Осмонга қараб шеър ўқиган аёл

0
173
кўришлар сони

ёки Белла Аҳмадулинанинг ижод йўлига назар

Белла Аҳмадулина номи рус шеъриятида ўчмас из қолдирган. Дилбар ва жозибали сатрлар етиб бормаган кўнгиллар йўқ эди, десак адашмаймиз. У кўплаб эсселари билан ҳам адабиёт хазинасига катта ҳисса қўшган. У шахсан ўзи таниш бўлган ижод вакиллари Владимир Набоков, Анна Ахматова, Марина Цветаева ва бошқалар ҳақида ўз хотираларини битиб қолдирган. Айтиш керакки, Аҳмадулина йигирманчи асрнинг серқирра ижодкори эди: шоира, адиба, таржимон.

Болалик йиллари

Изабелла Ахатовна Аҳмадулина 1937 йилнинг апрел ойида Москва шаҳрида зиёли ва ўзига тўқ оилада дунёга келди. Белланинг отаси министир ўринбосари, онаси бўлса таржимон бўлиб ишларди. Унга Изаббела исмини бувиси қўйган. Бунга сабаб 30чи йилларда совет давлатида Испания ва унга боғлиқ номлар анча оммалашганди. Испанча исм олган рус қизи кейинчалик ўз асарлари сўнггига қисқача Белла деб ёзадиган бўлди.

Белланинг томирларида турли миллатлар қони оқарди: татар, рус, итальян. Унинг тарбияси билан асосан бувиси (она тарафдан) шуғулланар, сабаби ота-онаси жуда банд кишилар эди. Айнан Надежда буви унда мутолаа ва классик адабиётга бўлган муҳаббатни шакллантирди. У набирасига Гогол ва Пушкин асарларини тез-тез ўқиб берарди.

Сарсон даврлар

Уруш йилларида Белланинг отаси фронтга жўнади. Қизчани эса Қозонга, нариги бувиси (ота тарафдан)га топширишди. Афсуски, Белла бу ерда бувисининг эътиборсизилиги туфайли соғлиғини йўқотди, ўлим тўшагида ётганда онаси етиб келди. Вақтида берилган ёрдам туфайли Белла яшаб кетди. Уруш тугаши билан Белла онаси билан пойтахтга қайтди ва мактабга чиқа бошлади. Белла дарсларни кўп қолдирар, фақат адабиёт фанини сира ўтказиб юбормасди. У ёшига нисбатан ижодга эрта кириб келди ва кичиклигидаёқ ҳеч қандай имловий хатоларсиз иншолар ёза бошлади.  

Шеъриятга қадамлар

Унинг илк шеърлари айнан мактаб даврида, пионерлар уйида туғилди. 15 ёшида ўз услубига эга шоира мақомига эришган эди. Биринчи марта 18 ёшида адабий журналларда шеърлари босилди. Икки йил ўтиб  «Комсомольская правда» газетасида унинг шеърияти танқид қилинди. Сатрлари ўта эскича экани, совет руҳияти етишмаслиги таъкидланди.

Белланинг ота-онасига унинг адабиёт йўлидан кетиши маъқул келмади –улар қизини журналист бўлишини орзу қилишарди. Катталар раъйига қараган қиз журналистика факультетига хужжат топширди. Бахтига имтиҳонлардан йиқилди. Шунга қарамай ота-онасининг иродаси билан  «Метростроевец» газетасига ишга кирди. У ерда нафақат мақолалари, балки шеърларини ҳам чоп этарди. 

Талабалик бахти

Келаси йили эса ўзи орзу қилган Адабиёт институтига ўқишга киришга муваффақ бўлди. Аммо 1959 йилда у айрим сабабларга кўра ўқишдан ҳайдалди. Белла  «Литературной газеты» нашрида фаолиятини давом эттира бошлади. Тез орада бош муҳаррир Белладаги иқтидорни кўриб уни институтдаги ўқишини тиклашига ёрдам берди. Аҳмадулина 1960 йилда диплом олди.

Кетма кет чоп этилган китоблар

Орадан икки йил ўтиб Белланинг илк шеърий тўплами «Струна» (Соз) дунё юзини кўрди ва кўп ўтмай мақтовларга кўмилди. Энди қизни ҳам ижодий учрашувларга таклиф эта бошлашди. Унинг енгил, тиниқ, шаффоф сатрлари юракларни эгаллади. 1968 йилда иккинчи шеърий тўплами  «Озноб» (Титроқ) чоп этилди. Бир йил ўтиб эса «Уроки музыки» (Мусиқа дарслари) нашрдан чиқди. «Метель» (Бўрон), «Стихи» (Шеърлар), «Свеча» (Шам) шеърий тўпламлари кетма кетликни давом эттирди.

70 йилларда Белла Аҳмадулина Грузияда бўлди. Бу мамлакат унда катта таассурот қолдирди. Натижада «Сны о Грузии» номли шеърий тўплами яратилди. Шунингдек, у Галактион Табидзе, Николай Бараташвили, Симон Чиковани каби грузин шоирларининг шеърларини русчага таржима қилди.  

Кино ва шеърият

Аҳмадулина иккита фильмда суратга тушган –“Шундай йигит мавжуд” ва “Спорт, спорт, спорт”. Биринчи фильмда у 22 ёшида журналист қиз ролини ўйнаб чиққан. Иккинчи картинада эса ўз шеърларини спортчиларга ўқиб берган. Атиги икки марта кинода кўриниш берган бўлсада, унинг романтик шеърлари ва қўшиқлари турли фильмларда тез-тез янграб турарди. Масалан, “Тақдир ҳазили ёки қушдек енгил бўлинг” фильмида Белла Аҳмадулина шеърларидан фойдаланилган, уни Алла Пугачёва ижро этган. “Ишдаги ишқ” фильмида ҳам Белланинг шеърий тўплами режиссёрга ас қотган. Шоира кўплаб халқаро адабий фестивалларда иштирок этган.    

Биринчи муҳаббат

Ўн саккиз ёшли дилбар шоирага ошиқлар кўп эди. Улар орасида таниқли шоир, ёзувчи, киносценарист ва актёр Евгений Евтушенко ҳам бўлиб, у Беллани бир кўришдаёқ севиб қолганди. Евгений ўз хотираларида уни биринчи муҳаббати сифатида таърифлар ва гўё қиз болага эмас, санъат асарига боққандек қараганини эсларди. Уларнинг севги қиссаси бир роман бўлгулик эди. Тез-тез тортишар ва дарҳол ярашиб олардилар. Евтушенко унга атаб шеър битишдан тинмасди. Уларни тез-тез Москва кўчаларида сайр қилган ҳолда учратардилар.

Жуфтлик 1955 йилда турмуш қурди. Белла суйганидан фарзанд кўришни жуда истарди. Бироқ Евтушенко бошқа шоирлар сингари болалар ижод қилишга ҳалал беради ва эркинликдан маҳрум этади, деб ҳисобларди. Аёлнинг кўнгли синди. Евгений бу истакни рад этиб, суюмли рафиқасининг меҳридан ҳам айрилаётганини ўша пайт билмас, кейинчалик эса афсус чекканди. Ўртада жиддий келишмовчиликлар чиқмади, аммо севги сўнди. Евгений Белланинг муҳаббатини қайта қозонолмади. Уч йиллик турмуш ниҳоясига етди. Кейинчалик болажон Белла етимлар уйидан қизча асраб олди. Турмушга чиқиб, ниҳоят азалий орзусига ҳам етди: қизли бўлди. Бироқ у фарзандларини азалий муҳаббати Евгений билан тарбиялашни жуда истаган эди. 

Умр шомида

Шоира ҳаётининг сўнгги йиллари оғир ўтди. У ҳасталаниб қолди. Белла пайпасланиб базўр юрар, сабаби бутунлай кўз нуридан айрилганди. Шеър ҳам ёзолмай қолди. Жарроҳлик амалиётидан тўрт кун ўтиб, 2010 йил 29 ноябрда Изабелла ҳаётдан кўз юмди. Афсонавий ижодкор билан видолашиш маросими пойтахтда, Марказий адабиёт уйида камтарона тарзда бўлиб ўтди. Унга фақат яқинлари ташриф буюришди. Белланинг асранди қизи Анна полиграфия йўналишида таълим олиб, китоб босмахонасида фаолият юритади. Ўзининг қизи Елизавета эса онасининг изидан бориб Адабиёт институтини тамомлади.    

Шеър –умр мазмуни

Ҳамиша қора либос киядиган, ингичка бармоғига узук тақишни канда қилмайдиган шоира осмонга тикилиб майин овозда шеър ўқишни яхши кўрарди. Аҳмадулинанинг шеърияти ўзига хос, очиқ ойдин бўлиб, ички оламни ташқи олам буюмлари: янги ихтиролар (магнитафон, самолёт, светофор)  ва эскича буюмлар (шам, ҳовли) билан боғлаб ёзарди. Шеърият –унинг бор йўғи эди, йўл йўлакай учраган арзимас ҳолатлардан ҳам фантазиясини ишга солиб янги образлар ярата оларди. Ҳамиша сўз бойлигини ошириш пайида бўларди. Аҳмадулина шеърларидаги ритмда динамика муҳим роль ўйнайди. 2013 йил 9 февралда Россия федерацияси президенти В.Путин Аҳмадулинанинг шеърларини адабиёт дарсликларига киритиш ҳақда фармон берди.

Ўзбек тилида

Шоиранинг бир қатор шеърлари моҳир таржимонлар меҳнати билан ўзбек мухлисларига етиб келган. Жумладан, «XX аср рус шеърияти» абадий-бадиий нашридан (Мирпўлат Мирзо таржималари) ўн беш нафар забардаст рус шоирлари қаторида Белла Аҳмадулинанинг ҳам шеърлари жой олган. Аҳмадулинанинг “Гунглик”, “Хайрлашув”, “Ойпарастлар”, “Гуржи аёлларин исмлари”, “Шеърият куни”, “Меҳр”, “Апрел”, “Бўрон”, “Куз”, “Манзара” каби шеърлари ўзбек тилида ҳам дилбар ва тиниқ янгради, ўз мухлисларига эга бўлди.  

Нодирабегим Иброҳимова.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг