БИЗНИ КУТИШАДИ

3
312
кўришлар сони

ҳикоя

Бобом терлаб кетган пешонасини чопонининг енги билан артади-ю, менга буюради: “Тезроқ юр, қўзим”.

Мен эса чарчаб кетган одам – юргим келмайди. “Дам олайлик” дейман мен. Бобом дам олишни ўйламайди. Кексаларнинг табиати шундай, ёши бир жойга бориб қолгач фақат кетишни ўйлайди, қаерларгадир кетишга шошилаверади.

“Бува, сен қачондир ўлиб қоласанми?” дейман мен. “Ҳа” дегани эшитилади. “Нега мени урушмайсан, бува?”, ёзғираман. “Нега урушай, қўзи”, сергакланади бувам. “Ахир сен мендан жуда каттасан. Мен кичкинагинаман. Муштим ҳам сенинг муштингдан нозик. Лекин сени сенлаб гапиравераман. Бир урсанг бўлмайдими мени”, баттар норозиман.

Бувам чопонига ўралганча, лом-мим демай кетаверади. Унинг феъли шунақа: иккита саволингдан нари борса биттасига жавоб беради. Гапиргиси келмайди. Гапни тежайди, сўзга хасис одам – у.

Ҳозир эса кетяпмиз. Бувам қаерга бораётганимизни айтмаган.

Тахминан бош-кети кўринмайдиган адоқсиз йўлдан кетяпмиз. Қишлоқдан чиқиб бўлдик ҳисоб. Буёғи икки ёни дала ва олислаб кетган кимсасиз йўл. Онда-сонда трактор овози эшитилмаса бошқа товуш йўқ. Мен, жимитдеккина бола чарчайман, бувам чарчамайди.

“Бува, сен ўлиб қолсанг момом бизга кимнинг чўнтагидан пул олиб беради?, бувамнинг қулоғига секин шипшийман, -Сен билмайсан, бува, момом –  ўғри. Лекин яхши ўғри. Уни шу ўғрилиги учун яхши кўраман. Фақат битта ёмон одати бор-да, сенга айтмасам бўлмайди. Бу одати яхшимас, менга ёқмайди. Бошқаларга қилса ишим йўқ, “сени яхши кўраман” деб туриб уйимизга аммамлар келишса, менга ҳам шу одатини қилади. Биласан-ку, бува, мен конфетни ёқтираман. Тишимни қара, — мен тиржайиб бувамга қарайман, бувам секин қарайди-ю, йўлида давом этади, ҳассасини тўқирлатиб, бир қўлини белига қўйиб яна юраверади, — турган гап менинг жаҳлим чиқади, аслида жаҳл нималигини билмайман, одам нимадандир норози бўлса, масалан, йиғлагиси келса, шу… жаҳли чиққан бўларкан, момом шундай деганди, тез-тез ўшқириб беради “Жаҳлимни чиқарма” деб, лекин у йиғламайди. Балки, мени алдар. Бувам билади. Лекин у ўлгудай камгап. Гапирмайди. Тилини кам ишлатади бувам. Балки, унинг тилида яраси бордир.

Ниманидир аниқлашга қизиққандай бувамни чопонини баридан қаттиқ тортаман. Бувам тўхтайди, шартта йўлига чиқиб оламан.

-Бува, сенинг тилингга яра чиққанми? – қизиқиб сўрайман.

Бувам мийиғида кулади, кулгига ҳам ўхшамайди, лекин юзида кулгига ўхшаган ифода пайдо бўлади.

-Бор, қўзи, мана, -деб оғзини катта очиб тилини чиқаради.

Қиқирлаб куламан.

-Тилинг бор экан-ку, бува. Нега кам гапирасан?

— Сен ҳам кам гапир, қўзим. Ўғил боласан, чўчоғинг борми ўзи сени? Одам кам гапириб кўп ўйлаши, фикр қилиши керак, қўзи. Ўғил бола деган камгап бўлади, – бувам ўзига ярашмаган камнамо кулгисини қилади.

Мен иштонимни шартта тушираман-у мана деб сўраган нарсасини кўрсатаман.

-Оббо, сен-е, булбулчаси бор бойвачча! -Бувам мириқиб кулади, бу яқин орада бундай кулганими кўрмаганим учунми, мен ҳам яйраб куламан.

Йўлда давомлаймиз. Бувам мендан момом ҳақидаги чала қолган гапимни тугал қилишимни сўрайди.

-Аммамлар момомни кўргани келса, дастурхондан конфет оламан деб энгашсам, момом орқамдан ўйиб олади – бақириб юборишимга оз қолади. Ўқил болалигим учун бақирмайман. У конфетни мендан қизғанади, лекин мен қизғанмайман. У ўғри, билдинг…

Бувам кулдими, хўмрайдими мендан олдинда юргани учун кўринмайди.

-Лекин сен ўлиб қолсанг, момом ўғирлик қилолмай қолади-ку. Ўлгунингча, чўнтагингга бир қоп икки юзталик пул яшириб кет, бува. Момом йиғлайди-я, сен ўлсанг.

Бувам яна индамайди – аниқ тилида яраси бор, гапиришига халақит беради.

-Бува, мени опичиб ол, катта одам эмасман, чарчаб кетдим, дейман мен. У эса опичлайди. Мени айтганимни ерда қолдирмайди.

Кетяпмиз. Бувам мени опичлаб олган, ҳассасини ҳам орқага олгани учунми менга тегиб кетади, тушаман деб тихирлик қиламан.

Туширади. Кетаверамиз.

-Қаерга боряпмиз, меҳмонгами, бува?

-Ҳа, қўзичоғим, меҳмонга. Мени кутишяпти. Тезроқ бора қолайлик. Мен у ерда қоламан десам, бир ўзинг уйни топиб бора оласанми?

-Ие, сен нега қоласан, бува? Ким у бизани кутадиган одам? Аммам билан поччамми?

-Йўқ, амманг эмас. Йўлдан адашмайсанми?

-Адашмайман.

-Яшавор, қўзи. Ўғил бола шундай бўлади. Дангал ва йўлидан адашмайдиган мард бўлади. Сен ҳам ўғил боласан, тўғрими?

-Кўрсатайми, -дейман мен.

Бувам яна хиринглайди, -қўй,  ҳадеб кўрсатуврма, топпот[1] уради, деб.

Кейин йўл элитади, уйқум келади, тўхтаймиз, дарахт соясида, майса устига ўтирамиз. Мен пинакка кетаман, бувамнинг чордонасига бошимни қўйиб.

***

Уни йўқолиб қолишини кутмаган эдим. Уйғонганимда у йўқ эди – ҳовли тўла қариндошлар эди. Оғилда ҳам, боғнинг тўрида ҳам йўқ эди, момом эса негадир йиғларди. Ҳамманинг кўзи ёшли эди – мен бу кўз ёшнинг сабабини фаҳмламас эдим…

***

Биз яна йўлдамиз. Мана, қўшнимизнинг уйидан ўтдик. Мен ирғишлаб боряпман, югураман, йўлда учиб кетаётган ниначими, капалакми ўшаларни қуваман. Ҳаллослаб-ҳаллослаб бир жойда бориб чўнқайиб момомни кутиб ўтираман. “Аликалнинг итидай намунча чопасан” деб ёзғира-ёзғира етиб келади момом.

Кетяпмиз. Меҳмонга.

-Момо, бувам бизни уйдан қочиб кетди-я.

-Ҳа, сен уни хафа қилибсан. Қочиб кетди.

-Мен унга кистангни икки юзталик пулга тўлдириб кет дегандим, айтганимни қилмай қочиб кетибди.

-Ҳа, буванг сендан хафа бўлиб қочиб кетган.

-Қочоқ чол экан-да.

Момомнинг жаҳли чиқади. “Ҳааа, яшшамагур, шумтака, бидирлайверма” деб қарғаб беради.

Мен лекин бувамни соғинган бўлсам керак, момомдан уни сўраб қисталанг қиламан.

-Уни қидирайлик, балки, меҳмондадир ҳалиям, ё биз ҳам ўша ёққа боряпмизми, момо?

-У сендан хафа. Келмайман деган. Нима қиласан бувангди? Юраверсин, сени ишинг бўлмасин.

Мен ерга ўтирволиб ариллаб йиғлайман. “Бувамни топиб келинг” деб хархаша қиламан.

-Ўғил бачаям йиғлайдими, болажоним, -деб юмшайди момом.

-Йиғламаса нима қилади? Йиғлагиси келса йиғлайди, сизни нима ишиз бор?

Давом этаман.

“Ўғил бола йиғламайди, ё сен ўғил боламасмисан?” деб койийди момом.

Худди ўзидек жаҳлим чиқади, “Кўрсатайми” дейман ўшқириб.

Момом қотиб-қотиб кулади.

“Узволиб чумчуққа ташлайман”, деб даккилайди.

Мен бу гапга қўрқадиган бола эмасман, лекин секин ўрнимдан туриб момомнинг ортидан эргашаман.

Жим кетаман.

Гапирмайман.

Бувам шундай деганди.

Лекин ичим қизиб бораверади.

-Момо, айта қолинг, қаерга меҳмонга кетяпмиз?

-Меҳмонга чақиришди, борайлик, танишасан.

-Бувам ҳам шундай деганди. У ким? Бизни кутяптими? Аммамларнинг уйи яқин-ку, ўша ёққа борайлик.

-Ўрлик қилма, бачам, борайлик, сен қайтасан, мен бирор ярим кун меҳмонга қоламан. Мезбонни куттириш ярамайди.

Ким у момомни шунчалик кутаётган… Бу шум кампир мени алдаб бувамнинг олдига кетмаяптимикан, ишқилиб деган гумонга бораман.

Йўл эса узоқ кўринади. Мен зерикаман. Зерикишим момомга ҳам юқишини хоҳлайман. Балки, шунда уйга қайтармиз.

-Эртага борсак бўлмайдими, менинг юргим келмаяпти, момо.

Момом яна уришиб беради. Тўхтаб, мени кутади. Лунжимдан чўзиб-чўзиб олади… Қўли…

***

Лунжимни кимдир чимчилаб олди. Унинг майин қўллари – бирдан англаб оламан. Тепамда у кўриниш беради – оқиш юзлари, лўппи яноқлари, кенг кўзлари.

-Сиз билан саёҳатга ҳам чиқиб бўлмас экан, -у аразлаган бўлади.

Ҳа, дарвоқе, биз тоғга айлангани келгандик-ку. Овқатланиб бўлиб у булоқ сувига термулиб хаёл сураётганида майса устига чўзилиб ухлаб қолганимни сезаман.

-Туш кўрдим, -дейман унга ўрнимдан туриб. Лекин юрмайман, яна ўтираман.

-Қанақа туш, -дейди у майса устига ўтирган кўйи.

-Оддий туш. Сени йўқотиб қўйган эмишман. Лекин келишингни истамай паришон турардим. Ўша пайт келсанг ҳам, келмасанг ҳам барибир экан менга. Сабабини сўрама, ўзим ҳам билмайман.

 У елка қисади, ажабланиб қараб туради.

-Ғалатисиз…

-Салкам шундайман. Юр, тоғга чиқамиз.

-Чиқиб келдик-ку, ортиқ тепага чиққим йўқ. Чарчадим. Кетсак ҳам бўлар.

Ортга қайтамиз.

 У шундай яхши қизки, унга уйланиб бир умр бахтли яшай олмасам керак деб ўйлайман. Тўғри, у мен билан ёлғиз тоғга айланишга чиқишга базўр кўнди, бундан хурсанд ҳам бўлдим, нега деганда, у мени самимий деб билади, балки, жуда ишониши ҳам мумкин. Мен ҳам ёмон одам эмасман, лекин унинг ҳақиқатларини парчалаб юборишни хоҳламайман. У билан танишганимизга кўп бўлмаган эса-да, минг йиллардан бери уни танигандайман.

-Нима ҳақида ўйлаяпсиз? – кутилмаганда жимликни бузиб савол беради.

-Кетаётган йўлимиз ҳақида.

-Шу холосми?

-Ва сен ҳақингда ҳам бироз ўйлаяпман, -унинг қўлларини сиқмоқчи бўламан, лекин у қўлини бермайди. Жим юриб кетаверади.

-Ўлим даҳшатли бўлса керак, -дейман мен. Сенсиз яна ҳам даҳшатлидек туюлади. Мен сени яхши кўрсам керак ҳар ҳолда. Сенсиз ўлиш сираям ёқмайди.

-Жиннимисиз, нима бало боядан бери ғалати гапларни гапиряпсиз. Кўзингиз илинганида жин-пин чалиб кетмадими?

-Қанақа жин? Мен жин ҳақида ўйламаяпман.

-Унда нега…

-Шунчаки мана шу йўлнинг сўнгги ҳақида ўйлаяпман. Йўлнинг охири ҳам бўлмаса керак. Агар рози бўлсанг, шу йўлни энг сўнгги қадамигача мен билан босиб ўт.

-Романтиксизмиеее… -у кулади. Табассуми нақадар ярашади юзига.

-Шу йўл сўнгида бизни нимадир кутади, унгача бу юришдан наф йўқ.

-Бахтми?

-Йўқ, у бахтдан кучлироқ бўлса керак.

-Бахт нималигини билмайсиз-ку.

-Биламан, жуда яхши биламан. Лекин у бахтдан ҳам қудратлироқ деб ўйлайман.

-Ўйламанг.

-Чанқадингми?

-Нега сўраяпсиз?

-Сув ичгинг келаётган бўлса керак, лабинг қовжираб бошлапти…

-Жинни!

Машиналар қатнайдиган катта йўлга яқинлашиб боряпмиз.

Мен негадир қўрқа бошлайман. Қаердан одамни топиб келади бунақа қўрқув? Кимлигини ҳам ошкор қилмайди.

-Юринг… -узоқдан чақиргани эшитилади.

***

Кимдир чақирди.

Хаёлимда бўлди, шекилли. Кафе ичи ниҳоятда жимжит. Мендан бошқа мижоз йўқ эди айни дақиқада. Фақат официант қиз кўриниш берарди аҳён-аҳёнда.

Қайноқ чойдан бир ҳўплаб, тамаки тутатиб ўтирибман. Соатимга қарайман – поезд жўнашига роппа-роса бир соат бор. Қишлоғимга кетяпман.

Қишлоқда қилажак ишларимни хаёлан режалаб олишга уринаман. Лекин бу хаёлни ҳеч бутун қилиб бўлмайди – сочилиб кетаверади.

Бу кафега ҳар куни кираман, лекин бунчалик кўп ўтирмагандим. Гўё кимдир кутаётгандай бўлаверарди, шунда шошиб ўрнимдан туриб кетардим. Ваҳоланки, кўчага чиққанимдан кейин ҳеч ким кутмаётгани, бамайлихотир ўтираверсам ҳам бўлиши ёдимга келарди.

Бугун бемалолроқман. Лекин бир соатдан кейин поезд жўнаши керак.

Кимдир кутаётгандек туюлмаяпти айни сонияда. Айни сонияда менда ҳеч қандай хавотир йўқ. Хавотир бор кунларимни ғаладонга бекитиб қўйгандек эмин-эркин ўтирибман.

Ҳозир бирор қиз кириб келса, уни гапга тутишим, ҳатто иссиқ чойга таклиф қилишим ҳам мумкин.

Лекин барибир бир соатдан кўп қололмайман. Поезд жўнайди ва мен кетаман ўша поездда.

Тобора ёлғизлана борарканман шаҳардан кетишим кераклигини чуқурроқ ҳис этаман.

Дунёда мен учун қадрли инсонлар камайиб бораётгандек туюлаверади. Уларни ҳеч охирги бор кўраётгандай сезмайман ўзимни. Улар кимдир кутаётганини баҳона қилиб кетиб қолишади ва шу кўйи кўриниш беришмайди.

Наҳотки, мени ҳеч ким кутмаётган бўлса, бир соатдан кейин жўнаши керак бўлган поезддан бошқа.

Официант қиз гапиради шу кез хаёлларимни бўлиб…

-Чой керакми, тугатибсиз.

Унга қарайман-у бирор бир илиқ гап айтгим келади. Им-илиқ гап эса ҳозир фақат ичимда. Тилим уни музлатиб қўйиши мумкин.

-Йўқ, мен кетяпман.

У менга қизиқсиниб қарайди.

-Кўчиб кетяпсизми?

Тураман-у унга маънодор жилмаяман. Мана, илиқ табассум – марҳамат.

-Кутинг, келиб қоларман бирор кун. Хайр.

***

Мен поезддаман.

Кетяпман.

Бизни кутишади…

Хуршид Абдурашид


[1] Иссиқ урмоқ, куймоқ

3 Изоҳлар

  1. Бизни кутишади…

    Муносиб сарлавҳа. Жонли ҳикоя.
    Муаллиф ва сайтга юксаклик тилайман.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг