МЕНИ ТУШУНГАН КАФКА

0
563
ko'rishlar soni

Эссе

Олтинчи қаватдан ташқарига боқаман: узоқдан қорли чўққилар кўзга ташланади. Ўпкамни ўраб тургандек ҳиссиёт қолдирадиган юпқа пардани олиб ташлагим келиб қўлим билан кўксимни ғижимлайман, бу ғалати парда доим тўйиб нафас олишга ҳалал беради. Кўнглим ҳам, ўпкам тоза ҳаволарни истаяпти. Тоғларни, адирликларни, кенгликларни, яшилликни соғиняпти. Ҳар йилги одатимга кўра лолақизғалдоқлар очилгач тоғлар сари отланаман. Бир-икки кунга бўлсада, қиш бўйи йиғилиб қолган ғуборларим соф ҳаво эриб йўқ бўлаётганини теран ҳис қиламан. Бу сафар кун исишини кутолмадим. Баҳорнинг енгил шабадасини сезгач, айниқса уйимиз ёнидаги гулзорда митти бинафшаларни кўргач, саёҳат тадоригини кўра бошладим. Фарғона мени кутяпти. Болалигимда йўталдан халос бўлавермасам мени доим водийга жўнатишарди. У ердан икки юзимга қон кириб, ҳаётга ташна нигоҳлар билан қайтардим. Ойлаб юрардим у ерда. Улғайишни жазоси шу экан – сафарлар, таътиллар, дам олишлар қисқариб боравераркан.

Доим саёҳатим учун шерик  сифатида қўлимда, албатта бирор китоб бўлади. Вақтни ўлдириш учун менга бу гал Кафка ҳамроҳлик қилади. Мен унинг “Эврилиш” деган катта ҳикоясини ўқиганман, холос. Шу биргина асар Кафкани севимли ёзувчиларим қаторига киришига, унинг ижодига қалбан яқинлик ҳис қилишимга сабаб бўлган. “Эврилиш” ҳақда тўхталиб ўтмайман, мени кўпроқ Кафканинг бундай ноодатий асар ёзишига нима мажбур қилгани қизиқтирарди. Севимли муаллифларимнинг шахсий ҳаётига қизиқиш – одатимга зид. Кўпинча уларнинг турмуш тарзи, камчиликлари, умуман тақдири – севган асарларимга бўлган иштиёқимга соя соладигандек туюлади. Қўлимдаги Дунё адиблари китобидан 146 бетни – Кафкани белгилаб қўйганман. Бугун унинг ҳаёт йўли билан танишишни истадим.

Оқ машина баланд тоғлар бағрига кириб келгунча Кафканинг биографияни ўқиш, сўнг тоғ манзараларидан баҳра олиш, сойларни томоша қилиш, янги майсалар исини туйишни дилимга тугиб қўйдим. Унинг кўпчиликка таниш бўлган васияти: “ўлимимдан сўнг барча ёзганларимни ёқиб юборинг” деб дўстига илтимос қилиши мени ўйлантирарди. Яхши ҳамки, фаросатли дўст васиятни бажармай, Кафка мухлисларига катта марҳамат кўрсатган. Ўз асарларини хурмат қилган, унга юрак қўрини бериб ёзган, уйқусиз кечаларда янги ғояларини машаққат билан қоғозга туширган ёзувчи нега бундай қарорга келган бўлиши мумкин? Унинг сирли ҳаёти тубига ета олмаган адабиётшунослар сингари мен ҳам шу ҳақда ўй сура кетаман.

Оиласида ўзини доим ёлғиз сезган, айниқса отаси билан келишмовчиликлар гирдобида қолган ҳиссиётли Францнинг ёшлик йилларини ўқирканман, “Эврилиш”нинг моҳиятини янада англай бошлайман. Қолган асарларини ҳам топиб ўқишга қарор қиламан. Ўлими туфайли якунланмай қолган учта романи агар битганида адабиёт дунёсида қандай муҳокама бўлишини тасаввур қиламан.

Менга алам қилгани Кафканинг отасининг тахмини ўз исботини топгани: Франц омадсиз тақдир соҳиби эди. Бирор касбга бўйин эгмади, оила ҳам қурмади. Аммо севди! Ижод қилди! Назаримда, у фақат адабиёт ва кўнгил учун туғилганди. Китобдаги котма юзи, ғалати турмаги, кичик жуссасига қарарканман, бу сурат ортида беркинишга шай, ҳеч ердан қўним тополмайдиган, аммо меҳр-муҳаббатга ташна қалбни кўраман. Кафканинг Прага қабристонларидан бирига кўмилгани, ҳозирда унинг кўплаб мухлислари у ерни зиёрат қилиб туришини ўқиб, отасига нисбатан аламим тарқагандек бўлди. Йўқ, Кафка омадсиз эмас. Омадсиз бўлса шу кунгача ям яшил дарахтзор қўйнидаги қумранг қабртоши атрофи гуллар билан безатилмаган бўларди.

Унинг навқирон ёшда сил касаллигига чалиниши, 41 ёшида дунёни тарк этиши дилимни ларзага солади. У пайт силнинг давоси бўлмагани туфайли бу ҳасталикка чалинганлар эрта ўлиб кетганликлари рост. Шунчаки тоза ҳаво, яхши озуқа, хушкайфият билан бу дардни енгиб бўлмаган. Беихтиёр тортмамда уюлиб ётган дорилар кўз олдимга келади: уларни Кафкага илинаман, дориларни ичса ва ўлмаса, қолган асарларини ҳам битирса, эҳтимолки севган аёли билан оила қурса, ўзини бахтли ҳис қилса, ёлғизлик азобидан қутулса дейман…

Бир пайт дераза ортидаги адирликлар ўрнини Кафканинг ўлим тўшагида ётган лаҳзалари эгаллайди.  

Аёлларга бўлган қўрқувни енгган Франц ниҳоят 40 ёшида уйланишга қарор қилди. Вена четидаги сил касалликлари шифохонасида ётган Кафкадан 19 ёшли Дора тез тез хабар оларди. Ёзувчи қизнинг отасидан тўйга оқ фотиҳа беришини сўраб мактуб битар, бироқ тез орада ўлими маълум эркакни ёш қизига муносиб кўрмаган ота бунга сира изн бермасди.

Илтижолар ичра орадан ойлар ўтди. Озиб тўзиб кетган Кафка шифохонанинг файзсиз палаталаридан бирида очликдан азобланарди. У томоғидаги кучли оғриқ туфайли бир луқма ҳам ея олмай қолди. Оқибатда очлик ва касалликка таслим бўлди.

Франц ёз фаслининг илк кунларида Доранинг қўлларида жон берди. Етти йил давом этган оғир ҳасталик уни енгди. Севгани билан бирга оила қуролмай доғда қолган ёзувчи аламдан ўлими олдидан барча асарларини ёқиб юборишларини сўраган бўлса эҳтимол.

Машинамиз бўлса бу пайтда Фарғона деган катта ёзувга яқинлашиб қолган бўлади. Бир он Кафкадан узилиб, қалбим энтикади…

Тоғлар, яшил адирлар, сойлар аллақачон ортда қолган, мен эса Кафка билан бўлиб гўзал манзарадан бебаҳра қолгандим. Лекин ачинмайман: эртага қайтишда табиатдан завқланишни режалайман. Шунда бирдан Кафка ҳаёти билан танишув икки ҳафта бурунги дилхираликни ёдимга солади. Лабимни тишлаганча, яна тушкунликка тушаман.   

-Сен дориларни ичмаяпсан, тузалмайсан, — тунд юзли ҳамшира ёнимга тап этиб дорини қўяди. –Вақтида келмаяпсан.

Икки йилдан бери унинг қўпол муомаласи ва кўнглимни оздирадиган қиёфасига чидаб келаётган – мендек босиқ ва сабрли одам дорилар якунига етишига бир ой қолганда портлайди. Портлаш – унга қарата қаҳру ғазаб сочиш эмас. Портлаш – ўтган оғир йиллар учун аламдан йиғлаш. Ва албатта кўнгилдан ўтганларини шу беминнат қоғозга битиш. Мен у аёлга шунчаки ачинаман. Берган дориларини бўлса кўз кўрмайдиган тортмага яшириб ташладим… Шу дориларга қарасам, ўзимни жуда ожиз сезаман, уларсиз яхшироқ яшашимга ичимдан ишонаман.

Энг ёмон чўчиганим ҳасталик қайталаниб яна унинг ёнига боришим, ундан дори олишим, “мен сенга нима дегандим, тузалмайсан барибир”, деб тиржайиб туришини тасаввур қилишим… Бу тасаввур шу кунларда – йўтал яна қийнаётганда, мени заифлаштирадиган баҳор фасли яқинлашаётганда янадаям ойдинлашиб бораяпти.   

Хаёллардан чалғиш учун ҳали барг чиқармаган қуруқ токзорларга қарайман. Кузда улар қандайин чирой очади. Барибир Фарғонадан руҳим кўтарилиб, ўпкам ҳам енгиллашиб келишига ишонаман. Манзилга яқинлашиб қолай деганда китобни яна қўлимга оламан. Мактублар бўлимига кўзим тушгач, сергакланаман. Тўлиқ ўқишга киришаман. Эътиборимдан четда қолган бу мактуб менга айни вақтида берилган далда, энг керакли тасалли эди. Кафканинг чех журналист дугонаси Миленага ёзган хати (Неъмат Арслон таржимасида) гўё менга аталгандек эди. Ўқирканман, яна кўзларим ёшланади.

“Назаримда бу ўпкадан. Кун бўйи шу фикрдан қутула олмадим. Миямда айланаверди, бошқа ҳеч нарсани ўйлай олмадим. Бу касалликдан қўрққанимдан эмас, менимча (умид қиламан ва Сизнинг шама қилганингиз ҳам буни тасдиқлайди) касалингиз оғир эмас. Агар жиддий бўлганда ҳам (ҳозир Ғарбий Европадагиларнинг ярми озми-кўпми ўпкаси касалланган) мана уч йилдирки, бу дард менга зиёндан кўра кўпроқ фойда келтирди. Бу уч йиллар муқаддам юз берди – ярим тунда оғзимдан қон келди. Тўшакдан турдим (кейинчалик ўқиб билсам, ўриндан турмаслик керак экан) рўй берган ҳолат мени ҳаяжонга солди, чунки бу янгилик эди, шу билан бирга бироз чўчитди ҳам; мен ташқари томон эгилдим, кейин ювиндим, хона бўйлаб юриб келиб кароватга ўтирдим – қон тўхтамади. Шунга қарамай мен ўзимни мутлақо бахтсиз сезмадим – сабаби нима учундир бир дақиқа ўтиб, шуни аниқ ҳис қилдимки, уч йилдан кейин, э, йўқ, тўрт йил давом этган бедорликдан кейин – албатта, қон келиши тўхтаса – ухлашим мумкин. Тез орада ҳаммаси ўз ўрнига тушди (бошқа такрорланмади) туннинг қолган қисмида тинчгина ухладим. Тўғри, эрталаб уй ходимаси келди (ўшанда мен Пол Шёнборнда ижарада яшардим) саховатли, қай даражададир фидойи, аммо беҳад даражада ишчан бу қиз қонни кўриб шундай деди: «Pane doktore, s Vamito oflouho nerotrva.» (Жаноб доктор, сиз узоқ яшамайсиз). Лекин мен ўзимни ҳар доимгидан яхши ҳис қилмоқда эдим, ишга ҳам бордим, фақат тушликдан кейин врачга учрашдим. Бу воқеанинг давоми қизиқарли эмас. Айтмоқчи эдимки, мени қўрқитган нарса сизнинг касалингиз эмас (ўйлаганим сари сизнинг нозик бўлишингизга қарамай, қарийб деҳқон қизларидай тетик, мустаҳкамлигингизни хаёлимга келтириб, ўз фикримни ўзим бўлиб, хулоса қиламанки, йўқ, Сиз касал эмассиз, бу шунчаки ўпканинг огоҳлантириши, касаллиги эмас) – ана шундай, мени қўрқитган бошқа нарса – мана шундай кўргуликка етаклайдиган фикрлар қўрқитяпти. Шу боис, мен ҳозирча бошқа нарсаларни ҳисобдан чиқараман. Сиз: чўнтакда ҳемири ҳам йўқлиги, ҳар кун иккидан саккизгача фақат чой ва олма билан қилинаётган тирикчилик тўғрисида ёзгансиз, ана шуни тушунмаяпман. Бу нарсалар юзма-юз гаплашиб ҳал қилишни тақозо этади. Шунинг учун мен ҳозир чалғиб кетяпман (фақат хатда чалғияпман – ахир, буларни унутиб бўлмайди) ва ўзим бошдан кечирган касалликка қарши қўллаган чораларим бошқалар учун ҳам асқотишини тушунтириб бериш тўғрисида бош қотираяпман. Менинг миям ўшанда ўзига юкланган ташвишлар ва азобларни бошқа кўтара олмасди. У шундай нидо қилди: «Мен таслим бўламан, агар менинг омон қолиш имкониятим кимгадир керак бўлса, юкимни енгиллаштираман, шундагина биз яна маълум муддат жон сақлаймиз». Шунда ўпкалар ҳам овоз бердилар – кўриниб турибди, улар ҳеч нарса йўқотмайдилар. Менинг ихтиёримдан ташқарида рўй бераётган ўпка билан миянинг бундай айтишуви қўрқинчли эди. Шундай қилиб энди қандай қарорга келдингиз? Фаҳмлашимча, ўзингизни бироз эҳтиёт қилишингиз кўп нарса талаб қилмайди, бу жуда оддий. Сизни озгина бўлса-да, кимки севса, ҳаммаси учун маълум савдо. Бу ҳолда бошқача фикр қилишга ўрин йўқ. Халос бўлиш имкони шу эмасми?.

Машина тўхтаса ҳам тушишга шошилмайман, мактубни бағримга босаман.   

-Раҳмат сенга, Франц. Тушунганинг, далда бўлганинг учун ташаккур… XXI асрда ҳам бу дард бор. XXI асрда ҳам ёлғизлик бор. XXI асрда ҳам сени тушунмайдиган ҳиссиз инсонлар тўлиб ётибди. Шунга қарамай инсонда битта бўлсада чин дўст топилади. Дардингга малҳам бўлувчи одамлар қирилиб кетмаган… Умид ўлмайди, тўғрими, ўлмайди, Франц.

Йўлдан териб олганим – митти банафшаларни ўқиб келган китобим ичига, 146 бетга бостираман – хаёлан Кафканинг қабрига гул қўяман. Йиллар ўтсада улар шу ерда чиройли қурийди ва бошқа гербариларим қатори асраб авайланади.  

Нодирабегим Иброҳимова, 2020-март, Фарғона.  

Javob yozing

Izoh yozing
Ismingizni kiriting