Раҳмат Бобожон. Янги шеърлар

0
141
кўришлар сони

“МУСАВВИРНИНГ РАНГСИЗ ТУШЛАРИ…”

(туркум шеърлар)

* * *

Куз билан хазоннинг олишувин жим,

Бу дарахт кўп узоқ кузатди.

“Сиз менга суянинг, деди – азизим…”

Қақашан қўлини узатди.

Дарахт чайир эди, ёш эди дарахт,

Кирланмаган эди хаёли.

Қай кун кўкси узра тўлғонди фарах,

Қайси бир дунёнинг шамоли…

Баданини эзди жунунвор андуҳ,

Саволлар ёғилди самога бошдан.

Сўнгра кузга қараб чуқур тортди “уҳ”

Сен жуда қадимсан…

Мен жуда ёшман…

“Афсус, ишқсизликка етмайди кучим,

Жоним деб жонимда тутганим.

Кузга кетар йўлни айтиши учун,

Отланди баҳорни кутгани…»

Сўнг бирдан, эҳтимол гуллаб юборган,

Балки, сағир вужуд яшашдан ҳоли.

У шундай баҳорда туйғусиз қолган,

Кузсизликнинг тутган уволи…

21. 2. 2020

* * *

Сен юрган соҳилда — яшайди ғусса,

Мен юрган соҳилда — кун кўрар ғамлар.

Дунёда исмсиз ёлғизлигимсан,

Буни тушунмайди одамлар…

Одамларга нима, гап-сўз бўлса бас,

Билишмас, кўнгилда қадим иморат.

Ўртамиз бепаёон денгиздан эмас,

Бепоён осмондан иборат…

Суратлар чизасан кипригинг билан,

Мунгли кулгулари гўзал мусаввир.

Сен бор-йўғи тўлган ишқу туйғудан,

Мен эса бор-йўғи аблаҳман ахир…

Кет, демайман асло, кечирмасанг ҳам,

Юрагимга қушдай қўнмас энди «Қол!»

У соҳил сен мени кутаётган дам,

Бу соҳил мен ўлиб бўлдим, эҳтимол…

Жимгина кетамиз, сақлаганча кек,

Ўйлаймиз: «У балки ортига қайтар…»

Бир кун яна қайта учрашадигандек,

Бизнинг видомизни денгизлар айтар…

23. 2. 2020

“ЁЛҒИЗ БОҒ”

1

Яшиллашган тушлари ичра,

Баданлари беун қақшади.

Кузнинг ғамгин кулгичларила,

У баҳорни сўкди ўхшатиб.

Баҳор секин ёяверди сеп,

Сукунат портлаган томонда.

Бир дарахт йиғлади кузни деб,

Мен тушсиз уйғонган бир тонгда…

2

Энди, баҳор — ўзга Ватандир,

Қизиқтирмас, сотқинлик кузга.

Фақат, уни соғинганимча,

Бир ўйинни бузганим-бузган.

Узоқдасан, бордексан фақат,

Бир кун гўё қайтадигандек.

Бўронлардан қўрққани — даҳшат,

Тупроқ узра гулламаган Эрк…

3

Узилмаган биронта гул йўқ,

Боғдан ғамнинг анвойи анқир.

Дарахт, кўкка этмайди қуллуқ,

Ўз боғини топгунча санқир.

Тарк айлади бор баҳорин ва

Кузга ортди дарду ғамини.

Сезиб қолди кутилмаганда,

Ўлимини излаганини…

4

Гуллайвергин, умид — жўмардинг,

Нигоҳларни сайратиб маюс.

Оғир келар баҳорга дардинг,

Унга арзир ўттиз йиллик Куз.

Минг йилларки яшнамоқ — хатар,

Қулаб борар изтиробга тик.

Эрк унингдир ўлгани қадар,

Соғингани қадар ёлғизлик…

5

Ичингда чириган мавсумни,

Мақтаб юрдинг очиқ кафтингда.

Кузни сенга келтирган тунни,

Унутмадинг чоғи афтидан.

Қулаганча осмон сари жим,

Таслим бўлмоқ мумкинмас ахир.

Гуллаб-гуллаб топганларингни,

Бир сўлишда йўқотмоқ оғир..

26. 2. 2020

* * *

Бир осмон остида яшаймиз — абгор,

бир замин устида ризқи ғам — сероб.

Симириб ичаман такрор ва такрор,

кўзларинг — кўнглимга аталган шароб…

Бу шаҳар осмони тўҳтамайди ҳеч.

у далли томчилар олар ҳушингни.

Улоқтириб ҳижрон либосин ҳар кеч,

бошимга тутасан ёмғирпўшингни…

Ҳавотир — оромга юз бурган абас,

ўйлайман, қароғим бир бахтдан намдир.

Ёмғирли кунларда ёмғирпўш эмас,

бизни бир муҳаббат бирлаштиргандир…

Тушун, чарчамадим изтироб чекиб,

гарчи, ишқ сукунли лаҳзаларда ҳал.

Ишқалар музлаган кафтларин секин,

баҳорни соғиниб чарчаган феврал…

Бу баҳор кечиккан, кечиккан гуллар,

номига айтилган сўнгсиз фаҳрдан.

Бир бўлсин юраклар, нигоҳлар, қўллар,

туйғулар, хаёллар, елка, бағир ҳам.

Бирга азобу бахт чекаверайлик,

ўтайлик умрнинг қишу ёзидан.

Ҳар қандай ажалга қаршидирман лек,

бир ўлим жазомиз бўлса розиман!

27. 2. 2020

* * *

Шоирлардан сенга аталган ишқ бор,

қарашлар — ўткиру, туйғулар — соҳта.

Шунчаки, уларга бермай эътибор,

қўлларингни силтаб қолдинг узоқдан…

Сокин ҳувиллайди Тош шаҳри азим,

бежирим мактублар оласан ҳар кеч.

Бу шеърга етмайди, биласан, вазн,

бу шеърда қофия келишмаган ҳеч.

Қайсидир «катта»дан ўғирланган дард,

ҳаммаси ҳайқирар бирдай даъфатан.

«Жоним, сенга сийлов, қара, муҳаббат,

Мен фақат, бир сени, сени севаман…»

Шоирлар — юраксиз, бахтсиз фуқаро,

ишқини йўқотиб борар байтма-байт.

Томчилар ивитган хотиранг аро,

кулгулар қидириб толмадингми, айт?

Оқшомлар боғ ичра ўзингга келиб,

ўйлайсан, қисматинг тоқмаслигини.

Шартта айтолмайсан, бирининг фели,

бирининг китоби ёқмаслигини…

Шоирла оила қурмоқ кулгули,

у билан тинч яшаб бўлмагай ахир.

Фақат, соғ деб атаб бўлмайди уни,

фақат, бирозгина чўнтаги тақир…

Мен эса кўнглимни озроқ очгум, бас,

ичимда вижирлар ғалати овоз.

Энди, мен учига чиққан шоирмас,

учига чиққан бир аблаҳман холос…

28. 2. 2020

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг