Суҳроб ЗИЁ. Шеърлар

0
210
кўришлар сони

Менда нима гуноҳ?
Сенда нима гуноҳ?
Бенаво одамлар орасида, оҳ,
Пичирлаб-пичирлаб юрибман ўзимга…
Ўзига:
“Бу кўзлар бегуноҳ,
Бу кўзлар бегуноҳ…”

Йиғлаб-йиғлаб поклаб борар ўзини,
Тиниқ тортаверар ул қора гуҳар.
Билмадим… 
Билмадим, бу менинг сўзимми?
Фақат қўшиқ келар соғинсам агар…

Оғриқларинг сизар кўнглимга бот-бот,
Сенинг сукутинг мўл,
Имдодларим бор.
Саждага чорлаган бомдодларим бор,
Шу сўзни оятдек айтаман такрор:
“Бу кўзлар бегуноҳ,
Бу кўзлар бегуноҳ…“

Шаҳар уйсиз итдек увиллар унсиз,
Хабаргир шамоллар мумни тишлайди.
Сен недан ранжийсан?
Мен недан ранжийман?
Энди баҳор қайда қишлайди?

Кўздан олислар-у дилга яқинлар
Қўл етмас осмондай туюлар гоҳ-гоҳ.
Бўғзимда бир қўшиқ симиллар,
сим-симлар…
“Бу кўзлар бегуноҳ,
Бу кўзлар бегуноҳ…“

****

Сен ҳавотир олма, 
баҳор келса, ўзим айтаман.
чой ич, овқатланиб ол,
кутиб кўзларинг тўрт бўлмасин.

Ўзим айтаман,
йиғлама, 
ёмғир майда севалаб турганда
кўз ёш тўкиб ол.
одамлар фақат бахтдан масрур кўрсин сени.

Сен ҳавотир олма, 
агар мени унутмоқчи бўлсанг,
яшамоқчи бўлсанг менсиз дунёда,
ўзим ўлиб бераман.
ҳавотир олма…
ҳавотир олма…

***

ШОИР

Абдували Қутбиддинга

Сўзнинг тупроғига экилган Ватан,

Дилнинг гулобига чайилган жисм.

Шоир тирилмоқда минг бор қайтадан,

Шоирни шарафлаб бормоқда ўлим.

Манглайи тупроқнинг шўридай тахлдир,

Кўзнинг кувасида туйилади ғам.

Шоирнинг умрига таянган халқдир,

Халқининг қайғуси шоирга кафан.

Ай гул, кўзларингдан уққаним дунё,

Ай гул, тийнатингдан уққаним Худо.

Фақат шоир тўкар кўзларингга жон,

Сени севдим дейди муртадлар ҳатто.

Сени севдим дейди қарғалган итлар,

Тубсиз тубанликнинг чоҳидан қараб.

Шоир ифорингда умрини асрар,

Шоир илдизингга лошини қалар.

У сўнгсиз аламнинг ибтидосида

Кетса қалқиб кетар оҳ кемалари.

Ўлса, кўзларидан ўпар малаклар,

Куйда куйиб кетар Осималари.

Сен эса кўчангда қолдинг фаромуш,

Кимдир кетганини сезиб ё сезмай.

Атиргул бандига ўзини осиб,

Бир булбул жон берди,

тўкилди бир май

Вужуд деб аталган cинган қадаҳдан.

У сизган тупроқлар кетмасми ёниб?

Ай гул, кўзларингдан бошпана бергин,

Жисмидан қувилди шоирнинг жони:

«Ё Раб, бу не савдо,

Ё Раб, бу не ғавғо…»

***

Мен ғамгин одамман, ғамгин ўларман,

Бўзлаб қолаверар ишқ булбуллари.

Тўлсам бир осмондай буткул тўларман,

Тўкилсам ёмғирдай тўкилгай бари.

Жисмим қумғонини қайнатар обдон

Кўксимда ловуллаб турган битта чўғ.

Йўқдир беркитгулик на сир, на ёлғон,

Унда ҳайқиргулик ҳақиқат ҳам йўқ.

Бу жисм дунёга чайиб ўзини,

Хоклигин унутиб базм қилмишдир.

Самодан тўкилган ойдин сўзини

Майдалаб-майдалаб ҳазм қилмишдир.

Энди сукунатим мендан ҳам ғамгин,

Сўзсиз вужудимдан сирғалади жон.

Бир соқов ҳақғўйни бағрига босиб,

Сокин айланади замину осмон.

Аммо… қайдан келдинг, эй маъюс қувонч,

Қачон бу қушларнинг осмони қайтди?

Сўзи қуриб битган забоним билан

Худонинг исмини пичирлаб айтдим.

Айтдим, эшитдими Худонинг ўзи?

Айтдим Ёлғизимга шукроналарни.

Айтдим, айтавердим, тирилди сўзим.

Ўзи асрар экан девоналарни.

Эй дунё, сен йўқсан. Ўзга дунё бор,

Унга етолмаслар вужудлар сафи.

Уни ахтарурлар такрору такрор,

Унга топинурлар чин ишқ мазҳаби.

Мендан ҳам ғамгин бир дунё бор экан,

Бор экан вужудин пойингга ташлаб

Уйғониш асрининг кашшофларидай

Хазина ахтариб юрган ошиқлар.

Барибир қолгим йўқ, кетгим бор бироз,

Бу бўстон омонат, бу бўстон — саҳро.

Менга мўъжизадай туюлди, холос,

Сенинг табассуминг беркинган дунё.

Кел, энди сен мени қатл эт беармон —

Инсонни ўлдирар бахт ҳам гоҳида.

Мен ғамгин одамман, ғамгин ўларман

Маъсум муҳаббатнинг қатлгоҳида.

***


Эҳтимол, куз бизни кузатгани йўқ,
Эҳтимол, кўнгилга етди қаҳратон.
Эҳтимол, севгига тегди дайди ўқ,
Эҳтимол…

Эҳтимол, у туйғу чалажон ҳали,
Эҳтимол, нажот бор тиғнинг тилидан.
Эҳтимол, келмади севинмоқ гали,
Эҳтимол, севилмоқ гали ҳам…

Эҳтимол, қор кураб юрибди баҳор,
Булбуллар — ушшоқнинг мардикорлари.
Ҳали нағмаларин созлаб бўлмаган,
Эҳтимол, дардсизлик қийнайди барин?

Эҳтимол, ҳалиям туғилмадим мен,
Яшашга кўникдим беқайғу, беруҳ.
Эҳтимол, қақраган нигоҳларимга
Келмади тазурру.

Эҳтимол, кимдандир юз бурмоқ ордир,
Эҳтимол, бошимга келмоқда кўчки.
Эҳтимол, Суҳробни севганлар бордир,
Эҳтимол, Суҳробни билмайди ҳеч ким.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг