ДУЭТ: ГЎЗАЛ РЎЗИЕВА ВА ДИЛМУРОД ДЎСТ

3
661
кўришлар сони

Янги лойиҳа

Китобхонларнинг диди пасайиб кетишига ким айбдор? Дин ва адабиёт бир-бирига боғлиқми? Уюшмалар тугатилиши адабиётга таъсир қиладими? Нега ижодкор халқи камбағал, дарвеш шоирлар-чи, дарбадарми?

Икки шоир ўртасида бўлиб ўтган ижодий баҳсни эътиборингизга ҳавола этамиз. Кимнинг фикрларига қўшиласиз, кимникига қаршисиз, марҳамат, дуэт майдони комментарийларда барчага очиқ!

Гўзал Рўзиева: Мен китобхонликнинг эртанги кунини ўйласам, кўз олдимда маъносиз бўшлиқ пайдо бўлади. Саволимни китобхонликдан бошлаганим бежиз эмас, албатта. Чунки, китобхонлик адабиёт деган эшелоннинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи, тушунарли қилиб айтганда. Негаки, бебаҳо асарлар яратилаётган бир пайтдаям китобхонлик, китобга меҳр бўлмаса, бу ерда ижоддан совуш юзага келади қайсидир маънода, чунки, ҳар бир яратилган асари ўқувчи эътиборида бўлишини хоҳлайди ҳар бир ижодкор ҳам. Энди, саволнинг ўзига келадиган бўлсак, тўғри, китобхонликнинг сусайиб бораётганида ҳамма вақт ҳам даврни, тирикчиликни айбдор қилиш нотўғри. Ўқувчиларни китобдан, адабиётдан кўнгли қолишига қайсидир маънода биз ижодкорлар ҳам сабабчимиз. Сохта ва қалбаки сўзлар, ўзимиз ишонмайдиган пуч ғоялар билан уларни китобдан узоқлаштирдик. Аммо, нимадир қилиш керак, йўқса бу кетишда умуман китоб ўқимайдиган, ўқий олмайдиган миллатга айланамиз. Шу йўлда биз ижодкорлар нима қилишимиз, қандай асарлар яратишимиз керак деб ўйлайсиз?

Дилмурод Дўст: Бозор иқтисодиётига асосланган, ҳамма нарса ҳисобли бўлган айни даврда одамларнинг китобхонлик даражаси сустлашиб бораётганини шахсан мен табиий жараён деб қабул қиламан. Китобхонлар аудиториясининг камайиб боришига китоб дўконларида оқ-қора асарларнинг қоришиб кетгани, баёнчиликнинг ҳам энг охирги нави бўлган матншакл нимарсаларни хусусий нашриётлар туну кун босишгани, оқибатда ўқувчининг диди ўтмаслашиб боргани сабаб бўлди, деб ўйлайман. Ўқувчининг диди яхшиланмас экан, шоҳ асар битилган тақдирда ҳам у ўқувчисиз қолиб кетиши мумкин. Саволингизга келсак, ижодкор китобхонлик даражасини ошириш ҳақида ўйлашга масъулдир, лекин мажбур эмас. Унинг ягона миссияси  — яхши асар ёзиш. Яна шуни қўшимча қилишим керак, деб ўйлаяпман: ижодкор бугунги замонга ҳамоҳанг тарзда ижодий тарғиботни ҳам тўғри йўналишга сола олган бўлиши керак.

Г.Р: Адабиётни, санъатни, умуман инсоннинг ижодий истеъдодини кўрсатиб берадиган қай бир соҳа борки, уни емирувчи, барчаси учун битта умумий куч бор. Бунинг номи ўртамиёналикдир. Ўртамиёналик ҳамма вақт ўқувчининг, санъат ихлосмандининг дидини ўтмаслаштириб келган. Адабиётга кириб келаётган янги авлод вакили сифатида анча-мунча ўртамиёналарни илғагандирсиз сиз ҳам. Нима деб ўйлайсиз, адабиётни, шеъриятни бу балодан қандай ҳимоя қилиш керак?

Д.Д: Сиз айтган ўртамиёналикни йўқотиш қийин иш. Бунга ҳамма индивидуал курашиши керак. Аниқроқ қилиб айтганда, сиз ўзингиз ўша ўртамиёналикдан юқорилашингиз, аввало ўзингиз шу босқичдан омон ўтиб олишингиз керак. Ҳамма ўзини тарбияласа, ўз-ўзидан олам гулистон бўлиб бораверади. Ўртамиёна асар ёки ижодкорни вақтнинг ўзи саралайди, керак бўлса, адабиётни ҳам улардан ҳимоя қилади. Такрор бўлса-да, яна айтаман, аввало дидни шакллантириш керак. У ижодкордаям, ўқувчидаям баланд бўлиши керак.

Г.Р: «Бу дунё Бодлернинг бир мисрасига арзимайди» деганди Акутагава. Файласуф адибнинг шеърга, шоирга берган баҳосини кўринг. Умуман олганда, сизнинг назарингизда шеър нима?

Д.Д: Шеър — ҳайрат. Гоҳида уни исён ёки изҳор дейиш мумкин. Баъзан уни изтиробнинг қоғоздаги акси, деб ўйлаб қоламан.

Г.Р: Ўзбек шеъриятининг яқин тарихига, хусусан 60-80 йилларига назар ташласак бу даврда ижод қилган шоирларнинг асарларида фалсафий ва дадил ғоялар, қолаверса юксак адабий билим ва дид сезилиб турган фикрлар кўзга ташланардики, битта шеърда бутун бошли китобдаги маълумотни олиш мумкин бўларди. Бугунчи, нега бугунги шоирлар майда туйғулар ва ифодалар атрофида ўралашиб қолишди. Бунинг сабаби нимада сизнингча?

Д.Д: Бадиий ижод бевосита ижтимоий жараён билан тирик. Сиз назарда тутган устозларнинг олдида конкрет ижодий мақсад бўлган, деймиз бугун ўзаро гурунгларда. Масалан, ўзбек тилининг ва давлатнинг мустақиллиги, эркинлиги йўлида баҳамжиҳат курашган улар. Бугун ижтимоий муаммо йўқ, шунинг учун ижодий курашларда шоирларнинг шашти паст, дегувчилар ҳам топилади. Лекин мардга ҳамиша майдон топилади. Яқинда Ёзувчилар уюшмадаги бир йиғинда шоир инимиз Суҳроб Зиё бир гапни айтди: биз ўзимизга қарши курашишимиз керак. Айтиш мумкин бўлса, бугунги ижтимоий атмосфера, ҳамма нарса ихтисослашиб бораётган айни кунларда биз ўзимизга, ичимиздаги нафс айёрларию лашкарларига қарши жанг эълон қилишимиз керак. Ана шунда сиз гапирган майдалашишларга ўрин қолмайди.

Г.Р: Шоирнинг онаси замон, дояси изтиробдир. Яхши шеърлар кўпинча яхшигина оғриқлар сабаб яралади деб ўйлайман. Бу менинг фикримча. Сизда-чи, шеър яралиши жараёни қандай кечади?

Д.Д: Мен гапингизни аксинча, айтиш керак, десам мендан хафа бўлмассиз. Изтироб шоирнинг онаси. Ижодий жараён энг биринчи кайфиятга боғлиқ. Мунтазамлик йўқ бунда. Мен шеър — ҳайратнинг меваси, деб ҳисоблагувчилар қаторида туриб, туйғу ва фикрнинг бир нуқтада бирлашиши натижасида яралса керак, бу шеър деган неъмат, дея ўйлаб қолдим ҳозир. Саволингиздан кейин. Янаям билмадим. Мен бирор нарсадан, ҳолатдан, фикрдан қаттиқ таъсирлансам ёзаман. Шу.

Бу гапни қаерда ўқиганим ҳозир эсимда йўқ. Тахминан мазмуни шундай эди: дин адабиётни чеклайди. Сизнинг-ча бу холис фикрми?

Г.Р: Дин адабиётни чекламайди, онг имкониятларидан фойдаланмай фақат дин билангина қизиққан, шу қизиқиш ортидан онг имкониятларини чеклаб қўйган фикр эгаларигина адабиётни тор даражада тушунишса керак. Онгнинг уфқлари нақадар кенглигини эса кўпроқ соҳаларга қизиқа бошлабгина, ҳис қилиш мумкин. Шу жумладан, адабиётга  ҳам.

Д.Д: Яқинда устоз Назар Эшонқул дарсида швециялик режиссёр Ингмар Бергманнинг «Персона» деган психологик драмасини кўришни тавсия қилди. Фильм орқали режиссёр инсоннинг жамият тартибларида, қоидаларида тарошланган қиёфасини ва табиий, асл «мен»ини икки қаҳрамон характери асосида очиб берган. Савол: ижодкор қайси бир қаҳрамон каби яшаши керак. Ёзиши демаяпман. Яшаши? Жамият, жамоатчилик кўзига силлиқланган   «мен»ини кўрсатиб яшашга мажбурми? Ёки барча мезонлардан холи, ҳеч қандай ташқи таъсирларга парво қилмай яшагани маъқулми?

Г.Р: Шу ва шунга ўхшаш савол келганда доим негадир, Шекспирнинг дунёни улкан томошагоҳга, ундаги инсонларни эса актёрларга менгзагани ёдимга тушадию, ич-ичимдан қандайдир бир ижирғаниш ўтишини ҳис қиламан. Нега, боримизча, қандай бўлсак шу ҳолатда яшаш шунчалик қийинми, бу роль ва ижро ким учун керак ўзи, бизни яратган ҳақиқий ижодкор зот қалбларимизни кўриб турибдику барибир, яширганларимиз барибир унга аёнку, деган савол ва мушоҳадалар кечаверади ҳар гал. Шундай экан, ижодкор, умуман ҳар қандай одам ўз борича яшагани маъқул. Негаки, биз аслида ким бўлсак, ўша ҳолатда қабул қилинамиз. Қолаверса, дунё гоҳида ниқобларни алмаштиришга арзимайди, гоҳида бунга улгурмай қолиш мумкин.

Д.Д: Саволимда ниқоблар, иккиюзламачилик ҳақида эмас,  одамнинг ичидаги иккита «мен»и ҳақида сўрамоқчи эдим. Саволим мазмунини тўла англата олмадим, шекилли, узр, бу менинг айбим. Сўрамоқчи бўлганим шуки, мана масалан, мен эрталаб ишга соқол-мўйловимни қириб боришим, оқ-қора формада кийинишим, автобусда катталарга жой беришим, кўчага қипяланғоч чиқмаслигим, одам гавжум жойда бақириб қўшиқ айтмаслигим, ёки баланд овозда гаплашмаслигим ва шунга ўхшаш жамиятнинг маълум қонун қоидаларига бўйсуниб яшашим зарурлигини ҳис қиламан. Лекин масалан шундай бўлиши ҳам мумкинку, мен жамиятда нармал одам риоя қилиши керак бўлган мавжуд қонун қоидаларга парво ҳам қилмай, кўнглим нимани буюрса, нимани истасам шундай яшашим мумкин-ку. Масалан, ишга пайпоқчан бормоқчи бўлиб қолдим. Шуни истаяпман. Яъни, ички истакларимга умуман монелик билдирмай яшайман. Хоҳласам, кимни ёқтирсам шунга дил изҳор қиламан.

Хуллас, нима демоқчилигимни тушундингизку-а? Одам ибтидоий тузумдан бугунги кунгача бўлган даврда жамиятда пайдо бўлган турли қонун қоидаларга бўйсунмай, худди ибтидоий даврдаги сингари кўнгли нимани тусаса шундай яшаши ва аслида (ичида) қандай одам бўлса шундайлигича кўрингани маъқулми ёки ўзини жамият, атроф-муҳитга мослаб, жамият қонунларида тарошланган шаклида намоён бўлиши керакми?!

Г.Р: Афсус, бу фильмни кўрмаган эканман. Шу сабабли, тушунганимча жавоб бераман. Инсоннинг ичида ҳамиша барча мезонлардан холи яна бир инсон, фалсафа тилида айтсак, «мен»и яшаркан ва у кўпинча одам ва жамият ўртасида тўсиқ бўларкан, бу баъзан одамни қийналишига ҳам сабаб бўлади. Айниқса, ижодкордек «ўзга дунё» одамининг. Аммо, шуниси борки, биз жамиятда яъни одамлар ичида яшаяпмиз ва шу сабабли барча бирдек амал қиладиган баъзи ёзилмаган қоидаларга амал қилишга мажбурмиз. Бу қоидалар гоҳо маданий, кўпинча эса ахлоқий кўриниш касб этади. Энг аҳамиятлиси, инсон мана шу ахлоқий мезонлар сабабли ҳам ташқи таъсирларга бўйсуниб, сиз айтмоқчи ўз «мен»ини силлиқлаб, тарошлаб яшаши керак деб ўйлайман.

Д.Д: Мана бу бошқа гап. Ижодкор ўзини намоён қилиши учун унга уюшма, кенгаш, бирлашма каби ижодий ташкилотлар керакми? Тасаввур қилинг, Ўзбекистонда ижодий ташкилотларнинг ҳаммаси тугатилса, адабий муҳитда нима ўзгаради?

Г.Р: Алишер Навоий қайси уюшманинг аъзоси эди, ёки Толстой бирор уюшманинг эшигида сарғайиб юрганмиди? Аввало улар билармиди қачондир келиб ижодкорлар ташкилоти ва бирлашмалари тузилишини? Балки, билмагани сабабли даҳога айлангандир. Ижодкор одам алоҳида бир шахс, у шу алоҳидалиги учун ҳам ижодкордир балки. Унинг шу номни кўтариб юриши учун битта ҳассос қалб, бир тўп қоғоз, битта бутун қалам кифоя, холос. Агар, шулар бўлсаю, қандайдир уюшмаларга бирлашмай туриб, ёза олмаса, яхшиси адабиётдан кетиши керак. Шулар бўлмаса-ю қандайдир уюшмаларнинг кунда-шунда аъзоси бўлса, ундай «ижодкор»нинг миллат илдизига тушган қуртдан фарқи йўқ. Тасаввурга келадиган бўлсак, Ўзбекистонда ижодий ташкилотлар тугатилса ҳам жуда катта ўзгариш бўлмаса керак. Юқорида айтилганларга эга бўлган ёзарманлар қолади, холос, яъни битта ҳассос қалб, бир тўп қоғоз ва битта бутун қалам эгалари.

Д.Д: Менга ижодкорларнинг камбағаллиги ёқмайди. Шоир деса, одамлар шаробхўр бир кимсани тушунадиган бўлиб қолгани ёқмайди. Аслида шоир жамиятнинг энг олдинги қаторидаги, илғор фикрли, чиройли турмушли инсон бўлиши керакку. Шоирлик   — дарвешлик, деб кўр-кўрона йўл тутаётган ёшларни кўрсам рости ичим ачийди. Ахир дарвешликнинг ҳам ўз талаблари, меъёрлари борку. Кўпчилик ҳозир дарбадарликни дарвешлик билан адаштириб қўймаяптимикан, деб ўйлаб қоласан киши. Майли, дардим чўзилиб кетди. Савол: шоир ким ва у бугунги замонда қандай яшаши керак?

Г.Р: Мени наздимда, шоир — миллатнинг қалби. Инсоннинг тириклиги учун юрак ва қалб қанчалик керак бўлса, миллатнинг тириклиги учун ҳам шоирлар шунчалик муҳим. Бугунги замонавий дунёда, айниқса ғарбда шоир ва ёзувчилар аҳолининг бой, ҳеч бўлмаганда ўзига тўқ қатлами ҳисобланади. Бир америкалик ёки германиялик шоир ёки ёзувчининг нашр этилган битта китобидан келган даромадига бемалол машина сотиб олиши мумкин. Бошқа китобларидан келган даромадга бемалол саёҳат қилиши ва ёки пулларини хоҳласа хайрия йўлида сарф қилиши мумкин. Бизга келганда эса бу мезон негадир ўзгаради. Бизда шоир ёки ёзувчи хайрия ҳисобига яшашга маҳкум кўпинча. Нега шундай? Менга ҳам ёқмайди ижодкорларнинг камбағаллиги. У адабиёт деган майдонда йўқ бўлган бир асарни яратадию,  лекин ўзи бесар, беватан гадодан фарқ қилмай яшашини ҳазм қилолмайман.  Ижодкорнинг камбағаллиги —  миллат тафаккурининг камбағаллиги, шуурининг қолоқлигидир деган тушунча келиб чиқадими шунда? Балки, шоирларнинг шаробхўрлигига сабабни ҳам аслида мана шу савол замиридан излаб кўрармиз кейин. Билмадим, бу саволга жавоб қидиришни ўзи аламли гоҳида.

Д.Д: Биров ҳақида гапириш осон. Ёлғон гапириш ҳам шунчалик осон биров тўғрисида. Лекин инсон ўзи ҳақида гапирганда кўпам алдай олмайди. Келинг, бугун ноодатий тарзда сиз ўзингиз ҳақингизда ўзингиз гапиринг. Ўз ўзингизга холис баҳо беринг. Демак, савол шундай: Гўзал Рўзиева сизнингча қандай ижодкор? Унинг даражаси, ижодий имконияти қандай? Аёллар шеъриятидаги ўрни ҳақида нима деёласиз?

Г.Р: Ўзимга баҳо беролмайман. Бунга сабаб ўзингни баланд олиб юборишдан қочиш ёки ерга уриб юбориш хавфи эмас, шунчаки, ўзимга баҳо беролмайман. Яхшиси, бизга баҳо беришсин. Ана шунда тўғрироқ бўлади. Имкониятимга келсак, ўзим ишонган ва тўғри деб билган нарсани ёзишга ҳаракат қиламан. Шеър ёзаётганда доим ўзимни ўқувчининг кўзига қараб тургандек ҳис қиламан. Одамнинг кўзига қараб туриб эса ёлғон гапиролмайсан.

Нодирабегим ёзиб олди.  

3 Изоҳлар

  1. Kitobhonlikning sustligiga mening nazarimda nafaqat ijod ahli balki o’quvchining ozi ham birdek sababchidir chunki hozirgi texnika rivojlanayotgan asrimizda kitobga bolgan qiziqish sezilarli darajada kamaygan.Kitoblar bu biznning madaniy boyligimiz ekanligini hisobga olsak . Bu juda ham achinarli holat!!!

  2. Shaxsan men bu boraada ya’ni ortamiyonalik borasida do’stimiz Dilmurodning fikriga qoshilaman.
    Go’zalhon siz aytgan osha o’rtamiyonalikdan chiqish, halos bolish uchun avvalo o’sha («») ichidagi o’rtamiyona deya baholanayotganllar kurashishi ya’ni oz ustida koproq ishlashi kerak menimcha

  3. She’r ozi nima??? Bu savoolga har kim ozicha yondawadi. She’r bu nafaqat dard iztirob balki hursanchilik hamdir ya’ni inson qalbidagi jamiyki his tuygu va kechinmalarining ifodasi deb o’ylayman.
    Zamona zo’rniki dedilar menga,
    So’qirlik ko’rniki dedilar menga.
    Muhabbatchi she’rchi
    soradim qaxshab,
    Manglayi sho’rniki
    dedilar menga.
    SHUKUR QURBON

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг