Аста-аста оқаради тонг,
Аста-аста бўйлайди қуёш.
Аста-аста соч йиғар хаёл,
Аста-аста кўтарилар бош.
Аста-аста ташланар қадам,
Аста-аста бошланар кураш.
Аста-аста хўрсинар одам,
Аста-аста чарчамиш яшаш.
Аста-аста силтанади қўл,
Аста-аста қатилар юрак.
Аста-аста уйдан қочар йўл,
Аста-аста маст бўлар эркак.
Аста-аста зулфга оқ инар,
Аста-аста ёқалари ҳўл.
Аёл юзи тонгдай оқарар,
Яноғида музлаб қолмиш сел.
Аста-аста эснайди юрак,
Аста-аста зўраяр шамол.
Изоҳлолмас, жим юрар эркак,
Аста-аста бахтсиздир аёл.
Аста-аста…
***
СЎЗБОШИ
Давраларда, суҳбатларда, тил эшилганда,
Фурсат ўтиб кетганида, фурсат келганда,
Айтилганда, айтилмасдан ичда қолганда,
Айтарингни айтмаса, деб жим термулганда,
Қадаҳ бўшаб, юракларинг лим-лим тўлганда,
Хонқизини сарсон қилиб овунч олганда,
Ёши улуғ туйғуларинг рихлат қилганда,
Юрагингни бир тоза сўз қамаштирганда,
Ё қалбингни ўзинг билан яраштирганда,
Севги янглиғ бир оромли адаштирганда,
Кечаларга ханжар бериб саваштирганда,
Ё сўрмасдан қўл бердириб сўраштирганда,
Ачингандай узоқ тинглаб, суриштирганда,
Ёлғонингни ростинг билан бериштирганда,
Ўзинг билан суратингни солиштирганда,
Ё висолда бўса олиб, бўса берганда,
Тириклигинг тирикликдан баланд турганда,
Ер муз бўлса, чор тарафдан итлар ҳурганда,
Кунларингдан бир кундошинг қаср қурганда,
Ана шунда қўлтиғингдан кимдир кирганда,
Қирғоққача сувлар ютиб бирга борганда,
Қирғоқларда болакайлар шўх югурганда,
Ўғлингними, қизингними кўзин кўрганда,
Ёлғизликда, туманларда эгасиз, ғамгин,
Ё ҳожадек қўл орқада — турганда эмин,
Қояларга бағринг бериб бўлолмай эркин,
Бекатдаги бир нигоҳдан топганда таскин,
Мулозимдай югургилаб ўтса шамоллар,
Кунгай ёқда исмалоқлар эзса аёллар,
Кўкламларга кўнглинг кетган бемор чоғингда,
Бир ўспирин анор гуллаб қолса боғингда,
Яшамоқчи бўлганингда яшаганда ё
Яшалмаган ҳаёт каби маҳтал ва расво,
Турганингда айролиқда ёки дийдорда,
Ё кўзларинг кўр бўлганда бир хушхабардан,
…Ана шундай фурсатларнинг ёлғони учун,
Шу ёлғоннинг Худодай ҳақ исёни учун,
Бесар кетган кўз ёшларнинг фиғони учун,
Ҳайф ўтаётган умрларнинг армони учун,
Ва РОСТликнинг кенгликлардай осмони учун,
Шу осмоннинг мен деб келган найсони учун,
Юрагимнинг Ватан деган султони учун,
Ботинимда бор бўғиним бир зириллайди,
Юрагимда арслондайин ШЕЪР ириллайди,
Суяк синиб, тилим қонаб СЎЗ ёзилади,
Ёлғонларнинг чин олови чин босилади.
Бу лаҳзада яқинлашманг, куясиз – чўғман,
Қолган пайтда тирикларнинг сафида йўқман.
***
Ёмон ўйинчоқман — тез бузиламан,
Нетайки, қўлингга тушдим, қизалоқ.
Қачон зерикасан, ташлаб қўясан,
Қачон улғаясан, эй, ўйинқароқ?
Ҳамма мурватимни тутиб, бидирлаб,
Жоним оғритасан, чидаб тураман.
Бармоқларинг тафти таним ёндирар,
Хоҳласанг, шиқирлаб йиғлаб бераман.
Билмайсан, бир куни улғайиш бордир,
Билмайсан, кўзёшлар ҳали ботинда.
Билмайсан — чин ошиқ ҳамиша хордир,
Билмайсан, вафо йўқ эрур очунда…
Майли, қўлларимни синдир, аяма,
Пахмоқ сочларимни юлиб ўйнагин.
Бидирлаб, пичирлаб, кўксимни ёриб,
Эринмай қийнагин, қийнагин…
Унга боқиб туриб дилга келгай сўз,
Ожиз ҳаётимдан шу нидо қолди:
Шу қизча майлига, нима қилса ҳам
Қисматга ўйинчоқ бўлмаса, бўлди?!
***
Отамнинг сояси тоғларга тушди,
Онамнинг оҳидан унди қизил гул.
Бир нидо ярадор қуш бўлиб учди,
Бор бўлса, бир келсин, Шодмонқул.
Боболар кафтида қабарди тупроқ,
Қабарган тупроқлар бердилар ҳосил.
Қўлда айри асо – абадий сўроқ:
Бор бўлса, бир келсин Шодмонқул.
Оғалар кўзида қафасбанд йўлбарс,
Нигоҳлари ҳасрат, елкалари йўл.
Зиндонда қолганлар Алпомиш эмас,
Бор бўлса, бир келсин Шодмонқул.
Қишда ҳам кетмасдан қолди турналар,
Улар турна эмас, эгачи, сингил.
Соғинчдан жимирлаб эриди қорлар,
Бор бўлса, бир келсин Шодмонқул.
Мезон торларига дилни боғладим,
Узилган барг чизар ҳавода бир йўл.
Ўзимни шу зайл узоқ йўқладим,
Бор бўлса, бир келсин Шодмонқул.
Конфуций ҳақида ривоят
Конфуций чой ҳўплаб, дарахт тагида,
Ўй суриб бир ўзи ўлтирар эди.
Олам ташвишларин, одам ишларин
Бир-бир кўз олдига келтирар эди.
Донишманд қошига келди аёллар,
Бошида рўмолмас, бир олам ғавғо.
— Бизни қийнаяпти баъзи саволлар
Бу боқий сўроққа жавоб бер, доно.
Конфуций кўтариб вазмин бошини,
Аёлларга савол нигоҳин тикди.
Улар бошладилар дийдиёсини,
Донишманд жилмайиб изтироб чекди.
Хотинлар айтдилар: дунё — нотугал,
Мукаммал эмасдир тақдирнинг иши.
Нечун бир эркакда учта хотин бор,
Нега буни айб деб айтмас ҳеч киши?
Ахир битта аёл, битта эрни деб,
Бахшида этади бутун ҳаётин.
Аммо не сабабдан бу номард эрлар
Икки-уч аёлга берар саботин?
Аёллар дунёга фарзанд келтириб,
Умрин битта эрга туҳфа қилар — бас.
Бир эркак уч хотин олса майлию
Нега аёл уч эр қилиш мумкинмас?
Донишманднинг сийрак соқолларида
Бир кулгу титради ушбу тилакдан.
Ва ярқираб турган уч пиёлага
Шошилмай чой қуйди битта чойнакдан.
Учта пиёлада хитойи кўк чой
Уч денгиз сингари лим-лим тўлишди.
Кекса Конфуцийнинг қилган ишидан
Аёллар тушунмай ҳайрон бўлишди.
Донишманд ишора қилди, шогирдлар,
Тағин келтирдилар икки чойнак чой.
Хотинлар ҳурпайиб ҳайрон туришди,
Чолнинг ҳаракатин сирин англолмай.
Уч чойнак, уч хил таъм ва уч хил чойдан,
Битта пиёлани лим тўлдирди чол.
Не тонгки аёллар “дод” деб юборди,
Овозсиз жавобдан бўлишдилар лол.
Ва лекин ҳалиям дунёда сир кўп,
Шамолдай чувиллаб юрар саволлар.
Ана, ўтирибди Конфуций ўйчил,
Лек энди безовта қилмас аёллар.