ДУЭТ: Нафиса Омон ва Маҳфуза Имомова.

1
2086

Нафиса Омон ва Маҳфуза Имомова ёш шоиралар ичида ўз услубига эга ижодкорлардир. Уларнинг самимий сатрларини ўқимаган ўқувчи кам топилса керак. Таклифлардан келиб чиқиб, бугун уларни суҳбатга чорладик.

Маҳфуза Имомова: Нафиса Омон кўпчиликнинг қалбига самимий, эркин ва барча иккиланишлардан холи соф шеърлари билан кириб келди. Унинг ижодида на бир тама, на бир манфаат, на бир аламзадалик бор. У жуда озод! Дили ва тили бир, гўзал аёл, меҳрибон она, яхши шоир! Ҳақиқатда, Нафисанинг шеърларни ўқиган одам яйрайди. Бугун у юртдан олисда, таҳсил давомида ижодни ҳам давом эттирмоқда. Камтарлиги, камсуқумлиги сабаб, адабий жараёнларда кам кўриниш бермоқда. Нодирабегим суҳбатдош учун кимни танлашимни сўраганида Нафисани суҳбатга тортгим келди. Айтингчи, адабиёт аёл кишига қай даражада керак? Шеърият-чи?

Нафиса: Адабиёт инсониятга керак! Аёлга икки маротаба керак! Мактабда илк маротаба адабиёт дарсилиги ўтила бошлаганида адабиёт арабча “одоб” сўзини англатади деб бошланар эди. Одобни, ҳаёт қоидаларини билиш, англаш жинс танламаслиги аниқ. Одоб ҳаммага бирдек тенг экан, адабиёт ҳам ҳаммага баробар. Адабиётда аёл, эркак, ёш, қари тушунчаси бўлмаса керак. Модомики аёл келажакни вояга етказар экан, бунингсиз бўлмайди деб ўйлайман. Энди ўйлаб кўрайлик, бугун қайси бир аёл болаларига бир сатр шох сатрни ўргатмоқда. Мен олий таълим кўрмаганлар ҳақида гапирмаяпман. Керак бўлса магистратурани тамомлаган оналар орасида ҳам юзлаб топилади Навоийдан ва ёки Машрабдан битта ғазални ёддан билмайдиганлар. Умрида бирор марта калорияси баландроқ овқат еб кўрмаган инсон бир марта қўй гўшти еса тоби қочиб қолишига ўхшаб, залвор билан улғаймаган авлод қандай қилиб залворли, маънили бўлсин? Бунга ҳамма доҳил, ўзимиз ҳам эҳтимол мойилмиз. Айбдормиз. Шундан келиб (гарчи саволга тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаса ҳам) чиқиб сийқаси чиққан бир фикрга муносабатимни билдириб кетмоқчиман: адабиёт ихлосмандларининг аниқ фанларга “тоби йўқлиги” ва ёки математика билан боғлиқ аниқ фанлар соҳалари вакилларининг бадиий адабиётни, шеъриятни менсимаслиги жуда тор тушунчалар. Ким ва қайси соҳа вакили бўлмасин агар у ўзи танлаган соҳанинг етуги бўлса бунақа жуда узоқдан туриб беморни иссиғини ўлчаганга ўхшаган гапларни айтмайди ва уялмай тортишмайдилар. Адабиётда асрлардан бери ўқилаётган муаллифларнинг ҳаётларига қизиқиб кўрсангиз, улар нафақат бадиий ижод билан шуғулланишган, балки яна бир қанча фанларни пухта ўрганганликларининг гувоҳи бўлиш мумкин. Ва ёки тибда, осмон илмида устун бўлганлар ўз асарларини шеърий тилда ёзганларини биламиз. Жуда жўн қилиб айтганда шеърият сиз ҳис қилган туйғуларни, фикрни, ғояни сўзлар билан гўзал ифодалаш саънати. Гўзал сўз тинглаган одам гўзал сўз айтади. Гўзал сўз айтаётган одам қандай қилиб ёмонликка йўл очади? Бугун бутун дунёда содир бўлаётган бутун фожеалар, вахшийликлар инсониятнинг гўзалликдан, шафқатдан, муҳаббатдан узоқлашиб бораётганининг оқибатидан деб биламан. Мана, шеър нимага керак!

М.И: Яхши шоир қандай бўлиши лозим? Яхши шеър-чи?
Н.О:
Яхши шоирни ҳам, яхши шеърни ҳам маълум бир қоидаси ва ёки таърифини билмайман. Аслида шеърни ҳамма ҳам ёза олиши мумкин. Айтмоқчи бўлган бир фикри бўлса битта сўзнинг ўнта маъносини, тил қоидаларини биладиган инсон бир йил тинмай шеър ёзишни машқ қилса яхши шоир бўла олади. Агар шеър ёзганлар бой бўлганида ҳудди бугунги кунда ўнтадан тўққизта одам қўшиқчи ва ёки банкир бўлганидек, шоирларни ҳам саноғи кўп бўлар эди. Афсуски, шоир шеър ёзиш техникаси билан шаклланмайди. Кўп нарсани хўп билиши билан ҳам эмас. Шоир бўлишни инсонни ўзи танламайди. Бу имконсиз. Бу ерда ақл тўлалигича идрок эта олмайдиган бошқа бир нарса бор. Айнан ўша англамсиз руҳ энг асоссийси! Шоирлар танланган бўлади. Яхши шеърни шоир бўлиб ёзиб бўлмайди. Мана мен бугун битта яхши шеър ёзаман дейиш мумкин. Агар уни ухлаётганида ва ёки билаклари толиқиб ғишт қуяётганида, боласи йиғлаб турганида ҳеч режасиз, ҳеч муддаосиз қораласа… керак шоир.

М.И: Юртдан олисда бугунги ўзбек адабий муҳити ва жараёнини кузатиб, қандай кечинмалар билан тўқнашасиз? Хориж адабий муҳитидан нималарни ўрганишимиз керак?
Н.О:
Аслида жуда ҳам фаол кузата олаяпман деб ҳам айта олмайман. Уч -тўртта ижтимоий тармоқларда фаоллар билан бутун бир адабиётнинг бугунги куни ҳақида бирор нарса деб хулоса қилиб бўлмайди. Юқорида мен шоир ва шеър ҳақидаги шахсий қарашларимни айтдим. Энди гап бутунлай адабий жараён ҳақида кетар экан, яхши ёзиш учун кўп ўқиш, ўзига адолатли бўлиш, ким бўлса, қайси қарашда бўлса собит бўлиш муҳим деб ўйлайман. Масалан, бир адиб кеча ундай деб, бугун бундай деб ёзиб турса ўз даврини ноғорочиларига ёқавериши мумкин. Лекин замон элагидан ўта олмайди. Шоирнинг ҳам, адибнинг ҳам, санъаткорнинг ҳам, қассобнинг ҳам шахси қилаётган ишига мутаносиб бўлмайдиган бўлмас экан, ҳудди итни ялоғига, мусофирингизга овқат сузиб берилганга ўхшаган ёқимсиз ҳолат юзага келади. Демоқчи бўлганим шу соғлом муҳитда соғлом одамлар бўлди. Менимча, бугун ўзбек адабиётига мард-и майдонлар, бироз тентаклар, оқ кўйлак, қизил галстуги йўқлар керак. Керак. Изтироб керак! Тишлаб майдалаб ун қилиб ташлайдиган тегирмонлар керак. Мукофотлар, қарсаклар керакмас. Ўзини таниса, ойнага қарашга кўзи тиниб кетмайдиган даражада мадори бўлса, ўзини танийди. Ана ундан кейин уни бошқалар танийди.

М.И: Она бўлдингиз, қолаверса, ижодкор инсон билан турмуш қурдингиз. Кечаги ва бугунги ҳаёт, қарашлар, эртанги қадамлар, режалар ҳақида…

Н.О: Энг катта фидокорлик бири билан умрни бўлишиш. Ҳар иккала тарафга ҳам жуда катта маъсулият юклайди. Нонингизни ярмини бирига берсангиз бошқа нарса еб ҳам қорин тўйдирасиз. Бир мухтожда бойлигингизни берсангиз ҳам ўрни тўлади. Аммо умрни, вақтни эквиваленти йўқ. Вақтни сарфлаётган нарсаларга диққатли бўлиш керак. Тақдирингизга битилган инсон сизга тақдирнинг катта мукофоти ва ёки синови бўлиши мумкин. “Эр хотин қозон ва қопқоғи каби бўлиши керак”, дейди турклар. Қозонни қопқоғи ҳамиша ёпиқ турмайди. Очиқ ҳам қолмаслиги керак. Қозонни ичида қандай таом тайёрланаётганлигига боғлиқ ҳаммаси. Ёнингдаги инсон сени қўллаб қувватлаши керак деган фикрга тўлалигича қўшилмайман. Чунки бундай қила олмаслиги мумкин. Қабул қилиш керак. Аммо фикрлашишга, ҳотир қилишга мажбур! Истаган одамлар биргаликда яшай олишади. Истамаганлар яшаб ҳам яшамайди. Масалан, айтадилар-ку худди орзуимдагидек, тасаввуримдагидек, мукаммал деб! Кулгули бу жумлалар мен учун. Агар орзуингиздагидек бўлса бахтли бўла олишингизга ишонасизми? Балки орзуларингиз сизнинг ўзингиздан юқоридир. Сиз ўзингиз бир қайиқнинг кураги бўлиб Титаник кемасини орзу қилсангиз ўша Титаник келди ҳам дейлик, аммо бахтли бўлиб бўладими? Сиз у Титаникнинг омборхонасида ҳеч ишга ярамайдиган бир таёққа айланиб қоласиз-ку! Бахтли жуфтлик қайиқча ва курагидек бир — бирисиз маъно йўқотадиган илоҳий эҳтиёж бўлсагина бир умр мамнуният билан, сева сева, ҳеч қачон ҳеч бир нуқтада кошки демайдиган, хўрсинмайдиганлардир. Севган одамлар, қадрлаб, эъзозланганлар. У яхши — бу маъқул, шундай бўлса -бундай бўлади, деб айтиб бўлмайди. Турмуш ўртоғимга турмушга чиққанимга қадар яхши танимаганман. Тақдир сиз ва менинг бир кунлик ва ёки беш йиллик пухта тузган режаларимиздан кўра режалироқ, тадбирларимиздан кўра тадбирлироқ экан. Режалаштирмайман, ният қилганман лекин. Тақдиримиз бирлашган экан, албатта бунинг буюк хайрларга, ҳикматга тўла эканлигига ишонаман. Турмуш ўртоғимдан жуда кўп нарса ўрганяпман. Гоҳо дўстмиз, гоҳ устоз-шогирд, хуллас ҳамма нарса. Шундай бўлиши ҳам керакда, отанг, онанг, синглинг, уканг ҳаммадан ўзига олгандан кейин. Ҳаёт йўлларингизга отангиз теп-рекис асфалтланган йўл қуриб бера олмас экан. Юрар экансиз гоҳ илдам қадам босасиз, гоҳ эмаклайсиз, гоҳ қанот чиқариб учасиз, гоҳи бир муддат тин оласиз. Ана ўша бир пас тин олишингиз керак бўлганида сизга елка тутган инсон, сиз ҳаётингизни атаган инсонингиз бўлар экан. Эр фақатгина хотинга тилло узук тақадиган, моддий таъминотчи деб қабул қилмайман. Аёл ҳам фарзанд туғадиган ва тарбиялайдиган, овқат пиширадиган восита эмас. Ҳузур бўлиши керак экан бир-бири учун. Ҳузурини қочирадиган омил эмас.

М.И: Куянчак жавобларингиз учун раҳмат, Нафиса.  

Нафиса Омон: Энди сизга саволлар ёғдирсам. Адабиёт ҳамиша елкасида ғоя орқалайди. Адабиётнинг юки ҳам ўша ғояга боғлиқ. Бугун ижодкорларда ўша муштарак ғоя нима деб ўйлайсиз? Балки ўша ғоя умуман йўқдир?

М.И: Бадиий ғоянинг асоси ҳам – инсон ва унинг камолотига хизмат қилишдир. Адабиётнинг вазифаси жуда улкан. Ижод аҳли ана шу ғоя ва вазифалар йўлида якдил бўлиши зарур. Маълум даражада шундай бўляпти ҳам. Бу ғояга хизмат қиладиган яхши асарларимиз бор. Яхши асар – макон, чегара, таъқиқ билмайди, ўқувчи уни топиб олаверади. Ҳар бир ижодкор юртдами, юртдан ташқарида, хоҳ пойтахтда, ёхуд чекка қишлоқда яшаётган бўлсин, уларнинг бари ягона бир мақсад – адабиётга хизмат қилиш ғояси атрофида муштаракдир. Бу бирдамлик кеча ҳам, бугун ҳам бўлган, эртага ҳам мавжуд бўлади.

Н.О: Адабиётда таълим-тарбиянинг ўрни ҳақида қандай фикрдасиз?

М.И:  Ўзингиз юқорида адабиётни “адаб” сўзидан олинганини эсладингиз. Адабиёт – энг катта тарбиячи. Бу тарбиячининг улуғлиги шундаки, у сизга буйруқ бермайди, бақирмайди, уришмайди. У сизни ҳис-туйғулар орқали тарбиялайди. У сизни улғайтиради, гўзаллаштиради. Инжиқ ва қайсар кўнгилни тарбиялаш – ниҳоятда нозик юмуш. Адабиёт эса бунинг уддасидан чиқади. Шунинг учун ҳам адабиётни севиш керак! Нима учун қаҳрамонлик достонлари, ёхуд “Ҳибату-л-Ҳақойиқ”, “Қутадғу билиг”, “Ҳамса” каби кўплаб дурдона асарлар асрдан-асрга ўтиб яшаб келаётир? Чунки бу китобларнинг бари замонлар оша инсоният камолотига хизмат қилиб келмоқда. Нега биз Ҳазрат Алишер Навоий ижодларига қайта-қайта мурожаат қиламиз? Сабаби, ул зотнинг шахс сифатида ҳам етук бўлганликлари асарларида акс этган. Шундай экан, энг аввало, ижод аҳли адабни ўрганишга, ўзини мунтазам тарбиялаб боришга мажбур. Ёзувчининг фитратида тарбиясизлик ёки ёвузлик бўлса, у буни барибир асарига юқтиради. Тажрибасиз ўқувчи эса бунга эргашиб қўйиши мумкин.

Н.О: Нашриётда ишлаб келяпсиз, демак кўпроқ кимнинг нима ёзаётганини, нима деяётганини биласиз, яхши-ёмон китобларни мажбуран бўлса-да ўқийсиз. Муаллифлар қайси жиҳатдан ривожланиши керак деб ўйлайсиз?

М.И: Аввало, нашриётлар сони ва китоблар кўплиги боис, ҳаммасини ўқиб чиқишнинг имкони йўқ. Аммо яхши китоб ҳақида эшитсам, албатта топиб ўқишга ҳаракат қиламан. Мен ҳозир айнан нашриётимизда чоп этилаётган китоблар нуқтаи назаридан фикр юритаётган бўлсам, яхши китоблар ёзиляпти. Фақат уларни топиб, саралаб китобхонга тақдим этиш асосий вазифа. Нашриётимиз раҳбари адабиётшунос, миллат маънавияти ҳақида қайғурадиган зиёлилардан бўлгани боис ҳам китоб ишига масъулият билан ёндашадилар. Улар ҳамиша халқимиз энг яхши китобларга муносиб, дея такрорлайдилар. Янги китобни чоп этишда дастлаб ижодий жамоа фикри, муносабати сўралади. Қўлёзма билан ҳамма баравар танишиб чиқади. Агар жамоада китоб савияси билан боғлиқ салбий фикрлар юзага келса, ўша китобдан қанча кўп даромад келтирмасин, воз кечилади. Нашриётимизда ҳақиқий ижодий муҳит шаклланган. Мен иш давомида бу инсонлардан ҳар куни нимадир ўрганаман. Муаллифларнинг оқсаган томонлари ҳақида мендан кўра кўпроқ адабиётшунослар, устозлар фикр айтишса ўринли бўларди. Менимча, муаллифларимизнинг ривожлантириши керак бўлган жиҳати жаҳон саҳнасида кўринмаётганликлари бўлса керак. Мени жуда кўп саволлар қийнаб келади. Қачон ўзбек асарлари ҳам хорижда бестселлер бўлиб, талашиб тортишиб ўқилади? Қачон муаллифларимиз турли давлатларда таъсис этилган адабий танловларда иштирок этиб, нуфузли мукофотларни қўлга киритади? Бу саволларни қалаштириб бериш мумкин. Аммо бу муаммонинг илдизига назар солсак, биз ёзганларимизда кўпроқ тилга, гўзал ифодага, услубга, маълум қоидаларга, шеваларни қўллашга асосий эътиборни қаратамиз. Шу боис, айрим ҳикояларимизда кўтарилган муаммолар жуда майда, янгиликдан ва эркинликдан холи. Энди ўша ҳикоя инглиз тилига таржима қилинганда ундан деярли ғояси ва маъно қолади. Кейин биздан неча минг марта ривожланиб кетган жаҳон адабий муҳити асарларимиздан умуман ҳайратланмайди ва биз ҳамон уларни ўқишда давом этамиз.

Н.О: Айрим ёзувчилар ва уларнинг китоблари “запрет”да деб эшитиб қоламиз. Нега улар телевидениеда, газеталарда кўринмай қолишади? Балки ўша ёзувчиларнинг асарларини ўқиб кимдир ривожланиб кетар. Адабиётга мана шундай машмашалар керакми?

М.И: Мен бу жараённи тушунмайман. Кўплаб сабаблар оқибатида шундай бўлиши мумкин. Телевидение ва газеталарда кўринмаслик ёзувчи учун жуда катта фожеа эмас. Шуни аниқ айтоламанки, яхши асарни китобхон албатта топиб ўқийди. Ижодкор нима бўлмасин ижодида давом этиши керак.

Н.О: Маҳфуза Имомова! Мен севган шоира, мен яхши кўрган дугона, оромбахш суҳбатдош ва ақлли аёл! Ўзингизга қандай таъриф берган бўлардингиз?…

М.И: Хаёл ва ҳаётни чалкаштириб юбормасликка, кўпроқ Ернинг қонунларига мослашишга уринаман. Ҳалиям эртакларга, мўъжизаларга ишонаман. Яхши одамларни яхши кўраман.

Нодирабегим ёзиб олди.

1 izoh

  1. «Менимча, бугун ўзбек адабиётига мард-и майдонлар, бироз тентаклар, оқ кўйлак, қизил галстуги йўқлар керак. Керак. Изтироб керак! Тишлаб майдалаб ун қилиб ташлайдиган Hozirgi adabiy muhitda bir illat bor, o‘zgacha fikrlay boshladingizmi darhol qolipga solishga urinish boshlanadi. Aytganlariga yurmadingizmi tamom «mag‘zsva ag‘darish» kompaniyasi boshlanadi. Hoy baraka topgurlar men A. Qahhorni yoki Oybekni asarlarini yoqtirmasam bu meni ishimku ne kerak majburlab yoqtirtirishni.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting