ТАБРИК

0
181
кўришлар сони

Соат тунги 00:00

Илёс бемаҳал қилинган телефон қўнғироғидан уйғониб кетди. Яқин дўсти Фаррух уни туғилган куни билан табриклаш учун безовта қилаётганди. Илёсннинг  ошна-оғайниси, дўстлари жуда кўп. Чунки ўзи ҳам ҳаммага дўст,  хушчақчақ, одамшаванда йигит. Энг асосийси, ҳозирги пайтда кўп инсонларга етишмаётган нарса —  самимийлик  бор эди унда. Шунинг учун ҳам Илёсни таниган билганлар борки,  қадрлашарди, хурмат қилишарди. Илёс учун эса болалик дўсти Фаррух ва Сабоҳат уларнинг орасида, айниқса қадрдонлари эди.

— Илёс, дўстим, Ойга биринчи бўлиб ким қадам қўйганини биласан-а?  — деди Фаррух кутилмаганда. Илёс уйқу аралаш жавоб қилди:

— Ҳа, биламан.  Қўшнингни катта қизини, ўртанча қайнсинглисини 2- синфга бораётган ўғлининг  рус тили ўқитувчисини катта акасини…

— Э, бўлди, бўлди, топдинг. Ҳа, ўша машҳур  Нил Армстронг. У Ойга биринчи бўлиб қадам қўйгани учун номи тарих зарварақларида қолган. Эдвин Олдрин деган одамни-чи, эшитганмисан?

— 18 ёшга ҳозир  тўлиб туриб, сендай файласуфдан бу исмни энди эшитиб турибман.

— У Нил Армстронгдан бор йўғи бир неча дақиқа кейин Ойга қадам қўйган. Бу ҳақда бир нечта асарлар ҳам ёзган. Аммо ҳеч ким уни билмайди. Дунё иккинчиларни тан олмайди, дўстим. Сен доим  биринчи бўл ёки саноқдан чиқ. Сен биринчиликда турганингда ёнингда мен бўлай. Туғилган кунинг билан, дўстим!

Илёс шундай дўстларни берган Оллоҳга шукр айтиб, яхши кайфиятда уйқуга кетди. Тонгни ҳам шу кайфиятда қарши олди. Табриклар гулдастаси ёғилди ҳар ёндан. Оила аъзоларининг барчаси хурсанд. Кечга зиёфат ташкилаштириладиган бўлди. Фаррухнинг қўнғироғи табрикларнинг бошланиши бўлган экан. Туни билан ҳам кундузи билан ҳам табрик СМСлар, қўнғироқлар  тинмади. Илёс раҳматлар айтиб чарчади ҳам.  Аммо у ҳеч кимга сездирмасдан бир инсоннинг эътиборини кутарди. Ҳар СМСга ё қўнғироққа умикин деб умид билан қарарди. Ундан эса дарак йўқлиги ҳамма хурсандчилигига соя солиб турарди. 

Инсон ўзи ғалати, хурсанд бўлишига миллионлаб сабаблари бўлса ҳам,  ғамга ботиш учун битта сабабни ушлаб олади. Қувончлари билан яшаши керак бўлган, қимматли лаҳзаларини  ўша “ғам”ини ўйлаб совуради. Илёс ҳам ўз ихтиёрига қарши бугун шундай аҳволда эди. Мактабда дарсда қандай ўтирганини билмайди. Чунки интиқ кутилаётган табрик эгаси — Сабоҳат  бугун дарсда йўқ. Илёс ҳамма синфдошларини туғилган кун зиёфатига таклиф этди. Сабоҳатнинг дугоналарига уни ҳам бирга олиб келишларини  тайин-тайин қилиб айтди. Келишидан келмаслиги эҳтимоли юқори бўлса- да, уни умид билан кутарди. Чунки бундай кечки зиёфатларга кўпда унга рухсат берилмасди. Илёс куни бўйи Сабодан хабар келмадимикин деб телефонига қараб-қараб қўйди. “Нега менинг туғилган куним уни эсидан чиқди экан?  Одам ҳам шунақа бўладими? Ахир минг иши кўп бўлмасин дўстининг туғилган кунини унутмайдилар-ку. Ҳеч бўлмаса, ўзининг  туғилган кунидан бир кун олдин мени ҳам туғилиб қолганимни эсда сақлаб қолса бўлади-ку! Яна бу кишим дўст эмишлар…”

 Илёс ва Сабо дўст тутинишганда,  ҳали боғчага боришарди. У пайтлар  дўст ким, у қанақа бўлишини билмасдилар ҳам. Бирга ўсишди, бир синфда ўқиб мана тугатишяпти ҳамки, аслида қиз билан йигитнинг ўртасидаги дўстлик қандай бўлиши кераклигини маънисига етолмадилар. Илёс Сабо билан дўстлиги қачон бошланганини эслолмайди, қачон тугаши мумкинлигини эса билишни истамайди. Бундай бўлиши мумкинлигини  хаёлига ҳам сиғдиролмйди. Энди Илёс учун Сабонинг шунчаки синфдошлиги, дўстлиги камдек туюларди. Бугунгидек эътиборсизликларига аввал индамаган бўлса ҳам энди чидаб туролмаётганди. Айни пайтда уни ҳатто дўстликка хиёнатда айбларди.  Аслида Илёснинг ўзи дўстликка хиёнат қилганига анча бўлганини сезмаётганди. Ҳа, Илёс Сабони севиб қолиб, дўстликка аллақачон  хиёнат қилиб бўлганди. 

Сабо дўстини кўрганда юраги бир бошқача ура бошлашини, жиноят устида қўлга тушган одамдек ўзини йўқотиб қўйишини сезгандан буён ундан ўзини олиб қоча бошлади. Бундан  Илёснинг ранжиганини кўрса, юрагининг аллақаери ачишарди. Охирги 11- синфга келиб вазият шу даражага келиб қолдики, қиз йигитнниг кўзларига тик қарашга уяладиган, йигит қизнинг кўзларига қараса, этлари жимирлаб кетадиган бўлиб қолди. Сабо гоҳида ўзини қандай тутишга ҳайрон эди. У Илёс билан бутунлай узилиб кетишни асло хоҳламас,  неча йиллик қадрдонини йўқотишдан  қўрқарди ҳам. Ва айни пайтда Илёс кутаётгандек ҳам бўлолмасди. Қиз учун дўстлик ўша ўзи номини айтишга ҳам қўрқадиган туйғудан устун эди. Сабодек оқила қизни тарбия этаётган онаизор  бу туйғу қиз боланинг  келажагига ғов деб уқтирган. Талаба бўлишни ўзининг олий мақсадига айлантириб олган Сабо учун бу “ғов” ғоят хавфлидек кўринарди…

Зиёфат тугади. Бу даврада фақат бир инсон, шу хурсандчиликнинг сабабчисигина бегонадек ўтирди. Куни бўйи Сабодан хабар кутиб чарчаган, ўзи унинг рақамини юз териб, қўнғироқ қилишга журъат тополмай яна ўчирган йигит соат 00:00 бўлишини кутарди. Илёс Фаррух айтганидек биринчи бўлгиси, биринчи бўлиб Сабони табриклагиси ва гиналарини айтиб енгил тортгиси келди. Кутганингда гўё дақиқалар ҳам имиллаб одимларди. Ниҳоят янги кун кириб келди. Илёс қадрли рақамга қўнғироқ қилди. Узоқ гудок ва узоқ кутилган ёқимли овоз.

— Ало.

— Ало, Сабоҳат…

— Тинчликми, Илёс?

— Тинчликмасда шу. Нега дарсга келмадинг бугун?

— Бувим касалхонага тушиб қолдилар. Бугун куни бўйи ёнларида эдим, — деди хафа бўлиб. Илёс негадир қувониб кетди. Демак, жуда муҳим сабаби бўлган, шунга эсидан чиққанман. Бўлмаса, унутмасди, ҳа сира-сира ундай қилмасди, деб хаёлидан ўтказди. Айни пайтда бувисининг касаллигини эшитиб хурсанд бўлганлигидан ҳам ўзининг иззатталаблигидан ҳам жаҳли чиқди. Бироз ҳовуридан тушиб сўради:

— Ҳозир яхшимилар, ишқилиб?

— Ҳа, яхши бўлиб қолдилар

— Эртага ҳам келмайсанми дарсга шундай қилиб?

— Йўқ, бораман. Нега сўраяпсан?

— Ўзим… демак бугун умуман бўш вақтинг бўлмабди-да.

— Ҳа, нимасини айтасан.

— Озгинаямми?

— …

— Нега индамайсан?

Сабо нима дейишини билмай қолди. Илёсни бугунги иши учун гина қилади деб ўйлаганди, амалда ундай бўлмади.

— Бугун мен учун ҳам зиқ кун бўлди-да. Шунинг учун физикадан уйга вазифани қилолмадим. Сен бажарган бўлсанг… ҳа, майли қўявер. Ахир сени “озгинаям” вақтинг бўлмаган-ку. Майли, яхши дам ол. Узр, безовта қилганим учун, — деб телефонни ўчирмоқчи бўлди.

— Шошма, мен уни ўша дарс вақти бажариб қўйгандим. Ҳозир расмга тушириб сенга жўнатаман.

— Хўп, раҳмат. Сабо… сен Ойга биринчи бўлиб ким қадам қўйганини биласан-а?

— Ҳа, Нил Армстронг-да. У 1969- йилнинг 21 июлида «Аппалон-11»  ҳаво кемасида учиб, инсоният тарихида илк бор Ой сиртига қадам қўяди.

— Эдвен Олдринни-чи?

— Йўқ, ким у?

— У Армстронгдан бор йўғи бир неча дақиқа кейин Ойга қадам қўйган. Аммо ҳеч ким уни билмайди, Сабо… Дунё иккинчиларни тан олмайди. Сабо… Шунинг учун ҳам ҳозир сенга қўнғироқ қилиб турибман. Сабо… Сен  мен учун доим биринчи ўринда бўлгансан. Аммо бу билан сендан ҳам шуни талаб қилолмайман. Ҳаёт сеники, уни қандай хоҳласанг, шундай қур. Фақат, унда… мен ҳам бўлай. Туғилган кунинг билан, Сабо…

Илёс бошқа сўз айтолмай, Сабонинг нима деб жавоб беришини ҳам кутмай телефонни ўчирди. Ўзини фавқулодда бир буюк жасорат кўрсатгандек бахтиёр ҳис қиларди. Гўё унинг бу гаплари унга қанот бағишлади-ю кўм-кўк самоларда парвоз қилаётгандек, ўз-ўзидан масрур, бахтли… Турли хил ўй-хаёллар билан кўзига уйқу ҳам илинмади.  Тонгга яқин Сабоҳатдан хабар келди.

“Армстронг Ойга илк қадамини қўйганда “Бу инсоннинг кичик бир қадами, лекин инсоният учун буюк сакрашдир”,  деган эди. Сен сўраётган нарса инсоният учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Аммо мен учун “буюк сакраш”.  Агар Ой ўз жойида умрбод ўзгармасдан қолишга ва унга илк қадам қўйган инсондан бошқа ҳеч кимни тан олмасликка ваъда берса, мен у Ойни  ҳаётим осмонида кўришдан бахтиёр бўлардим. Ўтган туғилган кунинг билан, Илёс”.

Ўша лаҳзаларда осмоннинг Шарқ тарафидан қуёш чиқаётганди. Ўша лаҳзаларда икки ёш уйқусизликдан қизарган, аммо эртанги кунга умид-ишончдан порлаган кўзлари билан қуёшни кутиб олишаётган эди.

Моҳира Эшпўлатова

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг