Ги де Мопассан. Мажруҳ

0
113
кўришлар сони

Бу воқеа, тахминан, 1882 йилда бўлиб ўтганди.

Вагондаги бўш купелардан бирига жойлашиб, эшикни ёпдим. Бир ўзим қолишим ҳақда ўйлаб турган бир пайтда эшик қайта очилди ва кимнингдир овозини эшитдим:

-Эҳтиёт бўлинг, жаноб! Йўллар айнан шу ерда туташган, зиналар ҳам анчайин баланд.

Бошқа бир овоз жавоб қайтарди:

-Ҳавотир олма, Лоран! Мен тутқични ушлаб оламан.

Дастлаб, шляпа ва икки қўл кўринди. Бу қўллар чарм мато билан қопланган тутқични маҳкам сиққанча, семиз гавдани купега томон секин судраб келар, оёқлар эса, зинага тегганда тошга урилган ёғоч сингари овоз чиқарарди. Йўловчи купега гавдасини судраб кирган вақт, осилган шими ва унинг остидаги ёғоч оёқнинг қорайган учига кўзим тушди. Кўп ўтмай кетидан иккинчисини ҳам кўрдим. 

Йўловчининг ортидан кимнингдир боши кўринди.

-Бу ер сизга қулайми, жаноб?

-Албатта, дўстим

-Мана юк ва қўлтиқтаёғингиз.

Купе ичига худди истеъфодаги аскарни ёдга соладиган хизматкор кириб келди. Унинг қўли бир-бирига мустаҳкам боғланган оқ ва қора қоғозхалталар билан тўлганди. Халталарни бирин-кетин хўжайинининг ўриндиғи тепасидаги юк қўйишга мўлжалланган тўрга қўйди.                                                                                                                 

-Жаноб, ҳаммаси шу ерда: ширинликлар, қўғирчоқ, барабан, ўйинчоқ милтиқ ва ғоз жигаридан тайёрланган паштет.

-Раҳмат, дўстим.

-Оқ йўл, жаноб!

— Соғ бўл, Лоран!

Хизматкор кетди. Ва мен ҳамроҳимга қарадим.

Орденли, мўйловдор ва семиз бу киши сочлари деярли оппоқ бўлишига қарамасдан ўттиз беш ёшлар атрофидаги кишига ўхшарди; унда кучли ва шижоатли кишилар қандайдир бахтсизлик натижасида мунтазам ҳаракатдан тўхтасагина юзага келадиган касаллик белгилари кўриниб турарди.

У нафасини ростлаб, пешонасини артганча, менга юзланиб сўради:

-Чексам сизга ҳалал бермайманми?

-Йўқ, бемалол.

Бу қараш, овоз, қиёфа жуда таниш эди. Лекин, қаерда учратганман? Ҳа, бу инсон билан қўл бериб кўришган, суҳбатлашганман ҳам. Анча олдин содир бўлган ва хотирам туманларида қолиб кетган бу воқеани шуурим пайпаслаган каби қидирар ва улар кетидан гўё тутқич бермас шарпаларни қувиб, ета олмаётган каби ҳолатда эдим.

У ҳам менга қараб ниманидир эслашга уринаётган одам каби узоқ ва тийрак нигоҳда тикилиб турарди. Бу узоқ тикилиш иккимизни хам ноқулай аҳволга солгач, бир-биримиздан кўзимизни олиб қочдик. Бироқ, бир неча сония ўтмай, рўпарамиздаги инсонни танишга бўлган қизиқиш устун келиб, яна нигоҳларимиз қайта тўқнашди.

-Бир-биримизга ўғринча тикилгандан кўра қаерда кўришганимизни эслаганимиз маъқул.

Ҳамроҳим хозиржавоблик билан жавоб берди:

-Мутлақо ҳақсиз.

Ўзимни таништиришга ўтдим:

— Менинг исмим Анри Бонклер:  суд ишлари амалдориман.

У бироз талмовсираниб қолди, қиёфасидан хотираси зўриққани сезилиб турар ва ишончсиз бир овоз билан жавоб қайтарди:

-Эҳ, эсладим! Мен сизни Пуанселейларникида кўрган эдим… Ҳали уруш бошланмасидан аввал (1870-1871 йиллардаги Франция- Пруссия уруши назарда тутилмоқда), ўн икки йил олдин!

— Сиз лейтенант Ревеальер эмасмисиз?

— Худди ўзи… У пайтлар, оёғимдан айрилган вақтим, капитан бўлишга ҳам  улгурган эдим. Битта ядро иккала оёғимдан ҳам айирди.

 Шу таҳлит қайта танишиб бўлгач, бир-биримизга яна тикилиб қолдик.

Мен бу котилон рақсларига моҳирона ва завқ билан дирижёрлик қилган, одамлар “Тўфон” деб атайдиган, озғин, чиройли ва ёш йигитни жуда яхши эсладим. Бу қиёфа ортида қачонлардир мен билган, бироқ унутган, эшитгандан сўнг ўзидан кўз илғамас из қолдирадиган, тутқич бермас воқеалар намоён бўларди.

Бу муҳаббат қиссаси эди. Ўтмиш тубидаги бу воқеалар ҳали ҳам тўла ёдимга тушмас, ўзимни гўё учиб кетган қушнинг ҳидини сезиб ер кавлаётган овчи итидек ҳис қилардим. Бироқ, хотирамдаги туман аста-секин тарқалиб, кўз олдимда қизнинг қиёфаси намоён бўла бошларди. Тўсатдан, ракета портлагани каби, қулоқларимда унинг фамилияси жаранглади: Мадмуазел де Мандал. Ана ўшанда бари ёдимга тушди. Бу ҳақиқатдан ҳам энг оддий муҳаббат қиссаси эди. Мен бу одамни учратган вақтимда у де Мандел хонимни севар ва тўйлари бўлишига ҳам яқин қолганди. Ўша вақтлар у менга завққа тўлган бахтли инсон каби кўринарди.  Поезднинг ҳаракати таъсирида силкиниб кетаётган, ҳамроҳимнинг хизматкори жойлаштирган юкларга кўзим тушди. Хизматкор ҳануз купеда юргандек, қулоғим остида яна унинг овози жаранглади.

“…ҳаммаси шу ерда: ширинликлар, қўғирчоқ, барабан, ўйинчоқ милтиқ ва ғоз жигаридан тайёрланган паштет.”

Туйқус хаёлимда ўша воқеалар яна қайта жонланди. Бу ҳолат худди  пулсизликка ёинки жисмоний ҳалокатга йўлиққанига қарамасдан тузилган никоҳга ўхшарди. Демак, мадмуазел урушдан мажруҳ бўлиб қайтган ҳарбий офицерга ўз ваъдасига содиқ қолган ҳолда турмушга чиққан. Бу менга ҳақиқатдан чиройли ва шу билан бирга оддий туюларди: гўё бу воқеадаги қурбонлар ва муаммо ечими худди кино ва театр саҳналаридагидек эди. Бундайин олийжаноблик ва бағрикенглик ҳақида эшитган ёки ўқиган вақтинг, беихтиёр ўзинг ҳам яқинингнинг қувончга тўла хурсандчилиги учун қурбон бўлишга тайёр эканлигинг ҳақида ўйлайсан. Лекин, бошқа бир кун ҳамроҳимнинг ишлари чатоқ бўлгани учун кимдандир муқаррар қарз сўраши ҳақида ўйлаганимда, одамнинг руҳи шундайин аянчли афсусларга тўлиб кетади.

Тўсатдан хаёлимда биринчи фикр ўрнини янги фикр эгаллади: балки, улар уруш бошланиб, бу бахтсиз ҳодиса рўй бергунига қадар турмуш қуриб улгургандир. Кучли ва навқирон ҳолда урушга кетиб, оёқсиз ҳолда қайтган, қўзғалмаслик ва кучсиз ғазабга маҳкум этилган ва семизликдан қочиб қутула олмайдиган бу инсонга таскин бериш, ғамхўрлик қилиш учун ҳам итоаткорлик билан, иложсиз шу ҳаётни қабул қилгандир.

Унинг бахтли ёки аксинча эканлигини билишга бўлган қизиқишим тобора ортиб борар, у айтмаса ёки айтишни истамаса-да, агар унинг қиёфасида бу акс этганида, балки, билиб олган бўлар эдим.

У билан гаплашган ҳолда, бу ҳақда ўйлашни давом эттирдим. Биз бир-икки оғиз сўз алмашдик. Буюмларни қўйишга мўлжалланган тўрга кўзим тушгач, яна миямда фикрлар айлана кетди: “Унинг учта фарзанди борлиги шубҳасиз: ширинликларни у рафиқасига, қўғирчоқни қизалоғига, барабан ва ўйинчоқ милтиқни ўғилларига ва ғоз жигаридан тайёрланган паштетни эса ўзи учун харид қилган.”

Қайта унга юзландим:

-Фарзандларингиз борми?

-Йўқ,- жавоб берди у.

Ўртада катта истиҳолни келтириб чиқарганим учун бироз ҳижолат чекдим.

-Мени кечиринг, хизматкорингиз ўйинчоқлар ҳақида гапирганида хаёлимга келганди бу фикр. Айрим вақтларда одам эшитиб турса ҳам англамайди ва мушоҳада этмай туриб хулоса чиқаради.

У ним табассум қилиб, жавоб берди:

-Йўқ, мен ҳатто уйланмадим ҳам.

Ўзимни ниманидир эслашга уринаётгандек кўрсатардим.

-Ҳаа, айтгандек, мен сизни таниган вақтда, янглишмаётган бўлсам, сиз де Мандал хонимга унаштирилган эдингиз.

-Ҳа, жаноб. Хотирангиз кучли экан.

Мен таваккал қилган ҳолда, гапиришда давом этдим.

-Мен кейинроқ де Мандал хонимни бошқа жаноб билан турмуш қургани ҳақида ҳам эшитган эдим. Ким эди-я…?

У хотиржам ҳолда унинг фамилиясини айтди:

-Жаноб де Флереля.

-Ҳа-ҳа, айнан. Шу хабар баҳонасида сизнинг яраланганингизни ҳам эшитгандим.

Унинг кўзлари  аллақачон қизариб кетган,  дўмдоқ ва доимий қон қуйилиши таъсиридаги қизғиш юзи янада қуюқ тус олганди. У тийраклик ва фавқулодда жўшқинлик билан жавоб берар, гўё ўзи бой берган ишни ҳимоя қилишга уринар, кўзлари ва юраги аллақачон мағлуб бўлган бўлса-да, у ўзгалар кўз ўнгида ўзини ғолиб кўрсатгани ҳаракат қиларди.  

-Аслида ҳам, унинг исми менинг исмим ёнида тилга олиниши нотўғри эди. Урушдан оёқсиз қайтганимда ҳеч қачон у менинг рафиқам бўлишига рози бўлмаган бўлардим. Бунинг имкони бор бўлган тақдирда ҳам. Инсон ўзининг олийжаноблигини кўрсатиш учун никоҳга кирмайди. Бу аҳд ҳар кунни, ҳар соат, ҳар дақиқа ва ҳар лаҳзани биргаликда яшаш учун тузилади. Бирор ким мен каби ногирон инсон билан ҳаётини боғлаган тақдирда, охири ўлим билан якунланувчи қийноқларга ўзини маҳкум этган бўларди. Мен барчасини тушунаман, чегараси мавжуд бўлган қурбонлик ва ўзни фидо этишдан завқланаман, буни қадрлайман. Лекин таскин бериб ўтиш учун  ўзининг бутун ҳаётини, бахтга бўлган умидларини, барча хурсандчилик ва орзуларини қурбон қилишига йўл қўйиб беролмасдим. Хонамда ёғоч оёқларим ва қўлтиқтаёғимнинг тегирмон шовқинига ўхшаш овозини эшитган вақтим асабийлашганимдан, хизматкорни ҳам бўғиб ўлдириб қўйишга тайёр тураман. Тушуняпсизми?  Қандай қилиб ўзимнинг бардошим етмаган ҳолатни унга раво кўраман? Сизнинг ўзингизга шу ёғочоёқларим ёққан бўлармиди?

Орага сукунат чўмди. Нима дейишим мумкин? Унинг ҳақлигини кўриб турардим. Мен уни қоралашим, таҳқирлашим, ҳеч қурса ноҳақ ҳисоблашим мумкинмиди? Йўқ… Барчаси умумий, ижтимоий қоидалар ва реаллик билан ўз ечимини топган ва бу менинг шоирона саволимни қаноатлантирмаётган эди. Бу қаҳрамонлик гўзал қурбонликни талаб этарди. Айнан мана шу қурбонлик ва фидоийлик менда етишмас ва бу бирдан ўзимдан хафсаламни пир қилди. 

-Жаноб  де Фрелернинг фарзандлари борми?- саволга тутдим.

-Ҳа, қизи ва икки ўғли бор. Ўйинчоқларни уларга олиб кетяпман. Умуман, улар менга нисбатан жуда яхши муносабатда.

Поезд Сен –Жермен қиялигидан ўтиб борарди. Туннелдан ўтгач, вокзалга етиб келиб тўхтади.

Мен ўзимнинг ёрдамимни таклиф этмоқчи ва мажруҳ офицерга тушишида кўмаклашмоқчи бўлдим. Ва шу вақт орасида эшик очилиб, икки қўл узатилди.

-Салом, қадрли Ревалер!

-Ў-ў, салом, Фрелер!

Эркакнинг ортида табассум қилганча, гўзал аёл турарди. У қўлқоп тақилган қўлларини, саломлашган каби, силкиб қўйди. Унинг ёнида қувончдан сакраётган қизалоқ турар, иккита ўғли купе юқорисидаги тўрдан отаси тушираётган буюмлар ичидаги ўйинчоқларга интиқ кўзларини тикиб турарди.

Ревалер перронга тушган вақти болалар ўзларини унинг қучоғига отишди. Кейин барча биргаликда йўлга тушди. Қизалоқ бўялган (лакланган) қўлтиқтаёқнинг бир бурчини ушлаганча, худди катта бир дўстининг қўлидан тутган каби унинг ёнида кетиб борарди.

Рус тилидан Наврўза Маҳамадхўжаева таржимаси

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг