Назмдаги тақризлар

0
183
кўришлар сони

Нигора ҒАНИЕВА

***

Чол ва денгиз

Кўм-кўк денгиз, феруза осмон

Чол отланди балиқ овига.

Ямоқ елкан ўхшарди гўё,

Яксон бўлган полк яловига.

Чол ориқ ва ҳолидан тойган,

Чуқур ажин тилган манглайин.

Чизимчалар ўйиб юборган,

Кафтларида йўқдир соғ жойи.

Бошпанаси эски, зах кулба,

Таниш бола хабар олади.

Гоҳ консерва идишда қаҳва,

Гоҳ газета олиб келади.

Тонг отмасдан очиқ денгизга,

Ёлғиз чиқди кичик қайиқда.

Анча олис кетди қирғоқдан,

Бутун фикри катта балиқда.

Шу ўй билан ташлаб қармоқни,

Ўтирарди сувга кўз тикиб.

Кўк юзида укпар булутлар,

Сузиб юрар савлатин тўкиб.

Денгиз қора тусига кириб,

Сўниб қолди қуёш нурлари.

Оқшом олиб ҳукмронликни,

Сочди кўкка юлдуз — дурларни.

Айни дамда қармоқ куч билан,

Сув тубига тортилди таранг.

Тугаб қолай деган чилвирни,

Тўхтатишга улгурди аранг.

Улкан балиқ илинди мана,

Заҳматлар бошланди шу ондан.

Балиқ ва чол — икки мухолиф,

Чилвир тортар икки томондан.

Ўн кун ўтгач тугади етди,

Бу беллашув ниҳоясига.

Муросасиз кечган олишув,

Ҳал бўлганди чол фойдасига.

Энди уйга шошилмоқ керак,

Наҳанглардан асраб ўлжани.

Эшкак билан забт этмоқ керак,

«Денгиз» номли серсув кўчани.

Уммон гўзал, сахий. Гоҳида

шафқатсиз ҳам бўлиб кетади.

Қон ҳидини сезган акула,

Чол қайиғин қувиб етади.

Йиртқич — номи билан йиртқичда,

Кор қиларми унга илтимос.

Чорак соат ўтиб балиқдан,

Бир устухон қолганди холос.

Чол бугун ҳам қайтди ўлжасиз,

Таниш бола хабар олади.

Гоҳ консерва идишда қаҳва,

Гоҳ газета олиб келади.

***

«Иқрорнома»ни ўқиб…

Илм оҳанглари сипо ва жиддий,

Қонун қоидаларга менинг хушим йўқ.

Ҳаётда яшашдан маъно эрур не,

Ибтидо, интиҳо… (асло ишим йўқ).

Зеро, инсониятнинг заррасидирман,

Наилож, яшайман чексиз маконда.

Юлдузларнинг кимёвий таркибини-ю,

Орбитасин билишдан менга не фойда?!

» Ҳамма нарса беҳуда «,- дейди Сулаймон.

Авлодлар кетади, ер эса мангу.

Донолик кўп жойда ғусса ҳам бисёр,

Билимдон одамнинг бошида қайғу.

Кўнглим доноликни раҳнамо билди.

Иморатлар қурдим, боғ барпо этдим.

Ҳовузлар қаздириб, канизлар олиб,

Хазина тўпладим, муродга етдим.

Ва кўрдим-ки, буларнинг бари беҳуда.

Доно ҳам, аҳмоқ ҳам бир кун ўтади.

Умрбод хотирда тутмаслар ҳеч ким,

Ном-у — нишонасиз унутилади.

***

Сўнгги япроқ

Куз…

Ёмғир ёғар…

Изғирин кезар…

Уч қаватли ғиштин бинода,

Зотилжам қизчанинг вужудин эзар.

Панжарали деразасидан,

Ташқарини қилар томоша.

Шу фурсатда ёмғир аёвсиз,

Челаклаб қуйилар том оша.

Совуқдан титрайди дарахтлар,

Шамоллар юлқилар кўйлагин.

“Э худо, фарзандим жонини сақла»

Бу муштипар, мунгли она тилаги.

Ноябрь қаҳридан қўрқиб новдалар,

Бир-бир япроқлардан бўлдилар халос.

Кунлар ўтиб дарахт новдаларида

Биттагина япроқ қолганди, холос.

Шу биргина япроқ қизчага юпанч,

Тонгдан оқшомгача ойнада кўзи.

“Умрим тугар балки япроқ узилгач”,

Қизчага кор қилмас шифокор сўзи.

Рассом хабар топиб унинг ҳолидан,

Бечора онага беради далда.

“Нодир асаримни чизиб шу бугун,

Кетамиз ғуссага тўлган шаҳардан”.

Шу кеча шамол хўп ошди хаддидан,

Ёмғир савалади деразаларни.

“Чирт” этиб узилди япроқ бандидан,

Қиз кўрмади ушбу манзараларни.

Ёмғирли оқшомдан сўнг эртасига,

Уфқ қизариб қуёш  юзин кўрсатди.

Қизалоқ тикилиб деразасига,

Ҳамон тирик турган баргни кузатди.

Ул япроқ турарди новдада мағрур,

Дош бериб шамол ва ёмғир зарбига.

Қизчада уйғонди ҳаётга сурур,

“Мен нега чидамай тақдир қаҳрига? ”

Вақт ўтиб зотилжам чекинди ортга,

Унут бўлди батамом қизнинг касали.

Сўнгги япроқ сири – кекса рассомнинг,

Деразага чизган нодир асари.

***

Хосе Луис Борхес «Тангри  битиклари» ни ўқиб

Осмон дилгир, ҳамда бепоён.

Кўз илғамас қадамлар билан,

Қафасини ўлчайди қоплон.

Ўкиради зиндон тубидан.

Кўланкалар чекинган маҳал,

Кўтарилар зиндон қопқаси.

Назоратчи — юзи чорпахил,

Емак ташлар — тақдир туҳфаси.

Зимистонда кечган йилларим,

Ҳисобидан адашиб кетдим.

Қачонлардир навқиронмидим…

Заволимни кутишга ўтдим.

Шу тош ҳужра — абадий макон,

Афсунланган ерпарчин жасад

Денгиз нафасини туймаган,

Тўлқинларга қилармиш хасад.

Тиниқлашган синиқ хотирам,

Пешонамда «фусункор» битик.

Рўшинолик кўрмадим сира,

Лек тоғдайин туриб бердим тик.

Тангри каломидир эҳтимол,

Ой ва юлдуз, тоғ ёки дарё.

Абадий кўрк бермоғи маҳол,

Нурайди тоғ, қурийди дарё.

Заҳ деворлар қулоғига шом,

Азон айтиш чекимга тушди.

Қаёқдандир пайдо бўлган қум,

Тўғри келиб кўзимга тушди.

Қисматимнинг қиёфаси — қум,

Бир пуфлашга етгулик жони.

Юлдузлардан ўсиб чиқса дум,

Оғриғини сезар товоним.

Дунёдаги илоҳий тилсим

Ўзим билан қабримга кирсин!

Ўзим билан қабримга кирсин.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг