Шукур Холмирзаев ижодхонасига ташриф

0
125
кўришлар сони

эссе

Ўшанда магистр эдим. Мамлакатнинг ўзим ниҳоятда ҳурмат қиладиган донгдор ёзувчиси Шукур Холмирзаев билан юзма-юз кўришишни, ёзаётган ҳикояларим ҳақида у кишидан фикр олишни ўзимча орзулаб юрардим. Лекин феъл-атворимдаги тортинчоқлик, бошқалар каби улуғларга аслида муносиб бўлмасдан ўзини шогирд санаш, уларга ўзини яқин олиш каби хислатлар табиатимга ёт бўлгани учун мен икки дунёда ҳам улар билан ўзимни бу тахлит тутолмасдим. Абдулла Ориф, Рауф Парфи, Александр Файнберг, Шукур Холмирзаев, Учқун Назаров, Темур Пўлатов каби адиблар билан турли даврларда муайян маънода мулоқот ва турли контекстда рўбарўй бўлишга тақдир насиб қилган бўлсада, мен уларни устозим, улар эса мени шогирдим деган эмас. Майли, ҳозир гап бу ҳақда эмас, бу улуғлар ҳақида алоҳида хотиралар ва эсселар ёзиш ниятим йўқ эмас. Хуллас, Шукур ака, мен учун ана шундай салобатли ва улуғ сиймолардан бири эдики, мен у киши билан ниҳоят 2004 йилга келибгина бафуржа ва астойдил суҳбат қилишга жазм қилдим. Ёмғирли куз кунларида талабалар шаҳарчаси ҳокимияти қоровулхонасидан Шукур акага телифон қилишга юрак ютиндим. Гўшакни ёзувчи кўтарди:

— Алло, эшитаман.

— Шукур ака, ассалому алайкум, ман Шерзод деган йигитман. Бошловчи ёзувчиман. Сиз танимайсиз.

— Хўш, нима гап Шерзод. Манда бирор гапинг борми?

— Ҳа, сиз билан юз-юз суҳбатлашиш ниятим бор эди.

— Газетагами? — сўради қатъий сўради ёзувчи.

Мен довдираб:

— Ҳа, — деб юбордим. Чунки шунчаки суҳбатни, яна танимаган аллақандай бошловчи ёзувчи билан мулоқотни катта ёзувчи ўйлаб-нетиб ўтирмасдан рад этиши мумкин эди.

— Қайси газетага? — гўшакдан ёзувчининг яна овози келди.

Ёлғоннинг миси чиқиши ҳеч гап эмас. Бирор тузук газетани ҳам номини билмайман. Бахтимга ўша вақтда, «Моҳият» газетасида «Цивилизация» деган бир мақолам эълон қилинганди. Шу боис:

— Моҳиятга, — дедим бўшашиб.

— Майли, розиман. Эртага кел, — деб ёзувчи Юнусобод туманидаги уй манзилини менга тушунтирди. — Эртага келсанг, гаплашамиз, хўп, хайр.

Гўшак қўйилди. Уҳ тортиб, сал ўзимга келдим. Нега бундай қилдим? Ахир Моҳият газетасига ишламайманку?! Сўнг бирдан чеҳрам ёришди. Бу суҳбатни Моҳият газетасига чиқараман. Энди диктафон топиш лозим эди. Мен замонавий ғарб фалсафаси ва тарихи йўналишида фалсафа факультетида ўқирдим ва бу соҳадагиларни диктафон билан битказадиган ишлари йўқ эди албатта. Диктафон одатда журналистларда бўларди. Шу пайтлар   биз билан параллел йўналишда журналистикада таҳсил олаётган дўстимиз Воҳид Аҳмедовда диктафон борлиги ёдимга тушди. Хуллас, Воҳид Аҳмедов билан бирга Шукур Холмирзаевнинг уйига бирга борадиган бўлдик. Эртаси кун манзилни излаб Юнусободдаги ёзувчининг уйини топиб бордик. Универсам бозорига нисбатан яқин мавзелардан биридаги кўп қаватли уйлардан бирини қўнғироғини босдик.

— Ҳозир, очаман, — ичкаридан ёзувчининг дўрилдоқ овози келди. Ҳа, бу ўша, биз газета-журналлар ва теливизорда кўрган Шукур Холмирзаевнинг айнан ўзи эди. — Киринглар.

Биз ичкарига — ёзувчининг ижодхонасига қадам қўйдик. Бу бир хонали, Шукур ака ёлғиз ижод қиладиган уй бўлиб, у кишининг оиласи бу ерда яшамасди. Шукур ака, бу ерда ижод қиладиган ва бирор асарни ёзишга қаттиқ берилганида шу ерда доимий ёлғизликда яшаб, ўша биз билган ҳикоялар ва романларни ёзарди. Аҳли оиласи ва фарзандлари у кишидан доимий хабар олиб турган, аммо ёзувчи учун шундай хонанишинлик ва ёлғизлик зарурлигини улар ҳис қилишар ва тушунишарди. Уй ўртадасида  гилам бўлиб, гиламнинг бир тарафида суянчиқ диван иккинчи тарафида кичкина стол, уни икки тарафида креслоси бор, биз шу ерда ўтиришга таклиф қилиндик, Шукур ака, бизга қарама-қарши тарафдаги суянчиқ диванда ўтирди. Дераза тарафда стол ва стул бўлиб, стол устида ёзувчининг ёзув машинкаси турарди. Деворларда олача чопон ва бошқа турли вилоятларнинг миллий кийимлари илинганди. Яна қандайдир картиналар ҳам бор эди. Мен рассом Рўзи Чориевнинг асаримикан деб ўйладим. У киши ўрнида туриб ўша машҳур чекадиган сигаретлари «астра»ни тутатаркан:

— Кофе ичасанларми ёки чойми? — деди.

— Биз чой ичиб келгандик, — деди шеригим.

У киши унга ёмон қаради.

— Нима шундай интерью олиб кетаман, деяпсанларми?

Мен вазиятни юмшатдим:

— Майли, чой ича қоламиз, Шукур ака, -дедим.

— Энди, хафа бўлмайсанлар. Мен шундай яшайман, — қўлларини уйга ёйиб ишора қиларкан: — Мен ҳозиргина чой қайнатгандим. Ҳали қайноғи ўчмаган бўлиши керак.

У киши бизга бир қўлида сигарет, бир қўлида човгумда кружкаларимизга чой қуйди. Сўнг ўзларига:

-Мен кофе ича қолай, -деб кофе дамладилар. — Ҳа, бирор нарса ейсизларми? Холодилникни оч, — деди ўртоғим Воҳидга. — Жаз бор.

Жаз — ёғни кичик бўлакларга бўлинган ҳолда қоврилгани бўлиб, қотиб қолгандан сўнг, истеъмол қилса ҳам жуда яхши таом бўлиб, айниқса биз каби мусофирликда юрган талаба учун айни муддао таомлардан бири эдики, уни таъми ҳамон эсимда.

— Хўш, мақсадга кўчайлик, нима саволлар бермоқчисан манга? — бевосита менга юзланди энди ёзувчи.

Мен аввалдан дафтаримга ёзиб келган саволларни тутилиб ўқий бошладим.

— Манга қара, — деди ёзувчи, — агар саволларинг бўлса манга конкрет- конкрет бер. Ман ҳам санга конкрет- конкрет жавоб бераман. Бўлмаса, умуман жавоб бермайман.

Мен Шукур аканинг авзойига тикилдим. Ўзимни қўлга олмасам, аҳвол чатоқ бўлиши мумкинлигини англаб, ёзиб келинган саволларни эмас, бамисоли туғма журналистдек, ўзимни тутганча, диктафонни ёқиб, ёзувчига эркин савол беришни бошладим:

— Сизни олдингизга келишдан олдин олий адабиёт курсида ўқийдиган Муҳиддин Абдусамад деган дўстимиз: «Шукур Холмирзаев олдига ўтсангиз, эҳтиёт бўлиб муомила қилинг, аскиянома ҳазиллардан тийилинг» деб айтганди. Албатта, бу гапларнинг тагида сизнинг ниҳоятда жиддий инсон эканлигингизга ишора бор эди. Воҳоланки, яқин адабиётимиз тарихидаги кўпгина ёзувчи, адиблар юморга мойил кишилар эди. Ўша Абдулла Қодирийдан, Ғафур Ғуломгача, Саид Аҳмаддан Ўткир Ҳошимовгача бу нарсани яққол тасдиғини кўришимиз мумкин. Шукур ака, сизнинг юморга муносабатингиз қанақа?..

— Эски алломалардан бири айтган эканки, -деб сўз бошлади ёзувчи, — «инсонга хос бўлган ҳар қандай қусур ожизликдир». Шунақаки, мен ўзим сал қовоғи солиқ, кам куладиган одам бўлганим билан юморни, кулгини, ҳатто аскияни ҳам яхши кўраман. Сен Қодирийдан Саид Аҳмадгача тушиб келдинг. Неъмат Аминов эсингдан чиқди. Булар орасида  моҳир ҳажвчи, юмор бобида ажойиб ва зўр ёза оладиган ҳажвчи деб мен Неъматжонни биламан. Нима учун?! Тўғри Қодирийда ҳам Саид Аҳмадда ҳам жуда чиройли ситуациялар асосида қурилган ҳажвиялар бор, аммо уларда битта нарса: кулгини характеридан чиқариб ёзилган нарса йўқ. Хусусан, Саид Аҳмад акада йўқ бу нарса. У кишида ҳажв сўз ўйини асосида қурилади, кулгини табиатидан келтириб чиқариш деган нарса йўқ у кишида. Назаримда Саид Аҳмад кулгунинг табиати деган нарсани ҳам тушунмаса керак. Неъмат Аминовнинг юзга яқин ҳикоялари бор. У қадимий Бухорода ўзи кўрган, билган одамлар ҳақида ёзилган. Ҳажв усталаридан бири, мумтоз адибимиз

Абдулла Қаҳҳор айтиб ўтганларидек: «Характери бой адабиёт, характери кўп адабиёт — бой адабиётдир.» Ана шунинг учун ҳам Неъматжонга беш кетаман. Шуни асарларини ўқисам қиқирлаб-қиқирлаб, ичакларим узилгудек бўлиб кулиб ўтирардим.

Шукур ака, ўрнидан туриб яна чека бошлайди. Оёғида таг пошнаси оёқ учига келиб қайрилган шоҳона этик, ҳа худди шундай, уйда шундай алфозда у ёқдан бу ёққа юриб «астра» сигаретасини тутатарди.

— Аксарият ҳикояларингизда ов ва ов манзаралари ҳақида қатор этюдлар бор. Яқинда «Шарқ» нашриётидан чиққан сайланмангизни биринчи томида ҳам «Овда» деб номланган суратга кўзим тушди. Бундан кўринадики, ёшлигингиздан овга кўп чиққан кўринасиз. Ҳозирчи, ҳозир ҳам овга чиқиб турасизми?..

— Ана у девор бурчагидаги милтиқни олиб бергин, — ўртоғим Воҳидга мурожат қилади ёзувчи. Мен девор бурчагида иккита милтиқ турганига эътибор қиламан. Воҳид милтиқлардан бирини ёзувчига узатмоқчи бўлади. -Йўқ, наригисини олиб бер, ўша менинг милтиғим. Буниси раҳматли Муҳаммад Юсуфники. Чумчуқ отадиган милтиқ. Шу ерда туриб турсин Шукур ака, деганди. У вафот этди, милтиқ эса, мана ҳамон турибди.

Воҳид ёзувчини ўраб қўйилган ов милтиғини узатаркан, Шукур ака уни қўлига оларкан: — Шу милтиқ 13 ёшимдан бери мен билан бирга, — дейди ўсмоқчилаб. — Менга совға қилишган. Қаёққа бормай ўзим билан бирга олиб юраман. Бир олима аёл менга савол берган эди: «Шукур ака, ҳар уч-тўрт ҳикоянгизда битта милтиқ учрайди?» Нима қилай, болалигимдан онамнинг ўзи шунга ўргатган. Бобой милтиқ олиб бергандан кейин кечки пайтлар онам синглимга: «Акангди милтиғини олиб чиқиб, ёстиғини тагига қўй. Бу одамга жўлдош бўлади, тинч ухлайди,» дерди, деб ёзувчи онасининг қўнғирот шевасида овозини бизга кўрсатиб беришга ҳаракат қилади. — Милтиқни биров олиб кетган бўлса: «Отангни пичоғини олиб чиқ,» отам уйда бўлмаса: «Бир парча нон олиб чиқ», — дердилар. Шундай қилиб ўргатган. Одамга бу кайфдек бўлиб қолар экан.

Болалигимдан тоғу-тошлага чиқиб кетаверадиган одат чиқарганман. Фақат ов учун эмас. Қий, тезак, супурги олиб келишга чиқардим. Чўп, янтоқ, мингбош ўриб келишга чиқардим. Шундай бўлгандан кейин ҳа, энди аралашадида милтиқ. Мана бу чекиб турган сигаретим каби, ичиб турган чойим каби милтиқ менинг ажралмас қисмим, аъзойим бўлиб қолган. Академик Матёқуб Қўшжонов билан танишувимга ҳам милтиқ сабаб бўлган. 1 курслигимда «Хатарли сўқмоқда»  ҳикоямни ўқиганидан сўнг, овга чиқишим ҳақида қизиқиб қолди. Милтиғим бор-йўқлигини сўради. Кейин бирга ондатра овига чиқдик. Ҳозир эса деярли овга чиқмай қўйганман. Охирги бор бундан икки йил бурун овга чиққанман. Мингтугун деган жойга. Каклик-паклик отиб келдик. Тўнғиз ҳам бор экан. Илгариги пайтдаги ғайрат бору қувват йўқ ҳозир. Қишлоққа, Бойсунга борганимда ҳам ёр-дўстлар билан овга деб чиқамизу кўпроқ бошқа нарсалар билан овунамиз. Илгариги қирма-қир, тоғма-тоғ чопиб юриш қаёқда, кўпроқ сайру-саёҳату, томошага айланиб кетади. Санъатшунос Тилаб Маҳмудов яқинда мени овга таклиф қилмоқчи, шунга ўзимни тайёрлаб чиқмасам бўлмайди. Буёғи баҳор келиб қолса, овдан путур кетади. Кейин октябрь ойини кутишга тўғри келади. Ҳозир тилда қолган овга чиқиш, ов ҳақида гапириш…

— Шукур ака, — дейман, навбатдаги сигаретни ёқиш учун тутинаётган ёзувчига боқарканман, — 90- йиллардан сўнг, сизнинг китобларингизни нашриёт китоб дўконларидан ҳам топиб бўлмай қолди. Тўғри, 60-йиллигингизда «Ўн саккизга кирмаган ким бор?» қиссангиз қайта босилди. «Динозавр» романингизнинг номини эшитганман холос, ўзини эса топиб бўлмайди. «От йили» деган қиссангизни Гулистон журнали эълон қилаётганди. Қўй йили ўтиб кетдиям бу «От йили»нгизни журнал босиб тугатолмадику?!

Шукур ака, сигаретларини тутатаркан: — Агар кузатган бўлсанг Шерзодбой ўн саккиз йил давомида мени деярли бирор китобим чиқмаган. Бу албатта менинг «айбим». Нашриётларга ялиниб бормадим, ҳомийларга бўй эггим келмади. Ҳолбуки, сен кузатмаган бўлишинг керак, сен айтган йилларда 34 печать (650 бет) га яқин ҳикоялар ёзганман. 30 дан ортиқ ҳикояларим газета-журналларда эълон қилинган, лекин китоб бўлиб чиқмаган. 1984 йилдан 2004 йилгача ёзган ҳикояларим 2-томда жо бўлади. Шу «Шарқ»дан чиқади насиб. 60 йиллигимда «Ўн саккизга кирмаган ким бор?» қиссам чиққан бўлса, мен уни телевизорда кўриб қолдим. Мени бундан хабарим бўлмаган, нашриёт ўзи чиқарган, ўзи пуллаган. Бир кун бошим айланиб нашриётга ўтиб қолсам, менга ўнтача китоб тутқазишди. Рахмат дедим-да, олиб чиқиб кетдим. Энди «Динозавр»га келсам, — уҳ тортади Шукур ака, сигаретни кулдонга изғиларкан. — «Диназавр» мени жуда оғриқли нуқтам… Гоҳо тирикчилик одамни чалғитиб қўяди. «Диназавр» ўтган йилдан бери тўхтаб турибди. Бу ўзи уч қисмдан иборат мукаммал битта асар. 1-жилди журналда эълон қилинди, 2-3-жилдлари миямда турибди. Эрта ёзаман, индин ёзаман дейман, лекин ўтирганим йўқ. Бу учун 2-3 ой қимирламаслик керак. Кечалари тушларимга кириб чиқади. Насиб бўлса, апрелнинг бошларидан ўтираман, бошқа ҳеч нарсага чалғимайман. Дачада тошдек қотиб ўтириб, қўлёзмани қўлдан чиқармасам бўлмайди. Мен бу асарни яхши кўраман. Қолаверса, мен мукаммалликка интилиб катта бўлганман. Классикларнинг ўзлари билиб-билмаган ҳолда шунга ўргатишган. Роман — ҳикоя даражасида мукаммал бўлиши керак. Бизда мукаммал роман йўқ ҳисоби. Ажабланарли жойи йўқ, ўзбекда мукаммал роман йўқ. Эҳтимол, «Қутлуғ қон» мукаммалдир. Кейин «Меҳробдан чаён» мукаммал, йўқ, «Меҳробдан чаён»нинг охири бўлмайди. Абдулла Қаҳҳорнинг «Сароб» романи мукаммал, кейин эртакнамо бўлса ҳам «Ўткан кунлар» мукаммал романдир. Мен шундай мукаммалликка интилардим. Лекин етолганим йўқ. Мукаммалликка интиламанми деб, ҳатто ўзимни алдаб, 750 бетга яқин «Олабужи» деган романимни ҳикоя деб эълон қилдим. Мукаммалликка интилиш жуда қийин. Шунинг учун романларимни китоб ҳолига чиқармаганман. Битта «Қил кўприк» чиққан. Баъзилар айтади: «-Ҳа, энди, Шукур романга ярамас экан.» Биламан ўзимни кучимни, ярайман, лекин мукаммал қилишга кучим етмайди.  

Энди ёзувчига янада оғриқли саволлар беришга ўтаман.

—  Шукур ака, асарларингизни таржимаси хусусида ҳеч эшитмаганман. Ўзбекнинг катта ёзувчисини асарлари чет элларда босилганми? Умуман асарларингизни таржимаси хусусида гаплашсак,- дейман.

Ёзувчи томоқ қириб, дўстимиз Воҳиддан чой қуйиб беришини сўрайди. Талаб адо этилгач, бир қултум чойдан ичганча, суҳбатни давом эттиради:

— Бундан бир неча йил муқаддам шу масала билан қизиққанман. У пайтлар Москвада ёш ёзувчилар конференцияси бўларди. Ўша ерда муҳокама бўларди, маъқул тушган асарларни олиб қолиб босишарди. Шундай конференцияларнинг бирида «Ўн саккизга кирмаган ким бор?» нинг сўзма-сўз таржимасини олиб борганман. Зоя Кедрина деган бир танқидчи аёл: «-Эта настояшая соврименная произведения» деди. Хуллас, ўша асар Москвада босилиб чиқди.  

— Шукур ака, — дейман. — Дунёнинг ҳамма бурчакларида бўлгани каби, бизда ҳам Лотин Америкаси адабиётига бўлган қизиқиш кейинги пайтларда анча авж олди. Хорхе Луис Борхес, Хулио Кортасар, Габриэл Гарсиа Маркес, Варгас Льоса, Алехо Корпентир, Хуан Рульфо ва Паоэло Коэло асарларига бўлган талаб сизнингча нимада кўринади?.. Умуман Шукур Холмирзаев Лотин Америка адабиётига қандай қарайди?..

Шукур ака, бироз тараддудланаркан, сўзга кирадилар:

— Авволо П. Коэлонинг «Алкимёгар» романи ҳақида мухтасар гапирай. Озод Шарофиддинов таржима қилди — ёмон таржима. Яна бир-икки киши таржима қилди, уларники анча ўзбекча бўлиб чиқди. Яқинда шу романни ўқиб чиқдим. Мен шу пайтга қадар бунақанги примитив, ибтидоий маҳоратдан узоқ ғариб эртакни ўқиганим йўқ. Кўзимга қилча кўринмади шу асар. Энди Лотин Америкаси ҳақидаги саволингга ўтсак. Биласанми, мифлар қачон яратилган бизда?! Энди дунёни ўрганаётган, уни қабул қилаётган, лекин унинг ички қонуниятларидан бехабар замонларда бошланган бу гаплар. Ўша ибтидоий аждодларимиз ўзидан кучли махлуқларга қарши кураша оладиган илоҳларни ўйлаб чиқаришди. Девларни, аждарҳоларни ёриб ташлайдиган фалон-пистонларни ўйлаб чиқарди улар. Ўша ибтидоий тасаввурлар пайдо бўлган даврларни бир кўз олдингга келтир-а?! Ундан кейин инсониятнинг тадрижий, эволюцион тараққиёти нимага олиб келди?! Ўша мифлар, эртаклар яратиш ҳаётга яқинлашиб достон ёзага келди. Достонлардан сўнг, биздан олдинлаб кетган ғарб адабиётида классицизм деган метод юзага келди. Классицизм — ҳаётни бевосита акс эттиришни назарда тутарди. Бироқ даврлар ўтиб, улар ҳаётни узоқдан туриб акс эттира бошладилар. Буни академизм ҳам дейишади. Улар мени ёки сени акс эттирганда, албатта грекка ўхшатиб акс эттиришган. Классицизм ўз аҳамиятини йўқота бошлагач, реализм даври келди. Реализмдан сўнг, импрессионизм даврида ҳақиқий ҳаётни тасвирлаш бошланди. Буни неореализм ҳам деб аташади. Ҳозир модернизм ҳам дейишмоқда. Модернизм чинакам ҳаётни акс эттириш демакдир. Энди ўзинг ўйлаб кўр, биз адабиётни ана шу эртакларидан чиқиб, реал ҳаётни акс эттириб, ўта реалистик акс эттириш даражасига чиқиб, натурал даражасидаги ҳаёт моделини яратиш даражасигача етиб келдик. Энди шу даражага етиб келиб, куни кечагина ота-онаси индец бўлган, мифларга ҳозиргача ишониб яшайдиган аллақандай Лотин Америкаси адабиётига эргашамизми?! Уларнинг асарларини жаҳон адабиётининг нодир намуналари қаторига қўямизми?! Биттасини думи чиқиб кетадими-ей, худо излаб юрадими-ей… Улар ҳали мифлардан ажралгани йўқ. Адабиётнинг тадрижий эволюцион шаклланиши энди бошланди уларда. Уларда XX аср билан I аср қўшилиб қолгандай… Бу дунё адабиётига, айниқса ёшларга қаттиқ таъсир қилди. Афсуски, орқага қайтиш бошланди. Яна ўша мифлар, палон-пистонларни олиб, уни бунга улаб асар яратиш бошланди. Тўғри, ҳаммасини замирида шулар ётади, аммо билмоқ керакки, фақат замирида ётади. Бироқ бу на мезон, на ўлчов бўла олади?! Мана Алпомишни олайлик, Қоражон уни зиндондан қутқармоқчи бўлганида, эрта миннат қилмасмикан деб, чиқдим деган чоғда, арқонни ўзи кесиб юборади. Мана инсоний ўлчов. Бутун инсониятга татийди бу! Шундай ажойиб ўлчовлар бўла туриб, яна миф ёзиш, эртак ёзиш, бўлмаган гап. Шварцнегир ўйнайдиган роллар борку, ҳалиги космосдан одамлар келиши ҳақида… Буни ҳаммаси космосни билмаслигимиздан келиб чиққан. Худди дев, ажиналарни тўқиб чиқарганимиздек, энди янги мифларни тўқиб чиқармоқдамиз. Истиқбол эса ҳали қоронғу. Шунинг учун бу йўлларни инкор этаман…

Воҳ, танқидингиз ҳам бунча бешафқат-а Шукур ака, ўйлайман мен. Сўнг ёзувчига яна бир савол билан мурожат қиламан. Шукур ака эса нуқул сигарет чекиш билан овворалар.

— Охирги савол. Ҳозир қандай ижодий режалар устида бош қотиряпсиз. Умуман айни кунларда нималар билан бандсиз?..

Шукур ака бош чайқайди. Чунки, деярли уч соат тинмай гаплашяпмиз. Сигарет қутисини деярли ярми бўшади.

— Юқорида айтганимдек, — дейди Шукур ака, — сайланма асарларимни биринчи жилди «Шарқ»дан чиққанди. Жуда кўп хатолар ўтиб кетган экан. Қизим билан Набижон Боқийга ортиқча ишониб юборган эканман. Шунинг учун иккинчи жилдни корректурасини ўзим чийратма қилиб ўқияпман. Тағин ўйлама сан: замонга мослаштиради Шукур акам деб. Ҳеч қачон бундай қилмайман. Эшитганим бор. Айримлар Ленин ҳақидаги шеърини Амир Темурга ўзгартириб китобига киритганини биламан. Мен бундай қилишдан уяламан. Улар бошидан шунақа товламачи эди. Мен бадиий томонини мукаммаллаштирадиган ўзгартиришлар киритмоқчиман. Масалан, Шолохов ўзининг ҳикояларини саккиз марта нашр эттирган бўлса, саккиз марта ҳам ўзгартириш киритган. Ҳозир корректура ўқиш билан бандман. Кейин Ўлмас Умарбеков ҳақидаги эсселаримни: «Президент ҳузурида», «Умарбековнинг сўнги кунлари»ни қайтадан ёзаман. Кўп редакцияларга олиб бордим. Президент ҳақида ёзилганини кўриб босишмади. Бу эсселарни президентга тегадиган жойи йўқ эди.

Шукур ака, суҳбатни якунларкан ўрнидан туради. Биз ҳам рахмат айтиб, рухсат сўраймиз. Бирга чой ичиб, овқатланишга таклиф қиладилар. Биз энди буни бошқа сафарга қолдириб, кетишга изн сўраймиз. Ёзувчи ортимиздан кузатиб чиқаркан:

-Шунча ҳам савол берасанми, -дейди.- Кўрдингми, ярим қути сигаретни чекиб ташладим.

Мен хижолат бўлиб, эшик томон юраман. Ўртоғим Воҳид билан ташқарига чиқарканман, ёзувчи:

-Яқин кунларда Моҳиятга ўтаман, суҳбатни тайёрлаб қўйсанг, корректурасини бориб ўқиб бераман, — деб қолди. Устимдан муздек сув қўйилгандек бўлди.

-Йўқ, Шукур ака, ўтманг, — дейман зўрға. — Мен суҳбатни кейинроқ тайёрлайман, ҳозир у ерда материал кўп.

-Унда нега бунча ваҳима қилиб, мени вақтимни олдинг?

-Чиқарамиз, фақат кейинроқ, — дейман.

-Майли, унда айтарсан, — Шукур ака хайрлашиб эшикларини ёпадилар. Биз қайтамиз. Бу воқеа шахсан мени ҳаётимда Шукур акани сиймосини, характерини ёритишимда ва уни бошқаларга етказишимда ўлмас хотиралардан бири бўлиб қолди.

Суҳбат ҳеч ерга босилмади. Биз Яккасаройда дўстим Воҳиднинг ижарадаги ҳовлисида бу суҳбатни диктафондан қоғозга кўчириб ёздик. Яхшиям ёзиб олган эканмиз, чунки кўп ўтмай, диктафоннинг ўша кассетасини йўқотиб қўйдик. Худди кейинчалик мен билан олий адабиётда ўқиган қорақалпоқ шоири Рауаж Ўтар менинг  Ёзувчилар уюшмаси фойесида Файнберг билан тушган ягона суратимнинг плёнкасини йўқотиб қўйгани сингари бу кассеталар йўқолди, балки Воҳиднинг бирор архивида ётгандир, яна ким билсин…

Шундай қилиб орадан ўн олти йил ўтди. Суҳбатни илк бор олий адабиёт курсида 2007 йилда ёзган малакавий битирув ишимда киритгандим, лекин матбуотда эълон қилинмади. Дарвоқе, мен олий адабиёт курсига ҳужжат тахлаб юрган вақтимда, 2005 йилда, ёзувчилар уюшмасида Рустам Мусурмонни кўриб қолдим. Мен унга ҳужжат тайёрлаганимни ва шоир Жуманиёз Жабборовга ҳужжатларимни олиб кириб беришини сўрадим. Рустам Мусурмон ҳозир шошилаётганини Шукур Холмирзаев вафот этганини айтди. Карахт бўлиб қолдим.

-Худойига борсанг, юр, — деди Рустам Мусурмон.

-Албатта, -дедим мен, юзимга фотиҳа тортарканман унинг ортидан эргашдим. Энди эса орадан шунча йиллар ўтди, аммо Шукур Холмирзаев ижодхонасига бўлган ўша ташриф худди кечагидек ёдимда…

P.S. Эссе қисқартирилган ҳолда тақдим этилди.

Шерзод Комил Халил

2004-2020 йил,

Тошкент-Китоб.

Жавоб ёзинг

Изоҳ ёзинг
Исмингизни киритинг