МАҲЛУҚ

0
168
кўришлар сони

Бешикни ёдимга туширди тобут
Аъзам Ўктам


Ўша тунда Оймома ҳам осмонни тарк этган эди. Шаҳар ғафлат уйқусида. Баҳайбат Маҳлуқ ахлатхона ёнгинасидаги захкашдан чиқиб келди.
Ҳайратланарлиси, кейинчалик уни ғарбдан кириб келди, дейдиганлар ҳам кўпайди. Аслида ҳар бир шаҳарнинг Оймомаси, Махлуқлари бўлади. Ҳар ҳолда буни бувим Кенжа биби айтган. У яхшигина ровий, рамзлаштиришга уста эди. Мен эса фақат баён қиламан. Воқеанавислигим учун “Хиёбон газеталари”дан яхшигина гонорар ҳам олиб тураман.
Алам қиладигани, қўшним, шаҳар ҳавосига ўрганолмаётган шоир Ю.Т. менга “бозорчисан, яланғоч ёзасан,” −  дегани-деган. Ўзининг ижодида замонавийликдан асар ҳам йўқ. У аллақандай минора-ю мадраса, гумбазлар ҳақида ёзадими-ей.
***
Маҳлуқ шунчалар жирканч эдики, айниқса, ундан қўланса ҳид анқиётганига чидаб бўлмас эди. Кўзларида эса Меҳрдан асар ҳам йўқ. Аллақандай очлик жазаваси ёниб турарди.
У биринчи бўлиб қишлоқдан шаҳарга қочиб келган Т. фоҳишани еди. Лекин ҳамма ундан қочар, Маҳлуққа қарши ҳаракат йўқ эди. Кейин у наша кайфидан Оймомани унутган бир тўда бангиларни паққос туширди.
Одамлар Маҳлуқдан телбаларча қочишар, аммо, улар шаҳардан чиқиб кетишнинг имкони йўқлигини билишмасди. Чунки қўшни шаҳарларда уруш кетаётган эди-да. Бу хабар эса уларни шу пайтгача бирор маротаба ҳам қизиқтирмаган.
– Маҳлуққа қарши биргалашиб курашганда, уни енгган бўлармидик… – деди қўшним менга илтижоли термилиб. Ю.Т.нинг нигоҳида қўрқув, даҳшат эмас, мен англаб етолмаётган қанақадир хавотир бор эди. Болаларини ташлаб бўлса-да, ўзга шаҳарларга қочаётганлар биланми?
Шоир ўзининг саволига ўзи жавоб берди. Тўғрироғи, у ўзига-ўзи гапираётган экан.
Бу пайтда шаҳарнинг ярми остин-устун бўлган эди. Қий-чув, йиғи-сиғи, шовқинлар қулоқни қоматга келтирадиган даражага етди. Бироқ ҳеч ким жаноб Маҳлуққа қурол у ёғда турсин, хода ҳам ўқталмас, у эса кимнингдир тилидан, бошқа бирини кўзларидан ейишни бошлар, паққос тушириб бўлганидан кейин оғзидан бадбўй ҳид тарқатганча кекириб олиб, яна “иш”ини давом эттираверарди.
Мен  уни нимаси биландир ўн учинчи китобимда тасвирланган Мафия сардорига ўхшаб кетишини сезиб қолдим…
Маҳлуқ шаҳар аҳлини деярли еб тугатди. Энди у биз томонга бостириб келаётган эди. Ҳавотирланиб, қўшнимга боқдим. У нимадандир асабий, лекин ҳали ҳам Маҳлуқдан заррача қўрқмаётган эди. Менга эса суякларим шиқирлаётгани эшитиларди. У устимизга янада тезлик билан бостириб кела бошлади. Бирдан сонларим ораси қизиганини, кейин ялтироқ шимим ҳўл бўлиб қолганини сездим.
Маҳлуқ менинг қонсиз юзимга қарата қаҳқаҳа отди. Шунда унинг оғзидаги қолғиндилар юзларимга учиб тушди. Бадбўй ҳиддан кўнглим беҳузур бўлди. Маҳлуқ Шоирга маҳзунона тикилиб қолди. Мени эса қўшним қўрқинчни умуман туймаётгани ажаблантирарди.
Вайронага айланган шаҳар тинчиб қолган эди. Маҳлуқ битта-ю битта омон қолган уй олдига борди. Биз ҳам унинг ортидан эргашдик.
Қўрқинчдан деярли қутулган бўлсам-да, оёғимга илашаётган ҳўл, ялтироқ шимим кўнглимни беҳузур қила бошлади.
Уйдан аллақандай сеҳрли овоз эшитилаётган эди. Аввалига англолмадим. Шоир менга маъноли термилди. Очиғи унинг “дард”ини тушунолмадим.
Маҳлуқ дераза қаршисига янада яқинроқ борди. У Онанинг пастқамгина уйидан таралаётган аллани тингларкан, баҳайбат, бесўнақай гавдаси кичрайиб борарди. Шоирга қарадим. Қўшнимнинг маъюс кўзларидан шашқатор ёш оқарди.
Маҳлуқ секин-аста Инсонга айланди. У ёшариб, беғуборлаша бошлади. Она ўз қўшиғини тугатганида, у тахминан уч ёшлардаги болага айланиб қолган эди.
Болакайнинг юзини кўришга юрагим дов бермасди. У секингина биз томонга ўгирилди. Ё Раб! Бунчалар таниш чеҳра! Уни қаердадир кўргандайман.
Шоир қулоғимга пичирлади: − болалигинг.
Ёнгинамда Ўзим менга илтижоли термилиб турарди.

Обид Қўлдош

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг