АЁЛ. Ёш ижодкорлардан шеърлар

0
133
кўришлар сони

Дунёдаги барча оналарга бағишланади

Оҳи фалак ҳам у, жонҳалак ҳам у,

Соясидан офтоб унган сабргул.

Худо айлантирган чархпалак ҳам у,

Ҳавво нафасидан унган атиргул.

Сужудин талашиб ўтар субҳу тун,

Вужуди олмайди дардлар пандини.

Тангрининг синовин енгиб жигархун,

Жилмайиб қучади жигарбандини.

Ойнинг ярми қаро, лекин дил ёруғ

У ҳам сабрим каби тўлин бўлсин дер,

Ўғлим дунёларни олсин дер ҳали,

Қизим кўзмунчоқдай келин бўлсин дер.

Эй, кўзи кир босган дунёфурушлар,

Эй, изи гуноҳдан ортмаган мардум.

Нечук нафсингизда бадбин хуружлар,

Шукрона қилмайсиз нечук тонг учун?

Нечук бул ҳавони симирмоқдасиз?

Виждоннинг кўзига кўринмайсизми?

Шундай гўзал зотлар юрган дунёни

Покиза тутмоққа уринмайсизми?

Ҳар дами бир нурли муножот бўлган,

Ҳар oни шукрона бўлганлар ҳаққи.

Жони азобларда юрган чоғда ҳам,

Жон боласин эслаб турганлар ҳаққи

Художон, онамга ўхшар ҳар она,

Меҳр устунлари улар дунёнинг.

Художон, асрагин мушфиқларимни,

Художон, жонига сиҳат бер, омин!

Сухроб ЗИЁ

ОНАМГА

Шамол бир дам олиб қочди хаёлимни,

Ўрик гули жим кузатди таназзулим.

Мен бағримга босганимча аёлимни,

Сен томонга чўзмабман ҳам бир бор қўлим.

Ўттиз йилки, сенга атаб шеър битмабман,

Онам ҳоли нечук дея ғам ютмабман.

Кибор-кибор давраларда бўлиб кўрдим,

Камтар-камтар одамларни кўрдим, она.

Ёлғиз қолсам кўкрагимга муштлаб урдим,

“Ура” деган оламларни кўрдим, она.

Чапакларга шайдо бўлиб ўтдим умрим,

Шеър ишқида адо бўлиб ўтди умрим.

Балки бу ҳам фазилатдир ё азият,

Худо менга берган балки сўров учун.

Ийманасан, қилолмайсан бир насиҳат,

Она ахир туғмайдику биров учун.

Сендан мени айри тутса синсин қалам,

Она, қалбим тўла мотам, қалбим – алам.

Шам нурида сен тиккан ҳув, қуроқлардай,

Парчаланган умидимни улаб, толдим.

Боролмадим, салом йўллаб йироқлардан,

Турмуш дедим, ўз ғамимга қулаб толдим.

Айтасанку, бу кунлар ҳам ўтар, она,

Кафтларингда яна ўзинг кўтар, она.

Йилда бир бор дийдор ўти ёқар бизни,

Кўрасану, бир сўз демай қувонасан.

Кўзларимга қадамайсан маъюс кўзни,

Болангману, қучолмайсан, уёласан.

Сен дунёда энг соддадил, камтар она,

Ўғлинг туриш-турмиши шу – зарар, она.

Таърифнингни сўзга чизмоқ эди истак,

Шундай шеърни расво қилдим дардим билан.

Дили ёшга тўлган йўқдир иккимиздай,

Кўнглингни кўп синдирганман зардим билан.

Юрагингдан барин бир-бир ўчирасан,

Сўрамайман, сен шундоғам кечирасан.

Ҳолимки, тиғ теккан анор донасидай,

Вужуним – қурт тушган ўрик танасими?

Бағри қон йўқ шоирларнинг онасидай,

Сийла, худо шоирларнинг онасини.

Рости, шоир май-у, сўзга овворадир,

Оналари соғинч деган сайёрадир.

Баҳодир Баҳром

Пойингда тиз чўкдим илк ва сўнгги бор,

Аёл муҳаббатин қошида, қалбан.

Кўксимда гуркираб ўсаётган чинор,

Тоғларни уятга қўйдим мен аблаҳ.

Пойингда тиз чўкдим,

Ҳаммаси оддий,

Ёнимдан ҳайкаллар ўтарди шошқин.

Орзуси, маслаги, тушлари моддий

портлаб кетмайдими манави Тошкент!

Ҳозир на Барлосман, на мағрур жангчи,

Иқрорман, топилмас ишққа етар шум.

Салтанат, ҳой-ҳавас, кибрини янчиб

пошшонинг гадога айлангани шу.

Пойингда тиз чўкдим,

Осмон кечирсин,

Шамол юз ўгирсин «синди ғурури».

Мен кимман?

Ёшингни кафтда ичирсам,

Оҳуга айланиб қоларди бўри.

Мағлубман, нурга дош бермаган тундай,

Бардоши йўқ ахир кекса қарғанинг.

Лабларинг шивирлар мисоли Будда,

«Кечирдим» дедингми?

Ёки қарғадинг?!

Билмадим, билганим ўзни тутолмай

Тиз чўкдим, юмдалаб юрак қаърини.

Хотиранг қатида бу алфоз қолмай,

Эртага унутиб юбор барини.

Тоғларни уятга қўйдим мен аблаҳ.

Жонтемир

ҚАЙТА ТУҒИЛИШ

Ўзингга қайтасан,

Оғриқларингга

Дуолар ўқийсан ижобат тилаб.

Бир финжон қаҳвани қўйиб олдига

Тўйиб гаплашасан виждонинг билан.

Сўнг кино бошланар

Уруш ҳақида

(На кўргинг келади, на бўлар ухлаб!)

Титрайсан, гўёки экран ортидан

Чиқиб келётгандай адашган ўқлар.

Ҳайдалган ит каби увиллар шамол

Кетиб ҳам бўлмайди,

Совуқ ташқари.

Измингга соласан ўзингни дарҳол,

Сўнг ҳузур топасан дилни бошқариб.

Деразанг ортидан боқар мусича

Булутлар тарқалар тўзғиган пардек.

Тонг отар, уйқусиз кечади кечанг,

Қонингда югурар ватанпарварлик.

Атрофга боқасан табассум билан,

Сезасан манзиллар аён эканин.

Қўрқмайсан,

ортингга қайтмайсан сира

Энди чўчитолмас Аёл эканинг!

Маҳфуза ИМОМОВА

Аёл йиғламасин

Умримиз пойида бўлсин тўшамчи,

Дастидан елкамиз қийратсин қамчи,

Майли маккор бўлсин, майли алдамчи,

Аёл йиғламасин…

Гар аёл йиғласа дунё ҳам хазин.

Ёшлари беҳуда юзин ювмасин,

Лабидан кулгуни қайғу қувмасин.

Аёл йиғламасин,

аёл йиғламасин,

Қувнасин.

Дунё фожиага макон бўлса ҳам,

Синовлар қасдлашса қадамма қадам.

Шамол эсса, ундан нарида эссин,

Кулфат кезса, ундан берида кезсин.

Аёл йиғламасин, йиғиси —

Эркак юрагида тиғ каби ботар.

Дунёни аёлнинг кўз ёши эмас,

Бахтиёр кулгуси уйғотар.

Аёл йиғламасин…

Хуршид Абдурашид

Куз… аёл

Куз… кўйлаклари эскирган аёл,

Яшаб-яшаб эси кирган аёл.

Омонатгина турган аёл,

Ва жимгина ўй сурган аёл.

Хазонларни супирган аёл,

Армонларни супирган аёл,

Ёлғонларни супирган аёл.

Юрагида шер наъра тортиб,

Саман отлар гупирган аёл.

Ҳар кун ерга бошини эгиб,

Майсаларга букилган аёл.

Қуриб қолган лабидан бетин

Саловотлар тўкилган аёл.

Ўзгаради сени деб қонун,

Тун тугамай наҳор келади.

Бир сен учун, фақат сен учун,

Куздан кейин Баҳор келади.

 Меҳриноз Аббосова

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг