Тузланган бодринг

1
219
кўришлар сони

Кэтрин Мэнсфилд

Мана орадан олти йил ўтиб уни яна учратиб турибди. Йигит сунъий наргис гулларига тўла япон гулдони қўйилган пастак бамбук столи ёнида ўтирарди. Олдидаги вазада мевалар уюлган, йигит эса у бир қарашдаёқ таниган ўзигагина хос ҳаракатлар билан апельсин артиш овора эди.

Бошини кўтариб, кўз кўзга тушганида йигит ҳам ўзи каби ҳайратга тушди эҳтимол. Ажабо! Танимади! У жилмайди. Йигит эса қовоғини осилтирди. Оҳиста йигит томон юриб борди. Сўнг йигит бир муддатга кўзларини юмди, очганида эса гўёки зим-зиё хонада гугурт чаққандек юзлари ёришиб кетди. Қўлидаги апельсинни қўйиб, курсисини сурди. У эса жажжи илиқ қўлчасини муфтасидан чиқариб йигитга узатди.

-Вера! – хитоб қилди йигит. – Воажаб! Чин сўзим бир муддат сизни танимабман. Ўтирмайсизми? Тушлик қилганмидингиз? Бир финжон қаҳвага тобингиз қалай?    

У иккиланди, бироқ аслида ўзининг ҳам истаги шу эди.

-Ҳа, бироз қаҳва ичақоламан.

Сўнг йигитнинг қаршисига чўкди.

-Ўзгариб кетибсиз. Жудаям ўзгариб кетибсиз, — деди йигит ўша чақноқ кўзларини эҳтиросла унга тикар экан. – Кўринишингиз жуда яхши. Аввалари ҳеч сизни бундай кўрмаган эдим.

-Ростданми? – У юзидаги тўрни кўтариб, баланд мўйнали ёқасини бўшатди. – Унчалар яхши эмасман. Биласиз, бу ҳавога тоқат қила олмайман.

-Ҳа-я. Совуқни ёмон кўрардингиз…

-Нафратланаман. – У титраб кетди. – Энг ёмони — олиб борган сайин…

Йигит унинг сўзини бўлди.

-Кечирасиз, — столни уриб официантни чақирди. – Бир қаҳва билан крем келтирсангиз, илтимос. – Сўнг ундан сўради: – Ростдан ҳам ҳеч нарса емайсизми? Мева дегандек, масалан. Бу ернинг мевалари ажойиб.  

-Йўқ, раҳмат. Ҳеч нарса емайман.

-Унда, масала ҳал. – Йигит ёйилиб илжайди-да, апельсинни қайта қўлига олди. – Олиб борган сайин деяётган эдингиз…

-Совиб борган сайин, демоқчи эдим, — кулди у. Аммо унинг бу қилиғини – гап бўлиш одатини қанчалар яхши эслашини ва олти йил бурун унинг бу қилиғидан нечоғлик ғазаби ошиб тушишларини ақлидан кечирди. Ўша пайтлар йигит ҳеч кутилмаганда уни гапираётган жойида тўхтатиб қўйиб, бармоқларини унинг лабига босар, терс бурилиб, бошқа иш билан машғул бўлар, сўнг қўлини лабидан олиб, ҳозиргидек илжайганча яна эътиборини унга қаратарди… Мана энди биз тайёрмиз. Масала ҳал.

-Ҳа, совуқми, – кулганча такрорлади унинг сўзларини. – Вой-бу, ҳали ҳам ўша гапми. Ҳа, яна бир нарсангиз ҳеч ўзгармабди – ёқимли овозингиз ва чиройли сўзлашингиз. – Бу гал йигит жиддий тортганди. Йигит у томон энгашганида апельсиннинг баҳридилни очувчи ўткир бўйи димоғига урилди. – Атиги бир калимагина сўз айтсангиз ҳам барча овозлар ичидан сизникини таниб оламан. Овозингиз хотирамда бу қадар чуқур ўрнашиб қолишига сабаб нима, билмайман; бу ҳақда кўп ўйладим… Кью Гарденсда илк бор бирга ўтказган кунимиз ёдингиздами? Ўшанда битта ҳам гулнинг номини билмаганим учун ниҳоятга ҳайратлангандингиз. Ўргатганларингиз ҳали ҳам эсимда йўқ. Бироқ шуниси жуда ғалати-ки – кунлар илиб, анвойи чечакларга кўзим тушган он сизнинг овозингиз қулоғим остида жаранглайди – “Ёронгул, чамандагул, ҳамишабаҳор”. Унутилган, мўъжиза мисол ўша тилдан ёдимда қолгани шу уч жумла холос… Ўша кунни эслайсизми?

-Оҳ, ҳа, жуда яхши эслайман, – у худди ўрталарида турган қоғоз наргис гуллари димоғни ёрувчи бўй таратаётгандек узун ва енгил сўлиш тортди. Ҳолбуки, ўша ўзгача кундан ёдида қолгани – чойхўрлик устидаги бемаъни манзара эди. …Хитой ибодатхонасида чойхўрлик қилаётган бир талай одам… Йигитнинг ариларни деб ўзини савдойиларча тутгани, похол шляпаси билан уларни ҳайдаб солгани, ниҳоятда ғазабга тўлиб тошгани… Чойхўрларнинг қиқир-қиқир кулишиб маза қилишганлари. Ва ўзининг қанчалар хижолат чеккани…

Аммо энди, йигит айтганидек, хотиралар унут бўлди. У ҳақ эди. Ҳа, ўшанда кун ажойиб эди, ҳар тарафда ёронгулу ҳамишабаҳор ва чамангуллар барқ очиб ётар, кун илиқ ва қуёшли эди. Унинг ўй-фикри шу сўнгги жумла атрофида бир қўшиқ мисол айланиб қолди.

Куннинг тафтида яна бир хотира уйғониб келди. У ўзини майса устида ўтирган ҳолда кўрди. Йигит эса ёнида ётар, сўнг ногоҳ узоқ жимликдан сўнг, ағдарилиб, бошини унинг тиззасига қўйди.

-Қани эди, — деди йигит паст ҳаяжон тўла овозда, — қани эди заҳар ичган бўлсамда, ҳозир жон таслим қилаётган бўлсам!

Шу аснода сув томчилаб турган узун оқ нилфия тутиб, оппоқ кўйлак кийган митти қизалоқ буталар орасидан мўралаб уларга қаради, сўнг яна беркиниб олди. Аммо йигит буни кўрмади. У йигитга энгашди.

-Вой, нега бундай дейсиз? Мен бундай демаган бўлар эдим.

Бироқ йигит хафиф ингради, сўнг унинг қўлидан тутиб ёноғига босди.

-Чунки сизни бениҳоя, бениҳоя севиб қоляпман. Бундан эса адоқсиз азобга дучор бўламан, Вера, чунки сиз ҳеч қачон – ҳеч қачон мени севиб қолмайсиз.

Ҳозир эса аввалгидан анча дуруст кўринади. Ўйчан изтироблару қатъиятсизликлар ғойиб бўлган. Энди унда ҳаётда ўз ўрнини топган ва шу ҳаётини ўзига ишонч ва қатъият билан тўлдирган бир эркакнинг ҳавоси бор эди, муболағасиз айтганда, таъсирли. Пул ҳам жамғаргани шубҳасиз. Уст-боши бебаҳо. Ва шу пайт чўнтагидан рус портсигарини чиқарди.

-Чекасизми? – сўради йигит.

-Ҳа. – Унинг нигоҳи сигареталарга қадалди. – Ажойиб сигарага ўхшайди.

-Менимча ҳам, шундай. Буларни Сэнт-Жеймс кўчасида бир одамга тайёрлаттирдим. Ўзи кўп чекмайман. Сизга ўхшамайман, лекин агар чексам, сигарет гўзал ва ўзига хос бўлиши лозим. Чекиш мен учун одатга айланмаган; бу ҳашаматнинг бир кўриниши, холос; атир каби. Ҳали ҳам атирларни хуш кўрасизми? Эҳ, Россиядалигимда…

У йигитнинг гапини бўлди:

-Россияда бўлдингизми?

-Албатта-да. Бир йилдан ошиқ ўша ерда бўлдим. У ерга борамиз деб қайта-қайта орзу қилар эдик, унутдингизми?     

-Йўқ, унутганим йўқ.

Йигит ажиб тарзда мийиғида кулиб қўйди-да, ўриндиққа ястаниб деди:

-Жуда қизиқ-а? Мен иккаламиз режалаштирган барча саёҳатларни чиндан ҳам амалга оширдим. Ҳа, биз ўша суҳбатлашган барча манзилларда бўлдим мен, ва у ерларда узоқ қолиб ўзингиз таърифлагандек яхшилаб “шамоллаб келдим”. Сўнгги уч йилим нуқул саёҳатлар билан ўтди. Испания, Корсика, Сибирь, Россия, Миср… Биргина Хитой қолди, лекин уруш поёнига етгач, у ерга ҳам бормоқчиман.

Йигит сигарет учини кулдонга енгилгина боса-боса сўзлар; унинг кўксида эса, йигитни тинглар экан, узун замонлардир мудраб ётган ажабтовур бир жонзот қимирлади, сўнг керишди, қулоқларини динг қилди ва шунда қўққисдан сакраб оёққа қалқиб, иштиёқманд ҳамда ташна нигоҳини ўша олис манзилларга тикди. Бироқ майин жилмайиб, бор-йўқ сўзлагани “Қанчалар сизга ҳавасим келяпти” деган жумлалар бўлди.

Йигит бунга ишонди.

-Ниҳоятда ажойиб эди, — деди у, — айниқса, Россия. Россия худди биз тасаввур қилгандек экан, ҳатто ундан ҳам аъло. Мен бир неча кунимни Волгада қайиқда ўтказдим ҳатто. Сиз чалиб турадиган ўша қайиқчи қўшиғи ёдингиздами?

-Ҳа. – Шу он у бу қўшиқни хаёлида чала кетди.

-Ҳозир ҳам чалиб турасизми уни?

-Йўқ. Пианином йўқ.

Йигит ажабланди.

-Анави чиройли пианинонгизга нима бўлди?

У афтини буриштирди:

— Сотилди. Бунга асрлар бўлди.

-Аммо мусиқа жону дилингиз эди ахир, – ҳайрон қолди йигит.

-Ҳозир бунга вақтим ҳам йўқ, — деди у.

Йигит бу мавзуга бошқа қайтмади.

– Дарёда кечирган ҳаётим, — давом этди сўзида у, — мутлақо ўзгача эди. Бир-икки кун ўтгач, бу ҳаётдан бошқасини билмагандек бўлар эдинг. Бунинг устига тил билишнинг ҳам зарурати йўқ эди, қайиқдаги ҳаёт сен билан у инсонлар ўртасида ришта пайдо қилар эди. Улар билан овқатланасан, бирга вақт кечирасан, оқшом эса поёни йўқ қўшиқлар…

У эса титраб кетди, қулоғи остида яна қайиқчининг баланд ва қайғули қўшиғи жаранглаб кетди, кўз олдида эса икки чети маъюс дарахтлар билан қуршалган қорамтир дарё бўйлаб сузиб бораётган қайиқ… “Ҳа, бу менга ёққан бўларди”, деди сўнг муфтасини силаб.

-Рус ҳаётидаги ҳар бир нарсани ёқтирган бўлар эдингиз, — деди йигит самимият билан. — Шунчалар расмиятчиликдан холи, саволлардан холи, шунчалар эркин. Деҳқонлари бирам ажойиб. Улар шундай инсонлар, ҳа! Ҳаттоки извошингни ҳайдаб бораётган киши ҳам воқеанинг муҳим бир бўлаги эди. Ёдимда, бир оқшом биз улфатлар – икки ошнам ва бирининг рафиқаси, Қора денгиз бўйига сайрга чиқдик. Овқат ва шампан виноси олдик, майсалар устида ўтириб, едик-ичдик. Овқатланиб ўтирган чоғимиз извош яқинлашди. “Тузланган бодрингдан олинглар”, деди у. Биз билан баҳам кўрмоқчи бўлди. Ўшанда шундай яшаш керакдек туюлиб кетди менга, шунчалар… нима демоқчи бўлаётганимни англаяпсизми?

У эса бу пайтда майсалар устида бахмалдек тим қора, осуда тўлқинларини қирғоққа урганча шовуллаётган ўша сирли Қора денгиз бўйида ўтиргандек эди. Кўз олдига йўлнинг четига тортиб қўйилган извош ва майсалар устидаги бир гуруҳ улфат келди, уларнинг юзлари, қўллари ой нурида оппоқ кўринар эди. Аёлнинг ясланган хира кўйлаги, майсада улкан кумушранг тўқув илгаги каби ётган соябони кўзи ўнгида жонланди. Улардан айро, тиззасида сочиғида кечки овқати билан извошчи келиб ўтирди. “Тузланган бодрингдан олинглар”, деди сўнг. У гарчи тузланган бодринг қандай нарса эканлигини аниқ билмаса ҳам, кўз олдига тўтиқушнинг тумшуғига ўхшаб ялтираб кўринаётган қизил қалампир солинган кўкиш шиша банка келди. Лунжини шимиб кўрди; бодринг ниҳоятда шўр экан…

-Ҳа, — деди сўнг, — нима демоқчи эканлигингизни яхши тушундим.

Орага жимлик чўкиб, улар бир-бирларига қараб қолдилар. Авваллари шундай бир-бирларига қарашганларида, бир-бирларини бениҳоя яхши англар эдилар, қалблари бир-бирини қучиб, бир денгиз қўйнига отилар, мунглиғ ошиқ-маъшуқ сингари чўкиб кетишга ҳам рози бўлар эдилар. Аммо энди ҳайратланарлиси шунда эдики, вазмин қолган айнан йигитнинг ўзи эди. 

-Қанчалар ажойиб тингловчисиз-а, — деди йигит, — бу кўзлар ёниб менга қараганида, гўёки ҳеч кимсага оғиз жуфтлаб айта олмайдиган сўзларимни ҳам сизга айта оладигандек ҳис қиламан. 

Йигитнинг сўз оҳангида мазахга ўхшаш бир нима бор эдими, ёки унга шундай туюлдими? Фарқлай олмади.

-Сизни учратмасимдан олдин, — давом этди сўзида йигит, — ўзим ҳақимда ҳеч кимга сўзламаган эдим. Сизга кичкина Рождество арчасини олиб келганим ва болалигим тўғрисида барчасини сўзлаб берганим ўша тун ҳали ҳануз ёдимда. Нақадар ночор қолганим, қочиб чиқиб, икки кун ҳовлимиздаги араванинг остида яшаганимда мени излаб топа олишмагани… Ўшанда ҳам кўзларингиз чақнаб мени тинглаган эдингиз,  гўё кичкина Рождество арчасини ҳам тинглаттиргандек туюлгандингиз менга ўшанда, худди эртаклардагидек.  

Унинг ёдида қолгани эса ўша оқшомги бир идиш икра эди. Нархи етти шиллингу олти пенс эди. Йигит ўшанда ҳеч ақлига сиғдира олмаганди. Ўзингиз бир ўйланг ахир – шундай бир жимитдек банка етти шиллингу олти пенс турса! Йигит ҳайрат аралаш завқ билан унинг ейишини томоша қилган эди.     

Йўқ, ростдан ҳам пулни еб битирар экан. Бу митти идишчага етти шиллингнинг ўзи сиғмайдику ҳатто. Бундан қанча даромад кўришларини бир ўйланг… – деди йигит, сўнг аллақандай тушуниш қийин бўлган мураккаб ҳисоб-китобларга тутинди…

Энди эса “Алвидо, икра”. Стол устида Рождество арчаси жой олган, арава тагидаги митти болакай эса итни ёстиқ қилиб бош қўйганча ётарди.

-Итнинг оти Босан эди, — севинганча хитоб қилди у.

Йигит англамади.

-Қайси ит? Итингиз бор эдими? Ҳеч эслай олмаяпман.

-Йўқ, йўқ. Болалигингиздаги итни айтяпман.

Йигит кулди ва портсигарини қарсиллатиб ёпди.

-Ҳа, уми? Биласизми, уни буткул унутибман. Орадан асрлар ўтгандек гўё. Бор-йўғи олти йил ўтганига ақлим бовар қилмайди. Бугун сизни танигач, шундай ҳатлаб – ҳаётим узра шундай ҳатлаб ўтмишга қайтишимга тўғри келди. Ўшанда ғирт бола бўлган эканман, — йигит столни бармоқлари билан тарақлатди. – Сизни ўшанда қанчалар безор қилганимни тез-тез эслаб тураман. Аммо энди нега менга мактуб ёзганингизни мен ҳам худди сиздек жуда яхши тушуняпман – гарчи ўшанда бу мактуб умримга зомин бўлаёзган бўлса-да. Бир куни шу мактубни топиб олдим. Ўқир эканман, ўзимни кулгудан тўхтата олмас эдим. Шунчалар донишларча ёзилган, шунчалар мени ҳаққоний тасвирлаган эди бу мактуб, — йигит нигоҳини кўтариб, унга қаради, — Кетмоқчимисиз?

У ёқасининг тугмаларини ўтказиб, вуалини туширди. Сўнг:

-Ҳа, кетмасам бўлмайди, — деди базўр жилмайиб. Йигит аниқ мазах қилаётгани унга энди ошкор эди.

-Оҳ, йўқ, яна бирозга қолинг, илтимос, — дея ялинди йигит ва столдан унинг қўлқопидан бирини олиб, гўё бу уни тутиб қоладигандек, қўлқопни маҳкам чангаллади. – Шу кунларда гаплашадиган одам топа олмайман, нақ ёввойининг ўзи бўлдим-қолдим, — деди у. – Кўнглингизни оғритадиган бирон гап айтдимми йўқса?

-Заррача ҳам йўқ, — алдади у. Аммо йигитнинг қўлқопини бармоқлар орасидан тортқилашини кузатар экан, ғазаби аста-секин сўна бошлади, устига-устак шу он йигит олти йил олдинги ҳолига қайтгандек туюлди унга…

-Ўшанда чин дилдан истаганим, — деди йигит майин овозда, — пойандозга айланиб қолиш эди, сиз учун пойандозга айланиб, оёқларингиз остига тўшалсам ва сиз нафратланадиган лойу ўткир тошлардан озор чекмасангиз дер эдим. Ягона орзуим учар гиламга айланиб, барча орзу қилган манзилларингизга сизни элтиш эди.

Йигитни тинглар экан, у гўё маст бўлгандек бошини кўтарди; кўксидаги ўша ғалати жонзот мушукдек хуриллай бошлади…

-Ўшанда сизни дунёдаги барча инсондан ҳам ёлғиз деб ҳис қилар эдим, — давом этди йигит сўзида, — ва эҳтимол, дунёдаги чин маънода ҳаёт бўлган ягона инсон ҳам сиз эдингиз. Бемаҳал дунёга келдингиз, — деди сўнг паст овозда, — қисмат экан.

-Оҳ, худойим! У нима қилиб қўйди? Шундайин бахтидан юз ўгиришга қандай журъат қилди? Ахир уни ҳаммадан ҳам яхши англай оладиган инсон шу эди-ку. Жуда кечми? Наҳот жуда кеч бўлса? У йигит қўлида тутиб турган қўлқоп эди…  

-Ўшанда ақалли бир дона ҳам дўстингиз йўқ эди, ҳеч ким билан дўст тутинмас эдингиз. Сизни қанчалар яхши тушунар эдим, чунки менинг ҳам дўстим йўқ эди. Ҳозир ҳам ўшандайми?

-Ҳа, — хўрсинди у, — ўшандай. Ҳар қачонгидан ҳам ёлғизман.

-Мен ҳам, — кулиб қўйди йигит, —  ўшандай. Сўнг дабдурустдан илдам ҳаракат қилиб, қўлқопни соҳибасига қайтарди ва ўриндиғини ғичирлатди. – Бироқ ўшанда менга бениҳоя сирли туюлган нарсалар бугун мен учун ниҳоятда тушунарлидир. Албатта, сизга ҳам… Биз шунчаки ўтакетган худбин эдик, ўз қобиғимизга шу қадар ўралиб олиб, шу қадар ўзимиз билан овора эдик-ки, қалбимизда бошқа бир инсон зотига зиғирча ҳам жой йўқ эди. Биласизми, — хитоб қилди йигит самимий ва соддадиллик билан ва бир лаҳза ўтмишдаги ҳолига жуда ўхшаб кетди, — Россиядалигимда мен ҳатто “Тафаккур назарияси”ни ўргана бошладим ва тушуниб етдимки, биз асло ўзгача эмас эканмиз. Бу маълум бир шаклдаги…

У эса аллақачон кетиб бўлганди. Йигит гапи оғзида қолиб, ҳайрат оғушида ўтириб қолди… Сўнг официантдан ҳисобни келтиришни сўради.

-Ахир кремга қўл ҳам теккизилмаган, — деди йигит, — илтимос, буни ҳисобга қўшмасангиз.   

Инглиз тилидан Мунира Норова таржимаси

1 та изоҳ

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг