МЕН, ШОПЕН ВА БОШҚАЛАР

1
591
ko'rishlar soni

эссе

Фридерик Шопен — машҳур поляк бастакори. У бир умр пианинода ижро этиладиган ранг-баранг мусиқий асарлар ёзиб, ўзи туғилган Варшавадан кўра мафтункор Парижда кўпроқ яшаб, қаттиқ ва сурункали  йўталдан  ҳечам ўпкаси халос бўлмай,  кўзларининг ости гоҳ кўкариб, гоҳ қизариб, охири қон туфлаб — ўттиз тўққиз ёшида сил касалидан вафот этган.

Ўз даврининг етук рассомлари томонидан чизилган унинг мойбўёқдаги  суратлари ҳам силдан далолат бериб туради. Уларда бастакорнинг ҳорғин қиёфаси, бўшлиққа тикилиб тургандек ичига ботган мовий кўзлари, узунчоқ бурни, озғин жағи, заъфарон юзи — барчаси қиё боққан одамга у чалинган ҳасталик ҳақида баён қилади.

Ўттиз тўққиз ёшда, боз устига сил касалидан омонатни эгасига топшириш-ҳақиқий фожеа. Зеро, Шопен ўшанда ўз ижодининг чўққисида қад ростлаган, кетма-кет нозик диднинг натижаси  бўлган  мўъжизакор мусиқий асарлар яратган, концертларида пианиночи-виртуоз сифатида одамларнинг кўнглидан жой олган- ҳаётдан ҳали умиди кўп бўлган бир бастакор ва инсон эди.         

Ҳаётимда Шопеннинг мусиқасига азалдан кўп мурожаат қилганман. Талабалик пайтимда уйғонган майл ва қизиқиш ҳозиргача сўнмаган. Охирги кунларда — баҳорнинг илк кунларида унга мурожаатим янаям ортди. Олдинлари унга қизиқишим шунчаки ўспириннинг ҳаваси бўлган бўлса, сўнгги кунларда бу гўёки номоддий эҳтиёжимга айлангандек… Ўйлашимча, Кафка томонидан телбага чиқарилган  дунёда айни дамда тирик юрганимнинг, руҳан ёлғизликдан безиб ўз жонимга қасд қилмаётганимнинг бирдан бир сабаби –Толстойдан тортиб Камюгача бўлган севимли ёзувчиларимнинг пишиқ-пухта ёзилган прозадаги асарлари эмас, Шопеннинг мусиқий асарлари жамланмаси десам нотўғри бўлмайди.

Бу кутилмаган очиқлашим кимгадир кулгули ва эриш туюлиши мумкин, аммо ростдан шундай. Бунга баҳор бошлангандан бери тўлиқ ишонч ҳосил қиляпман.Унинг мусиқаси сўнгги пайтларда ҳаётда мени тутиб турган ягона воситалиги кун сайин ойдинлашяпти. Бу мусиқани тинглаш, йўл-йўлакай хиргойи қилиш ёки пианинода ижро этиш орқали иллатларга тўлиб, чирк босиб кетган дунёни; марионеткасифат, бир қолипдаги ва фикрламайдиган одамларни; сариқ чақалик нафи тегмайдиган қонунлар билан тартибдан кўра тартибсизликка маҳкум этилган  адолатсиз жамиятни англай олмаётганимнинг бор аламини унутарканман, ўзимда уларга нисбатан заиф бўлса-да иммунитет барпо қиларканман, чидаш ва тоқат қилиш учун яратгандан қўшимча сабр оларканман.

Мактаб даврида мусиқа ўқитувчиси томонидан мусиқий сабоқ сифатида барчага бериладиган оддий “до-ре-ми-фа-соль” нинг бирикмасидан таркиб топган ноталар, Шопеннинг узун бармоқлари, нодир сезгиси ва илоҳий истеъдоди ёрдамида оламга келган мазкур улуғвор мусиқа мени чуқур тушкунликдан сақларкан, ҳаётда қувониш учун ҳали сабаблар етарли эканига дилимни ишонтираркан, ёлғизлик қалаштириб ташлаган изтиробларимни енгишга адабиётнинг кучи етмай қолганда унга кўмакчи бўларкан…

Тушкунлик эсимни таниганимдан буён мени ҳеч қачон тарк этмаган. Неча йиллар орадан ўтибдики, ташқарида кечки куз бўладими, совуқ қишми, эрта баҳорми — мен  тонг пайти бир хил вақтда, бир хил ҳолатда, тушкун ва абгор бир кайфиятда уйғонаман. Кўзимни очгач, нонушта пайти меҳмонхонадаги ўн икки кишилик столда, девордаги муаллифи номаълум натюрмортга маъносиз тикилганча, танҳоликда нонушта қиламан. Бу сиртдан қараганда нонуштага ҳам ўхшамайди асли. Ҳар ҳолда, фақат бир финжон қаҳва ичиш нонушта қилишга кирмаса керак… Хуллас, бир финжон қаҳва ичаман, яшил финжонда — синглим туғилган кунимда совға қилган финжонда…

Қиш якунланиб, узоқ кутилган баҳор кунлари бошлангач  бунга қўшимча тарзда Шопеннинг ўзим ёқтирган “ёмғир вальси”ни нонушта маҳали хиргойи қилишни одат қилдим. Паст овозда, биров эшитмасин деб эшикка кўз-қулоқ бўлиб ва бармоқларим билан столнинг четини черта-черта…

Нонушта охирлаб, иш жойимга кетиш учун тўртта ғилдиракдан ташкил топган машинамни ўт олдирганимда, негадир унинг радиоси ҳам автоматик равишда ишга тушади. Электрик устага неча марта шуни айтганман — у ҳеч хафсала қилиб буни тўғрилаб қўймаган. Радио ёқилгач, ундан бирин-кетин мўртлашиб кетган асабим билан қалтис ҳазил қиладиган хабарлар келишни бошлайди.

Аввалига битта ўзбек боксчиси дунёнинг қай бир бурчагида рақибини чуқур нокаут ҳолатига тушириб ўйинни ютгач, ринг атрофини елкасига миллат байроғини ёпиниб етти марта айланганини мамнуният билан эълон қилишади. Кейин Тошкентда оддий ўзбек оиласи сотиб олишга тушида ҳам қурби етмайдиган, қўзиқориндек қурилиши кўпайган, нархи отнинг калласидек осмонўпар биноларнинг имкониятлари ва қулайликлари  кўкка кўтарилиб мақталади. Тўй-ҳашам, издиҳом ҳамда маросимларни тартибга солиш борасидаги камбағал ва ўрта ҳол оилалар учунгина мўлжалланган жипириқ мунозаралар  бошлангач, кўпинча радиони тақа-тақ ўчираман.

 Радионинг овози ўчгач, беихтиёр лабларимда яна  хиргойи бошланади. Тўғрироғи, нонушта пайти бошланган хиргойининг финал қисми давом этади. “До-ре- ми- фа- соль” бармоқларим ёрдамида ишга тушади-да, Шопеннинг юқоридаги “вальси”ни  машина рулини завқ билан сийпалаганча, бўғиқ овозим тенорларнинг кўнглини айнитадиган даражада бўлса-да (нима қипти шунга, опера айтиш ниятим йўқ), ичимдан яйраб йўл бўйи ижро этиб кетаман: Ла-ла-ла-ла…

-Бўйинбоғингизни нега фақат испанча услубда боғлайсиз?

Иш жойимда бошқарувчи кўпинча шундай сўз билан мени қарши олади. Шопеннинг белига тепади. Саволидан энсам қотиб, унга шу эътиборга арзирли нарсами дегим келади. Лекин, оғзимдан бошқа гап чиқади.

-Кейинги сафар бошқача услубда боғларман.

Иш жойимда саккиз соат ўтириш азобнинг ўзгинаси. Ундан кўра Сфинкснинг жумбоғини ечолмай ўлиб кетганим яхши. Бу мен учун ҳақиқий Рубикон. Шу вақт мобайнида ўзимни лабиринт ичига кириб қолиб,  ундан чиқиб кетолмаётган инсоннинг роли топширилган театр ёки кино актёридек ҳис қиламан.

-Икки минг ўн беш йилда ишлаб чиқарилган “спарк”, ҳеч ери урилмаган, “краска” си йўқ,  “пробег”и бир юз ўн беш минг километр. Шуни кеча машина бозоридан амакиваччамга ўртада туриб арзонга олиб бердим,- дейди у ердаги биринчи  ҳамкасбим хонага ичкарилашим билан.

Мен унга жавобан “яхши иш бўлибди” дегандек бошимни ирғаб қўяман-да, жойимга бориб ўтираман.

-Дам олиш куни мол бозорида қўйларнинг нархи яна ошиб кетибди. Нафақат сўйилиб гўштга топшириладиган, боқиладиган қўйлар ҳам қиммат. Уйдаги иккита қўйни учта қилмоқчи эдим, бўлмади афсус,- иккинчиси сўз қотади ногаҳон афсус билан бошини чайқаб.

-Кеча кўчамизда битта қўшни қизини турмушга узатганди,- гапни илиб олади учинчиси лаблари тамшаниб.-Тўйнинг палови зўр чиқибди. Гуручнинг яхшисини олибди, барака топгур. Мазаси оғзимда қолди. Тўйларда элга ош беришда гуручнинг “даста сариқ” навини олган ютқазмайди.

-Ўз устимда кўп ишладим,- дейди тўртинчиси керишиб ва ўзидан мамнун қиёфада.- Энди боулинг ўйнаётганимда  шарни юмалатсам, у ҳар гал барча таёқларни уриб йиқитяпти.

Бешинчиси ҳам нимадир демоқчи бўлади ва чўкиб кетган креслосидан  туради-да, кўзгуни олдига келиб бошдан оёқ танасига-ўзининг чиниққан мушаклари-ю келишган қоматига маҳлиё бўлганича анча вақт гапирмай туради.

-Мен танамни  чиниқтиргани бошқа соғломлаштириш марказига боряпман,- дейди охири кўпга чўзилган сукунатни бузиб.- Унинг ҳожатхонаси тозароқ экан. Эскисиники расво эди.

Бу доимий, йил — ўн икки ой хонада айланадиган мавзулар ҳечам тинмайди. На қишда, на баҳорда. Уларнинг сийқаси чиқиб кетгани бировнинг хаёлига келмайди. Мен ҳам буни хаёлимга келтирмайман. Ингичка қулоқчинимни бир зумда тақиб, стол тортмасида турган плейеримнинг тугмасини эзаман-да, ўтган аср бошларида ёзиб олинган, таниқли рус пианиночиси Антон Рубинштейн ижросидаги Шопеннинг прелюдияларини тинглаб ишга шўнғийман. Лекин қўлим ишда бўлгани билан хаёлимда ҳар хил саволлар ғужғон ўйнайди.

Мен ўттиз беш ёшдаман, манавилар ҳам ўттиз ва ўттиз беш ёш оралиғида. Бошқарувчи икки қам қирқда. Ўттиз тўққиз ёшгача барчамизга оз қолибди. Ўттиз тўққиз ёшда қайси биримиз Шопен каби силдан ўлиб кетаркинмиз? Манавилар эмаслиги аниқ. Улар камида саксон йил яшашади. Мен ҳам эмас. Чунки, асримизда силнинг давоси топилган. Биров қадам ранжида қилмайдиган зах касалхонада эллик олти кун ётасан- бўлди, соғаясан. Кейин дори ичиб юрасан йил бўйи, уч йилдан кейин эса сени бурниларини жийириб-жийириб ҳисобдан чиқаришади ва ажалинг етгунча хотиржам яшайверасан.

Шопен ўттиз тўққиз ёшигача кўп нарса қилган. Бир қанча прелюдиялар, ноктюрнлар, мазурка ва вальслар (булар ҳар хил ўлчамдаги мусиқий асарлар) яратган. Унинг қолдирган мероси жаҳон мусиқаси тарихида бир умрга қолган. Хўш, мен-чи? Манавилар-чи? Ўттиз бешга кириб мен нима иш қилдим? Бу риторик саволни ҳар куни, шу иш жойимда қайта-қайта ўзимга бераман. Кўпинча тўртинчи марта берганимда қилган ишим аён бўлади. Қилган ишим- шу ерда бўлим бошлиғи бўлганим. Эртага ўттиз тўққиз ёшимда (силдан бўлмаса, бошқа нарсадан) ўлиб кетсам, токчада ойнали ромда турган “энг яхши бўлим бошлиғи учун “берилган мақтов ёрлиғидан бўлак мендан аниқ ҳеч нима қолмайди. Иш жойимда ҳеч нима ўзгармайди, ўрнимга бошқаси ўтиради ва ҳаёт давом этади. Таниш-билишларим қабристондаги бўш турган қабрга мени кўмиб келиб, уйимни олдида бир кун (пешингача ўшандаям) мотамсаро қиёфада тизилишиб туришади-да, эртасига каминани унутиб юборишади ва ўз ташвишларига шўнғиб кетишади. Манавилардан-чи, нима қолади? Биридан машина бозоридаги автоуловларнинг нархлари бўйича ғоят зукко билимдонлик, иккинчисидан оғилхонасидаги ҳеч янги шерикка ёлчимаган қўйлар, учинчисидан турли-туман гуручдан тайёрланадиган паловнинг таъмини билиш (дегустаторлик) хусусияти, тўртинчисидан боулинг шарини юмалатганда доим битта қолмай уриб йиқитиладиган елим таёқлар, бешинчисидан бўртиб чиққан мушаклар ва келишган қомат… Бошқарувчидан эса бўйинбоғ боғлашнинг испанча, фламандча, африканча, хитойча, ҳиндча (ва худо билади яна қанча) услубларини билганлиги хотира сифатида қолади…

Баҳор келганига ҳеч қанча бўлмади. У ўзи билан бирга ёмғирлар мавсумини эргаштириб келгандек, мана неча кунки ишдан уйга ёмғир остида қайтяпман. Бугун ҳам шундай. Ёмғир челаклаб қуйяпти. Машинамнинг ойна артгичи унинг томчиларини артиб улгурмаяпти. Шунгадир балки Шопеннинг ёмғир вальсини эрталаб қолган еридан хиргойи қилганимда маъюс жилмайиб қўяман. Ёғаётган ёмғирда уни хиргойи қилиш дилни яйратади барибир ва бу мени кун бўйи йиғилиб қолган нохуш ўй-фикрлардан, ўткир стереотиплардан қутқазади.

Светофор қизил чироғида тўхтаб турганимда  Шопеннинг навқирон пайтлари кўз олдимга келади. У ҳақида анча йиллар олдин поляк ёзувчиси Ярослав Ивашкевичнинг биографик романи ва санъатшунос Ежи Брошкевичнинг хотира китобидан ўқиганман. Унинг Варшавада ўтган болалиги, Парижга келган йиллари, ёзувчи аёл Жорж Санд билан бирга яшагани, венгер бастакори Ференц Лист билан дўстлашгани, оддийгина ноталар партитурасида келтирилган  “до- ре- ми- фа- соль” дан ақл бовар қилмас мусиқий асарлар яратгани борасидаги қимматли маълумотлар ҳамон ёдимда, уларнинг ҳатто майда-чуйда деталлари ҳам унут бўлмаган.

Шу ерда яна ўзимдан хафа бўлиб кетаман. Мен 1,2,3,4, 5,6 ва ҳоказо рақамлар ичида яшаб нима яратдим? Шу ерда лирик чекиниш қилгандек ёмғир баттар кучаяди. Мен безовталаниб сира улгурмаётган ойна артгич мосламасини янаям тезроқ қисмига кўчираман. Бу ишни ниҳоялагач, гоҳ хиралашиб, гоҳ тиниқлашаётган ойнага қараб-қараб рақамлар ичида яшаб мен нима яратдим, дейман тағин ўзимга ўзим? Дам ўтмай саволимга ўзим жавоб бераман: Ҳеч нима.

“Ҳеч нима, ҳеч нима, ҳеч нима”.

 Ойна артгичлар шошилиб-шошилиб ёмғир томчиларини артишда давом этади. Уларнинг ҳаракатини ва ортимда қолаётган бошқа машиналарни кузатиб кетарканман, ўша риторик савол катта ҳарфлар билан ойналарга чизилади. Бунинг натижасида лабларимда янгитда жилваланган жилмайиш бир зумда асфаласофилинга йўл олади ва мен шу бўйи хўмрайганча, ҳафсаласизлик аралаша машинани бир текисда, секин ҳайдаб кетаман.

Уйда қачондан бери кечки овқатни тановул қилмай қўйганман — аниқ билмайман. Билганим шуки, ошқозоним оғрий бошлагач,  ҳар қандай таом эндиликда борган сари оғирлик қиляпти. Эрта-ю кеч енгил тамадди билан чекланяпман, холос. Кечки овқат бу гал ҳам оливье салати билан якунига етса ажаб эмас (буни чамалаб машинамнинг рулига бир-икки ғижиниб уриб қўяман).

Бироқ, бунга кўп ҳам аҳамият қаратмайман, қорним очқагани тезда эсимдан чиқади ва иложи борича уйга бошқа мақсадда тезроқ боришни ўйлайман. Кеча ёки илгари куни бўлгани каби  хаёлан шахсий кутубхонам сари шошиламан. У ерда китоблар кўп, лекин менимча бугун ҳам бирорта китобни қўлимга олиб ўқимасам керак. Бир неча кундан бери шундай. Толстойнинг   “Иқрорнома”си ҳам, Камюнинг “Бегона”си ҳам, Ницшенинг “Аъло одам”и ҳам  мени юқоридаги мубҳам савол билан ёлғиз қолдиришади, лекин унга тайинли жавоб беришмайди. Улар руҳимда улкан бўшлиқ қолдириб, уни  навбатдаги марта сарсон-саргардон қилишади. Шопеннинг мусиқаси эса бу савол билан худди улар каби мени ёлғиз қолдирса-да, сарсон қилмайди, аксинча ноталар кўмагида руҳимга қандайдир кўзга кўринмайдиган, фақат кўзни юмгачгина ҳис қилинадиган илиқ таскин-тасалли беради. Балки, бу ноталар ичидан отилиб чиқаётган оҳанглар “сенда ҳали ҳаммасини ўзгартиришга вақт бор” дейишар, қулоғимга шу юпанч унсурларини пичирлашар. Бу борада улар ўзим суйган ёзувчиларимчалик шафқатсиз ва реалист эмас-да.

-Ростдан ҳам ҳали вақт бормикин ҳаммасини ўзгартиришга?

Юқоридаги риторик савол ўрнини шууримда пича ўтмай шу савол эгаллайди ва уйга боргач пианино қаршисига ўтириб, партитурани қўлларим билан рўпарамга ўрнаштириб (партитурасиз ҳеч чала олмайман), Шопеннинг бирор бир мусиқий асарини ижро этишни энтикиб мақсад қиларканман, кўзимга ростдан ҳали вақт бордек туюлади. Ҳаммасини ўзгартиришга, ўттиз тўққиз ёшгача нимадир яратишга, Шопендек номоддий бўлмаган бирор бир арзигулик  нарса қолдиришга вақт бордек ўзимда кўтаринкилик аломатларини сезаман. Унинг таъсирида кўзларимда ёш мавжланиб ўттиз тўққиз ёшга киришимга ҳали яна тўрт йил бор, дейман ва тўрт йил дарҳақиқат етарлидек кўринади. Фақат тезроқ уйга борсам бўлди. Пианино қаршисига ўтириб, Шопендан нимадир ижро этсам, унинг мусиқаси қулоғим остида янграса бўлди.

Оёғимни шу мақсадда машинанинг газидан бўшатмай, аксинча унга қаттиқроқ босиб, тезликни ошириб, рулга қунишганча кетаман. Буёғига машина бир текисда юрмай, қушдек учиб кетаётгандек тасаввур уйғонади. Қанот қоқиб, учиб кетаётгандек… 

2020 йил, март, Марғилон.

Шерзод Ортиқов 

1 ta izoh

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting