Жўрабек Рамазон. Шеърлар.

0
167
кўришлар сони

МАРҲУМ ШОИРНИ ЭСЛАБ…

Олти томонингда олти минг ташвиш,
Кўнгил тўладими шундай дунёда?
Сендан илгарилаб юради мишмиш,
Бахтинг куладими шундай дунёда?

Чалкашиб кетганда ҳақиқат, фараз,
Бир томон хиёнат, бир томон араз.
Ҳамманинг кўзида ўйнаса ғараз,
Яшаб бўладими шундай дунёда?

Гарчи мусибатга тўла ҳар оним,
Гарчи сенсизликка маҳкумдир ёним,
Ахир, бу дунёда сен борсан, жоним,
Одам ўладими шундай дунёда?

***

Хотирам саҳфасин қанчалар титмай,
Ёдимда қолгани биргина бўлим;
Қўлимдан келгани – қўлингдан тутмай,
Сочингни бир марта силаган қўлим.

Мана шу умримга бир умр соя,
Ўзга бир орзуни қувмай яшадим.
Сочларинг ифори кетмасин дея
Ўн беш йил қўлимни ювмай яшадим.

Кифоя эмасми кунда куйишим,
Юрагинг юганин бўшатиб қўй сал.
Эҳтиёт бўл, жоним, қўлни ювишим
Шарт бўлар қўлтиққа уришдан аввал.

***

С А В О Л

Хазоннинг рангида яшнади кўклам,
Билмадим бу фасл баҳорми, кузми.
Ҳеч бўлмаса олам қулаётган дам
Севгилим, биз яна учрашамизми?

Учрашмоқ? Йўқ, энди кўришмаймиз биз,
Кўришсак-да, зинҳор сўрашмаймиз биз,
Асли бу дунёга ярашмаймиз биз,
Севгилим, биз яна учрашамизми?

Қай куни айрилдик, қай кун топишдик,
Қай куни йиғладик, қай кун ўпишдик.
Ҳайронман, биз қайси осмондан тушдик
Севгилим, биз яна учрашамизми?

Ишқ – Худо ёди-ла кечар ҳар оним,
Ва унинг пойида менинг осмоним.
Худосиз яшашнинг завқи йўқ, жоним…
Севгилим, биз яна учрашамизми?

***

ОЗГИНА

Озгина тушунинг,
Озгина севинг,
Бир сафар озгина жилмайиб қаранг.
Нечун лабларингиз бунчалар ҳам жим,
Асабингиз нега озгина таранг?

Озгина ўйланинг,
Озгина ўйланг,
Озгина ишонинг муҳаббатимга.
Наҳот туйғуларнинг ҳаммаси ўлган,
Наҳотки айланган севги етимга?!

Билсангиз, юрагим озгина оғрир,
Оғритиб қўйгудек бутун оламни.
Наҳотки, тушуниш шунчалар оғир
Озгина ҳаёти қолган одамни…

***
ЮР, ҚОЧИБ КЕТАМИЗ

Юр, қочиб кетамиз дунёларидан,
Иккимиз қурамиз бошқа бир дунё.
Биз ахир қисматнинг хатоларидан
Ва жафоларидан бўлганмиз бино.

Қизлар кўп – хабари йўқдир ҳаёдан,
Гуноҳга ботаман қараган оним.
Фақат сен кўксингни яшир дунёдан,
Фақат сен уларга ўхшама, жоним.

Яшама тақдирни бўйнингга олиб,
Кўзинг ҳам йўлларга қараб толмасин.
Илтижо қиламан: мен четда туриб,
Номард юракларга кунинг қолмасин.

Ишонма жилмайиб боққан одамга,
Ё кўз ёш тўкканга қаратма шафқат.
Майли ўт кетса ҳам бутун оламга,
Алданиб яшашдан асрасин фақат.

Нечун яна бугун кўзларингда мунг,
Дуч келдингми ҳаёт чўпчакларига?
Юр, қочиб кетамиз телба дунёнинг
Ҳеч ким бора олмас бурчакларига.

Бир дунё қурамиз, билмайди ҳеч ким,
Офтоби куйдирмас, қорлари илиқ…
Юр, қочиб кетамиз бу ердан, жоним,
Бизни тополмасин ҳатто айрилиқ.

***

Муттасил қовоғин солган одамман,
Билмам; ҳеч нарсага зарра ҳавас йўқ.
Чунки мен ҳаммасиз қолган одамман,
Суянайин десам, бирорта ҳас йўқ.

Ҳамма учун гўлман, қўрсман, ёмонман,
Чунки юрагимнинг изми томонман.
Шунча қарғишдан сўнг ҳам омонман,
Сен ҳақсан дегувчи мардона кас йўқ.

Ерлигим юзимга солди буюклар,
Шўрлигим билдирди кўкси чириклар,
Гапини гапириб бўлди тириклар,
Фақат Ҳудойимдан бирор бир сас йўқ.

***

Мен сени соғинмай яшамоқ учун
Аввало кўксимни ёришим керак.
Кейин юрагимни суғуриб бутун,
Тупроқ ва сув қўшиб қоришим керак.

Сўнгра ясаб лойдан ўзимча буюм,
Термулиб яшасам бўлар кўзага.
Ўшанда танимай қолишим мумкин
Ўлган юрак учун келсанг азага.

***

МЕН ЎЛСАМ…

Мен ўлсам…
Одамдек ўлмайман:
Мен учиб кетаман қушга айланиб,
Дунёнинг энг гўзал, оппоқ қушига!..

Мен ўлсам…
Одамдек ўлмайман:
Охирги япроғи бўламан кузнинг,
Ҳеч ким пайқамайди узилганимни.

Мен ўлсам…
Одамдек ўлмайман:
Яшайман энг ширин тушга айланиб.
Хунук қизлар йиғлар…
Онамдан кейин…

***

Метро.
Қолдик ернинг остида,
Йиғлатади қадам товушинг.
Атроф шовқин,
Атроф осуда,
Сўзлашмоққа йўқмиди хушинг.
Кетаяпсан…
Бош ҳамон эгик,
Кетаяпсан севги қасдида.
Ер устида бахтиёр эдик,
Бахт йўқ экан ернинг остида.

***

Кетдим…
Соғинсангиз, стол устида
Шеърларим ёзилган дафтар туради.
Қайтсангиз, варақлаб кўринг оҳиста,
Сатрлар сиз билан суҳбат қуради.

Истасангиз отинг уни оловга,
Гулхан мавжларидан боқиб турар кўз…
Мен раво кўрмадим бошқа бировга,
Бор шеърим “СЕВАМАН” деган битта сўз.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг