ВАН ГОГ КАРТИНАЛАРИ

0
345
кўришлар сони

эссе

Эҳ, тушга нималар кирмайди-я. Кутган ва кутмаган нарсаларимиздан тортиб теграмизни нозик ўргимчак тўридек ўраб олган борлиқдаги ҳар бало бир марта бўлсин тушимизга кириб чиқади. Ўзимиз гувоҳи бўлган ҳодисалар, тафаккуримиз қизиқиш-у майл билдирган моддий ва номоддий нарсалар, юрагимизни энтиктирган ва ҳаяжонлантирган манзаралар, ўзимиз мансуб бўлган жамият ёки муҳит билан боғлиқ жараёнлар, шунингдек қалбимизга яқин одамларнинг гўзал ёки разил кўринишлари…

Уйқу давомида шу тушнинг таъсиридан тафаккуримиз чиқиб кета олмайди. Унинг ичида-унга кўчган борлиқни реаллик санаб, унга топиниб, ундан ажрай олмай яшаймиз. Ҳатто, тонг отгач ёки қўққис уйғонгач ҳам баъзи тушлар сабаб  ўзимизда енгил ноқулайлик сезамиз, гоҳида уларнинг таъсиридан чиқиб кетолмай кунлаб ўзимизга келолмай кун кечирамиз ёки ўзимизни ўзимиз хилватларда — кўпинча оқаётган сув қаршисида сўроқлаб ўтирамиз. “Нима, қачон, қаерда?” қабилида. Гоҳида эса таъбирга мурожаат қилиб китоблар титкилаймиз ёки зарур кишиларга маслаҳат илинжида сим қоқамиз.

Кеча умримнинг навбатдаги баҳори давом этар чоғида мен тушнинг энг ғаройибини кўрдим. Ким нима деса десин-у, лекин тушимда Лондондаги аукционда қатнашибман (Бу рости кутилмаган туш бўлди). Аукцион дунёга донғи кетган Лондон биржасига яқин бўлган ҳашаматли бинода бўлиб ўтибди.  Бу асосан машҳур рассомларнинг ижодий ишлари сотиладиган аукцион экан. Бинога зинапоялардан кўтарилиб, унинг залворли эшигини очиб ичкарилашим билан забардаст эшик оғаси инглиз тилида таклифномамни кўрсатишимни сўради. Эгнимдаги жигарранг пиджагимнинг ён чўнтагини кавласам қўлим қаттиқ қоғозга тегди. Олсам — ўртача ҳажмдаги таклифнома.

-Ўтаверинг, жаноб, — деди эшик оғаси уни ҳали кўрсатиб улгурмасимдан.

Мен бошимни ирғаб фойега ўтдим. Фойе катта ва узун эди. Унинг охирида ойнали эшиклари ортидан мўъжазгина зал  кўзга ташланарди. Оҳиста қадам ташлаб ўша ерга бордим. Иккиланишлар билан залга кирдим. Зал кичкина бўлса-да, лекин у ердаги одамларнинг кўплигидан остона ҳатлаган одамга каттадек таассурот уйғотар, шунинг учун бўлса керак бўсағадан ўтгач, бир неча сония нима қилишимни билмай каловланиб жойимда туриб қолдим.

-Марҳамат, жойингизни эгалланг, -деди юзи ўликларники каби совуқ, сочлари эса оппоқ бўлган, қўлларига оқ қўлқоп тақиб, эгнига кенг фрак кийиб олган албинос йигит қаршимга келиб. — Ҳозир аукцион бошланади!

Залдаги одамларнинг кўпчилиги аллақачон ўз ўрнига ўтирган, тик турганлари ҳам ўтириш учун тараддудга тушишганди. Мен бўш турган стуллардан бирига чўкдим. Ўнг томонимда мошгуруч соқолли, Чеховники каби пенсне таққан, қора рангга бўялган сочларидан кимёвий бўёқнинг ҳиди анқиётган мўйсафид, чап томонимда кўкраклари сал очиқ сарғиш кўйлак кийган, кўзлари остини беармон қора рангга бўяган, тирноқлари узун, шаддодгина аёл — иккиси ҳам нигоҳини рўпарадаги театр саҳнасига ўхшатиб безатилган, бир четида баланд минбар турган томондан узмай ўтиришар, мўйсафид орада дастрўмолини оғзига тутиб йўталиб қўйса, аёл шарқона елпиғичи билан ўзини онда-сонда елпиб қўярди. Назаримда улар мени келиб ўтирганимни сезишмади.

-Хонимлар ва жаноблар!- ўнг томондаги парда ортидан худди кўзбойлоғичлардек ими-жимида чиқиб, минбар олдида пайдо бўлган ўрта яшар, мўйлаби қалин бир эркак сўз бошлади. — Беш дақиқадан сўнг Ван Гог картиналарини аукцион орқали сотиш бошланади. Аукцион қоидаларини  яна бир марта эслатиб ўтаман: аукционда бугун  рассомнинг учта машҳур картинаси —  “Арледаги қизил узумзор”, “Оқ кийинган қиз”, “Кунгабоқарлар” навбат билан сотувга қўйилади. Қоида ўша-ўша. Ким кўп таклиф қилса, картина ўшаники бўлади. Картинани сотиб олган харидор аукцион тугагач, харид қийматининг  ўн фоизи миқдорига олдиндан чек ёзиб беради.

Унинг гапини йиғилганлар диққат билан тинглашди. Шундан сўнг, иккита барзанги йигит бояги парда ортидан Ван Гогнинг биринчи картинасини олиб чиқиб, минбар ёнида турган — деворга ёпиштириб жойлаштирилган, четлари бурама қиррали стол устига қўйди. Картинани ёпиб турган қизил бахмал мато олингач, йиғилганлар жўрликда бир овоздан  “оҳ” деб юборишди. Қаршимизда четлари зарҳал ромда  Ван Гогнинг “Арледаги қизил узумзор” картинаси турар, у импрессионизмнинг ҳар бир ашаддий мухлисини эсидан оғдириши кундек равшан эди.

-Картинанинг бошланғич нархи икки миллион фунт,- деди  аукцион шартларини янгитда тушунтириб ўтган мўйлабли эркак минбарга чиқиб, атрофдаги турли кайфиятда ўтирган одамларни бирма-бир кўздан кечираркан, қўлига гурзининг болачасини ёдга соладиган таёқни олиб, пуфлаб унинг чангини кеткиза бошлади.

Мен ҳеч нарсага тушунмай турганимда, бирдан ўнг томонимдаги мўйсафид қўлини баланд кўтарди ва хириллаб товуш чиқарди.

-Икки миллион икки юз минг фунт!

-Икки миллион икки юз минг фунт!- деди аукцион бошловчиси қўлидаги таёқчани минбарга бир уриб қўйиб.-  Яхши. Қани ким кўпроқ беради?

Чап томонимда ўтирган аёл пайт пойлаб қўлини кўтарди-да:

-Икки миллион тўрт юз минг фунт,- деди узун тирноқли бармоқларини сохта мулозамат қиладиган тантиқ аёллардек қимирлатиб.

Шу пайт мен тўсатдан кулиб юбордим. Қаҳ-қаҳ уриб, хахолаб, зални бошимга кўтариб кулдим. Кулишимга сабаб бўлган нарса шу эдики, негадир рўпарамдаги мойбўёқда чизилган расмга бунчалик катта пулни таклиф қилишаётганини ҳечам ақлимга сиғдира олмасдим. Шунинг учун кулардим. Бунча катта пулга мен туғилган шаҳарда пудратчи ташкилотлар тўрт қаватли касалхона ёки мактаб қуришлари мумкин эди.

-Кечирасиз, халақит берманг,- деди кулавериб кўзларим ёшланиб кетганини ва букчайиб қолганимни кўриб ташкилотчилардан бири олдимга келаркан.

Унга қўлим билан ҳаммаси тушунарли дегандек ишора бердим. У кетди. Ван Гог картинасининг нархи эса фурсат ўтгани сайин ошгандан ошиб бораверарди. Унинг баҳоси арифметик эмас, геометрик прогрессияда ўсиб борар, одамлар билдирган таклифдаги рақамларнинг миқдори соғ одамни ақлдан оздириш хусусиятига эга эди.

Мендан нарироқда ўтирганлар қўшниларимга нисбатан гоҳ баланд нарх таклиф қилишар, гоҳ нарх борасида қўшниларим улардан ўзиб кетишарди. Бу от пойгаси ёки югуриш мусоқабасига ўхшарди. Қани ким ўзади? Қани ким биринчи? Охири картина сотилди. Мендан сал нарироқда ўтирган жиддий, бўйинбоғли жаноб унга барчадан кўпроқ пул таклиф қилди.

-Илтимос, картинани авайлаб ичкарига олиб киринглар, -деди у чек ёзиб бераркан ташкилотчиларга қарата хавотир билан.

Бошловчи таёқчасини минбарга уриб қўйиб, картина қанчага сотилганини яна бир марта қайтарганди мен бу гал ҳам кулиб юбордим. Боягидек қаҳ-қаҳ уриб, хахолаб ва баланд овозда.

-Сиз ҳалитдан бери нега куляпсиз ўзи?- сўради ўнг томонимдаги мўйсафид тутоқиб. — Циркда ўтирганингиз йўқ-ку! Аукционда ўтирибсиз, аукционда!

-Тарбияли кишилар жамоат жойларида ўзларини тутишни билишлари керак, — деди чап томонимдаги аёл мендан ирганиб. — Акс ҳолда, бизни варварлардан фарқимиз қолмайди. Э, ўлсин вандализм!

Уларнинг нозик танбеҳларидан кейин бошқалар мен томонга ғижиниб қарай бошлашди. Ғаламислик қилаётганимни юзимга айтишмаса-да, нигоҳларида менга нисбатан нохуш ўй пайдо бўлганини англадим. Ташкилотчилар ҳам ўзимни назорат қилишимни яна бир бор илтимос қилиб кетишди.

Ван Гогнинг қолган икки картинаси биринчисига қараганда анча баландроқ нархларда сотилди. Роса тортишувлар эвазига энг баланд нархда “Кунгабоқарлар” сотилиб, иштирокчиларда унинг янги эгасига нисбатан ҳавас уйғонди. Уни чап томонимдаги аёл харид қилди.

-Ўзи шу картина учун бу ерга келгандим, — деди у қўл телефонидан кимгадир қўнғироқ қилишдан аввал роҳат билан керишаркан. Дам ўтмай телефонини қулоғига тутди. — Азизим, мени яхшилаб эшит. Анави картина бизники бўлди. “Кунгабоқарлар” бор-ку, ўша.  Ван Гог уни мен учун чизиб кетган демаганмидим сенга. Энди у меҳмонхонамизни безайди, хонадонимизнинг тароватини очади. Ювош синглимни меҳмонга келганда уни кўриб оғзи пашша киргудек ланг очилиб қолишини ҳозирдан тасаввур қиляпман.

Аукцион ўз якунига етганида мен негадир яна кулдим. Бу сафар қарсак чалиб кулдим. Кулаётганимда ҳеч кимга қарамадим, бошимни осмонга кўтариб бўри каби увилладим, холос. Қарсак чалаётганимда  кўзларимни катта-катта очиб, ҳар ёнимга тикилиб, кафтларимни бир-бирига оғриб кетгудек даражада уриб қарсак чалдим. Лабларим эса фақат битта сўзни пичирларди.

-Ван Гог! Ван Гог! Ван Гог!

Терга пишиб ногаҳон уйғониб кетганимда аллақачон ғира-шира тонг ота бошлаган, олис бўлмаган ердаги масжиддан муаззиннинг ширали азон товуши эшитиларди. Баҳорнинг яна бир мусаффо тонги замин узра отаётганди. Дераза олдидаги гуллаган ўрик кайфиятга ижобий таъсир қилар, унга тикилганча бир финжон сутли қаҳва билан соатлаб у ердан кетмай туриш мумкин эди. Шунда ҳам зерикмасди киши, аксинча ширин орзуларга берилиб, мана бу шиддат билан ўтаётган бевафо вақтни ва борган сари сариқ чақалик қизиғи қолмаётган бўм-бўш, шовқин-сурондан иборат бўлиб бораётган замон нафасини ҳис қилишни унутар ҳамда лойдан қорилган юрагида азалдан муваққат бўлган туйғу-табиатга нисбатан беғараз ошноликка бутун вужудини сафарбар қиларди.

Бу тонг якшанба тонги бўлгани учун ҳам қайсидир маънода мен учун азиз ва мукаррам эди. Чунки, ҳар гал зерикарли иш жойимда келишини қон-қақшаб бир ҳафта кутадиган кун ҳаётимда ўзгача ўрин тутар, мен шу куни йигирма тўрт соат мобайнида ўзим истаганча умримни тасарруф қилардим. Баъзан севимли китобимни ўқисам, баъзан итим билан ёлғиз сайр қилгани чиқар, баъзан эса Шопенгауэр ва Гегелнинг фалсафасини таҳлил қилар ёки телевизор пульти ёрдамида бир бошдан кўнглимга мос телеканалларнинг дастурларини текшириб  чиқардим.

Бу сафар Бродскийнинг шеърларини ўқиб, кунни ярим қилгач, доимгидек телевизорни ёқдим. Телевизорда мана бир йилдирки, ёлчитиб фақат иккита канални кўраман: булар “Маданият ва маърифат” ва  Катта Оғанинг “Культура” каналлари. “Маданият ва маърифат” каналида битта бўйинбоғлик амаки  телемутолаа дастурида “Ўткан кунлар”ни томошабинга иштиёқ билан ўқиб бераётган экан. Қодирийнинг мазкур романини унга қўшилиб бир юз эллик биринчи марта ўқигим келмади ва пульт ёрдамида “Культура”га ўтдим. У ерда кинофильм намойиши бўлаётганди. Бу каналда машҳур ёзувчи, шоир, рассом ёки давлат арбоблари ҳақида мунтазам биографик кинофильмлар эфирга узатилар ва мен уларни интиқлик билан кутиб яшардим. Бугун ҳам шундай бўлаётганди.

-Винсент, сиз учун гўзаллик нима?

-Мен учун гўзаллик табиат, табиат эса худодир.

-Винсент, айтишларича сиз рассом экансиз?

-Ҳа, мен рассомман.

-Истеъдодингиз борми, у қаердан олинади? Бу яратганнинг туҳфасими?

-Унинг менга берган биргина туҳфаси!

Каналга ўтганимда унда тахминан шу мазмундаги диалог кетаётганди. Табиийки, кинофильм Ван Гог ҳақида эди. Мен уни шу ердаги — таржимаи ҳолида келтирилган жиннихонадаги эпизодидан бошлаб кўришда давом этдим. Экраннинг четида рус тилидан таржима қилинганда “Ван Гог мангулик бўсағасида” деб номланган ёзув турар, мен дақиқа сайин экрандаги воқеалар ичига шўнғиб кириб борар,  Ван Гогнинг кетидан хаёлан эргашиб юрардим.

Кинофильмда рассомнинг таржимаи ҳолидан кўчган кўп нарса бор эди. Унинг оғир табиати ва одамлар билан муроса қила олмаслигидан тортиб картиналарининг яратилиш тарихигача, жамиятдаги ёлғизлигидан тортиб йиртиқ пойабзалда, елкасига мольбертини ташлаб қишин-ёзин табиат манзараларини яёв  кезишигача…

Кинофильм сўнггида унинг ўлим манзараси кўрсатила бошланди. Ван Гог қандайдир ойнаванд даҳлизли хонанинг ўртасида тобутда ётар, унинг атрофига ўнтадан кўпроқ миқдорда ўзи бир пайтлар чизган картиналари териб қўйилган, укаси Тео таъзияга келгандан кўра шу картиналарни томоша қилгани — кўргазмага келган одамларни бир четдан ғамгин кузатиб турар, одамлар эса картиналарни кетма-кет кўздан кечириб, қўлларига олиб кўришар, манзур бўлган бирортасини қўлтиқларига қистиришгач унга чўнтакларини кавлаб майда чақа узатишар ва тобутда жонсиз ётган рассомга эътибор ҳам бермай ташқарилашарди. Афтидан, Ван Гогнинг укасида уни кўмгани ва тобутсозга тобут учун тўлагани пул йўқ эди ва у жаноза куни шу йўсинда дафн маросими учун пул йиғарди.

Экранга эътибор билан разм солиб, тушимдаги аукционда кўрган одамларга ўхшаш одамларни кўрдим. Улар тушимда кўрганларимга ниҳоятда ўхшаш, чамаси уларнинг ё аждодлари, ё ўхшаш чеҳралари эди. Мана, тушимда ўнг томонимда ўтирган мўйсафидга ўхшаш қария. Фақат у бошига узун цилиндр кийиб олганди. Одамлар орасида чап томонимда ўтирган аёл ҳам кўзга ташланди. У шарқона елпиғич ва қўл телефони ўрнига қўлига қора соябон ушлаб олиб, эгнига узун қора рангдаги ёпиқ кўйлак кийганди.

Ҳатто, тушимда кўрган Ван Гогнинг учта картинасини ҳам экранда кўрдим. Тўғри, қисман. Улар тахминимча бошқа картиналардан фарқли равишда тобутнинг нариги — экранга кўринмайдиган томонига тақаб қўйилган, одамлар уларни бир-бирига жилмайиб кўрсатиб томоша қилишарди. Ниҳоят, ўша картиналарни ҳам улар бирин-кетин олишди. Ван Гогнинг укасига чўнтакларини кавлаб майда чақа узатишди. Укаси уларга тавозеъ билан миннатдорчилик билдирди. Уларнинг чақа узатган қўлларига қарарканман, ушбу дам ҳам негадир кулгим қистади ва беихтиёр кулиб юбордим. Вақт ўтган сайин худди тушимдаги аукционда бўлгани каби қаҳ-қаҳ уриб, хахолаб ва баланд овозда кулдим.

-Ван Гог! Ван Гог! Ван Гог!- дедим аукционда бўлгани каби бўридек осмонга увиллаб ва қаттиқ-қаттиқ қарсак чалиб пичирларканман.

-Бунча баланд кулмасанг… Циркда ўтирганинг йўқ!

Хонага шошиб кирган онамнинг биринчи айтган гапи шу бўлди. У чўчиб уйғониб кетиб қўшни хонадан чиққанди. Мен телевизордан нигоҳимни олиб унга қарадим.

-Қанчалик зўр циркда ўтирганимни тасаввур ҳам қила олмайсиз, — дедим кейин бирдан жиддийлашиб.- Ишонинг, тасаввур ҳам қила олмайсиз!

2020 йил, март. Марғилон   

Шерзод Ортиқов

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг