ДУО

0
129
кўришлар сони

Ёмғир билан ер кўкарар,

Дуо билан эр кўкарар.

(Мақол)

Якшанба. Оқтепада бозор. Бозорга атроф қишлоқлардан одам оқиб келади. Биров тракторда, биров машинада, биров мотоциклда, яна кимдир отда, аллаким эшакда бозорга ошиқади. Биров ҳўкиз етаклаган, биров қуй судраган, аллаким қоп орқалаган, кимдир сумка кўтарган. Хуллас. ҳамма бозорда ўзи юмуши билан банд. Биров билан бировнинг иши йўқ…

Бозор гавжум. Савдогар молини қиммат сотиш пайида, харидор арзон олиш илинжида. Қочган ҳам, қувган ҳам худо дейди. Бирор нарсани қиммат олган ҳам, сифатсиз олган, арзон сотган ҳам  якдиллик билан «бу бозор-да» дея ўзини овутади.   Азалдан шундай — бозорга борган одам бировни айбламайди. Бозорнинг одати шундай — кимдир яхши нарса олади, кимдир аксинча, лекин ҳеч ким бировни ёмонламайди. Бир ҳисобдан шунисиям маъқул. Бўлмаса, бозор туфайли қанча можаро чиқарди. Янаям ким билади…

Жозил ака анчадан буён бўрдоқига боқилаётган ҳўкизини яхшигина нархга сотди. Рўзғори учун зарур бўлган — хотини қайта-қайта тайинлаган нарсаларни харид қилди. Тағин бир бор эслаб кўрди. Яна нималардир эсидан чиққан экан, уларни ҳам олди. Уйига қайтмоқчи бўлиб бозор дарвозаси томонга юрди. Дарвозадан чиқаркан, эллик қадамча олисроқда тумонат одам йиғилиб турганини кўрди. Жозил аканинг кўзи дорда ўйин кўрсатаётган дарбозга тушди. Яқинроқ борди, дорбозларни ўйинини тамоша қилгиси, чигалини ёзгиси келди. Дорвознинг атрофида тамошабинлар оқими борган сайин кўпайиб борарди. Аввалдан шундай «дорбоз келибди» дейишса бўлди, тирик жон борки шу ёққа интилади. «Ҳар нима бўлсаям ўзимизнинг ҳунар, бошқа элда бунақаси йўқ, қойил қолиш керак» — деб ўйлади Жозил ака.

Дордаги дорбоз йигит ўзининг ажабтовур ҳаракатлари билан томошабинларни ҳайратда қолдира бошлади. Қўлида лангарчўпни  тутганча дор устида у томондан бу томонга югургилаб ўтди, ке­йин орқа билан юрди. Томошабинларнинг баъзи одамларнинг текис ва кенг йўлда  ҳам йиқилиб-суриниб юриши кўз олдига келди, шекилли, «ҳув, вуй,  воҳ», «баракалла», «қойил», «яшавор» каби овозлари, қийқириқлар янграй бошлади, аллакимлар ҳуштак чалди.

Дарбоз йигит дорнинг бериги ёнидаги ўзининг курсисига келиб жойлашди. Афтидан бир оз тин олмоқчи шекилли. Пастда турган кўринишидан ёши олтмишлар борган, барваста қоматли, беқасам тўн кийиб, белига қийиқ боғлаган, дўппили киши унга гап қотди:

— Ҳой полвон, нега тўхтаб қолдингиз?

— Ҳозир, уста, ҳозир, — деди дорбоз йигит.

— Полвон, томошабинларни кўп маҳтал қилманг, янги ҳунарларингиздан кўрсатинг, хўпми.

— Хўп уста, мана бошладим.

— Бале, полвон, бале, — деб дўппили киши четроққа ўтди.

Дорбоз йигит белидан қийиқчасини олиб кўзини боғлади. Сўнг лангарни тутганча дорда юра бошлади. Томошабинлар унинг ҳолатини ҳадик ила кузата бошлади. Барчанинг нигоҳида «йиқилиб кетмасмикан» деган фикр қотиб қолганди.

Йўқ, дарбоз йигит йиқилмади. Кўринишидан ёшлигидан дор ўйнаб катта бўлганлиги билиниб турарди. Ўз ишига пишиққина эди у.

Дарбоз йигит дор ўртасига келиб лангар чўпдан сакради. Бу фавқулодда қийин иш эди. Томошабинларнинг ҳайрати чексиз эди. Дорбоз йигит яна бир неча ўйинларни кўрсатди. Томошабинларни олқишига сазовор бўлди.

Дордан секин пастга тушди. Бояги беқасам тўнли киши унинг қўлидан тутди. Майдоннинг ўртасидаги тўшалган гиламча устига олиб борди. Томошабинларга  қараб гапира кетди.

— Одамлар, ҳой одамлар, бугунги ўйинимиздан хурсандмисиз.

Тамошабинларнинг ҳар томондан «ҳа», «зўр бўлди», «баракалла» каби хитоблари янгради.

Беқасам тўнли давом этди:

— Ана шундай тамошаларни сизга тақдим этган полвон — Азмиддин полвон бўладилар, — у дарбоз йигитга имо қилди. — Агар бу йигитни ҳунари сизларга маъқул бўлган бўлса биз бундан жудаям хурсандмиз. Биродарлар, атаганингизни шу йигитга беринглар, токи, ҳар ким ниятига етсин, қизи қиз бўлсин, ўғли бўлса, мана шу полвондек йигит бўлсин!

Томошабинлар навбатма-навбат гилам устига пул ташлай бошладилар — пул дегани ёғилиб кетди.

Жозил ака ўғли йўқлиги ёдига тушиб беихтиёр кўзига ёш келди. Йўқ, у ношурлик қилолмайди, Худони берганига шукр қилади. Тирноққа зорлар қанча. Худо уни фарзанддан қисмади. Саккиз қиз берди. Бари эсли-ҳушли, меҳнаткаш. Бири-биридан чиройли, бири-биридан ақлли. Қизинг бўлса шундай бўлса  дегудай. Қиз бола ота-онасига меҳрибон бўлади дейишарди. Рост экан, буни Жозил ака бир неча марта синаб кўрган. Қизлари уни бошига кўтаришади. Бирон марта кўнглига тегадиган гап қилишмаган. Жозил ака бу тарафдан минг бора рози. Аммо…  ўғил бошқача-да. Қиз бола бировнинг ҳасми. Эртага эгасини топади-кетади. Ўғил отанинг қаноти, кексайганда суянчиғи бўлади. Уйининг эгаси, вақти келиб дунёдан кетса иси-чироғини қиладигани шу бўлади. Афсуски, унинг ўғли йўқ…

Тунов куни қишлоқдаги мўътабар оқсоқолларидан Ҳамро бобони кўргани борди. Ёши тўқсон бешга борган отахон у билан анча вақт гаплашиб ўтирди. Ўтган-кетган, бўлган-бўлмаган гаплардан сўзлашиб ўтиришди. Бир пайт Ҳамро бобо:

— Мундай дунёнинг ташвишин қилавермай ўзинг­данам гапир, — деди. — Болаларинг яхшими, камчилигинг йўқми?

— Энди, бова, нима десам экан, сиз кўпни кўргансиз, юз йилнинг у ён — бу ён гапини биласиз.  Отамдан каттасиз. Балки отамни кўтариб катта қилгандирсиз.

— Ҳа-я, отанг, нечига кирдийкан, бу йил сичқон йилима? Ундай бўса бир кам саксонга кирибди. Биз ўсмирмиз, ҳув хирмонтепага от миниб бориб буғдой янчганимизда бованг кўтариб бориб эди. Шу пайтлар икки-уч ёшли бола эди-да. Тетикми, ўзи анчадан бери кўринмайди. Айт, мундоқ келиб ҳангама бериб кетсин. Ўзиям тоза гап беради-да. Мен кўргани борсам уялиб қолади.

— Хўп, бова, айтаман. Шу десангиз, Худо мени ҳеч нарсадан қисмади. Лекин…

— Айтовур, қисинма, болам.

— Бова, Худо менга саккиз қиз берди, аммо… ўғил бермади.

— Ай болам-а, қизиқсан-да. Улам, қизам фарзанд. Шуни эсдан чиқарма. Сен бола кўп ўйланаверма, вақти билан ҳаммаси бўлади. Ниятингаям етасан ҳали. Ҳа айтганча, яна бир гап, сен элнинг дуосини ол.

— Элнинг дуосини ол… Нима дегани у?

— Элдан дуо олсанг ниятингга етасан. Бир замонлар тўйлардан курашиб юрардик. Эл ўша пайт­лар полвонларни дуо қиларди. Шунданми, билмадим, аввалам Худо бергани, ҳеч камчилик кўрмадим. Худога минг марта шукр. Замонлар ўзгариб турди. Қийинчиликлар бўлди. Лекин ҳеч қачон нолимадим. Майли, сен элнинг дуосини ол.

Дорбозларга қараб туриб Жозил ака шуларни ўйлади. Кейин шаҳд билан ўртага чиқди. Қийиқчасига тугилган наввосини пулини қўлида тутганча беқасам тўнлига яқинлашиб қўлидан тутди.

— Полвон бова, бугун наввос сотгандим, пули мана, ушланг буни, — қийиқчани унга узатди. Беқасам тўнли ҳайрон бўлди.

— Бу нима қилганингиз?!

— Менинг саккиз қизим бор, аммо…, — Жозил аканинг томоғига нимадир тиқилди. Кейин ўзини тутиб давом этди. — Мана шунинг ҳаммаси сизга, фақат дуо қилинг, мен ҳам ўғилли бўлай, элу-юртга тўй берай, халқдан дуо олиб беринг…

Беқасам тўнли барисига тушунди. У эл кезиб одамлар дардини тушунишга уста бўлиб кетганди. Кишининг кўзига қараб юрагида қандай дард борлигини билиб турарди. Шу боисдан Жозил акадан ортиқча гап сўрамади. Қийиқчани бир қўлига тутиб, иккинчи қўли билан Жозил акани ўртага олиб чиқди.

— Биродарлар, илтимос жим бўлинглар, бир нафас қулоқ солинг, мана бу  биродарим, бугун наввос сотибди, пули манави қийиқчага тугилган. Пулини ҳаммасини менга бераяпти, нима учун?

— Нима учун?! Нега?!

— Нега беради?

— Жуда ортиқча бўлса менга берсин! – атрофни томошаталабларнинг овози босди.

— Биласизми… билмасангиз билиб қўйинг. Биродаримнинг саккиз қизи бор экан. Халқдан дуо олиб беринг, мен ҳам ўғилли бўлай деяпти. Эл-юртга суннат тўй қилиб, кўпкари берай деяпти. Одамни одам тушунади, биродарлар, сиз ҳам тушининг. Тушунмасангиз эшитинг, қулоқ солинг. Мен мана бу биродаримни тушундим. Халойиқ дуо қилинг, уям муродига етсин.

Беқасам тўнли гилам устига тиз чўкди ва қўлларини дуога очди. Жозил ака ҳам унинг ёнига чўкди.

— Биродарлар, дуо қилинг, биродарим ҳам ниятига етсин. Ўғил кўрсин, тўйлар қилсин, ўғли полвон йигит бўлсин, нияти мустажоб бўлсин! Омин! Аллоҳу акбар!

Юзлаб одамларнинг «Омин! Аллоҳу акбар!» деган овози эшитилди. Жозил ака беқасам тўнлига раҳмат айтди. Миннатдорона термулди. Беқасам тўнли унга деди:

— Пулингизни олиб кетаверинг.

— Йўқ, берилган нарса қайтариб олинмайди. Мен розиман.

—  Ҳай, майли, ўзингиз биласиз, биродар. Локин рози бўлинг.

— Розиман. Агар ўғил кўрсам тўй қиламан, сизни албатта қидириб топаман, тўй бошида ўзингиз турасиз, — де­йишни унутмади.

Беқасам тўнли «иншоолоҳ, албатта тўйингизга бораман» деб қолди.

Жозил ака уйига қайтиб келди. Кичик қизлари олдига чопиб чиқди.

— Дадам, дадажоним келди.

— Дадам бозордан келди.

— Йима ойиб кейдиз, — деди кичкинтой қизчаси Ойжамол атак-чечак қиларкан.

Жозил ака олиб келган бозорлигини Момосулув чечага тутқазди. Кейин уйга кирди. Момосулув чеча дастурхон ёзиб чой келтирди. Сўнг Жозил акадан  сўради:

— Дадаси, ҳўкизни қанчага сотдингиз?

— Яхши сотдим, молимиз бозорнинг олди экан, эгасини топиб кетди.

— Пули кўринмаяпти, биронтага қарз бердизми?

— Ҳа, дуога бердим, халқнинг дуосига, — деркан Жозил ака кўзларида ёш қалқиди.

— Нима деяпсиз? Дуога… — ҳайрон  қолди Момосулув чеча.

— Худо хоҳласа, энди ўғилли бўламиз.

…Орадан йил ўтиб тўққизинчи фарзанд ўғил туғилди. Элга тўй бериб, Жозил аканинг армони ушалди.

Дўстбек Сулаймонов

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг