Башорат Отажонова. Шеърлар

0
196
кўришлар сони

МУТОЛАА ЯРМИДА
(Хазрати Сергийга мактуб)

Бронза қўнғироқ оғир чайқалар,
Садақа сўрайди кекса монастир.
(Кафтимда занглайди эски чақалар…)
Дунё — кўнгилдан пастдир.
Ёлғонни ямламай ютади кўча,
Хиёнат урчийди чиркин боғларда.
Сиз фиғон чекасиз,
Мен фиғон чекаман,
Ишонинг, гул унмас «оҳ»лардан…
Йиллар ичингиздан сирқираб ўтар,
Нафсу руҳ баҳсида қайнайди умр.
Гоҳ ғолиб, гоҳ мағлуб…
кўнглингиз ғариб —
Моҳият эса сир…
Қаҳва симираман.
Сиз эса жимсиз,
Туманни чилимдек тортади кеча.
Ёмғир шовуллайди…
Юрак шовуллайди…
Эшикни нотаниш бир аёл очар…
(Кечиринг, одобни билмайди чақмоқ,
Ана… ғор оғзида синди қарсиллаб.)
Рутубат уфурган шу ҳўл кечада,
Хайр.
Қалбингизни асранг…

****

1
Декабрнинг кулранг тонгида,
(Нафасингда сузар настарин бўйи…)
Кўксингдан сирғалиб чиқади бир «оҳ»…
Кўлга айланади ҳалқоб кўзларинг.
Биров сезиб, биров сезмайди.
Кўзингда…
ўксиниб йиғлайди балиқлар.
2.
Намиққан кунларни ёпиниб,
Ўзини уйқуга солади Январь.
(Сочларингда тўзғир май қўнғизлари…)
Тўлқин уйғонмоқда ,
Денгизмас-ку, кўлдир — кўзларинг?!
Солланиб ўйнайди йўсинлар,
титрайди балиқлар …
3.
Туман — Февралнинг нафаси,
Кўл юзида сузади ҳовур.
(Хотираларингга ўралашиб қолар
Терак гуллари…)
Кўзингни юмасан:
Ғойиб бўлади кўл,
Баҳоргача етмайди балиқлар.

****

Ғўр эдим, кўнглимни осмонга отдим,
Ё чикка, ё пукка: бари бўлар ҳал…

Ёз эди. Дарахтлар қуюқ соясин,
бемалол анҳорга солиб қўйган пайт.
Дунёга жар солиб кетаётганим,
кетдим, фақатгина бувимга
айтмай.

Бувим кекса эди.
Харитадаги
қуриган саҳролар белгиси каби
юзини сув босди.
сўнгра кўникди
ва яна дуога очилди кафти.

Ёз эди. Дарахтлар қуюқ соясин
бемалол анҳорга солиб қўйган пайт.
Дунега жар солиб қишлоққа қайтдим,
бувим эса кетди ҳеч кимга айтмай…

Бошидан ютқаздим,
ғирром эдим мен,
Ўзимнинг олдимда ўзим шарманда.
Асли йўқ нарсани осмонга отдим,
Ўшанда кетмасдим агар бўлганда.

****

Қўлларингни силкийсан: «Хайр!»
Тўзғиб кетар намчил ҳавода
қанотлари рангин қушчалар.

(Сеҳргарга айланасан сен)

Пичирлайман:
«Хайр…»
Ичимда
тўзғиб кетар минглаб ниначи
ва кўксимга санчилиб ўлар…

(жон беради таниш сеҳргар)

***

Ичимда нотаниш дарё уйғонди,
‌Ичимда ухлади минг йиллик тўфон.
Ичимда қарсиллаб оғочлар синди,
Ичимда гуркираб ўсди ҳаяжон.
Ичимда шаклини йўқотди шамол,
Ичимда кашф этдим дилхуш рангларни.
Ичимда ўксиниб йиғлади Аёл,
Ичимда бостирдим асрий жангларни.
Ичимда вулқондай портлади қуёш,
Ичимда жамладим бир осмон нурни.
Ичимда ўзимни қилиб қўйдим фош,
Ичимда ухлатдим муаллақ сирни.
Ичимда ўлмоқда ям-яшил мавсум,
Ичимда баҳордай яшнар иштиёқ.
Севгилим, севгилим, келгин-у,
Ниқобимни ечиб, кўзларимга боқ…

****
1.
Юзингда сузади гулдор пардани
маҳв этган бир ҳовуч шуъла —
ҳурковуч шуъла.
Тушингни тирнайман…
Елкаларимга пичоқ санчади кимдир —
жароҳат етказаман ўзимга ўзим.
(Тушингда мен!
Ҳушингда мен!)
Сукунатни парчалаб ташлайди
деворсоатдаги
00:17 тасвири.
2.
«Борлигинг бахтимми,
бахтсизлигимми?»
Бахтим-бахтсизлигим-
бахтим-бахтсизлигим-
бах-тим…
Кўзимга ботади тун
ва гулдор пардани маҳф этган
бир ҳовуч шуъла —
ҳурковуч шуъла.
Кошки, тушимда
тушингдаги мени кўрсайдим.
3.
Туш кўра олмай қолганим
эсимга тушади
тонгда.

***

Эринмай бўядим тирноқларимни:
Нопармон, қирмизи, яшил, сариқ, кўк.
Улар — жуфт.
Насл қолдиради ҳадемай —
олам тўлиб кетар капалакларга

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг