Болалар учун шеърлар

0
150
кўришлар сони


Китоб дўстдир

Китоб билимлар кони
Комилликка етаклар.
Билимдонлар макони,
Эрур китоб дўкони.

Китоб жонажон дўстдир,
У билан ақлинг ўстир.
Тўлдир китоб жавонинг
Ўқи чиқар саводинг.

Типратикан

Сочларимдир тикондан,
Дўстга озор бермайди.
Қўрқмагайман илондан
У ҳам асло тегмайди.

Дўстларимга тегса у
Тиконларим ханжардай.
Қочиб қутилолмас у
Ташланаман аждардай.


Ҳўтиквой

Нега ҳомуш тортасан?
Ҳўтиквойим, ҳўтиквой.
Ким қилди сени хафа
Айтгин, бўлар ҳоли вой!

Эътибор бермагин ҳеч,
Қулоғи узун деса
Куйлагин эрта-ю кеч,
Овози ҳунук деса.


Жўжа Хўроз

Саҳарлаб жўжа Хўроз
Қуёшга чиқар пешвоз.
Уйғотади ҳар тонгда,
Қичқириб, баланд овоз.

Ҳолимайди, толмайди.
Огоҳликка чорлайди.
Ўзи митти бўлса ҳам,
Асло ухлаб қолмайди.


Қуёнча

Узун қулоқ қуёнча
Дикир-дикир сакрайди.
Сакраб-сакраб инидан
Чиқмоқчига ўхшайди.

Сават тўла карамни
Кирттилатиб едилар
Тўла кучу-қувватни
Сарфлаш керак дедилар.

Акажон-укажонлар
Ўрнимни ҳеч билдирманг,
Ота онам келгунча,
Бир айланиб келаман.

Узун қулоқ қуёнча
Дикир-дикир сакрайди.
Сакраб-сакраб инидан
Чиқмоқчига ўхшайди.


Тулки ва Тарвуз

Ўрмонда йўлак бўйлаб,
Тарвуз кетар юмалаб.
Буни кўрган Тулкивой
Ютмоқ бўлди,бир ямлаб.

-Нима бало бўғирсоқ
Йўл-йўл тўнни кийибсан?
Қай томонга шошалаб,
«Бўғирсоқ» кетаяпсан?

Тарвузжон сўзламоққа
Отланган эди бирдан

Қулоғим оғирроқда
Сўзлагин яқинроқдан.

«Қулоққинам эшитмас,
Бурнимга чиқ амаллаб,
Балки шунда сўзларинг
Эшитилар жаранглаб»

Тарвуз икки қилмасдан
Тулкивойнинг сўзини,
Сакраб чиқиб бурнига
Таништирди ўзини.

-Мен бўғирсоқ эмасман!
Тарвуздир менинг исмим.
Ўстирган бободеҳқон
Ватанимдир полизим!

Тулкивойнинг бурнида,
Қаттиқ оғриқ сезилди.
Тарвузжонни, бўғирсоқ
Эмаслигин тушунди.

Айёр Тулкивойнинг ҳам
Бирдан овози тинди…
Тарвуз кетди юмалаб…
Тулкининг бурни синди.

Тозагул Жуманова

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг