Шерзод Ортиқов. Шеърлар

0
262
кўришлар сони

2008 йил, сюжетли шеърлар

Мени ташлаб кетар қалдирғоч,

Аста туша бошлагач салқин.

Дарак келиб куздан атрофга,

Ҳаво совуб кетганда кескин.

Шунда унинг уй шифтидаги,

Ини бўшаб, хувиллаб қолар,

Изғириндан, қордан ётсираб,

Маъюслашиб кўкламга қадар.

Томдан чакки ўтиб эҳтимол,

Қуйганида ёмғир челаклаб.

Лойқа тўлиб унинг ичига,

Тушар тезда у ерга қулаб.

Cўнг-чи, унинг қолдикларини,

Бирор мушук босади кўриб.

Ё тонг пайти инжиқ келинчак,

Бир лаҳзада ташлар супуриб.

*** ***

Тонг ҳам отди- Худога шукр,

Навбатдаги баҳорнинг тонги.

Ортда қолди бир оз вақтга тун,

Эрталабдан кун чиқди янги.

Мен жудаям яхши кўраман,

Майнинг бундай илиқ тонгини.

Чиқаётган қуёш ром этар,

Мафтун қилиб ўзига мени.

Унга қараб туриб ўйлайман,

Сен ҳақингда этим жимирлаб.

Кўз олдимда гавдаланасан,

Кўзларимни бирма-бир намлаб.

Ва бошланар турфа хил ўйлар,

Хаёлимда кезишни шунда.

Шу қуёшга айланиб қолиб,

Боргим келар олдингга тезда.

Афсус, бунинг йўқ-да иложи,

Бу қуёш кўп олисда мендан.

Худди сенга ўхшаб унга ҳам,

Қўлим етмас чўзганим билан.

   ***   ***

Дадамга

У мен билан Римга боришни,

Доим орзу қиларди, дада.

Эринмасдан берарди айтиб,

Нима билса шаҳар ҳақида.

Колизейни кўрамиз, дерди,

Яна қувноқ карнавалларни.

Рим сенатин харобаларин,

Афсонавий сергак ғозларни.

Ватиканни айланиб чиқиш,

Режамизда бўларди аниқ.

Ўзимизча ғирт ёлғондакам,

Бўлиб кекса папага содиқ.

Ўйлар эдик кутубхонага,

Бормоқликни тинмай, ҳамиша.

Ноёб, эски  қўлёзмаларни,

Қилмоқ учун бир бор томоша.

Эндиликда  ишонинг, бирор,

Бу ўйлардан қолмаган асар.

Гоҳ шодлик, гоҳ ғам-андуҳда.

Ўтиб анча орадан йиллар.

Кетган У ҳам изсиз, бедарак,

Юрагимни азобга солиб.

Ундан қолган фақатгина шу —

Рим хаёли хотира бўлиб.

*** ***

Нафратланган шу касбимни деб,

Қанча умрим кетди беҳуда.

Яшадим кўп ҳисоб-китоблар,

Муҳим бўлган олам қўйнида.

Мажбур бўлиб ишладим алҳол,

Мурда янглиғ банкирлар билан.

Уларга жим қилиб итоат,

Ўзимни гўл кўрсатиб баъзан.

Кийдим ҳар кун турли ниқоблар,

Касбим шуни тақозо қилиб.

Фарқим қолмай масҳарабоздан,

Ўзлигимни қалбимга кўмиб.

Кун кечирдим усталик билан,

Одамларни тинимсиз алдаб.

Уйдирма ва ёлғон тўқидим,

Эрта-ю кеч фойдамни кўзлаб.

Бугун эса жонимга тегди,

Олқишланган масҳарабозлик.

Кўз олдимдан ўтиб олисда,

Қолиб кетган қадрдон ёшлик.

Бош кўтарди оқарган сочлар,

Тиниқлашган идрок остидан.

Қалтис ёшда кўра бошлади,

Хиралашган кўзларим равшан.

Кеч бўлса-да чуқур ҳис килдим,

Мана, энди тириклигимни.

Хайрлашмай бедарак кетгач,

Ҳаётимнинг катта бир қисми.

***                     ***    

Ёмғир ёғди бугун кун бўйи,

Эрталабдан қуйди челаклаб.

Деразадан уни кузатдим,

 Қўлимдаги қаҳвадан ҳўплаб.

Ёғганига қарамай роса,

Кўп ўтмасдан у дарҳол тинди.

Томчилари овоз чиқариб,

Деразага урилмай қўйди.

Тингач  унинг ортидан ногоҳ,

Ўтмишим тез жонланди шу он.

Кўз олдимда сен гавдаландинг,

Таниш юзинг бўлди намоён.

Ҳаётимда  сен ҳам у каби,

Пайдо бўлиб қисқагина вақт.

Бир лаҳзада келдинг-у кетдинг,  

Хотиралар қолдириб фақат.

*** ***

                                   Синглим Шаҳодатга                    

Эсингдадир, эски уйимиз,

Ёнидаги олма дарахти.

Бўйи баланд, шохлари йирик,

Турар эди эмандек худди.

Баҳор келиб илиганда кун,

Гуллар эди ўрикдан кейин.

Бошдан оёқ мисоли қизил,

Духобага ўраниб қалин.

Парвонадек атрофида биз,

Айланардик кулишиб хандон.

Эринмасдан кутардик бирга,

Мевалари пишар деб қачон.

Бекинмачоқ пайти кўпинча,

Бўлардим мен унинг ортида.

Жилмаярдинг сен ўша ердан,

Топиб олсанг мени бир зумда.

Эсганида  шамол мен уни,

Қўриқлардим олдига келиб.

Тўплар эдим ерга тўкилган,

Меваларин  югуриб, елиб.

Болаларга уларни ҳечам,

Бермас эдим қилиб хасислик.

Фақат сени қовоғим солиб,

Қилар эдим ўзимга шерик.

Болаликнинг шодон дамлари,

Ортда қолгач ўзгардик биз хам.

Катта ҳаёт қучоғи томон,

Истамасдан ташладик қадам.

Ҳаёт бизни ўзгартирди кўп,

Ўзгарди хулқ, ташқи кўриниш.

Унутилди болаликдаги,

Хотиралар кўпайиб ташвиш.

Ўтамиз ҳеч эътибор бермай,

Энди ўша дарахт олдидан.

Кўп бўлса-да гуллаганига,

Пайқамаймиз буни умуман.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг