ҚИЧҚИРИҚ ОРТИДАГИ ИЗҲОР

0
178
кўришлар сони

Сентиментал эссе

Атиргул ифорли атиримдан бўйнимга пуркар эканман, ҳаяжондан қўлларим титраётганини пайқайман. Ниҳоят, бугун сенга сўнгги имкон бераман. Бугун сен учун китоблару шоколад тайёрлаб қўйганим йўқ. Бугунги совғам ўта хавфли, айтилган манзилга қандай кўтариб бориш ҳам мени ўйлантирарди. Бой хонимлар учун уни қўлга киритиш чўт эмас. Лекин совғам сенга ёқмаслиги аниқ.  

Осло кўчалари тўла улов –кўпроқ тўладим ва вақтидан олдинроқ манзилга етиб олдим. Аёл киши бироз кечикиб бориши керак, деган қоидага ҳеч амал қилмаганман. Қаерга кечиксам ҳам – сен билан учрашувга кечикиш назаримда катта хато эди. Сен мени келишилган жойда – музей ёнида кутиб турардинг. Кўрганим заҳоти ҳар сафаргидек хурсандчилигимни яширмадим, кулиб саломлашдим. Сен кўзларингни яна олиб қочдинг, зимдан кузатдим шунда сени: кунлар исиб кетган эсада қора плашда эдинг, менга севимли сочларинг бироз ўсган, офтоб туфайли оппоқ юзинг қизаринқираганди. Очиғи, саломлашдик, сўнг нималардир ҳақда гаплашдик, ҳозир буни эслолмайман. Менимча, санъат, бугунги муҳит, топилмаларингу янги суратларинг ҳақда гапирдинг. Мен яна жим тингладим. Сени тинглаш доим менга ёқарди, орада саволларингга жавоб берарканман, чўнтагимдаги буюмни қўлим билан маҳкам қисиб турганимни пайқадим.

— Негадир безовтасан, Тулла? – сен ҳиссиётимни сездинг.

— “Қичқириқ”нинг яралиш тарихини айтиб бер, Эдвард,- дедим гапни чалғитиш учун, буни аввал ҳам эшитган бўлсам-да.

— Оқшом пайти шаҳар бўйлаб кетардим, таним чарчоқ ва касалликдан толиққанди. Қуёш ботарди – булутлар қизил рангга кирганди – ҳудди қонга ўхшаб. Назаримда, табиатдан қичқириқ овози эшитиларди, менга шундай туюлди. Шу картинани чиздим — қонли булутларни. Ранглар қичқирарди, – сен ўша лаҳзани қайта томоша қилаётгандек олисларга маъносиз тикилиб қолдинг. – Дарвоқе, уни тўлдиряпман, давом эттиряпман…

Тулла (Матильда) Ларсен

Айни пайтда менга бу суратнинг аҳамияти йўқ эди. Ҳозир тўрт йилдан бери қаршимдаги инсонга бор меҳру муҳаббатимни бағишлаганимга қарамай севгимни англаб етмаслиги оғир ботарди. Ёшим 29 да, сен-ку 35 ни уриб қўйдинг, ёш бола эмасдик, ҳархолда. Оиланинг нимаси ёмон ахир, нега кўнмайсан бунга?! Гўзаллигим қаршисида тиз чўккан ошиқлар эҳтимол отамнинг бойлиги сабаб менга уйланишни исташини тушунардим, аммо сенинг ўзгарувчанлигингни, баъзан менга эҳтирос билан боқиб, баъзан ўзингдан нари қилишингни сира ҳазм қилолмасдим. Рашк ўти тобора ақлимни ўтмаслаштириб қалбимни куйдирарди. Сенинг атрофингда аёллар кўп эди… Ҳа, ялонғоч аёлларга қараб туриб чизган суратларингни менга кўрсатар экансан, бундан сира ҳижолат чекмас, мен эса ўша ҳолатни кўз олдимга келтириб нақ хушимдан айрилардим.

— Мени бир кун ўлдирасан… — дедим пичирлаб.

— Музейга кирамизми? -дединг гапни чалғитиб.

Бепарволигинг баттар асабимни ўйнади. Балки сен ҳамон илк муҳаббатингни унутмагандирсан, деган қиринди ўтди дилимдан. Тўрт йил бирга бўлсак ҳамми? О, бу Милли сени рад этиб, бошқасига турмушга чиқиб кетгани заб иш бўлган экан. Энг ёмони, номинг танилиб қолгандан сўнг у сени яна эслаб қолгани, Эдвард. Аёллар шунақа – машҳур эркакларни ўзлариники бўлиши исташади. Мен эса сени, кимлигингдан қатъий назар – қалбингни севишимни қачондир тушунармикинсан?

Музейга боқдим: олиб келган буюмим бу ерга ўта шафқатсизлик қилади, деб ўйладим. Сўнгги бор сенга яна ўша саволимни такрорладим:

— Қачон қўлимни сўрайсан, Эдвард?

Эдвард Мунк

Сен жилмайиб қўйдингда, касса сари одимладинг. Қайтганингда мен аллақачон бу ерни тарк этгандим. Журъатим етмади режамни амалга оширишга. Йўл бўйи йиғлаб кетдим. Сенинг аламли ва изтиробли болалигингни ўйладим. Беш бешлигингда онангнинг сил касаллигидан вафот этгани, йиллар ўтиб севимли опангни ҳам касаллик олиб кетгани сенга аёл меҳри етишмаслигининг исботи эди. Ўта диндор отангнинг берган тарбияси, шохона ҳаёт, тинимсиз ичкиликбозликлар, асаблар тор-мор бўлиши, буларнинг бари сенинг картиналарингда намоён бўларди. Сен ўз туйғуларинг, қўрқувларинг, ваҳималарингни суратлар орқали ифода этардинг. “Суратларим – менинг кундаликларим”, дейсан доим. Шунинг учун қалбингни очиш мақсадида суратларингни соатлаб томоша қилиб турар, аммо ҳеч вақони тушунмасдим.

Сени меҳрсизликда, бешафқатликда айблагим келар, аммо нимадир бунга йўл бермасди. Охири нима қилиш кераклиги ярқ этиб хаёлимда чақнади. Сени ўзимдан ҳалос қилсам, қадрим бор-йўқлигини билиб оламан, деб ўйладим. Ўлимим сенга изтироб келтирадими-йўқми, шуни ўлардек билгим келди. Аммо чинакамига ўлсам, буни албатта билолмасдим. Гар севишинг маълум бўлса, қайта тирилолмасдим-да. Ўйин, бўлгандаям қалтис ўйин қилишга қарор қилдим.

…Мана, кенг хонам ўртасига ўрнатилган тобутда ётибман, атрофда шамлар ёқиб қўйилган. Бу ўйиндан хабардор дўстларим сени чорлагани кетишган: менинг севги йўлида меъёридан ортиқ дори қабул қилиб ўлганимни айтиш учун. Кўзларим юмуқ: эшик тиқ этса қулоғим хозир. Кутиш асрларга тенглашди. Ҳадемай, бари маълум бўлади: мени севасанми ёки йўқ? Тўрт йиллик муҳаббатимиз сенга заррача аҳамиятлими ё сароб…

Ниҳоят, сен келдинг, буни ҳансираб олаётган нафасингдан сездим. Аста тобутга яқинлашдинг. Шу пайт хўнграб йиғлаб юборасан ва жисмимни қучоқлайсан, деб кутдим. Ана шунда кўзларимни очиб бари ҳазиллигини, сени умрбод ташлаб кетолмаслигимни айтиб сочларингни силашни тасаввур қилдим. Бироқ… сен на йиғладинг, на мени бағрингга босдинг. Ортиқ кутолмадим. Сен билан музейга олиб борганим – хавфли совғам қўлимда турар, уни биқинимга яшириб олгандим. Шарт ўрнимдан туриб револверни аввал сенга, сўнг фикрим ўзгариб ўзимга мўлжалладим. Сен манзарадан шошиб қолдинг: тилинг калимага келмай, бир зум қотиб турдинг. Юзингда яна бераҳм ифодани кўрдим. Қаътийлик билан менга яқинлашдинг ва қуролни олиб қўймоқчи бўлдинг. Уни бермаслик учун маҳкам қисганимни биламан… сўнг ўқ овози янгради. Бир биримизга катта-катта нигоҳларимизни тикканча жимиб қолдик. Қўлимга илиқ нарса оқа бошлади: қарасам қон. Сенинг қўлинг жароҳатланганди.

«Қотил». Э. Мунк.

…Бу бизнинг сўнгги учрашувимиз эди. Шифохонада бармоғингни кесиб ташлашганини эшитиб, айбдорлик ҳиссидан ўлай дедим. Сен сурат солаётиб чап қўлингни ишлатмасдинг, барибир мени кечириш қийин! Ахир рассом учун бармоқлар нақадар керак! Сени нафақат маҳбуб, балки дўст сифатида ҳам йўқотдим. Мени кўришдан, учрашишдан қатъий бош тортдинг. Ўжарлигинг, қайсарлигинг сабаб узримни қабул қилмадинг. Умумий дўстларимиз сени руҳий ҳолатинг ёмонлигини айтишди. Шундагина катта хато қилганимни, ҳаётингда бир қадар ўрним бўлганини ва уни ўзим бой берганини англадим. Сени тинч қўйишга, аҳволинг ўнгланса яна ярашиб олишга қарор қилдим. Бироқ мени кўришни истамадинг. Бошқа бой хонимлар сингари йил ўтиб менам аламимдан сендан ёшроқ, сендан чиройлироқ бир рассомга турмушга чиқдим. Уям ажойиб суратлар солсада, менинг Эдвардим эмасди. Йиллар ўтиб Копенгагенедаги руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилганингни эшитганимдан сўнг виждон азоби қийнай бошлади мени. Айтишларича, руҳингни мен хароб қилибман. Бу ҳақда рўзномаларда ўқидим. Сен у ерда олти ой қолиб кетдинг… аммо кўргани боролмадим.

Кейинги тақдирингни билмайман. Аммо сурат чизишни ташламаганингдан, ижод қилаётганингдан хурсанд бўлдим. Европанинг турли шаҳарларида кезиб юришинг, у ерда янги асарлар яратишинг, кўргазмалар ўтказишингни билардим. Мен эса ажрашдим. Бўйдоқлигингни билсамда, ёнингга бормадим – сен ёшгина янги маҳбуба топган эдинг. Яна бахтимни топиш учун турмуш қурдим: у ҳам сенга сира ўхшамасди. Ғуруримни поймол қилиб, сен билан юзлашиш, айбдорлик ҳисси билан қаршингда бош эгишни истамадим.

Аммо баъзан фалон галереяда кўргазманг бўлаётганини эшитгач, бориб томоша қилардим. Улардан ўзимни излар ва кўпинча топардим ҳам. Энди-энди суратларингни маънисини чақяпман, Эдвард. Мана, “Соҳилдаги аёл” номли суратинг. Оқ либосли аёл денгизга термулиб кимнидир кутяпти. Ёнида эса қора кийимли қария. Балки Азроилдир, ким билади. Бу ёшлик ва кексалик ораси бир қадамлигини эслатади. Ўзи умуман барча асарларингда ҳаёт ва тириклик ўртасидаги жангни кўряпман. “Адам ва Ева” сурати эса мени ўзига боғлаб олди. “Нигоҳлар тўқнашганда” – хилватда бир-бирига изтироб билан қараб турган жуфтликдан ўтмишдаги муҳаббат изларини топишга уринаман. Ундаям фақат ўзимни – ташна муҳаббатимни кўраман, сени тополмайман… Менга бирор марта телбалардек боққанингни эслолмайман, Эдвард.

«Нигоҳлар тўқнашганда» Э.Мунк

“Ҳаёт рақси” картинасида эса ҳамма ўйинга тушяпти жуфт-жуфт бўлиб. Ўнг тарафда оқ, чап тарафда қора кўйлакли аёл ўртадаги қора либосли эркакка — сенга умид ва ранж ила тикилиб туришибди. Сен эса қизил кийимли аёл билан шодон рақс тушмоқдасан. Ниҳоят, ўзингни тасвирлабсан-да, севлигим? Аёлларга ўчлигингни, улардан бирига қаноат қилолмаслигингни, илҳом излаб, образ излаб уларни алмаштиришингни… “Операция столида” номли суратинг юрагимни зириллатиб юборди. Унда сен ўша отишмадан сўнг бармоғингни кесишаётганини аёвсиз тасвирлагандинг. Кўзимни чирт юмиб олдим.

«Ҳаёт рақси» Э.Мунк

Қалбимда яна оғриқ пайдо бўлди. Чалғиш учун бошқа суратлар сари суриламан. “Вампир” номли суратга қарайман. Сенга бу мавзу азалдан ёқарди. Эҳтимол, бу ерда қонхўрликни тасвирламоқчи бўлгандирсан, аммо мен бутунлай бошқача тушундим. Қизил сочли аёлнинг тиззасига бош қўйганча йиғлаётган ёки ўкинаётган эркак… Бу сенми, сенинг тавбаларингми? Ҳаммасидан чарчаганингда, кўнглинг ором топадиган маконингми ё? Ўша макон – мен бўлганимда эди, Эдвард, бунинг учун боримни беришга тайёр эдим. Мелонхолик туркумли суратлар жамланмасида ботинингдаги ёлғизликни теран ҳис қиламан. Соҳил сенга доим ёқарди. Ой нури сувда жилва қилганида унга тушкун тикилиб туришингни эслаб, хўрсиндим.  

«Вампир» Э.Мунк

Кейин эса иккимиз тасвирланган автопортрет қаршисида узоқ қолиб кетдим. Малла сочларим ёйилган, кўзларим бежо боқарди. “Қотил” деган сурат эса баридан ошиб тушди… Унда совуққон тарзда сенинг жонингга қасд қилаётган сипогина аёл – мен тасвирлангандим. Шу лаҳзаларда мени фақатгина рашкчи телба сифатида ёд этиб туришингни тушундим. Ҳеч қачон маъсума маҳбубангдек эсламагансан мени.

Ва ниҳоят, “Қичқириқ”нинг янги яратиқларига кўзим тушади. Улар аввалгидан кўра бироз ёрқинроқ эди. Қизил ранг қонни эслатади. Қичқираётган сенми, Эдвард? Нега бунчалик қалбинг ларзага тушган экин? Ўша отишма ёдимга тушади. Ўшанда сени ўлдирмоқчи эдимми, ўзимними, билмайман. Сен ҳам, мен ҳам тирик қолдик, аммо севгимиз ўлди! Севгимга аза тутиб бу ҳаётда ғимирлаб юрибман. Сен эса янги Мадонна излаб Парижу Берлинда кезинасан. Ҳамон рашк ҳисси мени эзади…

Галереядан чиққанимда шом тушиб қолганди. Уйгача пиёда юргим келди. Шовқин шаҳарда одамлар бир нарсадан қуруқ қолгандек шошиб елиб югуришади, ялтираган машиналар сигнали оламни тутади, йигирманчи аср кириб келгандан бери назаримда ҳаёт тезлашиб кетгандек туюлади менга. Ҳамма нарса шунчалик ўзгариб кетдики, ҳатто туйғуларнинг ҳам қадри қолмади. Хориб ўриндиқлардан бирига ўтирдим ва сумкачамдан елпиғич чиқариб елпина бошладим. Шу он нигоҳим олисларда – қип қизил бўлиб ботаётган шафаққа тушди. Ўша лаҳзада дунёдаги энг ёлғиз одамдек сездим ўзимни. Бақиргим, қичқиргим, дод солгим келди. Аммо ундай қилолмадим… Йигирманчи асрнинг нозиктаъб, маданиятли, такаллуфли кишилари сингари юзимда қилт этган исён оловламади. Ёнимдан бош ирғаб ўтиб кетаётган савлатли эркаклар, ўзларига илтифотли ошиқ излаб сайрга чиққан хонимлар, нарироқдаги опера театрига ошиқаётган дидли зиёлилар – ҳаммасининг юзи бир-бириникига ўхшар, сохта жилмайиш ва мағрур димоғлар аро ўзимга қадрли бир юзни излардим. Аммо тополмасдим… Эдвард, бошқаларга сира ўхшамаслигингни, нега айнан сени танлаганимни ўшанда англадим. Сенда сохталик йўқ эди. Ўзингни борингча тутар ва шундай қабул қилишимни истардинг. Менга ўзингни кучли севадигандек қилиб кўрсатмас, бошқа ошиқлар сингари романтик мактублар битмас, гуллар жўнатмасдинг. Сен доим асл санъат учун ғоялар излар экансан, уни мана бу сохта инсонлар ичра эмас, алам ва изтироб чеккан кўнгиллар ичидан қидирардинг. Топардинг ҳам. Энг катта бойлигини йўқотдек миллионердек шалвираб уйимга қайтдим.

Ҳеч ким йўқ муҳташам хонамда овозим борича қичқирдим. Исмингни айтиб бақирдим-чақирдим, дод солдим. Сўнг менга совға қилган ягона картинангга термулганча унсиз йиғладим. “Қачонлардир бу суратинг ҳам, бошқалари ҳам туғилиб ўсган юртингдаги мўъжаз музейда қад ростлаб туради, Эдвард. Машҳур рассом Мункнинг асарларини кўриш учун дунёдан мухлисларинг ташриф буюради… Сен тарихда қоласан. Бунга ишонаман. Афсуски, бизнинг исмларимизни ҳеч қачон бирга тилга олинмайди. Мени рассомнинг бир бармоғидан айрилишига сабаб бўлган, натижада суратлар чизишига қийинчилик туғдирган бир шаддод ва эрка аёл сифатида ёд этишади. Келажакдагилар бугунги одамлар каби қалбимда нелар борлигини ҳеч қачон билишмайди, Эдвард. Зеро, уларга бунинг қизиғи йўқдир. Сенки, мени ташлаб кетган экансан, улардан не ранж? Қалбимдаги оташин муҳаббат ўлганимдан сўнг мен билан қабрга киради ва изсиз йўқолади. Эҳтимол, яратган асарларингни қайсидир тасвирларида яшаб қолар у… Ким билсин, дейсан?”

Муаллифдан изоҳ. Модернист рассом Эдвард Мунк Тулла (асл исми Матилда)дан илҳомланиб бир талай ёрқин суратлар яратган. Уни ёқтирган аёллар кўп бўлсада, бир умр бўйдоқ ўтган ва 80 ёшида вафот этган. 

Мункнинг вафоти

Нодирабегим Иброҳимова, 21 март.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг