиб, тобора бағримга талпиниб кириб борарди.

-Охирги икки йилда испанзабон шеъриятида деярли урфга айланган  модернизмдан худди Лоркага ўхшаб чекиниб, бошқа услубда шеърлар ёздим. Инсон ёлғизлиги, хафсаланинг пир бўлиши ва кўнгил қолиши ҳақида. Гоҳида қазо қилган Орасиони ва мен деярли аралашмай қўйган Буэнос-Айрес адабий муҳитини кўнглимдан ўтказар, шунда хотиралар тарзда ҳам қоғоз қоралардим. Қўлим сиёҳли ручкада, хаёлим шеърда бўлар, юрагим бўлса ўз ёлғизлигини қўймас, мен гўё ҳаётни унутгандим. Ташқарида қишми ё баҳорми, деярли фарқлай олмасдим. Кўчага кам чиқар, чиққанимда ўзимнинг ёлғизлигимдан у ердаги одамлар олдида уялардим.  

Шундай шеърлар ёзиб ўтирган пайтимда хонамга бир куни ўғлим Алехандро кириб келди. У кап-катта йигит бўлиб қолганди. Мен илк марта буни ҳис қилдим. Росариода битта номарддан никоҳсиз ҳомиладор бўлгач, 1912 йилда Буэнос-Айресда уни дунёга келтиргандим. Қаршимда унинг қадди бастини кўриб йиғлаб юбордим ва уни бағримга босиб, юз-кўзидан ўпдим. Шунча йил адабиёт ва муҳаббатнинг кетидан юриб, унга эътибор қилмаган, уни борлигини ҳам унутгандим. Мана, энди унинг мавжудлигини бутун вужудим билан сезиб, у орқали ёлғизлигимни юмшатиш учун менга раҳми келган тангрига миннатдорчилик билдирардим.

Тасаввуримда энди мен ёлғизлик балосидан қутулгандим. Ҳаётимда ўғлим Алехандро бор эди. Мен уни ҳар куни сут ва пишлоқдан иборат бўлган нонуштасини тайёрлар, ишига йўлнинг ярмигача кузатиб борар, ишидан келишини эшик олдида илҳақлик билан қоғоз қоралаб кутар, келгач унинг овқатланишини столда жимгина кузатиб ўтирар, ухлаган пайтлари хонасига кириб худди меники каби думалоқ бўлган кўзларидан тинимсиз ўпар, узун сочларини ўйнардим.

Аммо унинг ҳам ўз ҳаёти борлигини идрокимга сиғдирмасдим. Идрокимга сиғдирган куним тағин ёлғизланиб қолдим. У ҳам ёш бола эмас, кап-катта инсон бўлиб, вақтини дўстлари билан чоғ ўтказишга, севган қизи билан кунлаб йўқ бўлиб кетишга ҳаққи бор эди. Афсуски, буни англаш мен учун оғирлик қилди. Буни англаш йиллар давомида ёлғизлик сабаб илма-тешик бўлиб, чок-чокидан сиртилиб кетган юрагимни бераҳмларча яна унга тутиш билан баробар бўлса-да, менда бундан бошқа чора умуман йўқлигини барибир яхши англардим.

 Альфонсинанинг жағига қадар сувим етиб келгач, мен ростакамига ҳавотир олдим. Бир кўнгилсизликни сезиб, бетоқат бўлдим.

-Альфонсина, илтимос орқангга қайт,- дедим унга ўтиниб.

-Сен ҳам мени ҳайдама, денгиз,- деди у хўрсиниб қўйиб.- Бағрингда ўзимни ёлғиз сезмаяпман негадир. Шу ерда қолмоқчиман. Ортга қайтганим билан нима ўзгаради? Буэнос-Айресда нима бор менга? Ёлғизликдан бошқа ҳеч нарса. Ёлғизлик қолиб энди даҳшатли ҳасталик билан ҳам курашайми?!

-Ақлдан оздингми?- дедим кўнглимдаги ғашлик кучайиб ва уни тўлқинларим ёрдамида қирғоққа чиқариб юбордим.

Бироқ, у яна мен томонга ошиқди. Тўпиғи, тиззаси, сони, бели ва ниҳоят  жағигача уни кўмдим.

-Ёлғизликдан қутқар мени, илтимос қутқар,- деди  у ичкарим сари қадам ташлашдан тўхтамас экан.

Мен уни яна истаб-истамай тўлқинларим ёрдамида қирғоққа суриб ташладим. У қайсарлик қилиб яна мен томонга талпинди. Ўртамиздаги бу кураш анчагача чўзилди. Охири уни итариб, суриб чиқаришга мажолим қолмади.

-Мен яшашдан зерикдим,- деди сувим унинг бутун танасини кўма бошлагач ва бир нафасда бағримда йўқ бўлиб кетди.

Бир неча соатдан сўнг, кўкариб кетиб, қотиб қолган танасини, абадий юмулган кўзларини бағримда кўрдим. Аммо уни ўзимда олиб қола билмадим. Эртасига аста қирғоққа чиқардим. Уни одамларга қайтардим. У меники эмас, заминники эди, фақат унга тегишли бўлиб, унинг омонатига хиёнат қила олмасдим.

Замин одамлари уни тантанали равишда кўмишди. Вақт ўтиб, бу ерга ўша тошдан ясалган машъум ёдгорликни ўрнатишди. Бошида уни тирик Альфонсина деб ўйлаб, унинг ўлмаганига чиппа-чин ишондим. Назаримда ҳозир ҳам баъзан шунга ишонаман. Уни ўзимга чорлайман, у билан гаплашишга уринаман. Шунда унинг бор йўғи тошлиги ёдимга тушиб кетади ва бирдан кўзларим ёшланади.  

-Тирикмисан Альфонсина?- дейман тўлқинларим билан қирғоққа келиб беҳол уриларканман, ундан садо чиқармикин деб.

-Тирикман, денгиз,- дейди у гўё тилга киргандек.

Шунда мен гўдакдек чинқираб йиғлаб юбораман.

-Унда нега келиб чўмилмаяпсан?

Денгиз тинчлангач, кимдир елкамдан оҳиста тутди. Шошилмай ўгирилдим. Тамара чангдан тўлиқ фориғ бўлмаган никоҳ кўйлагида қаршимда турарди.

-Қайтадиган пайт бўлди,- деди ёнимга ўтириб.- Ваъдангни бажарарсан.

Мен унинг ўзигагина хос бўлган феъл-атворига бир муддат кинояли қарадим. Сўнг, унинг ўпишини кутиб ўтирмай, белидан дадил қучоқлаб, кўзимни юмганча лабларидан узоқ ва тотли бўса олдим. Кўзимни очганимда боягидек ўз ётоқхонамда-каравотимда ётар, қия очиқ деразадан кирган шамол хонани остин-устун қилар, жала беўхшов товуши билан келиб деразани бир маромда чертарди. Стол устидаги оқ-қора сурат газета ва журналларга қўшилиб хонанинг бир бурчида сочилиб ётар, китоб жавони эшиги хонага отилиб кирган шамол таъсирида ингичка овоз чиқариб бот-бот силкиниб қўярди. Хонада Тамара кўринмасди.

Эшик олдига бориб суратни ердан олдим. Альфонсина Сторнининг тошга ўйилган қиёфасини у ерда бир неча дақиқа хомуш кузатиб турдим. Суратнинг орқа томонини ўгирганимда негадир қон билан чизилган юрак тасвирига кўзим тушди. Қон гўё ҳали қотмаган, ачқимтир ҳиди гупиллаб димоққа уриларди. Унинг ёнига эса испан тилида қуйидаги сўзлар ёзилганди: Larga vida a la soledad!****

Изоҳлар:

*Тамара — Лермонтовнинг “Демон” достони қаҳрамони.

** Шеърлар Рафиқ Ўзтурк таржимасида берилди.

*** Орасио Кирога — машҳур уругвайлик шоир, Лотин Америкаси модернизми йирик вакили.

****Яшасин ёлғизлик!

2020 йил, май. Марғилон

Шерзод Ортиқов

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting