БЕРНАРД ШОУ ДАРАЖАСИ

0
471
ko'rishlar soni

эссе

Доим шаҳар марказидаги истироҳат боғи ёнида қад ростлаган, яқинда таъмирдан чиқарилган драма театрига борганимда чипта олишдан аввал  унинг афишасига бир қур кўз югуртираман (эски одатларимдан бири бу). Унда бир ой мобайнида театрнинг кундалик репертуарига қўйилган драматик асарларнинг узун рўйхати туради. Қайси куни, қай вақтда, қандай драма саҳнага қўйилишини унга қараб билиб олса бўлади. Шунингдек, премьераларни ҳам.

Афиша қаршисида тик оёқда турарканман, биринчи навбатда репертуардаги драмалар билан эмас, якшанба куни учун мўлжалланган премьерага қизиқаман, чунки бир томондан фақат шу куни ўзим ё оилам билан театрга тушишим мумкин бўлиб, қолган вақтлари кун давомида ишим сабабли бунга вақт ҳам, имкон ҳам топа олмасам, бошқа томондан ундаги драмаларни бир марта кўрганим ва бошқа томоша қилишга сира тобим йўқлиги  эътиборимни фақат премьерага қаратишга мажбур қилади.

Дам олиш кунига мўлжалланган премьерага узоқ тикилиб тураман. Афиша ёнида уни бир неча ҳафтадан бери тарғиб қилиб, қуёш ва ёмғирда қолган бечора постерга кўзим тушади. Вақт ўтиб шу нарса маълум бўладики, иккисиям негадир қизиқишимни ўзига жалб қилмайди. Премьера ҳам, унинг тарғиботчи постери ҳам. Айниқса, драма… Афишага яқинлашган чоғимда юрагимда гупирган, бироқ яқинлашгач  бир зумда дафн этилган қизиқиш ва сўниқ иштиёқ билан унга боқаман. Биринчидан унинг ҳеч нимани англатмайдиган,  миллий драмаларнинг доимий таниш шаблонидаги номи, иккинчидан унинг драма ёзишдан кўра савия борасида ҳали ўқиб-ўрганишга муҳтож бўлган таниқли муаллифи ва энг муҳими ўлгудек маиший мавзуси бир пасда энсамни қотиради.

Шунга қарамай, бир оз ўтиб чиптахона сари дадил қадам ташлайман. Унинг ойнаванд дарчаси ҳалиям ўшандек кичкина. Ҳеч бир ери ўзгармаган. Чипта сотадиган таниш ўрис кампир ҳалиям тирик, жойида сигарет чекиб ўтиради.  Боргач чўнтагимни узоқ кавлаб, сал иккиланиб, ҳеч бўлмаганда бу гал спектакль давомида асабийлашмасликка умид қилиб чипта харид қиламан. Кампир бир ўзимгагина чипта олаётганимни кўриб, премьера зўр ўтади, бирор шеригингиз учун ҳам олинг, деган мазмунда гапиради.

 Чиптани қўлимга ушлаганимда  унга нисбатан кафтимда қандайдир бефарқликни сезаман. Унга шунчаки маънисиз, худди бўшлиққа қарагандек тикиламан. Тикилганимда кўзларим ёнмайди, олдинги миллий спектакль премьераларининг аҳволи кўз олдимдан лип-лип ўтиб ғижинаман, эстетик завқни шууримда энтикиб пишитолмайман, йўл давомида уни чўнтагимга солиб кетаётганимда ҳаяжонланмайман. Уйга борганимдан сўнг  пешонамни тириштириб уни ёзув столи устига қўйгач, якшанбани кутиб, кун санаб асло бетоқат бўлмайман. Чипта шу бўйи ўша ерда то дам олиш кунигача қўл теккизилмай ётади. Гоҳ китобларга тегиниб, гоҳ ручканинг остида нафас олиб.

Негадир шундай бўлади. Нима учунлигини ё биламан, ё билмайман. Олдин бундай бўлмасди. Илк марта ишлаб топган пулимга премьера учун чипта сотиб олганимда бошим осмонга етгудек ўзимда кўтаринки кайфиятни туйгандим. Аммо премьералардаги спекталлардан кўнглим тўлмаслиги натижасида бу завқнинг ўрнини бора-бора бошқа ҳислар эгаллади. Дастлаб қониқмаслик, кейин бефарқлик, эндиликда мана ўлгиси келмай, чалажон яшаётган мажҳул умид ҳисси…

Ниҳоят, премьера куни ҳам етиб келади. Якшанбада бир амаллаб кунни кеч қилгач, таксига ўтириб театрга бораман ва унинг оғир эшигидан чиптамни кўрсатиб, секин ичкарилайман. Олдингидек шошиб кириш, юракнинг орзиқиши йўқ. Театрда одам кўп бўлмайди (олдин ҳам шундай эди). Ташриф буюрганларнинг кўпчилиги ёзган асари премьераси бўлиб ўтаётган драматургнинг таниш-билиши ва ошна-оғайниси, қолган кам сонлилар менга ўхшаган театрнинг содиқ шинавандалари бўлишади. Шунингдек, атрофда бўзрайиб турган бўйинбоғли ёшлар — мажбуран олиб келинган дорилфунун талабалари ҳам учрайди.

Спектакль бошланишидан олдин жойимда узоқ вақт саҳнага қараб ўтираман. Ўриндиққа ўтирганимда илк қиладиган ишим шу. Саҳна лоп этиб эътиборимни тортади. Унинг жимжимадор, кўрса кўргилик ва меҳр билан ёндошилган декорацияси ақлимни шоширади, уни ҳайратланишга ундайди, ҳар бир бурчагида рассомнинг анча тер тўккани яққол сезилади. Унга қараб ўтириб бир маҳал драма ҳам шунга мос бўлса-ю, дейман. У мени лол қолдиришини, ақлдан оздиришини, сарҳадсиз мушоҳадага гирифтор қилишини,  керак бўлса йиғлатиб кўзларимни қизартириб, шишириб юборишини орзу қиламан.

Спектакль бошлангач, актёрлар ўзларига бириктирилган катта-кичик ролларни ижро этишга берилиб кетишади. Уларнинг барчаси ажойиб ва маҳоратли актёрлар, ижроларини кўриб уларни хаёлан олқишлайман, қарсак чалгани ийманаман. Режиссёрнинг ҳам кўп ва хўп урингани, машаққатли меҳнати спектаклни кузатишим асносида юзага чиқади. Фақат… Фақат драмадан кўнглим тўлмайди. Бу сафар ҳам унинг мавзуси, бадиий структураси ва “отаси”нинг савияси хўрсинишимга асос бўлади. Ўриндиқда ўтирганча хўрсинаман, хўрсинаман ва яна хўрсинаман.

Драмада руҳни илғамайман (мен буни шартли равишда руҳ деб атайман). Саҳнага киртайган кўзларим билан термулиб, ўз ишини сидқидилдан бажарган режиссёр саҳналаштирган, беайб актёрларнинг забонида айланаётган бачкана диалогларни, узуқ-юлуқ воқеаларни ва қуруқ жараённи ботинимда таҳлил қиларканман, драма бутун борича руҳсизга ўхшайди. Танланган мавзунинг дидсизликка қоришган бадиий структураси унинг шундоқ ҳам ночор савиясини оёғидан ушлаб янаям пастга тортаётганга ва ундаги драматург бермоқчи бўлган ғоя эса шуларнинг натижасида ғоядан кўра қўл учида ёзилган маиший бир чўпчакни саҳнада гавдалантиргандек туюлади.

Спектакль тугаганида мен енгил нафас оламан. Елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлади. Неча йиллардан бери бунинг тамомила  акси бўлишини, яъни унинг якунига етганидан дилдан афсусланишни, мана шу саҳна қаршисида яна бир марта уни томоша қилишни ва унинг дийдорини қўмсаб дам олиш кунлари хонадонимдан қайтиб-қайтиб театрга чопишни қанчалик истамай, бахтга қарши  унинг пировардида якунига етганига хурсанд бўлиб, театр биносини ҳаммадан олдин тарк этаман.

Уйга келганимда ўзимни бўшашгандек ҳис қиламан. Йиллар давомида премьералардан сўнг юз берадиган нохуш кайфият яна мўрт вужудимда тиниқиб кўриниш беради, уни лаҳза сайин қаттиқроқ исканжага олади. Ҳорғин кўзларим ва мунтазам асабийлашишдан титрай бошлаган лабларим билан чарм креслода қимтиниб ўтирарканман, кўмак илинжида чора излаб,  китоб жавони томон жавдираганча назар ташлайман.

-Ҳаммасига Бернард Шоу айбдор!- дейман ногаҳон у ерда “Ирландиялик чол”нинг олти жилдлик асарлари тўпламини пайқаб.

Унинг биринчи жилдини қўлимга олиб илк саҳифасини очганимда,  драматургнинг оппоқ соқоли иягини сийпалаб турган, оқ-қора рангдаги сурати диққатимни ўзига тортади. Китобни чарчоқдан кўра эриниш билан варақлайман. Саҳифадан саҳифага ўтарканман, бирин-кетин унинг драмалари кўриниш беради: “Беванинг хонадонлари”, “Миссис Уорреннинг касби”, “Кандида”, “Тақдир танлови” ва бошқалар.

Бу драмаларни ҳозир ўқимай қўйган бўлсам-да, бир пайтлар анча мушоҳада ва қунт билан ўқиганим, уларнинг таъсирида идрокимда драматургия ва театр борасида Мольер билан Гоголь тамал тоши қўйиб шакллантирган, кейинчалик Чеховнинг бир ўзи тараққий эттирган мулоҳаза-ю қарашларим янаям теранлашиб, ўзим учун уларни мукаммал кўринишга келтирганим кечагидек ёдимда.

Бернард Шоуни жону дилимдан яхши кўрганман, дея олмайман. Ҳеч қачон бундай бўлмаган. Мисол учун, талабалигимда  Мольер, Гольдони, Гоголь ва Чехов драмаларини унинг драмаларидан кўра кўпроқ севиб ўқирдим. Лекин ўшандаям Бернард Шоуда мен юқоридаги драматургларда дуч келмаган нимадир бор эди. Ўша нарсанинг нималигини ўша кезлари мен аниқ-тиниқ билмасдим. Бу ҳол кўп йиллар давомида муттасил мени ўйлантириб ташвишга солар, охири йўқ изланишлар сари чорлар, оқибатда бошимни театр назариясига оид китоблар ва эски-янги драмалардан кўтармас, айнан “Ирландиялик чол” кўпинча драматургияни тушунишдаги  қайғуларимнинг сабабчисига айланарди.

Унинг асарлари тўпламини шу оқшом ногаҳон қўлимга ушлагач ва драмаларини хафсала қилиб қайта ўқигач ниҳоят ўша нарсани топганимни тушундим, тилим кўп айланмади-да, унга — қайғуларим сабабчисига ном бера олдим. Орадан қанча йиллар ўтиб, сочимга оқ оралаб, белимдан қувват кетиб, ёшлигимнинг сўнгги йиллари якунига етаётган бир пайт энди буни нималигини англагандек идроким типирчилар, юрагим қаттиқ-қаттиқ тепарди.

Бернард Шоуда мен кўп йиллар шартли равишда руҳ деб ўйлаб яшаган ва драма учун энг муҳим бўлган унсур — баланс бор эди, бўлганидаям қисман эмас, балки бир тизгинга солинган ва мутлоқ ҳолда. Баланснинг мазкур кўринишдаги қиёфаси бошқа бирорта мен ўқиган драматургда учрамасди. Гоголни мен қанчалик севиб-ардоқламай, у драмаларида сатирик ёндошувга ҳаддан ташқари берилиб кетиб тизгинни унутар, Чехов драмаларининг диалогларидаги интелектуаллик баъзида ортиқчалашиб, кичик нуқсонга айланарди. Мольернинг қаҳрамонларига характер етишмас, Гольдони ғояга кўпроқ урғу бериб, бу йўлда драмадаги жараён темпининг кульминация сари бир маромда кетишини қурбон қилар, Шекспир билан Шиллерда сюжет яхлитлигидан кўра ҳам қаҳрамонларнинг ҳатти-ҳаракатлари ва руҳиятларига бирламчи унсур сифатида эътибор қаратиларди.

Албатта, уларда ҳам баланс сезилар, аммо биргина Бернард Шоуда у мутлоқ ҳолда кўзга ташланарди. Хира чироқ ёруғида унинг драмаларини ярим кечгача таҳлил қиларканман, юқоридаги драматургларга хос бўлган камчилик унда иложи борича кўзга ташланмас, шу баланс орқали барчаси силлиқланиб кетар, унинг драмалари оддий драмалар босқичини ҳатлаб ўтиб, хулосамда эталонлик ролига даъвогарлик қиларди.

Фурсат ўтиб, тонг яқин қолганда аҳволимни янаям атрофлича англай бошладим. Неча йиллардан бери мен премьераларни томоша қилиш учун театрга бориб, маҳаллий драматурглар томонидан миллий руҳда ёзилган драмаларни кузатарканман, уларни кузатишдан кўра ҳам, айнан шу баланс орқали уларга баҳо берардим ва ёндошардим, бироқ юқорида таъкидлаганимдек бунинг нималигини ўзим аниқ билмасдим. Бернард Шоунинг даражаси ва драматурглик салоҳияти ортидан ўзим билмаган тарзда ўшанда уларни таҳлил қиларканман, бу таҳлилим ниманинг натижаси ёки инъикоси эканлигини тўлиқ тушунмасдим, бу борада идроким нуқул ўтмаслашиб ҳадеганда конкрет жавоб топилмасди.

 Премьералар мобайнида нега асабийлашишимни, пичирлаб сўкинишимни, ўриндиқ четини ушлаган қўлларим титрашини ва маиший мавзудаги, бачканалик уфуриб турган савиясиз драмаларнинг саҳнадаги юзидан нафратланиб, ўзимни қўярга жой тополмай игнанинг устида ўтиргандек ўтиришимни ва ниҳоят ўша драмаларни қайтиб кўриш учун театрга нега қайтиб қадам ранжида қилмаслигимни, фақат премьераларни кутиб яшашимнинг сабабини билмасдим.

“Ҳаммасига Бернард Шоу айбдор!”

Чиндан бунга Шоу айбдор эди. Шубҳасиз, яхши маънода. Бу сўзларни иккинчи марта такрорлаганимда унинг китоби қўлимдан ерга тушиб кетди. Уни қайтадан олдим. Шундан сўнг, унинг асарлар тўпламига киритилган бошқа жилдларни ҳам ёзув столига қўйдим. Ҳатто, “Миссис Уорреннинг касби” драмасини қисқа вақт ичида иккинчи марта ўқиб чиқдим. Жудаям таъсирландим. Беш-олти йил нарида ўқиган пайтимдан кўра кўпроқ ёқди бу драма. Яна мутлоқ балансни сездим. Сатирик ёндошувда ҳам, диалоглардаги интелектуалликда ҳам, кечинмалар ва руҳиятнинг ифодасида ҳам…

Китобдан бошимни кўтарганимда миллий драматургиямизнинг аянчли ҳолати хаёлимдан ўтди. Очиқ айтаман: мустақиллик давридан кейинги миллий драматургиямиздан ҳечам кўнглим тўлмаган. Ҳозир ҳам тўлмайди. Шу давр оралиғидан то бугунчага саҳналаштирилган сон-саноқсиз миллий премьералардан қолган дарду-аламни узоқ йиллар хорижий драмаларнинг қайта саҳналаштирилган вариантларидан олиб яшадим. Юқоридаги санаб ўтган севимли драматургларимга айрим жиҳатлардагина баланс етишмаган бўлса, бизнинг драматургларга барча жабҳада баланс етишмайдигандек туюлаверади. Ҳолбуки, улар ҳам менга ўхшаб Бернард Шоуни ўқишган.  Театр тарихи ва драма назариясидан хабардор. Немирович- Данченко, Шаляпин ва Станиславскийларнинг илмий асарларини ҳатм қилишган. Ўқишмаган бўлса, ҳеч бўлмаганда юқоридагиларни — бизнинг аудитория учун оммабопроқ бўлган Шекспир, Гоголь ва Чеховни ўқишган. Унда нега яхлит олинганда уларнинг драмалари бирор бир унсури бўйича қисман бўлса-да баланс бермайди. Яратган эгам, нега шундай? Балки, бу ерда турғун ва бир ерда қотиб қолган миллий драматургия айбдормикин? Ё шоирликдан драмага сакраб ўтган драматургларми? Ё  улуғ режиссёр Станиславский хавфсираган нарса — Гоголни аллақачон театр (томошабин) даражасига тушириб, унинг дидига мослашиб бўлинганими?

“Барчасига Бернард Шоу айбдор!”

Яна шу ўйнинг гирдобида сарсон бўламан. Шоуни ўқиш натижасида тафаккуримга сингиган ва шаклланган, баланслаштирилган драматургия даражаси янгитда ўзим томоша қилган спектакль премьерасидан қолган энг кичик, майда атом заррасидек келадиган завқни ҳам тутундек тарқатиб юборади. Кўз олдимга ўша премьераси бўлган спектаклни ва унинг муаллифини бир томонга, иккинчи томонга чолнинг драмаларини қўяман. Худди тарозу палласида тургандек улар силкиниб-силкиниб туришади ва бир пасда унинг драмалари турган тараф кўпроқ тош босади.

Менимча, аслида бир неча йилдан бери ҳам шундай бўлган. Шунчаки ўша кезлари тарозунинг иккинчиси палласига — ўзим премьераси гувоҳи бўлган ва қайтиб кўришни истамаган драмага қарама-қарши қўйиш учун лозим бўлган даражадаги муаллифни топа олмагандим. Гоҳ Гоголни қўярдим, гоҳ Чеховни. Бироқ, шунда ҳам тарозу палласи айни пайтдагидек  сезиларли оғирлик билан улар томонга оғишмасди, чунки бунга улардаги мутлоқ бўлмаган баланс тўсқинлик қиларди. Мен эса уни нима деб аташни билмай юраверардим.

2020 йил, март. Марғилон

Шерзод Ортиқов

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting