Кумуш ЎСАРОВА. Шеърлар

0
145
кўришлар сони

Кўклам нафасига туташган боғлар,

Измидан исиниб яшайди бахтим.

Соғинч куртагидан мевалар туйган,

Эй менинг дарахтим, оппоқ дарахтим!

Кузги ҳаволардай ҳаволан юрак,

Икки кўзим аро тутамасин ор.

Зулматлар бағридан мени ҳайдаган,

Шу боғнинг ичида чексиз хаёл бор.

Атирлар бўйига тор келса ишқим,

Музни эритмаса қуёшранг тафтлар.

Ўзимни ўзимдан қизғонса рашким,

Дуога очилмай қўйганда кафтлар.

Сесканиб кетаман самога қараб,

Кимдир юрагимга айтади алёр.

Сен бахтли бўлолдинг, минг йиллар яшаб,

Дея таъқиб этган мингта савол бор.

Илдизим ёнига экилди ниҳол,

Ишонч деган нарса ўсди ёнимдан.

Энди мен яшашга тутмасам малол,

Исён ошиб чиқмас қонимдан.

Кўнглим қудуғига қуйганича дард,

Қадрини йўлимга қилганча увол.

Билсанг, жаннатмакон Жиззах томонда,

Мени шоир қилиб туққан аёл бор!

* * *

Кўнглингни уз, дедим жилмайиб,

Кўнгил бу — ип эмас, дединг асабий.

Барча умидларинг бўлганди майиб,

Менинг қувончларим кўзимда табиий.

Бир кун учрашамиз, дединг охири,

Боғламоқчи бўлиб ишқ риштасини.

Аммо аввалгидек бўлмас теп-текис,

Йўқ қилиб бўлмайди тугунчасини!

***

Кираверинг, бу хона сизга,

Бир ўриндиқ ва битта шкаф.

Энди мўжаз юрагингизга,

Сололмайди бирортаси хавф.

Бу ошхона, бу меҳмонхона,

Ҳохлаганча кирсангиз бўлар.

Бу эшикка қараманг зинҳор,

Бу хонада яшайди шеърлар.

Таажубланиб қарайсиз менга,

Кўзингизда мингта савол бор.

Дейсиз: Ҳайвонлардан қочган эдим-а,

Ҳайвон билан яшамоқ душвор.

Мийиғимда куламан секин,

Жим туради, келмас кетгиси.

Тушун синглим, бу шеърлар шермас,

Ўртада бор (‘) тутуқ белгиси!

*  *  *

Мен денгизни яхши кўраман,

Балиқчалар чўмилган денгиз.

Шу сўзданам рашк қилгувчи зот,

Мени сувдан қизғонмадингиз.

Оқиб кетди илоҳий туйғу,

Ёмғирзорда адашди ҳилол.

Кўнглингизнинг соҳилларига,

Юзин уриб йиғлайди висол.

Мен сизни хам яхши кўраман,

Денгиз ҳамда Сўзданам кўпроқ.

Ай, пойтахтнинг эркатой ўғли,

Юрагимга келинг яқинроқ.

Тик қарайман ҳаддимдан ошиб,

Сўнг чўкаман кўзларингизга.

Мен севаман, чиндан севаман,

Хожат йўкдир бошқа денгизга..!

***

Мен жуда чарчадим. Иш кўп чунонан,

(Хатларни очиб кўр. Рўйхат. Дарслик).

Мен сенга хиёнат қилмаганимдай,

Сенга ҳеч хиёнат қилмайди жимлик.

Қўлимда аччиқ чой. Нигоҳлар олис,

Кўча. Шовқинларнинг азиз макони.

Хом тупроқ сочиб ўйнар болакай,

Ахир йўқ эди-да бошқа имкони.

Мана, сен келяпсан қўлинг совқатиб,

Ёки сокинликдан бормиди қасдинг.

Хиёнат устида қўлга тушириб,

Бу шўрлик жимликни пардага осдинг!

***           

Изтиробга тўла бу уйдан,

Шошиб чиқиб кетаман ишга.

Кўчадаги ғала-ғовурдан,

Фурсат йўқдир назар солишга.

Кутганим сен, талпинганим сен,

Йўл қаърида кўзларим тонди,

Хабар берди бир сутчи аёл,

Етиб келинг уйингиз ёнди.

Ҳеч қўрқмадим ва шошилмадим,

Ёнсин дедим дардимнинг бари,

Назаримда чирсиллаб ёнар,

Изтиробнинг қобирғалари.

Қарғаларнинг жанжалларидан,

Тутаб борар ҳар куни севгинг.

Бутун бошли юрагим ёнди,

Сутчи аёл қаерда эдинг?

ҚЎШНИ ЙИГИТГА

Ўртамизда нима бор дединг,

Ўртамизда севги бор шаксиз.

Етарлича ҳурмат, эхтиром,

Етарлича меҳр шубҳасиз.

Ўртамизда кўринмас тоқат

Ва озгина масофамиз бор.

Ўртамизда девор бор фақат,

Ўртамизда бошқа нима бор!

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг