Муҳаммадcиддиқ Раҳматов. Шеърлар

0
227
кўришлар сони

Умр беш кун,
беш маҳал,
Тонгга азон айт тилим.
Пешин, аср, шом туриб,
Нега хуфтонсан дилим?

***

«Яна йиғладингми?»
Йўқ, кўз ёш эмас бу,
миробман,
кўзим жиягига сув тараяпман.

***

Бешинчи қаватдан кўринган манзара

Кўп қаватли уй ёнида
бир туп оқ ўрик.
Гўё бошига сават қўйиб,
бодроқ сотаётган
қишлоқи кампир.

***

Уйқудан олдинги тилак

Илинжим, Хабибим кирса тушимга,
Сўнгра келмасам ҳам майли хушимга.

***

Ғимирлар тинмайин чумоли,
Лайлакнинг оғзида хас кўрдим,
О, дилим бунчалар мудрадинг,
Ўзимни улардан паст кўрдим.

Куртаклар шивирлар елларга,
Боларин боғларда маст кўрдим,
О, дилим бунчалар мудрадинг,
Ўзимни улардан паст кўрдим.

Бойчечак бекорга бой эмас,
Кўзида шижоат, қасд кўрдим.
Уйғонгин, бўлдида эй дилим,
Ўзимни улардан паст кўрдим.

***
Ёмғир, эшик тақиллайди ярим кечада,
Очсам, остонада рухим, қай куни.
Мени ёлғиз ташлаб қаерга кетдинг?
Бағримга босганча тергайман уни.

«Кечир, эргашиб кетгандим унинг ортидан,
Кўзим кўзларига боқиб тўймади,
Аммо ташқарида қолдим, мен яна,
Яна тушларига мени қўймади».

***
Тун

Соғингандим, хўп бедор эдим,
Ҳижронлардан хўп безор эдим.
Бошга қора чодра ёпиниб,
Учрашгани тунда тун келди.

Қўрқмай ойу юлдуз рашкидан,
Қўрқмай шамол, булут ашкидан.
Мени сайлаб, менга топиниб,
Воҳ, бағримга бағри хун келди.

Кўнглин топдим, топдим муроса,
Ишқ майидан тутдим бир коса.
Бош айланиб, кўзлари тиниб,
Сармастгинам гул, гулгун келди.

Кўтаролмас бахтни ҳеч дунё,
Билмай қолдим ўнгимми, рўё.
Учди-кетди самога иниб
Хўрозлардан сирли ун келди.
Учрашгани тунда тун келди.

***

Момоқалдироқ
қалдироқ момо,
Энамга ўхшайди дағдағаси ҳам.
Шўхлигимдан безор дўқ урар энам,
кейин кўнглим олиб,
қант билан сийлар.
Ана, гумбурлади кўкни титратиб,
Энди ёмғир билан
бошимни силар.

***
Тунлар мумдек
эриса қалбинг,
Илтижо-ла кўтарсанг
билак,
Кўкда юлдуз учса
шул замон,
Ижобатмиш ҳар
неки тилак.

Демак орзу
ҳар юлдуз номи,
Орзу билан
тўлами осмон.
Унда менинг
тилагим учун
Юлдузларинг
етмас Художон.

***
Иш йўқ менга
ишқингдан бошқа,
Сени ўйлаб дилим
ҳушласам.
Ниначидек ёзим
бой бердим,
Майлими кўнглингда
қишласам.

***

Томоша тугади…

Томоша тугади,
Ой жим хўрсинди.
Дарахт панасига
ўтгач ошиқлар.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг