Қайси китобни ўқияпсиз?

4
298
кўришлар сони

Сўровнома

Карантин даврида ижод аҳли кўпроқ мутолаа ва ижод билан банд. Бугун уларнинг айримларини саволга тутдик. Айни пайтда улар қайси асарни ўқишмоқда?   

Гулноз Мўминова: Иосиф Бродский, Нелли Закс, Николай Гумилев шеърларини такрор ўқияпман. Излаб юрганим поляк шеърияти антологиясини топдим. Айни кунларда шу китобни варақлаяпман.

Рахшона Аҳмедова: «Жиноят ва жазо»нинг охиридаман. Ўзиям салкам бир ой ўқидим. Бундан олдин «Қумдаги хотин»ни ўқигандим. Айтишим мумкинки, ҳар иккиси ҳам жуда яхши асар.

Мирзоҳид Музаффар: Жерзи Косинский «Рангин қушча» романини ўқияпман.

Рафиқ Ўзтурк: Айни пайтда насрий асар ўқимаяпман. Лекин кайфиятимга қараб, Бродский, Хименес, Алфонсина Сторни ва замонавий япон шеъриятидан хайкулар ва бошқаларни рус тилида ўқияпман. Ёққанларини таржима қиляпман.

Нигора Ғаниева: Электрон вариантда: Нодирабегим Иброҳимова қиссалари, Ромита Нави «Ёлғонлар шаҳри», Густав Флобер «Бовари хоним». Китоб шаклида: Ден Браун «Да Винчи сири», Бальзак «Сағри тери тилсими»ни ўқияпман.

Шерзод Ортиқов: Анри Перрюшонинг рассом Эдуард Мане ҳаёти ҳақдаги китобини мутолаа қиляпман. Шунингдек, Томас Маннинг «Доктор Фаустус» романини ҳам ўқияпман.

Хуршид Абдурашид: Тўхтамурод Рустамнинг бир роман, бир қисса ва ҳикоялардан иборат «Денгиз кўрмаган одамлар» деган китобининг электрони қўлимга тушиб қолди. Ҳали китоб бўлиб чиқмаган, адашмасам. Шуни ўқияпман. Кейин Паҳлавон Маҳмуд рубоиёти, Нишотийнинг «Ҳусни дил» достонини.

Мадина Норчаева: Алишер Навоийнинг «Хамса» достонининг насрий баёнини мутолаа қиляпман.

Фурқат Алимардон: «Бузрукнинг кўзи» ва «Уч оғайни» асарларини ўқияпман.

Шахриёр Шавкат: Толстойга тегишли нима бўлса, барчасини ўқишга ҳаракат қиляпман. Мавжуд вазият ижобий ҳал бўлгунга қадар бисотимдаги барча китобларни ўқиш ниятим бор

Маҳфуза Имомова: Мен Аҳмад Лутфи Қозончининг «Саодат асри қиссалари» китобини ўқияпман шу кунларда. Каттагина китоб бўлганига қўлим тегмаётганди бўш вақтдан фойдаланиб оляпман.

Нозима Хабибуллаева: Толстойнинг «Ҳожимурод»и ва Н.Рабғузийдан «Қиссаси Рабғузий»ни ўқияпман.

Муҳаммад Сиддиқ: Р.Ҳамзатовни «Менинг Доғистоним» асарини.

Марҳабо Шодмонова: «Менинг Доғистоним»ни ўқиб тугатдим. Ҳозир ишлаяпман масофадан, ўқишга вақт қолмаяпти яна.

Холиёр Сафаров: Дарсликка киритилган ҳикояларни ўқиб чиқяпман.

Гўзал Рўзиева: Ҳозир Назар Эшонқулнинг «Мендан менгача» китобини ўқияпман. Бунда ёзувчининг ўзбек ва жаҳон адабиётига нисбатан билдирган фикрлари, инсон «мен»ини излашда, аввало унинг яралишида китоб ва адабиётнинг, маданият ва ўзликнинг роли нечоғли чуқур аҳамиятга эга эканлиги теран мушоҳада қилинади. Қисқаси, бадиий китобдан бироз чалғиганда, ўзингизга китоб ичидан туриб назар солиш учун яхши имкон. Ундан аввал, аниқроғи кечагача эса Т.Пўлатовнинг «Бухоро хонадони кечмишлари» асарини ўқиб тугатдим. Умуман олганда, карантин даври китобхўрлар учун ажойиб пайт бўлишини сездим.

Байрам Али: Айни пайтда «Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар»ни ўқияпман.

Дилмурод Дўст: «Манас» достонини ўқиб бўлдим. «Алпомиш»ни қайта ўқияпман.

Нодирабегим: Карантин бошлангунча ҳарид қилган янги китобларимни иштиёқ билан ўқиётгандим. Ҳозир эса ўқишга рағбат бўлмаяпти. Кун давомида ишдан ортиб, сайтга келган материалларни ўқишга зўрға улгуряпман.

Сиз қайси китобни ўқияпсиз? Жавобларингизни комментда қолдиринг.

4 Изоҳлар

  1. Абдуқаюм Йўлдошнинг «Пуанкаре» китобини ўқиб чиқдим.
    Ҳозир Михаил Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» асарини ўқияпман.

  2. М.Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» романини тугатиб, Ф.Достоевскийнинг «Телба» асарини бошладим.

  3. Улугбек Ҳамдамнинг «Исён ва итоат»ини, Толстойнинг «Анна Кареннина»сини ўқиб чиқдим, Ш.Холмирзаев ва Абдуқаюм Йўлдошевнинг ҳикояларини қайта ўқияпман.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг