ОКТЯБРЬ РОМАНТИКАСИ

0
183
кўришлар сони

ҳикоя

Охирги кунларда банк хизматчиларига нима бўлаётганини тушунмасдим. Деярли ҳамма банкнинг ёнида жойлашган ёшлар хиёбонидаги рассомларга учрашиб, у ерда ўзининг суратини чиздирарди. Сурати ўхшаганлар бир-бирларига қалам ёрдамида чизилган портретини кўрсатиб мақтанишар, ўхшамаганлари рассомларнинг гўрига ғишт қалашарди.

Бу мавзу октябрь бошланганидан бери банкнинг ичида кун ора айланверганидан мени ҳам бир пасда ўз домига тортиб, қизиқтириб қўйди. Шу туфайли эринмай хизматчиларнинг  суратларини бирма-бир томоша қилиб чиқдим. Айримларини кўриб кулдим, айримларини кўриб мушоҳадага берилдим.

−Суратини чиздирмаган битта сиз қолдингиз, Навфал?- деди кредит бўлимидаги Фарида опа менга портретини кўрсатаркан ҳазил тариқасида.

−Балки мен ҳам чиздирарман,- дедим унга кулимсираб.

−Чиздиринг,- давом этди у.- Хиёбонда Рустам деган рассом йигит бор. Ўхшатиб чизади. Хизмат ҳақига кўп сўрамайди.

Бошқарувчи иккимизга битта котиба бириктирилганди. Унга ташқарида бир соатлик ишим борлигини айтиб, кўчага чиқдим. Хиёбонга борганимда, у ерда турнақатор бўлиб  ўтирган рассомларга кўзим тушди. Уларнинг ҳар бири қаршисига мольбертини қўйиб, ёнидаги стулда ўтирган буюртмачининг суратини чизиш устида тер тўкарди. Рустам деган йигитни топишим қийин кечмади. Фарида опа уни соч-соқоли узун йигит деб тасвирлаганди. Рассомларнинг орасида фақатгина битта шундай йигит ўтирар, унинг атрофида суратини чиздираётган буюртмачидан ташқари яна икки-уч киши навбат кутиб туришарди.

Буни кўриб, унинг олдига яқинлашмадим. Азалдан навбат кутишга ўрганмаганман. Бошқасига суратимни чиздирсам нима бўлади, деб ўйладим. Шунда эътиборимни бир четда ўтирган ёшгина рассом қиз тортди. Бошқалардан фарқли равишда унинг олдида ҳеч ким йўқ эди. У атрофига эътибор бермас, қаршисидаги мольбертига ҳам қарамас, қўлларини совқотган одамдек бир-бирига чирмаштириб ўйчан ҳолда ўтирарди.

−Кечирасиз,- дедим унга яқин боргач.- Суратимни чиздирмоқчи эдим.

У ярқ этиб менга қаради. Беҳос сўз қотиб унинг хаёлларини бўлганим сезилди.

−Қора қаламдами?- сўради у мольбертини тартибга келтираркан.

−Шуниси яхши,- дедим унинг ёнидаги стулга ўрнашиб олгач.

−Битта эскиз ўттиз минг сўм,- деди у узун қаламни қўлига олиб, учини қаламтарош ёрдамида қиртишларкан.

Чўнтагимни кавлаб айтилган пулни ўзимга яқин жойдаги курсининг устига қўйдим.       

Шундан сўнг, у менга қараб-қараб расмимни чиза бошладим. Айтганини қилиб ҳолатимни ўзгартирмай ўтирдим. Вақт ўтиб, у мен томонга умуман қарамай қўйди ва мольбертидан кўзини узмай чизишга тушди. Шунақасиям бўларканми, дедим ичимда киноя қилиб. Бир маҳал тўсатдан унинг қўлидаги қалам ерга тушиб кетди. Ўзи эса кўзларини катта-катта очиб ўрнидан турди ва бир мен томонга, бир мольберт томонга қараб  йиғлаб юборди. Нима бўлганини тушунмай, унинг олдига келдим. Мольбертда бутунлай бошқа эркакнинг чизилган сурати турарди.

−Яна унинг суратини чиздим,- деди у юзини яшириб, тик турганча йиғларкан.

Унинг ҳўнграб йиғлаши атрофдаги рассомларни ҳам, буюртмачиларни ҳам эътиборини тортди.Улар худди мен каби нима бўлганини тушунмагандек, қизиқсиниб бирин-кетин биз томонга қарашга тушишди. Бундан хижолат бўлиб кетдим. Уларнинг нигоҳлари остида бундай шароитда туриш менга ноқулайлик туғдирди.

−Ҳечқиси йўқ, бошқа сафар келаман,- дедим кайфиятим бузилиб.

−Йўқ, қайта уриниб кўраман,- деди рассом қиз кўз ёшларини артиб, мольбертга қистирилган оқ картон қоғозни бошқасига алмаштираркан.- Мендан ўтди, кечиринг.

−Ўзингизни айбламанг,- дедим уни тинчлантирарканман.-  Бўлиб туради. Мен эртага келаман. Овораси йўқ. Ёнингиздаги банкда ишлайман.

Эртасига на бу воқеа, на унинг олдига боришим лозимлиги ёдимда қолди. Ишга бошим билан шўнғиб кетдим. Уч кун ўтиб, бўлимларнинг ҳисоботларидаги камчиликларни текшириб ўтирганимда хонамнинг эшиги тақиллади.

−Киринг, — дедим ишдан бошимни кўтариб.

Эшик олдида хиёбондаги ўша рассом қиз кўринди.

−Уч кун кутдим келмадингиз,- деди у ичкарилагач, хонанинг ўртасида тўхтаб.- Шунга пулларингизни қайтариб олиб келдим.

У келиб стол устига пулларни қўйди.

−Ўша суратдаги акам эди,- деди сўнг синиқ овозда.- Яқинда бир йил бўлади автоҳалокатга учраб оламдан ўтганига. Йўқлигига ҳамон кўника олмайман.  Сийрати ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Бўлиб ўтган иш учун яна бир марта узр сўрайман сиздан.

У хонада кўп қолмади. Ортига ўгирилиб ташқарилади. Одатдагидек бир ўзим қолгач, қўлим ишга бормади. Иштиёқим қаергадир йўқолгандек, бўшашиб кетдим. Рассом қизнинг маъюс кўзлари ичига яширинган дард, изтироб ва умидсизлик, шунингдек овозидаги синиқлик бир зумда иш билан банд бўлган ўй-хаёлимни эгаллаб олди. Шу бўйи кечгача кўнгилдагидек ишлай олмадим. Хаёлим сочилиб, фикрим бўлиниб кетаверди. Ҳатто, кечқурун уйда иштаҳам бўлмай овқат емадим. Бу билан онамни тоза ҳайрон қолдирдим.

Вазият эртасига ҳам ўзгармади. Банкда ўтиролмадим. Иш қилиш тугул хонамга сиғмай қолдим. Нуқул ўша қизни ўйлардим. Хиёбонга қандай борганимни билмайман. Борсам у ўша ерда экан. Яна ўзи ёлғиз ўтирар, ёнида бирорта буюртмачи йўқ эди. Унга одат бўлиб қолган шекилли, теварак-атроф билан мутлақо иши йўқ, нигоҳи ўйчан.

Бир қатор қилиб экилган арчалар орасидан уни кузатарканман, бирдан унга ачиниб кетдим. Ўзимда ачиниш ҳиссини туйиб, тик оёқда қотиб турардим. Мен каби қаттиққўл, дийдаси қотиб кетган инсон бировга ачина бошлаганди. Бу чинакамига кутилмаган янгилик эди. Айниқса, банкдагилар бу ҳақида билишса борми, роса кулишарди.

Икки кун ўтиб, китоб дўконига кирганим янаям ғалати бўлди. Бу арчалар орасига яшириниб одамови, биров суратини чиздирмайдиган, кенг ва шалвираган кўйлак кийган, кўримсиз қизни кузатишимдан ҳам ўтиб тушди. Сабаби, мен пулга китоб олиб ўқимасдим. У ердаги консультант қиздан нима учун тасвирий санъат тўғрисидаги китоб сўрадим, рости бунга ҳам ўзим тушунмадим. У бир қанча китобларни тавсия қилди. Тасвирий санъатга заррача қизиқмаганим учун уларга ортиқча аҳамият қаратмадим ва китобларнинг ичидан дуч келган биттасини танлаб олдим. Китобнинг номи “Импрессионизм тарихи” эди.

Уни қўлимга олиб, варақлаб кўрдим. Ўлай агар, бирор нарсага тушунган бўлсам. Дўкондан уни қўлтиғимга қистириб чиққанимда ўзимга ўзим лол қолдим. Пулни обдон ўйлаб кейин сарфлайдиган мендек инсон нечун битта китоб учун қирқ беш минг сўм сарфлади?  Шуни ўйлаб кўчада турганимда ҳали нима қилишимни аниқ билмасдим. Лекин, икки кўзим хиёбондаги рассомлар павильонида эди. Китоб дўкони ҳам хиёбонда жойлашгани учун павильон аниқ-тиниқ кўриниб турарди.

Бир муддат очиқ ҳавода тургач, тўғри  рассомлар павильони сари юрдим. У ерда одам қайнарди. Рассомлар қўли қўлига тегмай буюртмачиларнинг суратини чизишарди. Фақат ўша қизнинг олдида ҳеч ким йўқ эди. 

−Сизга битта таклифим бор,- дедим унинг олдига бориб.

У мени таниди-да, қўлимдаги китобга анграйиб қаради.

−Шу китобни ўқиб ҳеч тушунмаяпман. Сиз менга ўқиб тушунтириб берсангиз, дегандим. Ҳар ҳолда, тасвирий санъатнинг ичидаги одамсиз. Мен уни юзаки биламан холос, ҳаваскорман. Шунга китобни тушунишим қийин кечяпти.

Китобни унга узатдим. У қўлига олиб, варақлаб кўрди.

−Импрессионист рассомларга қизиқасизми?- деди орада менга қараб-қараб.

−Шундай деса ҳам бўлади. Леонардо Да Винчига кўпроқ.

Шунда у менга одатдагидан бошқача қаради, лекин китобни бир маромда варақлашда давом этди. Охири шунга келишдик: У менга ҳар куни битта бўлимни ўқиб тушунтириб беради, мен унга ҳар учта бўлим учун битта портретга тўланадиган пулни тўлов сифатида бераман. Китоб ўн икки бўлимдан иборат эди. Машғулотни эртадан бошлашга қарор қилдик.

Китобнинг биринчи бўлимини у менга зўр қилиб тушунтириб берди. Дунёга келиб биринчи марта Эдуард Мане, Огюст Ренуар, Клод Моне каби номларни эшитдим. Розия (унинг исми шундай эди) уларнинг ижоди ҳақида ажойиб нотиқлардек аниқ ва лўнда қилиб гапирди. Мен эса бирор нарсага тушунган бўлсам — бу ёлғон. Ҳеч нимага тушунмадим. Лекин, Розиянинг жонлангани мени  хурсанд қилди. У китобни  мен учун ўқигандан кўра ўзи учун ўқиганга ўхшарди. Менда ҳар қалай шундай таассурот қолдирди.

Иккинчи куни банкдаги ишимдан ортиб, сал кечикиб чиқдим. Розия икки кўзи китобда, атрофига кўз қириниям ташламасди. Мени кўриб, юзи ёришди. Китобнинг иккинчи бўлими биринчисидан фарқ қилмас экан. Яна ҳеч нимага тушунмадим. Шунга қарамай, бу мени ташвишга солмади. Розия кечагидан  кайфияти кўтаринкига ўхшар, китоб ва мен номини талаффуз қилишга бир умр қийналадиган импрессионист рассомларнинг ҳаёти билан ижоди уни анча қизиктириб қўйгани кундек равшан эди. Боиси, бу гал у тўлқинланиб ва ҳаяжон билан гапирди.

Учинчи ва тўртинчи бўлимларга келиб Розияда китобдан ҳақиқий завқланиш пайдо бўлгандек сезилди. У ҳатто машғулот пайтида ўрнидан туриб, хиёбон четидаги қаҳва сотувчи амакидан иккимиз учун иссиқ қаҳва олиб келди. Қаҳвани болалигимдан иссиқ ҳолда ича олмасдим. Уни пуфлаб ичишим Розиянинг жилмайишига сабаб бўлди. У ёқимли жилмаярди.

Импрессионизм тарихи ва импрессионистлар билан танишишим давом этарди. Бешинчи бўлимни тинглагани чиққанимда, Розиянинг ташқи кўринишидаги ўзгаришларни пайқадим. Ҳечам ўзига эътибор бермайдиган, кўримсиз юришни афзал кўрадиган қиз бутунлай ўзгарганди: сочлари чиройли турмакланган, устида кенг ва шалвираган кўйлак ўрнига ёпишиб турган қора кузги кўйлак ва юзида нозик  пардоз элементлари…

Китоб яримлаганида яна битта нарса эътиборимни тортди. Розия энди сурат чизарди. Мен  келганимда унинг олдида ёш қиз ва кекса мўйсафид ўтирар, афтидан у диққатини бир ерга жамлаб мольберт узра қўлларини оҳиста ҳаракатлантириб мўйсафиднинг суратига чизгилар қиларди. Сурат тайёр бўлгач, мўйсафид шодлигини яшира олмади.

−Суратдаги худди ўзим-ку. Раҳмат сенга, қизим.

Улар кетишгач, Розия мени четроқда турганимни кўриб югуриб олдимга  келди.

−Суюнчи беринг,- деди менга кўнгли кўтарилиб.- Яна сурат чиза бошладим. Бугун учта чиздим.

 Китобнинг олтинчи бўлимида расмлар кўп экан. Розия уларни менга бирма-бир кўрсатиб, ранглар мутаносиблиги ва картиналарнинг колорити ҳақида гапирди. Эдуард Мане деган рассомнинг “Майсазордаги нонушта” ва Клод Моненинг “Соябон кўтарган аёл” картиналарини менга чуқур таҳлил қилиб берди. Кейин орага бир оз сукунат чўкди. Мен атрофга тикилганимча хаёлларга берилдим. Розия китобдан кўзини узмай жим қолди.

−Кузнинг таровати зўр-да,- дедим оёқ остидаги сариқ баргларга, ён-атроф бўйлаб эсаётган шамолга эътибор бериб.- Ҳаётнинг давомийлигини бизга эслатади. Сариқ барглар, шамол тобора савалаётган дарахтларнинг маъюс қиёфаси, серёмғир оқшомлар — буларнинг ҳаммаси бизни маъюслаштиради, бироқ шу билан бирга эртанги кунга умид беради. Буларни кўриб баҳорни соғиниб яшай бошлаймиз ва қалбимизда пайдо бўлган умид учқунлари бизга яшаш учун туртки беради, ҳориган юрагимизни тўхтаб қолишдан асрайди. Куз, айниқса, октябрь чин маънода бетакрор.

Розия китобни маҳкам ушлаганча ундан кўзини узмас, мен қалбимдаги ачиниш ҳиссининг ўрнини қандайдир бошқа ҳис эгаллай бошлаганини илғар, лекин ўша ҳисга ном тополмай хаёлан қалбим тубида саргардон кезиб юрардим.

 “Импрессионизм тарихи” китоби еттинчи ва саккизинчи бўлимларига келганда мен учун ўз аҳамиятини тўлиқ йўқотди. Розия ҳам гарчи ҳар кунгидек унга эътибор қаратса-да, мендаги ўзгариш сабаб бир оз юзаки тўхталар, кўпроқ вақтни ўзаро сухбатлашиш ва яқиндан танишиш учун сарфлардик.

−Энди  суратингизни чизсам ҳам бўлади,- деди Розия тўққизинчи куни китобнинг навбатдаги бўлими якунлангач.

−Ҳозир бу шартмас,- дедим унга эътироз билдириб.

Розия мендан ўпкалангандек бўлди.

−Яна акасининг суратини чизади дейсиз-да.

Эртасига Шанба куни ёмғир ёғди. Шу сабаб машғулотни хиёбондаги кафега кўчиришга мажбур бўлдик. Лекин,  бу сафар машғулот бошланиб-бошланмай якунига етди. Китобнинг ўнинчи бўлими қолиб, куз ёмғири борасидаги хотираларимиз билан ўртоқлашишни бошладик. “Импрессионизм тарихи” столнинг четида турганча узлатга чекинди.

−Куз ёмғири қандайдир одамга хузур бахш этади,- дедим деразадан ёмғирни кузатарканман.-  Болалигимда кузда ёмғир ёғса уйқум келарди.

−Мен эса акам билан кўчада сайр қилардим,-деди Розия менга қўшилиб ёмғирни кузатаркан бир пайт баҳри дили очилиб.- Кўпинча, унинг ўрталарида, туғилган кунимда шунақа майдалаб ёмғир ёғарди.

−Октябрда туғилганмисиз?

−Ҳа, ўн еттинчисида.

−Ҳаёт гўзал, -дедим унинг борган сари тиниқлашиб чирой очиб бораётган юзига кўз ташлаб.- Шунинг учун ҳам унда яшаш керак. Ҳеч нима яшаш завқининг қиймати билан тенглаша олмайди.

−Мен ҳам энди шундай фикрдаман,- деди Розия менга юзини буриб.

 Шу пайт ичимни нимадир қийнаб хўрсиндим. Кўп ўтмай, яҳудий қўшним Венямин амакининг кўп таъкидлайдиган бир гапи хаёлимдан ўтди. Бир инсонни ҳаётга қайтарган, мингта инсонни ҳаётга қайтарган билан баробар бўлади, дерди у Америкага кўчиб кетишидан олдин. Шу гапни хаёлимдан ўтказиб, шунингдек Розиянинг руҳий ҳолатидаги мўътадилликни кўриб ва қалбимдаги ачиниш ҳисси ўрнини эгалламоқчи бўлаётган номаълум ҳиснинг қадам олишларини сезиб, “импрессионизм тарихи” ни ўрганиш машғулоти ортиқ  давом этиши мумкин эмас, деган хулосага келдим.

−Китобни бугун олиб кетаман,-дедим официант келтирган олмали пирогдан енгил татиб кўргач.

−Нима учун?-деди Розия ҳайрон бўлиб.- Ҳали яна иккита бўлими бор-ку!

Унинг саволига жавоб беришим бу сафар чўзилиб кетди. Анча ўтибгина жавоб бердим.

−Аслида, мен тасвирий санъатга умуман қизиқмайман. Шунчаки сизни ҳаётга қайтармоқчи эдим.

Розия жавобимни эшитиб, бошини қуйи солди. Орада ёнидаги қаҳвадан бир-икки лабини теккизиб ҳўплаб қўйди.

−Тасвирий санъатга қизиқишингиз йўқлигини биринчи куниёқ билганман,- деди шундан сўнг бошини ҳануз қуйи солганча. —  Да Винчи импрессионист рассомлардан анча олдин яшаган.

−Унда нега бу “томоша”ни давом эттирдингиз?- сўрадим стулга ҳорғин суянарканман.

−Суратингизни чизгим келди,- деди у бошини кўтариб, маъюс кулишга чоғланаркан.

−Жиддий сўраяпман, Розия.

Шунда унинг юзи кутилмаганда заъфаронлашди ва менга узоқ термулиб турди-да:

−Cизни исмингиз акамники билан бир хил,- деди ногоҳ кўзларида ёш пайдо бўлиб.- Ёшингиз ҳам тенг. У ҳаёт бўлганида худди сизга ўхшаб йигирма саккиз ёшга кирган бўларди. Шулар сабаб.

Аста-секин унинг кўзларидаги ёш думалаб оқиб туша бошлади.

−Иккинчи марта яқин инсонимни йўқотишни истамадим. Шу ҳам сабаб. Яна сабабларини келтирайми?

Розия уялганидан қўллари билан юзини беркитиб олди. Кейин сумкасини қўлига олди-да, кафедан отилиб чиқиб кетди. Ортидан чиққанимда, у ёмғир остида  секин кетиб борарди. Қадамимни тезлатиб унга етиб олдим.

−Бу кетишда шамоллаб қоласиз,- дедим қўлимга ушлаб олган костьюмимни унинг елкасига ташларканман.

У бир сесканди-ю, лекин қаршилик кўрсатмади.

Шерзод Ортиқов

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг