ДУЭТ: БАЙРАМ АЛИ ВА ФУРҚАТ АЛИМАРДОН

2
350
кўришлар сони

Лойиҳамизнинг иккинчи жуфтлиги ёш носирлар — Байрам Али ва Фурқат Алимардон бўлди. Сиз уларнинг ҳикояларини ўқиган чиқарсиз. Бугун уларнинг адабиёт, ижодкор, китобхонлик хусусидаги фикр-мулоҳазалари билан яқиндан танишасиз. Онлайн тарзда кечган суҳбатда ёш ёзувчиларни қийнаётган муаммоларга биргаликда ечим излаймиз.

Байрам Али: Фурқат, дўстим, ўзбек адабиёти шаклланиш тарихига назар ташласам, ҳар битта авлоднинг етишиб чиқиши учун ўрта ҳисобда ўн йил керак бўлганини кўраман. Масалан, Чўлпон билан Ғафур Ғуломлар ўртасида ўн йил, Ғафур Ғулом билан Мирмухсинлар орасида ўн йил, Одил Ёқубов, Ҳоишимовлар орасида ўн йил… Лекин ажабланарлиси, сиз ва мен мансуб бўлган бугунги адабий авлоднинг шаклланиши учун ўттиз-қирқ йил керак бўлаяпти. Бунинг сабаби нималарда деб ўйлайсиз?

Фурқат: Сиз ва мен мансуб авлод деганингизда тўқсонинчи йилдан кейин туғилган авлодни тушундим. Ва мен сиз каби фикрламаган бўлардим. Ўзбек адабиётида ҳар ўн йилликларга мансуб авлодлар етишиб чиққан ва чиқяпти. Тўғри, уларнинг адади кам. Аммо эътибор қаратиш керак бўлган муҳим бир жиҳат бор. Яъни, адабиётнинг ривожланиши албатта, сиёсий-иқтисодий омиллар билан чамбарчас боғлиқ. Масалан, биздан олдинги авлод. Уларда ҳам ўз сўзини айтган, айтаётган ижодкорлар бор. Лекин уларнинг айни ижод қилиши керак бўлган вақти турмуш ташвишлари билан ўтди, ўтяпти. Чунки улар “ўтиш даври” деган бир замонда яшашдики, унда энг муҳими ижод қилиш эмас, қорин тўйғазиш эди. Шу каби сиз ва мен мансуб авлод ҳам худди шу ўзандан ҳали чиқиб кета олгани йўқ. Ҳаммамизнинг асосий ниятимиз ижод бўлгани ҳолда ҳаёт учун “курашяпмиз”. Тўғри, бу худди баҳонадек туюлиши мумкин. Лекин бор гап. Масалан, ўзбек адабиётига катта шов-шув билан кириб келган 70-йиллар авлодининг иқтисодий-ижтимоий имкониятлари айни вақтдаги бизнинг худди шу имкониятларимиздан каттароқ бўлган. Масалан, уйидан чиқмай ижод қилишни ким истамайди дейсиз?! Бунинг учун албатта, ижодкорнинг иқтисодий ҳолати ҳавас қиларли даражада бўлиши керак. Ана шунда албатта мукаммал асарлар яратилади. Негаки, кўнгил хотиржам, келажакка ишонч бор бўлади. Ҳар ой ижарама-ижара кўчиб юрувчи бугунги кун ёш ижодкори, яъни менинг фикрим шулар.

Б. А.: Бу ҳақида қандай латифалар тўқилган бўлмасин, энг кўп китоб ўқийдиган инсонлар ижодкорларнинг орасида бўлади, барибир. Бироқ китобхонлик деган тушунча бўлак, китобийлик деган тушунча бўлак. Сиз ижодкорнинг китобийлиги деганда нималарни тушунасиз? Биз тенгқур ижодкорлар бироз китобий эмасмикан?..

Ф. А.: Китобни ижодкорлар кўп ўқийди деган фикрингизга унча қўшилмайман. Умуман ижод қилмайдиганлар орасида ҳам китобсиз туролмайдиган инсонлар кўп бўлади. Айнан мисол келтирсам, икки тоғам бор, иккисининг ҳам касби ижоддан жуда узоқ. Аммо эсимни танибмани, уларнинг қўлидан китоб тушмайди. Худди шу каби бир амаким ҳам бор, у киши ҳам китоб жинниси. Китоб ўқимаса ухламайди. Энди ижодкорнинг кўп ўқишига келсак, нияти, орзуси керак бўлса “нони” шу китобдан бўлганидан кейин албатта кўп ўқиши керак-да. Бу биринчи гапингизга эди. Китобийлик. Бу менга жуда қадрдон ибора. Энам (онам) менга доим “Шу ҳамма ишингни китобий қилишинг шартми?” дейдилар. Бу ўринда Энам назарда тутган нарса бошқа. Яъни мен ҳамма нарсани айтилганидек, ўз ўрнида бажаришни яхши кўраман. Масалан, оқ бўёқнинг ўрнига ҳаворанг бўёқ ҳам бўлаверади дейишса, мен бунга қўшилмайман. Мен ижодкорнинг китобийлиги деганда нимани тушунаман! Ижодкор ўз дунёсига эга инсон бўлади. У ўз дунёсида яшайди, ўйлайди, фикрлайди. Муҳими унга ҳаммани ҳам киритавермайди. Назаримда бу китобийлик тушунчасидан фарқ қилади. Аммо яқинроқ тушунча. Мен мана шундай тушунаман. Биз тенгқур ижодкорларнинг китобий эканликларини сезмаган эканман. Қай бирини кўрсам бирор юмуш билан шошиб кетаётган бўлади. Ижодкор истаганидек бўлиши керак назаримда: хоҳ китобий, хоҳ бошқа.

Б. А.: Фурқат, гапимни хоҳ киноя ўрнида қабул қилинг, хоҳ жиддий – бугунги кун қаҳрамонлари блогерлар саналаяпти. Яқинда бир хонанда аёл ижтимоий муаммоларимизга бағишланган клип ишлаб ўша қаҳрамонларнинг – блогерларнинг эътиборини тортганидан ҳам хабарингиз бўлса керак. Шундай қилиб, блогерлар томонидан хитоблар, хештеглар ҳам пайдо бўла бошлади: Яша Лола! Маладес Лола! Ўша хитобу-хайқириқларнинг орасида эса “Сен қачон уйғонасан, Адабиёт!”, “Адабиёт қачон ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ўз ролини бажаради?!” қабилидагилари ҳам бор. Бир тарафдан блогерларнинг айтгани тўғри. Бугунги кунда ёзилаётган адабий асарларимизнинг ижтимоий юки анчагина енгил, тан олиш керак. Лекин иккинчи тарафдан… Ижтимоий муаммо ҳақидаги ушбу сўроқнинг ўзи анчайин муаммоли-да! Масалан сиз, адабиёт муаммони ҳал қилиши керак, деб ўйлайсизми? Унда адабиёт билан журналистиканинг фарқи қаерда қолади?!

Ф. А.: Ўзингиз ҳам блогерларнинг айтгани қисман тўғри деяпсиз. Адабиёт фейсбук, телеграмм ёки бир сайт эмаски “фалон қишлоқда газ ёки электр тўки йўқ, шуни мутасаддилар ҳал қилиб бериши керак, бўлмаса жойингни бўшат” деб тўғридан-тўғри айтадиган. Адабиётнинг ўз ўрни бор, босадиган ўз тоши бор. Блогерлар айни вақтдаги масалани олиб чиқади. Масала ҳал бўлса бўлди, бўлмаса кейинги актуал масалани ёритиб кетаверади. Муаммо ҳал бўлгач унитилади. Кейинги, кейинги масалалар туғилаверади. Яъни илдизи билан қўпориб ташлолмайди. Бу учун блогерни айблаб бўлмайди. Улар ҳам қўлидан келганча ҳаракат қилади. Ортиғини эмас. Бадиий асар эса нафақат бугунги куннинг балки келажакнинг ҳам муаммоларини ҳал қилади. Раҳматли адибимиз Шукур Холмирзаевнинг 90-йилдан кейин ёзилган ҳикояларини, устоз Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор” асарларини эсланг. Уларда кўтарилган масалалар айни кунларимиз учун ҳам долзарблигини йўқотмаган. Холмирзаев қаламга олган: тадбиркорнинг зиёлидан “устун” кўрилиши, М.М.Дўст “чизиб кўрсатган” маддоҳликлар, хўжакўрсинликлар, дабдабабозликлар бугунги кун учун ҳам ечилмаган масала. “Бугунги кунда ёзилаётган адабий асарларимизнинг ижтимоий юки анчагина енгил, тан олиш керак” деяпсиз. Тўғри, кўп асарлар сиз айтгандек. Лекин бу ҳаммаси дегани эмас. Айни даврдаги оғриқ масалаларни ҳам кўтариб чиққан асарлар талайгина. Масалан, устоз Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Қиёмат” асари, устоз Эркин Аъзамнинг “Арбоб Қулов Парижга боради” асари ва тенгдошларимиз ёзаётган бир неча асарлар бугунги кунимизга ростакамига ойна тутган. Журналистика билан адабиётнинг фарқи, мен юқорида блогерларга қандай таъриф берган бўлсам, журналистнинг ҳам вазифаси худди шундай. Фақат журналистда масъулият каттароқ бўлади. Чунки унинг муқим бир иш жойи бўлади, шу сабаб уни “қўрқитиш” осонроқ бўлади.

Б. А: Хабарингиз бор, қишлоқда яшаб ижод қиламан. Ҳаётим давомида Тошкентга икки марта борганман холос, унда ҳам хуш-бехуш, соғлиқ масаласида… Шу сабаб, интирнет менинг пойтахтдаги адабий муҳит билан боғланишимда воситачи бўлди. Айнан интернет сабабли ижод оламида яхши дўстлар, суҳбатдошлар, устозлар орттирдим, қоралаганларимни ўқирманларга етказа олдим. Аммо минг афсуски, нима бўлганда ҳам ўзимга шунча яхшиликлар қилган интернетни севиб қола олмадим! Аксинча, ростини айтаман, ҳамиша ундан нафратландим! Интернет менинг наздимда одамларни қиёфасизликка, фикрсизликка чорлаётган малъун бўлиб қолаверди. Янаям аниқроғи, у охир оқибат инсонларда қиёфасизлик ва фикрсизликни авж олдиради, деган ҳавотирда яшаяпман. Билмадим, балки бу ичида ўзи учун олам яратиб олган бир ижодкорнинг биқиқ тасаввури махсулидир… Сиз-чи? Сиз ижодкорларнинг интирнет олами фаолларига айланишига, умуман интернет масаласига қандай қарайсиз?

Ф. А: Интернет масаласи. Албатта, ҳар бир одам замон билан ҳамнафас яшаши керак. Шу каби ижодкорлар ҳам. Аммо ҳамма нарсанинг меъёри бўлгани яхши. Ижодкорнинг интернет оламида фаол бўлгани дуруст, аммо бундан у ижодкор сифатида ютқазади. Чунки интернет ўзига тариф берилгани каби ўргимчак тўри каби нарса. Ўн дақиқага кириб соатлаб қолиб кетиш мумкин. Шу жиҳатдан олганда агар ижодкор, нафақат ижодкор, балки бошқалар ҳам интернетдан фойдали мақсадларда фойдаланса албатта ўзи ютади.

Байрам Али, энди сизга саволим. Адиб шахс бўлиши керак, дейишган улуғларимиз. Яъни у ҳар қандай таъмадан, мақтов у эътирофлардан устун туриши керак. Бугунги кундаги ижодкорларда шу “шахс”лик сезиляптими?

Б. А: Адабиётимиз дарғаларидан бирининг бу гапи аслида бутун олам ёзувчилари учун дастур-ул амал бўлиши керак, десак муболаға бўлмайди. Аммо раҳматли Шукур Холмирзаев бу гапи билан фақат таъмагирликни, эътирофга ўчликни қоралаган десак, мана шу хато бўларди. Ёзувчи бу гапи билан аслида энг аввало маънавий қиёфанинг барқарорлигини, адиб деганнинг салобати, давр ёки жамият устидан ўз айтар сўзи бўлиши кераклигини ҳам кўзда тутган, назаримда. Саволингизга келсак, ҳа, мен хурмат қилган бир нечта ижодкорлар орасида ўшандай шахс бўлишга интилиш бор, яққол сезилади. Аммо бу борада шундан ортиқ бир нарса деёлмайман.

Ф. А.:Байрам Али, Ижодкорга устоз қанчалик зарур? (ўзи ёзувчига нима учун устоз керак?) Ижодкор ўзига устоз деб билган инсоннинг таъсир доирасидан чиқолмай қолмайдими, сизнингча?

Б. А.: Дунёдаги ҳамма нарсанинг тагида илм ётибди, дўстим. Озми, кўпми, барибир шундай! Шу жумладан, ёзувчиликнинг ҳам… Бас, шундай экан, ҳар битта бошловчи ёзувчи учун ёзувчилик илмининг мураккабликларидан бохабар қиладиган бир устоз, бир раҳнамо барибир керак бўлади. Лекин ижоднинг бошқа касбларда бўладиган устоз-шогирдчиликдан битта фарқи шундаки, ўша устознинг ўлик ё тирик бўлиши у қадар аҳамиятли эмас. Ижодкор устоз тутса, устознинг таъсирига муқаррар берилади, деган фикрингизга эса, унча қўшилолмаган бўлардим. Аслида, менинг назаримда ўзига хослик ярата олмаган, шаклланиб улгурмаган ҳарқанай ёзувчи – тақлидчидир! Кимгадир эргашмаётган, лекин тузукроқ ёзолмаётган ёзувчи ҳам тақлидчи! Бундай тақлидчиликдан чиқиб кетиши, шаклланиши учун эса абатта ижодкор кўп ўқиши, кўплаб адиблар услубини ўзида бирлаштира олиши керак. Биз яхши билган, ўзига хос деб атайдиган ёзувчиларнинг деярли ҳаммаси, айнан мана шунақа йўл билан адабиёт майдонида ўрнини топган десам, хато бўлмайди. Қисқаси, тақлидчилик ёки тақлидчиликдан чиқиб кетиш сиз кўзда тутган биргина устоз-шогирдчилик масаласи билан боғлиқ эмас.

Ф. А.: “Ижод  исёндир” деган эди Камю. Сиз ўзбек адабиётида мана шу параметрни кузатганмисиз ё айни вақтда кузатяпсизми? Масалан, фақат яхшилик, севги ва дўстлик кабилар ҳақида асар ёзилсаю, аммо унда бир “исён” сезилмаса… бунга қандай қарайсиз?

Б. А.: Мундай олганда, Камю тўғри айтган экан. Ижод, бу, албатта қайсидир жиҳатлари билан исён… Бир адибнинг ўт олган ўрмонни ўчириш учун тумшуқчасида сув олиб кетаётган чумчуқ ҳақида масали бор. Ўша масалда вахший ҳайвонлар чумчуқнинг устидан кулиб “Э, нодон! Шу бир томчи сувинг билан каттакон аланга сўниб қолармиди?”, деса чумчуқ “Нима қилай, қўлимдан келганини қилаяпман”, деб жавоб беради. Мен негадир ижодкор характерини ўша чумчуққа ўхшатаман. У қўлидан бир иш келаяптими, йўқми, масалдаги чумчуқ каби ўз имконияти даражасида дунёни озгина тузатишга, инсониятга хос бўлган иллатларга оз бўлса-да барҳам беришга ҳаракат қилаверади. Ўзбек адабиётида бўладими ё жаҳон адабиётида, ёки асар дўстлик ҳақида ёзиладими, севги ҳақидами, умуман у миттими асар бўладими, муҳташам асарми, аслида мен ҳар битта адабий асарнинг тагида шу интилиш, шу исён ётибди, деб ўйлайман. Ким буни қай даражада уддалаётгани эса, энди тамоман бўлак мавзу.

Ф. А.: Сизнингча, ижодкорнинг буюртма асосида ёзган асарини ижод маҳсули дейиш қанчалар тўғри бўлади? Ахир ижодкорлик илоҳий нарса. Уни ёзишим керак деб режалаб ёзиш ёки буни ёз, деб буюртма беришса ёзиш ғалати эмасми? Ижод ғишт териш ёки мебел ясаш эмаску, айтганларидек ёзиб бериб.

Б. А.: Шундайликка, албатта шундай. Аслида табиати жиҳатидан бошқаларга нисбатан қайсарроқ саналгувчи ижодкор зотининг ҳеч бириям буюртма асосида асар ёзишни орзу қилмаса керак. Шунга қарамай нега буюртма асарлар ёзилаяпти? Мана шу саволнинг жавоби, сизнинг ҳам саволингизга жавоб бўла олса керак. Мен бугунги замонамиз зайлини ҳис этган бир вазиятда, буюртма асарлар ёзаётган адибларни буткул қоралашга ҳам ва айни пайтда уларни буткул оқлашга ҳам виждоним йўл қўймайди, Фурқат! Нима дей?! Бас, улар ҳақидаги хулосам ушбу: асарнинг буюртмага кўра, ё буюртмасиз ёзилгани эмас, мен учун қандай ёзилгани, адабиётга, санъатга қай даражада хизмат қила олаётгани муҳим.

Изоҳ. Суҳбат 12-март куни телеграмдаги Дуэт гуруҳида онлайн тарзда бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳада қатнашиш истагида бўлганлар мурожаат қилишлари мумкин.

                                Нодирабегим ёзиб олди.

2 Изоҳлар

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг